Адабиёт
30 йиллик ноширман. Ноширчиликнинг қаттиқ нонини едик. Иссиғини ҳам, совуғини ҳам кўрдик. Китоб чиқариб, раҳмат ҳам эшитдик. Кези келганда, турли туман идораларда “разбор”ларга тушдик, тушунтириш хатлари ҳам ёздик, “раҳмат” ўрнига хайфсанлар ҳам олдик, эътирофлар, мукофотлар ҳам. Ҳозир соҳанинг оқсоқолларидан бирига айландик, турли-туман ишимизга тааллуқли йиғилишларда президиумларда ўтирадиган, ҳайъатлардан жой олдик. Мақтанишмас, шукрона.
Лекин ўз китобининг тақдирини биздан кўра кўпроқ ўйлайдиган, биздан кўра кўпроқ қайғурадиган, елиб-югурадиган, жойларда, учрашувлар ташкил қилиб, китоб савдоси уюштирган адиблар ҳам кўп эди. Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Мақсуд Қориевлар (охиратлари обод бўлсин!) китоблари сотилиб кетмагунча тинчишмасди. Раҳматли Тоҳир Малик ҳам бу борада эътиборли эди. Қаерга учрашувга борса, бизга айтар, ўша жойда китоб савдоси ташкил қилар эдик.
Нима бўлганда ҳам, адиблар – муаллифлар Аллоҳнинг суйган бандалари. “Ижод аслида азоб”, деган гап бор. Ана шу суюкли азобни қисмати деб билиш, унга муносиб бўлиш, ўзини унга бахш этиш бу энди осон иш эмас...
Сизларни яхши кўраман, соғинаман, менинг азиз муаллифларим.
Чегарадан у ёқда қолиб кетган дала-ҳовли
Мақсуд Қориев, энг аввало, катта ҳарфлар билан ёзиладиган журналист, отахон газета – “Совет Ўзбекистони”нинг Бош муҳаррири эди. Нечта китоблари бўлса, барчаси дастлаб “Шарқ”да чиққан. Бунга сабаб, менимча, улар бизнинг раҳбаримиз Ислом Шоғуломов билан қудаликлари бўлса керак, деб ўйлайман. Мен ўша вақтдаги бу отахон газетанинг муҳаррири бўла туриб, шунчалик ижод қилишга улгурганларига ҳайрон, аниқроғи, қойил қолардим. Тез-тез дала-ҳовлиларига чиқиб турардик. Дала-ҳовлилари Шредер номидаги боғдорчилик-мевачилик илмий-ишлаб чиқариш даргоҳи томонда эди. Кўркам, сердарахт, файзли боғ эди. Лекин шу ўринда бир гапни айтай, у дала-ҳовлилар эгалари қандай улуғ зотлар бўлмасин, ҳозирги “Янги бойлар”нинг муҳташам саройнамо дала-ҳовлилари олдида жуда кўримсиз, пастак эди. Эски одамлар “ё содда бўлишган, ё камбағал”. Бу менинг шахсий хулосам. Ислом акада-ку, дала-ҳовли умуман йўқ эди. Нашриётнинг Қибрайда санаторияси бор эди, дам олиш кунлари кўпинча шу ёққа келиб дам олардилар. Ислом акадан кейин санатория давлат тасарруфига ўтиб кетди.
Хуллас, китоб баҳона Мақсуд ака дастурхон ёзарди. Шарқираган катта сув бўйидаги бу мўъжаз боғ таги Қозоғистон территориясида экан, у вақтда ҳеч ким бунга эътибор қилмаган, мустақилликдан кейин у қўшниларга ўтиб кетди. Мақсуд ака боғсиз қолди. “Ҳаммаси майли-ю, бир қадрдон радиоприёмнигим бор эди, борсам, кечалари “Машъал”да концерт эшитиб ижод қилардим, фақат шуни соғинаман”, деганлари эсимда.
Бир воқеани тез-тез эслаб юраман. Мақсуд ака ўша Шредер боғидагиларга айтиб, шаҳардаги ҳовлиларига бир тележка гўнг сўраган эканлар. Дарахтларнинг тагига солмоқчи бўлганлар-да. У вақтда Олой бозори тепасидаги ўша вақтда машҳур Урицкий кўчасида турарканлар. Хуллас, манзилни айтганлар, тракторчи келиб, айтилган бўйича гўнгни тўкиб кетибди. Бир маҳал кеннойи кўчада тракторнинг товушини эшитиб, қарасалар, қўшнининг эшигига бир тележка гўнг тушибди. Тезда кириб кетибдилар. Ҳар ҳолда ноқулай. Қўшнилари – Шароф Рашидовлар экан-да! Бу ерда Шароф Рашидовга уйдан телефон бўлибди. Эшитиб бироз ҳайрон бўлибдилар, лекин “Ҳойнаҳой, бу Мақсуд Қориевнинг иши, Шредер боғидагилар билан яқин-ку”, деб ўйлабдилар. Ишдан вақтлироқ келиб, аёллари билан тортишиб, ичкарига таший бошлашибди. Буни кўриб, Мақсуд аканинг аёли ҳам, табиийки, телефон қилибди. Эшитиб, Мақсуд аканинг юраги ёрилай дебди. Демак, тракторчи бир девор адашибди!? Тезда сур гўштли ош тайёрлашни буюрибдилар. Ўзлари ҳам юракни чангаллаб уйга чопибдилар.
“Шароф ака нима деб ўйлаганийкинлар?!” Етиб келсалар, ҳар тугул, гўнг ичкарига ташиб олинган, кўча эшик супурилган, сувлар сепилган. Ҳайрият, деб уйга кириб, бир катта лаган ош, қази-қарта, иссиқ патирларни кўтариб, эр-хотин қўшни эшикни тақиллатишибди. Уйдагилар ўғитни дарахтлар тагига сепиб бўлиб, энди юз-қўлларини ювишаётган экан. Юракни ҳовучлаб кириб боришибди. “Э, Мақсуд Қориевич, ҳам бизга ўғит юбориб, ҳам йўқлаб чиқдингизларми”, – деб хушнуд кутиб олишибди. “Шундан кейин сал ўзимга келганман”, деб гапириб бергандилар Мақсуд ака.
Улуғ Одил Ёқубов, қадрдон Одил акам
– Аҳрар, дўстим, (отимни сал қозоқчага тортиб айтардилар) мана, сен ҳам катта ношир бўлиб кетдинг. Мен ҳам бир вақтлар ношир бўлганман. У вақтда иш оғир эди, қоғозбозлик, ҳужжатбозлик, керак-нокерак мажлислар кўп вақтни еб қўярди. Лекин барибир иш зўр эди, битта китоб чиқса, муаллифини шахсан танийманми-йўқми, одам хурсанд бўлиб кетарди. Кўп яхши китоблар чиқардик, яхши, талантли одамларни йиққандик. Маза қилиб ишлаганмиз. Тиражлар 50 минг – 100 минг. “Китоб савдо” деган республика ташкилоти бўларди. Қишлоқларгача китоб етиб борарди. Сенлар 10 мингни зўрға чиқарасанлар, асосан 5–3 минг. Ахир, биз қанча халқмиз. Урвоқ ҳам бўлмайди-ку, бунақада сал ўтиб китоб ўқимайдиган авлод дунёга чиқади. Унда нима бўлади? Мен ҳозир ўртоғинг Искандар миниб юрган “Волга”ни битта китобимнинг гонорарига олганман.
Яхши китоблар дунё тилларига таржима қилинарди. Улар ҳам ақча юборарди. Марям кеннойингга бир халта пул ташлардим. Чўнтагимда қолганининг ўзи менга бир ойга етарди. Мана, сен мен бир чолга, китобимни сотишга ёрдам беринг, дединг. Ноилож Тошкент шаҳар китобсавдо идорасига бордим, катта бошимни кичкина қилиб. “Навоий 30”нинг орқасида ҳужрадай жойда экан. Анвар деган бошлиғи бор экан, мени танимадиям, ёрдам беролмаймиз, ўзимиз ҳам бошқа нарсалар сотиб тирикчилик қиляпмиз, деди. Ҳафсалам пир бўлиб қайтдим. Илгари Баҳри Ғуломова, танирмидинг, Ғафур Ғуломнинг синглиси, кейин Сотволди ака Йўлдошев ишлаганда, умуман китобимизнинг сотуви ҳақида ўйламасдик...
Ҳозир сенлар бераётган пулга бечора муаллифларинг велосипед ҳам ололмайди. Бунақада эртага ёзувчи қолмайди. Ўрнига чаламулла, сохта ёзувчилар қолади. Кейин нима бўлади? Ҳамма тирикчилик ўтказишнинг осон йўлларини қидиради. Ҳатто адабиётда ҳам. Мана буниси ямон.
Ўша кезларда бу гапларга, ҳозирги тил билан айтганда, истеҳзо билан кулиб, “Оқсоқол ҳам қарияпти”, деб қўя қолгандим. Энди ўйлаб қарасам, Одил ака ҳақ экан-ов. Яна билмадим, ё биз ношудроқ ношир чиқдикми?! Лекин қанийди гап ноширчиликдагина бўлсайди!..
Одил ака фашизмга қарши урушдан нари япон урушида ҳам қатнашган. Ўша уруш маҳаллари, азоб-уқубатлари аро гўзал япон қизи Марико ҳақидаги қиссаси ўта таъсирли асар эди. Мени бир нарса ҳайрон қолдиради. Нега бу асарни адиб ўз умри поёнида ёзди. Шунча вақт юрагида қандай сақлади? Чунки асар жуда самимий, ҳаяжонли-да. Шунча самимиятни, меҳрни 40–50 йил юракда сақлаб юриш мумкинми?
Бир кун Одил ака телефон қилиб қолдилар:
– Аҳрор, яхшимисан, мундай келмайсан ҳам, ўзим чақирмасам. Хуллас, кечда уйга кел. Кеннойинг шилпилдоқ қилиб бермоқчи. Шу десанг, мени Марикога рашк қиляпти, саксонга кирган чолни. (Хахолаб куладилар). Аммо ўзинглар ҳам Марикони яман чиройли қилиб тайёрлабсанлар. Барака топларинг, бўпти, кечда кўришамиз, Искандар ўртоғинг ҳам шу ерда, келавер.
Хуллас, кечқурун “Қайдасан Марико”ни ювгандик...
Искандар ҳақида икки оғиз. Улар тўрт ака-ука. Ижод нуқтаи назарида Искандар Одил акага яқинроқ, керак бўлса, ёрдамчи ҳам эди. Буюк адиб ўтгач, унинг асарларини чоп эттириш, хотира тадбирлари ўтказишга мутасаддилик қилади. Барча қўлёзмаларини топиб, тўплаб, рўйхат қилиб, махсус сандиқчалар ясатиб, сақлаб қўйди. Асарларини чоп этиш ишларини олиб бормоқда. Ота-онасининг гўзал, ҳаяжонли ёзишмалари, хатларини йиғиб, гўзал севги китобини бизнинг нашриётда чоп эттирди.
Пиримқул аканинг телевизорини сотганимиз
Пиримқул Қодиров ўта маданиятли, камтар, камсуқум одам эдилар. Қўлёзма олиб келсалар ҳам, одоб билан, маданият билан, қабулхонада навбат билан кирардилар. “Келгуси йил нашр режасига киритиб қўйсангизлар”, дердилар. Мен бир ҳазил қилгим келиб, расмий оҳангда:
– Келаси йил ҳеч иложи йўқ, – дердим.
Адибимиз ҳеч иккиланмай, “Майли, ундан кейинги йилга бўлса ҳам бўлаверади”, дердилар. Ҳозир шу қилиғимга ўзим уяламан. Нақадар содда, тўғри, тартибли одам бўлишган эскилар. Ҳозиргилар-чи... Нақ ёқангиздан олади. Энди туришга чоғланганларида, “Устоз, китоб икки ой ичида чиқади, кейинги ҳафталарда бир келинг, корректурасини кўриб берасиз, ҳозир эса рассом Музаффарга кириб, муқова бўйича фикрларингизни беринг”, дердим.
Оқсоқол жуда камсуқум яшардилар. Охирги кезлар, тирикчилик қалам ҳақи ҳисобига ўтар кезлар, шартномани ҳам тузиб, бир нусхасини қўлларига бериб, “Кейинги ҳафта китобнинг ярим пулини оласиз”, деб хотиржам кузатиб юборганим ҳамон эсимда. Адиб хурсанд кетди, лекин буни кузатиб турган жамоа ҳам у кишидан ортиқ хурсанд бўларди...
Китоб чиққанда чўнтакларини ҳар хил конфетларга тўлдириб компьютерчи қизлар, корректурадагиларга, хуллас, ҳаммага “жуфт бўлсин” деб икки донадан ширинлик улашардилар.
Ҳозир яна бир воқеа эсимга тушиб кетди. Гуриллаган давримиз. Зўр-зўр китоблар чиқаряпмиз. Танлов, конкурсларда олдимиз. Китобларимиз қўлма-қўл ўқиляпти. Хаёлимга бир фикр келди. “Энг фаол муаллифлар билан катта бир тадбир ўтказсак!” Раҳбариятга маъқул келди. Умргузаронлик қилиб юрган адиблардан анчасини чақирдик. Пиримқул ака ҳам бор эди рўйхатда. Улар бир-бир гапиришди, санъаткорлар қўшиқ айтишди, ходимлар рақсга тушишди, шоирлар шеър ўқишди. Охирида уларга совғаларимизни топширдик. Пиримқул акага янги рангли телевизор совға қилдик. Олдинроқ уйларига борганимда, телевизорлари эски, оқ-қора кўрсатадиганлардан эканини кўриб, тўғриси, ҳайрон қолган эдим. Хуллас, тадбир жуда чиройли ўтди. Кетарда адиб олдимга келиб, “Катта раҳмат, бироз хижолатли ҳам бўлдим, омон бўлинглар. Фақат...”
– Пиримқул ака, машина бор, ҳозир юклаб, иккита ходимимиз сиз билан бирга бориб, “дом”ингизга олиб кириб беришади, – дедим.
Буни олдиндан ўйлаб, домланинг бўласи, менинг қадрдон дўстим, курсдошим Бекқул Эгамқуловни ҳам чақириб қўйгандим. Уни кўриб хурсанд бўлдилар. Лекин устоз ҳали ҳамон қандайдир хаёлчан эдилар. Охири айтдилар. “Сизларга, жамоага “Шарқ”қа минг раҳмат, лекин эски бўлса ҳам, уйда телевизор бор. Ўша бўлади. Буни агар иложи бўлса, ўрнига пулини бериш мумкинми?” Тўғриси, қотиб қолдим. Ичимдан бир нарсалар ўтди. Наҳот рўзғор, тирикчилик... Яхши Бекқул жўрам жонимга оро кирди.
– Жўра, менга как раз рангли телевизор керак эди. Кеча “Цум”га кирсам, янги ойни бошида келинг, дейишганди, ўша пул ҳали ҳам чўнтагимда эди. Мана, – деб пулни берди.
Мен эса пулни Пиримқул акага, телевизорни унга бердим...
Саид Аҳмад домла ёки 5 тийинлик қоғоз пакет
– Сан келишингдан олдин хоразмлик яхши дўстларим – қадрдонлар тилпон қилишди. Анча чарчоғим ёзилди, ўтган-кетганларни эсладик, шунгами, кайпиятим яхши. Сан асли қовоғи солиқ боласан-да, сал пастга тушиб, ранги-рўйингни очсанг, ана шкопда битта додахўжа коньягим бор, юз граммга эриб кетишим мумкин.
– Раҳмат, раҳмат-у... – деб атай тўхтаб қоламан, сирли ишшайиб.
– Нага тиржаясан, гапир, яна гапинг ичингда қолиб кетмасин...
– Ҳа, энди юз грамм яхши-ю, одамни қитиқлаб қўяди-да...
– Майли, кўрамиз, халтангда пичоққа илинадиган бирор нарса чиқса, балки яна эллик граммга эриб кетишим мумкин.
– Раҳмат, Саид Аҳмад ака, янги режалар бор, дегандингиз, шунга азза-базза келдим...
– Барака топ. “Шарқ”да яхши болалар ишлайди. Бобур ота қадрдоним, мана, катта арбоб бўлиб кетди. Тилпон қилиб бир олдингга бормоқчийдим, вақтингга қараб айт, десам, эртасига бир дунё бозорлик қилиб ўзи келиб қолади. Саникини чўғи жа унчаликмас-у, майли, анови стол устига қўйиб қўявер.
– Кел, дейсиз, келсак, сизни овора қилиб қўямиз. Чунки барибир битта ош қилиб бермай кузатмайсиз. Биз хижолат бўлиб қоламиз.
– Жа хижолат қилсанглар, илгари 5 тийинлик шалдироқ сариқ пакет бўларди, ҳозир у йўқ, гап ундамас, гап пакетдаги матоҳда, ўшани тўлдириб, икки қўлларингда иккита пакет бандлигидан эшикни тепиб кираверларинг. Майли, эшик синса, пулим кетсаям, ўзим тузатиб оламан.
Ҳазил-ҳузул билан янги ижодий режалар, келаси йил нашр режамизга киритмоқчи бўлган китоблари хусусида гаплашиб, босма табоғи-ю, муқовасининг шакл-шамойили, тиражи, қоғози борасида бир тўхтамга келиб оламиз.
Бу орада анжан гуручда ош ҳам пишиб қолади.
– Майли, кетса, мандан кетсин, оқсоқол одамники таварук, – деб бир эриб кетадилар, асти қўяверасиз. – Ўзиям икки тиражли дастурхон бўлди, ҳа, энди инсофни ўзларингга берсин, – дейдилар. Хахолашиб куламиз.
Хуллас, янги қўлёзмани қўлга киритиб қайтар чоғимизда:
– Санлар ҳам катта бола бўлиб қолдиларинг, ҳадеб овора бўлиб келиб юрмаларинг. Корректурани анови қоши қора, кўзи қора редактор қизинг бор-ку, ўшандан бериб юборавер. То мен корректурани кўриб бўлгунимча, қозон-ўчоғ, идиш-товоқларни ювиб кетади...
Хахолашамиз, шу йўсин хайрлашамиз. Лекин кела-келгунча, келгандан кейин ҳам, ҳатто мана ҳозир ҳам, орадан йигирма йиллар ўтган бўлса-да, эсласам, ич-ичимдан кулги келади, яшнаб кетаман. Беғубор, беназир адибларимиз бир-бир кўз олдимга келади...
Аҳрор АҲМЕДОВ,
“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси
Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
“Китоб дунёси” газетаси, 2023 йил 14 июнь 9-10-сон.
“Менинг азиз муаллифларим” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Абдужаббор Обидов
23:03 / 10.03.2024
Улуғ ёзувчиларимиз ҳақида ёзибсиз. Оддий, содда ва халқчил. Раҳмат, соғ бўлиб юринг