Бу масалада ўрганишлар, тадқиқотлар олиб борилмайди ёки оммага ошкор қилинмайди. Онлайн қиморга муккасидан кетишнинг сабаб ва оқибатлари


Сақлаш
21:57 / 13.06.2023 699 0

Яқинда Андижон вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита ходимининг 70 га яқин кишиларнинг Умра сафари учун тўланган 1.6 миллиард сўм миқдоридаги пулларини онлайн қимор ўйинига тикиб юборгани ва 5 йил муддатга қамалгани ҳақида хабарлар тарқалди. Охирги йилларда онлайн қимор сабаб ўз жонига қасд қилганлар ҳақидаги хабарларни ҳам тез-тез учратдик, бу, ҳолатнинг қанчалар жиддий эканлигини кўрсатолмайди, бироқ муаммонинг оғирлигини тасаввур қилишимизга ёрдам беради. Умумий қимор ўйинлари бутун жаҳон бўйлаб тақиқда ёки қатъий ҳуқуқий назоратга олинган, бундан ташқари деярли барча динларда ҳам бундай ўйинлар қаттиқ қораланади, қиморбозлик оғир гуноҳ сифатида кўрилади. Бироқ кўрдикки, ҳатто диний фаолиятга алоқадор шахслар ҳам ундан ўзини тия олмаяпти. Ойина.уз колумнисти қиморбозликнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилади.

 

Қиморнинг таваккалчилик эканлигини ҳисобга олсак бундай ўйинлар ёки ҳаракатлар минг йиллар олдин ҳам бўлганини тушуниш мумкин. Айрим илмий тахминларга кўра қиморнинг вужудга келиши палеолит даврига бориб тақалади. Милоддан аввалги 3 минг йилликда Месопотамияда олти қиррали ўйин зарининг мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Милоддан аввалги биринчи минг йилликка келиб эса Хитойда қиморхоналар кенг тарқалган, ўйинбоп қарталар ҳам айнан Хитойда IX асрда пайдо бўлган. Илк казино XVII асрда Италияда очилган ва ниҳоят 1994 йилда онлайн қимор, аниқроғи онлайн казино учун лицензия бериш бошланди. Ўзимизда ҳам қиморнинг турли кўринишлари асрлар давомида мавжуд бўлган. Одамзод қиморнинг турли йўлларини ўйлаб топган, дунё ривожланган сари бу йўллар мураккаблашиб ва такомиллашиб борган, шу билан бирга замонга мослашган. Бироқ қимор учун умумий уч белги мавжуд, булар: гаров тикиш, хавф (таваккал қилиш) ва ютуқ. Яъни фойдали ниманидир ундан яхшироқ, устунроқ ва фойдалироқ нарсани ютишнинг қанчадир эҳтимоли учун гаровга қўясиз.

 

Қиморбоз шахсига келганда эса уни асосан уч гуруҳга ажратишади: ижтимоий қиморбоз (соcиал гамблер) муаммоли (оғир даражадаги) қиморбоз ва патологик қиморбоз.

 

Ижтимоий қиморбозлар оддий ўйинчилар ҳисобланишади, уларда ҳеч қандай қарамлик ёки мажбурий ўйинлар бўлмайди. Одатда барча қимор ўйновчиларнинг 80-85 фоизи ижтимоий қиморбозлардир. Кўп давлатларда кишилар шунчаки кўнгил ёзиш, кундалик ва меҳнат фаолияти давомида пайдо бўлган руҳий зўриқишларни енгиллатиш, юқори кайфият учун бундай ўйинлар ўйнашади. Бундай тоифадаги ўйинчилар қимор туфайли тўғридан тўғри салбий оқибатларга учрашмайди яъни уларда вақтнинг бой берилиши, кўп миқдорда пул ютқазиш ва бошқа психологик муаммолар кузатилмайди. Батафсилроқ кўриб чиқадиган бўлсак оддий инсон асосан қуйидаги сабаблар ортидан қимор ўйнаши мумкин.

 

Ғалабадан роҳатланиш

 

Инсон исталган жойда, исталган ўйинда, баҳсда, қисқа қилиб айтганда ўзи тўқнашган нарса устидан ғалаба қозонганда кучли роҳатланишни туяди. Рақибидан кучлироқ, ақллироқ ёки омадлироқ эканлигини билиш, ҳис этиш жуда ёқимли. Африкада Европа мустамлакачиларига қарши курашган йўлбошчи-саркарда Хендрик Витбой шундай деганди:

 

Дунёда бўлмаган, бўлмайди ҳеч ҳам,

Ғалаба таъмидин ширинроқ бир таъм.

 

Қиморда ғалабадан, устунликдан олинадиган роҳатни янаям кучайтирадиган нарса бу пулдир, ютуққа пул қўйилса инсонларни янада қизиқтиради. Маълум маънода исталган рақобатда ўртага пул тикилса бу қиморга қиёсланиши ҳам мумкин. Эсимда, 7-10 ёшлар оралиғида бўлганимизда тош уриш ўйинига гаров сифатида ёнғоқ, обаки ёки шунга ўхшаш нарсалар қўйилганда бизга деярли ҳеч ким индамасди. Бироқ атрофимиздагилардан айримлар қандайдир қизиқиш билан гаровга пул қўйиб ўйнашди, биз ҳам бунга қизиқа бошлагандик. Бироқ қай бир йўл биландир бундан хабар топган катталар уларга «қимор ўйнаяпсанми?» деб танбеҳ ва тергов оҳангида савол беришди. Ва бундай ишларга чек қўйилди.

 

Кучли ҳаяжон

 

Юзаки кузатувдан келиб чиқиб хулоса қилсак ҳам ўз-ўзидан маълумки, таваккал қилган, ўз пулини хавфга қўйган киши шунчаки ўйнолмайди. Бошқа мураккаброқ илмий изоҳ ҳам мавжуд, унга кўра қимор давомида инсон мияси ҳаяжонга сабаб бўлувчи яхши кайфият гормони – дофаминни ишлаб чиқаради. Бу ҳолатда ғалаба қозониш ҳам шарт бўлмаслиги мумкин, жараён муҳим. Ҳатто ютқазганингизда ҳам бу ҳолат юз беради ва сиз буни яна ҳис қилишни истайсиз.

 

Шунингдек, ўзи кабилар билан ижтимоий алоқа ўрнатиш, атрофдагиларни қойил қолдириш, осон пул ишлаш каби сабаблар бўлиши мумкин.

 

Муаммоли қиморбоз

 

Бундай қиморбозлар одатдагидан кўра сезиларли даражада кўпроқ пулларини қиморга тикади ва кўп вақт сарфлайди. Муаммоли қиморбозда белгилар ўткирроқ тарзда намоён бўлади, яъни қимор улар учун асосий дам олиш усулига айланиб қолади. Ишдан бўш вақтларини ва ҳатто баъзан иш вақтини ҳам қиморга кетказади. Бундай кишилар умумий қиморбозлар сонида тахминан 2-3 фоизини ташкил этади. Қиморга бўлган истакнинг кучлилиги сингари унинг ортидан келадиган муаммолар ҳам талайгина, шунингдек муаммоли қиморбозларнинг патологик қиморбозга айланиш хавфи жуда юқори.

 

Патологик қиморбоз

 

Психиатрияда патологик қиморбозлик ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан руҳий касаллик сифатида қайд этилган. Яъни бундай ҳолатдаги қиморбоз энди соғлом шахс сифатида кўрилмаслиги керак. Бундай ўйинчилар барча қиморбозларнинг 1-3 фоизини ташкил этиши тахмин қилинади. Қимор билан боғлиқ руҳий бузилишга эга бўлган ушбу кишилар ҳар қандай ёмон жисмоний, руҳий ва моддий оқибатларга қарамай ўзини қимордан тўхтата олмайди, шу билан бирга ўзини соғлом шахс деб ўйлашда давом этиши мумкин. Патологик қиморбозликка чалинган инсонларни даволаниш эҳтимолига олимлар шубҳа билан қарашади, бундай бузуқликни даъволочи мутахассислар ҳам жуда кам. Руҳий шифокорлар ва олимлар бундай қарамликни гиёҳвандликка қиёслашади.

 

Қиморбозлик натижасида юзага келадиган салбий оқибатлар ҳақида фикр юритилса, деярли ҳар доим миямизга моддий қийинчиликлар ва бунинг ортидан атрофимиздагилар билан муносабатларимиз келади. Бироқ энг аввало эътибор қаратиш керак бўлган масала бу соғлиқдир. Қимор ортидан келадиган биринчи зарар бу стрессдир, бу айниқса узоқ ва сурункали қимор ўйновчиларда кучли намоён бўлади. Муттасил тарангликда ушлаб турилган руҳиятнинг стрессга чап бериш эҳтимоли мавжуд эмас, жисмоний ва руҳий стрессларнинг давомийлиги эса шубҳасиз ички органларга, биринчи навбатда юракка таъсир этмай қолмайди. АҚШнинг Атлантик Сити казиноларида ўтказилган бир тадқиқотга кўра ушбу казиноларда 4 йил (1982-86) давомида қайд этилган 398 та ўлим ҳолатларининг 330 таси, яъни қарийб 83 фоизи тўсатдан содир бўлган юрак хуружи оқибатида юз берган. Аммо ўткир стресс фақатгина ўйин пайтида юз бермаслиги мумкин, балки унга бошқа салбий оқибатлар қарздорлик, оила ва ишдаги чуқур муаммолар таъсири ҳам аҳамиятлидир. Бундан ташқари патологик қиморбозлик уйқусизлик, депрессия, тушкунлик, ўзини паст баҳолаш каби руҳий ҳамда турли жисмоний касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Муаммоли ва патологик қиморбозлар пулларини ўйинда ютқазишганида уни худди шу йўл билан қайтариб олишга уринади ва буни тўғри деб ҳисоблайди. Қиморбозлар онгида шундай фикр бўладики катта мағлубиятларнинг ўрнини фақатгина катта ғалабалар тўлдиради, ҳолат шу зайилда давом этаверади.

 

Ўз жонига қасд қилиш фикри яна бир жиддий оқибатдир. Дастлаб устма-уст мағлубиятлар, катта қарзлар, оила ва ишдаги муаммолар руҳий ҳамда фикрий жиҳатдан бузилган ашаддий қиморбозларда бундай фикрни осонгина уйғотиши мумкин. Турли тадқиқотларда муаммоли қиморбозларнинг 30 фоизгачаси камида бир марта ўз жонларига қасд қилишга уриниб кўрган. Бошқа текширувларга кўра, АҚШда қимор масалалари бўйича ишонч телефонларига қўнғироқ қилган қиморбозларнинг 80 фоизи ўз жонларига қасд қилиш фикри борлиги ҳақида маълум қилган.

 

Юқорида таъкидлаганимиздек, моддий танглик қиморнинг салбий оқибатлари ичида энг биринчи кўзга ташланади ва кенг таъсирлиси ҳамдир. Муаммоли ва патологик қиморбозларнинг муттасил ютқазиши натижасида уларнинг маблағлари тугайди, шунда ҳам инсонлар бу ишни тўхтатишни ўйламайдилар ва қарз олишади. Бироқ ҳолат ўзгармайди, улар гўёки «йўқотишлар ортидан қувишади». Таҳлилчиларнинг 2005 йилдаги ҳисоботига кўра АҚШда ҳар йили патологик қиморбозлар тахминан 54 миллиард доллар ортиқча йўқотишга учрашади. Ҳар беш ўйинчидан бири молиявий инқирозда эканлиги, қиморга муте ўйинчиларда ўртача қарз $40 000 эканлиги ҳам қайд этилган. Қиморга муккасидан кетишнинг меҳнат фаолиятига таъсири катта, аниқланишича патологик қиморбозларнинг ишларини йўқотиш даражаси бундай бўлмаганларга нисбатан икки баравар юқори экан. Оила ва бошқа муносабатларнинг йўқотилиш хавфи ҳам ҳам алоҳида аҳамиятга эга. 1999 йилдаги ўрганишларда аниқланишича ижтимоий қиморбозлар орасидаги ажрашишлар даражаси 18,2 фоизни ташкил этади, бу кўрсаткич патологик қиморбозлар орасида деярли уч баравар юқоридир, аниқроғи 53,5 фоиз. Ажрашишлар юз бермаган оилалар олдида ҳам бир қанча муаммоларнинг уюми ётади, қарзларни тўлаш, руҳий ва жисмоний саломатликка эришиш, қиморбозни тўғри йўлга қайтариш кабилар. Йирик қарзларни тўлаш учун қўшимча юклама билан ишлашга турли харажатларни чеклашга тўғри келади. Бу эса энди, муаммони бартараф этишга интилаётган ҳар бир оила аъзосида ҳам стресс, депрессия ва бошқа зарарли руҳий ҳолатларни ҳамда уларга боғлиқ биологик хасталикларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари бузилишга учраган қиморбозларнинг авлодлари ҳам келажакда қиморбозлик йўлига киришини осонлаштириши мумкин, ушбу хавф оилавий муҳит ва ирцият комбинацияси натижасида вужудга келади. Шунингдек патологик қиморбозлар оиласида маиший зўравонликларнинг кўпайишини ҳам инкор этиб бўлмайди.

 

Қиморбознинг турли жиноятлар содир этиш эҳтимоли ҳам юқори, каттагина қарзларни қоплаш, мия талаб қилаётган ўйинни яна ўйнаш, шахсиятдаги бузилишлар ва импульсивлик оқибатида улар ўғрилик, босқинчилик ва бошқа жиноятларни содир этишлари мумкин. Қиморбозликнинг бошпанасизлик билан алоқаси ҳам эътиборга арзийди, АҚШнинг Бостон шаҳридаги уйсизларнинг 5,5 фоизи патологик қиморбозлар эканлиги аниқланган.

 

Қиморбозликнинг тарқалишида ёш ва жинс омили

 

Қимор ўйнаш масаласида эркаклар аёлларга нисбатан устунликка эга, тадқиқотларда респондент қиморбоз аёлларнинг 2,9 фоизи эркакларнинг эса 4,2 фоизи муаммоли қиморбозлар эканлиги аниқланган. Ёш масаласига келганда айтиш керакки, бир тадқиқотга кўра ўсмирларнинг 69 фоизи 12 ёшидан олдин қимор ўйнай бошлаган. Ўсмирлар ва ёшларда муҳитдан ўзлаштириш даражаси юқорилиги сабабли қиморга кўникма ҳам айнан ўсмирликдан бошлаб жиддий тарзда шаклланиши мумкин. Муаммоли ва патологик қиморбозлик эса асосан 18-29 ёшлилар ўртасида шаклланиш хавфи юқори. Шахс вояга етиб ўз меҳнати орқали даромад ола бошлагач бир қадар молиявий эркинликка эришади, шунингдек катта одамлар қатори ўз хатти-ҳаракатини бошқариш ҳуқуқини ҳам қайсидир маънода қўлга киритишади. Худди шунинг учун эҳтимол бу ёш тоифасидагилар орасида қиморга муккасидан кетишнинг бошланиш эҳтимоли юқорироқдир.

 

Қиморбозлик бугунги ривожланган замонда бошқа хизматлар сингари инсонларга янада яқинлашди. Худди маҳсулот ёки емак учун кўчага чиқиб дўкон ё ошхонага боришингиз шарт бўлмагандай, энди қимор ўйнаш учун ҳам уйдан чиқмасангиз бўлади. Тараққиёт яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам бирдай ривожлантириши мумкин. Интернет орқали сиз барча қимор турларини бир варакайига ўйнашингиз мумкин, казино, спорт баҳсларига тикиш, тасодифий рақамлар билан боғлиқ ўйинлар ва шу давргача ҳеч қачон оммавий тарзда қиморлашмаган янгича ўйинларга ҳам пул тикишингиз мумкин. Шунга қарамай онлайн қимор одатий қиморлар кенг ёйилган ҳудудларда ҳали унчалик тарқалмаган. Масалан, қимор саноати борасида дунёда етакчилардан бири бўлган АҚШда атиги 3 фоиз аҳоли онлайн қимор ўйнайди, мамлакатда бунга қарши кўплаб чекловлар мавжуд. Шунга қарамай онлайн қимордан олинадиган даромад йилдан йилга ошмоқда. Тахминларга кўра бутун дунёдаги онлайн қимор пул айланмаси 450 миллиард долларга тенг.

 

Ўзбекистондаги вазият

 

Ўзбекистонда қиморбозлик билан боғлиқ ҳолат ва муаммолар кўлами бир мунча мавҳум бўлсада яқин йилларда айрим ишоралар кўзга ташланмоқда. Мақола бошида айтганимиз – Диний қўмита вакили билан боғлиқ вазият бунга мисол. 2021 йилда чиққан бошқа бир хабарда кўра Фарғона давлат университетининг 30 ёшли ўқитувчиси 57 миллион сўмни онлайн қиморда ютқазиб қўйгач ўз жонига қасд қилган, Фарғонадаги бошқа бир ҳолатга кўра эса Олимпия коллежи бош ҳисобчиси 4,3 миллиард сўмни қимор ўйнаш учун ишлатган.

 

Кўриб, билиб турганингиздай ашаддий қиморбозликка йўлиқишдан ҳеч қайси тоифа вакиллари кафолатли ҳимояланмаган, бу, албатта, инсон табиатидан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Яна онлайн қимор билан боғлиқ ўлим ҳолатларига тўхталсак, чунки бошқа руҳий бузилишлар сингари бизда бу масалада ҳам ўрганишлар, тадқиқотлар олиб борилмайди ёки оммага ошкор қилинмайди. Демак, 2021 йилда жами 6 нафар шахс онлайн қимор туфайли ўз жонига қасд қилган, худди шунча одам 2022 йилнинг 6 ойида ўз жонига қасд қилиб вафот этган, уларнинг барчаси 25 ёшдан катта бўлмаган шахслар эди. Яна маълум қилинишича, онлайн қимор билан боғлиқ жиноятлар сони 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг олти ойида эса 90 тани ташкил этган.

 

Кўриниб турибдики йилдан йилга бунақа ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Бу рақамлар шунчаки ҳуқуқбузарлик белгилари намоён бўлгандагина аниқланган ҳолатлардир, аслида жуда кўп инсонлар онлайн қимор ўйнайди ва пул тикади. Шу ўринда икки муҳим савол ўртага чиқади. Биринчиси, Ўзбекистон ҳудудида одатий (жонли) қимор ва қиморбозлар аввалдан бўлган (ҳайвонларни уриштириш ёрдамида, қарта ўйинлари ва бошқа кўринишларда), деярли ҳар бир инсон ўз маҳалласида қиморбозлар борлиги ва шунинг ортидан уларда қандайдир муаммолар бўлгани ҳақида ҳеч қурса бир марта эшитган, ўлим ҳолатлари кузатилгани ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундай экан нега онлайн қиморбозлик ва у келтириб чиқарган салбий оқибатларга эътиборсизмиз? Биринчи сабаб бу, албатта, қиморнинг аввалдан мавжудлиги, кўпчилик бунга салбий муносабатда бўлса ҳам кўникиб қолган, онлайн қиморлар эса бизга яқинда кириб келган. Кейингиси қимор деганда фақат қарталар ёрдамида пул тикиладиган ўйинларни тушунамиз. Пул тикиладиган хўроз, қўчқор ва итлар жанги эса гўёки оддий ўйин, бунақа нарсалар эътиборни унчалик тортмайди.

 

Иккинчи савол, хўш бизда қимор аввалдан бўлган экан, нима учун ҳозиргидай, яъни онлайн қиморчалик ёйилиб кетмаганди? Биринчидан, онлайн қиморни ўйнаш осон. Алоҳида, махсус жойларга бориш шарт эмас, пул тикиш ва ютуқни олиш ҳам нисбатан қулай. Бунинг устига онлайн қимор учун мўлжалланган дастурлар сизга минглаб турдаги пул тикиладиган ўйинларни таклиф этолади, таклиф имкониятлари жуда кенг, бу ҳам инсонларни ўзига жалб этмай қолмайди. Иккинчидан, сизни қимор ўйнаётганингизни ҳеч ким билмайди, ўзингиз айтмасангиз, албатта. Яна бир сабаб, бу онлайн қиморларда кўпинча кучли ҳисоб китобларга асосланган фоизлар билан ишлангани учун инсонлар  омад ё тасодиф эмас мияларидаги ўзлари ишонган интеллектуал хулосалар ва ички интуицияга амин бўлишгани учун бундайин ўйинларда ютиш имкониятларига кўпроқ ишонишади.

 

Қиморбозликдан даволаниш учун тавсия қилинадиган асосий усул бу когнитив хулқ-атвор терапиясидир яъни мутахассис билан муддатли суҳбатлар ва методлар. Бироқ тузалиш эҳтимоли жуда кам, бунинг устига тадқиқотчилар фикрига кўра қиморбозларнинг 80 фоизи ҳеч қачон даволанишга мурожаат қилмайди, шунингдек қимор ортидан келган молиявий ночорлик ҳам бунга йўл бермаслиги мумкин.

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//