Япон мутафаккири, ёзувчиси, буддавийлар жамияти раҳнамоси Дайсаку Икэда билан бизни жуда катта жуғрофий масофа ажратиб туради, аммо бизнинг умумий бойлигимиз бор: бу – Сўз.
Нима қилсам қуёш сўнмайди, дада?
Дайсаку Икэда. Болалигимда бошдан кечирган энг ғаройиб туйғу бу – китобхонлик. Атроф-олам қанчалик ўткир идрок этилса, ёш онг ва қалбга шунчалик ғайришуурий таъсир кўрсатади, ҳиссий тажриба ҳосил бўлади. Умуман олганда, ўқиш жараёни нафақат билимни кенгайтиради, балки руҳий янгиланиш туфайли чуқур ҳаяжон ҳиссини ҳам ҳосил қилади...
Чингиз Айтматов. Гурунгимиз бошида болалик китоби ва унинг инсон тақдиридаги аҳамияти мавзусини ўртага ташлаганингиздан бағоят мамнунман. Ахир, одамнинг ҳаёти маълум маънода китоб билан – Сўз ила илк учрашуви, уни қандай идрок этишига ҳам боғлиқ. Фикримча, айни лаҳзада муҳим ҳодиса содир бўлади – биз “ўзгалар ҳаётини ҳис этиш” деган эшик бўсағасида турамиз. Уни ҳатлаб ўтишга тайёрмизми? – масала шунда, инсон мавжудлигининг мазмун-моҳияти ҳам шу. Ўша танлов одамнинг бутун ҳаётига таъсир кўрсатади.
Ҳаммамиз ҳам яхши эслаймизки, болалик ва ўсмирлик даврида китоб ўқиётиб қандай орзуларга берилганмиз, тасаввур ва тахайюлнинг қандай гулханлари ичида қолганмиз! Ва... кейинчалик ҳаётнинг аччиқ воқелиги бўлмиш алам ва қўрқув, ҳийла ва адоватлар ўша таассуротларга терс келади, ширин хаёлларимиздаги гўзал-гўзал дунёлар остин-устин ўларак вайрон бўлади. Аммо, ҳатто шундай бўлганда ҳам, биринчи китобларнинг шуъласи хира тортмайди, ўша шуъла боис туғилган юксак орзулар чангдай тўзиб кетмайди. Уларнинг кучи ва сеҳри шу қадар чексизки, бир умрга сақланиб қолади...
Икэда. Ўсмирлик ва ёшлик йилларимда Ҳюгони ниҳоятда яхши кўриб ўқирдим. Ҳозир ҳам ўша китоблардан кўплаб саҳналар кўз ўнгимдан худди калейдоскоп каби ўтиб туради. Масалан, “Мардудлар”даги миршаб Жавертдай шафқатсиз, музюрак одам ўзини Сена дарёсига отиб, жонига қасд қилиши саҳнаси мен учун рамзий маънога эга. У хўрланган, ҳақоратланган одамларга ҳамдард ва меҳрибон Жан Валжаннинг олдида маънавий мағлубиятга учрайди.
Ҳюго бундай ёзади: “У (Жаверт) зулматда қандайдир маънавий қуёшнинг ваҳимали балқиб чиққанини кўрди; бу уни даҳшатга солди ва кўр қилиб қўйди. Бойқуш бургутнинг кўзлари билан боқишга мажбур бўлди”.
Бу ахлоқ нурини ёвуз кучларнинг қора булутлари қоплаб олса, бутун дунё зулмат қаърига ғарқ бўлади. ХХ аср ҳамма жойда бунинг мудҳиш кўланкасини намойиш қилмоқда, шундай экан, улар янги минг йилликнинг остонасида турган инсониятни четлаб ўтиши мумкин эмас.
Айнан шунинг учун ҳам Ҳюгони кўпроқ ўқиш керак. Орзусини йўқотиб қўйган бугунги одам фаранг адиби асарларини замонга мос эмас, эскирган деб ҳисоблашга мойил. Аммо бу нотўғри. Яна ўша тасвирга, “маънавий қуёш”га қайтиб айтиш мумкинки, замонавий одам қуёш ҳаддан зиёд ёруғлиги учун унинг нурларини айбламоқда. Виктор Ҳюгонинг бақувват поэтик руҳи эса шубҳа-гумонларга парво қилмай, нафас олишда давом этаётир.
Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтмоқчиман: улуғроқ авлод фақат руҳиятидан маҳрум бўлгани учун ёшларнинг куртак отаётган дадил интилишларини оёқости қилишига, бу билан уларнинг ижодий қуввати булоғини қуритишига йўл қўйиб бўлмайди.
Айтматов. Лев Николаевич Толстой ёши бир жойга етганда, болалик, ўсмирлик, ёшлик ва кейинги ўн йилликда (ҳар ўнйилликни у ўз таржимаи ҳолида муҳим бир босқич деб ҳисоблаган) ўқиган, кучли таассурот қолдирган ва бир умрга ҳал қилувчи роль ўйнаган китоблари рўйхатини тузган. Ақлни шоширадиган рўйхат! Кўриниб турибдики, эрта ёшлигида Руссо, Шопенҳауэр кабиларнинг фалсафий асарларига ошно тутинган, аммо уларни тушуниш осон эмасди ва бундан ташқари, фикримча, ўспирин учун унчалик қизиқ ҳам бўлмаган. Анча кейинги рўйхатларда эса эртакларни кўрамиз. Мен беихтиёр ҳайратланиб гапирмоқчи эдим, лекин мантиқан ўйлаганда, тўғридек кўринган нарсалардан ҳайратланишга чек қўйишнинг вақти аллақачон етмадимикан? Буни қарангки, барча рўйхатларда ўқилиши зарур бўлганлар орасида китоблар китоби – Инжил бор.
Икэда. Ҳа, лекин ҳозирги оддий ўсмир маънавий қадриятлар мубҳам-мавҳум тебраниб турган, унчалик маданий бўлмаган муҳитда яшаётгани ҳақида нима дейиш мумкин? Боз устига, ачинарли томони шундаки, “истеъмолчилар жамияти” ёки яна аллакимлар дидни айнитувчи, ҳаёт ҳақида нотўғри ғояларни сингдирувчи хом-хатала асарларни ўқишга мажбур қиладилар – яна ўша ҳол, чунки бола кичиклигидан ибтидоий туйғулар ва фикрлар билан улғайса, уни бошқариш осон кечади.
Айтматов. Афсуски, буткул ҳақсиз. Адабиётда яхши ва ёмонни таниб олиш учун одамга кўп вақт, баъзан йиллар керак бўлади. Бир қарашда жуда оддий туюлади. Лекин хатбошидан бошлаб сўзлар таркибини, иборалар тузилишини, энг муҳими, унда яширинган маънони, сизни буёғига нима кутаётганини ва умуман, шу китоб ўзи ўқишга арзийдими-йўқми – билиш учун қанча куч талаб этилади? Ким билсин, сийқа, чайналган, бир хил қолипдаги қораламалар чангалзорида қанча вақт судралиб юришга тўғри келаркан! Ёшлар бу чангалзорда узоқ вақт адашиб юрмасликлари, дидактика, риторика, яланғоч декларативлик ботқоғига ботиб қолмасликларини истайман. Аммо буни қандай эплаш мумкин? Хаёлга бериламан: ўқишни ўрганиш нима ўзи?
Икэда. Яхши ўқувчи бўлиш ҳам яхши ёзувчи бўлишдай гап – бу ҳар бир шахс кўтарилиши лозим бўлган маънавий мақом, асли. Устозим Тода-сэнсэй “Китоб ўқиётганда китоб сизни ўқишига йўл қўйманг”, деб такрорлашдан ҳеч чарчамасди. Бунинг учун тасаввур кучи инсон табиатининг туғма мулки бўлиши шарт эмас. Бирида – кўпроқ, иккинчисида – камроқ, учинчисида... Ана шу учинчи тоифа – тақлид қилишга мажбур, бепарда жинсий муносабатлар ёки шафқатсизлик, зўравонликни тарғиб қилувчи китобларни ўқишга ружу қўйган (албатта, улар фаҳм-фаросат касб этмай туриб шундай тарбияланган), асосий мақсад ва истагига эришиш учун ҳар қандай тўсиқларни янчиб ташлайдиган “кучли” қаҳрамон Суперменга ўрнак сифатида қарайдиганлар мени ташвишга солади.
Айтматов. Дилимдагини айтдингиз. Тўғри, ёшлар орасида кечаги қашшоқ, сиёсий руҳдаги адабиётга талаб кўп эмас. Уларнинг, таъбир жоиз бўлса, ранги ўчди. Ёшлар панд-насиҳатни ҳам, декларацияни ҳам, сохта некбинликни ҳам қабул қилмай қўйди. Бу яхши. Аммо... энг ачинарлиси, бугунги кунда сиз тилга олган сохта адабиёт: порнография, кучга сиғиниш, мистика ва бошқаларга бўлган оммавий иштиёқнинг мавжудлиги. Сабаби кундай равшан: тақиқланган мева ширин туюлади. Афсуски, бундан виждонсиз одамлар фойдаланиб қоладилар, ўқувчилар бозорини шундай маҳсулотлар билан тўлдириб, ёшларнинг мўрт онгидаги бўшлиққа ёввойи, ибтидоий инстинктларни уйғотувчи ахлоқсизлик уруғларини сочадилар. Бу ва бу каби ёвузликлар яшовчан ва кўп қиёфали. Албатта, бизнинг давримизда бу – сўз эркинлиги, ошкоралик каби “инқилобий” шиорлар ниқоби остида амалга оширилмоқда...
Оре рост, тақиқлаш билан буни ҳал этиб бўлмайди. Тақиқлаш акс натижа бериши мумкин. Хўш, нима қилиш керак унда? Нимадир қилиш керак-ку, ахир!
Икэда. Гёте вақти замонида эстетика даъво қиларак диффамация (Диффамация – матбуотда бадном қилувчи маълумотларни эълон қилиш) билан шуғулланувчи бадният журнализмни қаттиқ қоралаган. У бундай ёзади: “Журнализм оммага ўртамиёналик уруғларини сочади, аммо истеъдодлар учун у – зарарли туман, юқоридан тушган заҳарким, дарахтнинг ижодий қувватини, баргларининг яшил гўзаллигидан тортиб ўзагию яширин томирига қадар емириб йўқ қилади”.
Ана шу жойда ёзувчиларнинг маънавий жавобгарлиги майдонга чиқади.
Айтматов. Ҳа, аммо фақат шунинг ўзигина эмас-да. Ҳар бир оила болаларини ҳар қандай мафкуравий тажовуздан ҳимоя қилиши шарт.
Икэда. Юксак ҳақиқат ва юксак ҳаётга ҳавас – болаликнинг қонуний мулки, у соф қалбнинг бутун дўлворлигию самимияти билан бошдан кечирилади. Ҳаёт ва ўлим, тирикликнинг маъноси ҳақидаги саволлар доимий таъқиб этган кезлар эсингиздадир? Бу, шубҳасиз, инсоннинг психобиологик табиатини ўрганишга бўлган дастлабки талаб эди. Уни қондириш, маълум маънода, адабиётнинг ҳам зиммасида. Унинг вазифаси – савол ёрдамида одамдаги ўзи пайқамаган қизиқишларни уйғотиш, толстойчасига айтганда, ҳаёт сирларига бўлган муҳаббатни юқтириш. Ёшлар жавобга чанқоқ. Аммо замонавий цивилизация бу чанқоқни қондира оладими ёки йўқми – бу бошқа масала. Шу маънода ўғлингиз Элдорни мен ҳаммадан кўпроқ тушунаман ва ич-ичимдан ҳис этаман. У Сиз билан Японияга келганида ўн бир ёшда эди. Ёдингизда бўлса, Сиз менга бир куни уни жуда ғамгин, чуқур ўйга толган ҳолда, қўлида китоб билан кўрганингизни айтгандингиз. Ундан нима бўлганини сўрасангиз, “Дада, бир ярим миллиард йилдан кейин Қуёш сўниб, Ердаги ҳаёт йўқ бўлиб кетар экан. Шундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак?” деган. Албатта, боланинг ўйлари содда, аммо бу – ёруғ оламдаги фикрлайдиган мавжудотнинг ҳайратомуз куч-қудратидан далолатдир!
Айтматов. Бу кичик воқеани эслаганингиздан бағоят таъсирландим. Ҳақиқатан ҳам, бу каби саволларни замонавий болаларгина бериши мумкин. Аминманки, бунақаси аввал бўлмаган, бўлолмасди ҳам. Хўш, бу – ХХ аср болалари, дейлик, минг йил аввал яшаган тенгдошларидан кўра ақлли деганими? Гап бунда эмас. Ва ақл ҳақида ҳам эмас. Болаликнинг мангу содда-донишманд қалбига замоннинг фожиалари кириб борди. Бу алфозда, биз – фикрловчи катталар англаймизки, Ердаги ҳаёт йўқ бўлиб кетиши мумкин!
Икэда. Тан олиш жуда ачинарли, аммо инсоният қадим замонлардан буён ҳар доим ҳам иссиқ бўлмаса-да, совуқ уруш вазиятида яшаган. Бу совуқлик пинҳоний хавфсираш, ишончсизлик ва, айниқса, бир-бирини душман деб биладиган қўшни халқларнинг очиқ адоватида намоён бўлади. Бунинг шоҳтомири – тирикликнинг ягона мақсадини англаб етмасликда. Ўша мақсад ҳамма, ҳар қандай турдаги миллий, диний, синфий тартиботлардан юксак илоҳий ҳақиқатга эришиш учун бутун кучни бирлаштириш талабида ифода топади. Урушга мойиллик инсоннинг фитратида мавжудлигига ишонмайман. Аммо муросаи мадора, ҳаётни севиш – шундай фанки, у болаликдагина чуқур ўзлаштирилади.
Айтматов. Худди уруш илми каби, шундай эмасми?
Икэда. Ҳа, албатта. Бу ерда эҳтиётсизликка йўл қўйиб бўлмайди. Акс ҳолда, фарзандларимиз улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланувчи, болалар онгига ватанпарварлик, озодлик, қаҳрамонлик ва ҳоказоларга оид ёлғон тасаввурларни сингдириб-тарбиялаб-илҳомлантирувчи турли нораво оқимлар ихтиёрига тушиб қолади. Болалар адабиётисиз буларнинг олдини олиб бўлмайди, албатта.
Айтматов. Китоб – ташвиқот воситаси сифатида хавфли куч. Инқилобий-ватанпарварлик мавзусидаги адабиёт ижодкорлари орасида ҳеч бир шубҳасиз, истеъдодсизлиги яққол кўриниб турганлар бўлган. Аммо уларнинг энг талантлилари ҳам мафкурага ихтиёрий қарам, ёзганлари ўша мафкурага бўлган самимий ишонч билан тўла эди. Тан олиш керак, у муаллифлар кўзланган мақсадга эришдилар ҳам. Айтайлик, ёш авлодни руҳан урушга тайёрлашда. Уруш тугаганидан сўнг – кўп йиллар ўтиб мен милитаристик ғоя бизнинг бола онгимизга оммавий тарзда қандай сингдирилганини англай бошладим. Юқоридаги каби “асар”ларда урушда жонини қурбон қилиш – энг юксак ватанпарварлик жасорати ўлароқ улуғланар эди.
Сиз ва мен тенгдошмиз, уруш йилларида Японияда ёшлар адабиётидан қандай фойдаланилганини эсласангиз керак. Ахир, сизнинг мамлакатингизда ҳам “жасорат”ни қаҳрамонлаштириш, тасаввур қилишимча, фавқулодда юксакликка кўтарилди.
Баъзан тасаввурга бериламан, агар жанг майдонида “Урра!” деган қичқириқлар билан жон берган аскарлар тирилиб келсаю улардан “Сиз яна жангга отланишга тайёрмисиз?” деб сўралса, ишонаманки, иккала томонда ҳам қаҳрамон топилмаса керак. Инсон онгли ҳаётининг фақат ибтидосидагина таваккал жасорат кўрсатишга тайёр туриши мумкин. Шунинг учун ҳам мафкура инсон қалбини имкон қадар эртароқ, ҳатто болалигидан забт этишга шошилади. Тоталитар турмушда биз буни кўп кўрганмиз.
Тарғибот ўз йўлида адабиётни ҳам қурол қилиб олиб, одам табиатига қарши курашади ва шу билан инсоний матоҳдан янги башарни яратишдек ваҳшиёна ғояни (тарафдорлар уни инсонпарварликнинг энг юқори босқичи, олижаноб ният деб атайдилар) илгари суради. Бу одамлар ҳеч ўзларидан сўраб кўрганмикан: ҳатто, ақлдан озган тақдирда ҳам бундай ролни танлаш учун киши ўзини ким деб ҳисоблаши керак? Худоми? Тарих ижодкорими?
Икэда. Айтмоқчисизки, бу ғоя...
Айтматов. Ҳа, олам яралишидан ибтидо олади. У бизгача ҳам бор эди. Бунақаси ўйлаб топилмайди....
Икэда. Қадимги одамлар учун фалсафанинг бир қисми – яхшилик ва ёмонликни фарқлаш бўлган. Ишончим комилки, бу тушунчалар улар учун чалғитувчи ва мавҳум туюлмаган. Замонавийликнинг асосий муаммоси, менимча, инсониятнинг тарихий йўлини ёритувчи идеалларнинг тирик мазмунига қайтиш билан боғлиқ.
Қора ўрдак кўчаси
Икэда. Агар мендан қайси аёл образи кўпроқ унутилмас таассурот қолдиргани ҳақида сўралса, ҳеч иккиланмай жавоб берардим: Наташа Ростова. Тушунаман, мисол сийқаси чиққанроқдек. Эҳтимол, ҳозирги кўп йигитларни у мафтун этолмас, балки айримларининг ғашига ҳам тегар. Лекин урфдан қолган – бир сўз билан айтганда, зерикарли туюлган бизнинг замонни менсимагани ёки турмуш тарзини ҳурмат қилмагани учун замонавий ёшларни қаҳри қаттиқликда айблаб, ёзғириш шарт эмас. Айни чоқда ишончим комилки, бу йигит-қизлар улғайиб, дилбар, содда, кези келганда инжиқ-тантиқ бир қизнинг Аёлга, Рафиқага, Онага айланиш йўли машаққатини тушунганларида, унга тан беришади. Толстой қанчалик ишонарли қилиб тасвирлаган буни! Эҳтимол, жаҳон адабиётида энг сара аёл образларини эркаклар яратганининг бирон сири бордир.
Айтматов. Шубҳасиз, Наташа Ростова – Толстой даҳоси ила дунёга келган энг ажойиб аёл образларидан бири. Аммо таъкидлаш керакки, Толстой уни ўша кезлар оммалашиб кетган эмансипация (Эмансипация – муайян қарамлик, чекловдан озод бўлиш; ҳақ-ҳуқуқ тенглиги) ғоясига қарши яратган.
Икэда. У ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, замонавий шаклда янаям кучайган, шундай эмасми?
Айтматов. Шундай. Ёзувчи ҳаёт ҳақиқатига бекаму кўст риоя қилувчи чинакам реалист сифатида танловнинг фавқулодда мураккаблиги ва айни чоқда ундан бўйин товлаб бўлмаслигини англаган. Унинг фикрига кўра, нафақат инсоннинг шахсий тақдири, балки жамиятнинг, умуман, бутун халқнинг тақдири ўшанга боғлиқ эди. Адибнинг қаҳрамонлари ҳар доим жаҳаннам ва жаннат ғалаёнини бошдан кечиради; йўлдан оздирувчи васвасалар ва нафс балосига бардош беради; ҳеч ердан ёрдам кутиб ва ҳеч нимадан умид қилиб бўлмай қолганда, икки ўт – руҳий ва жисмоний ҳалокатлар орасида ёнади.
Толстойнинг сабоғи шундаки, у қаҳрамонини ўзини англаш ва такомилнинг энг машаққатли йўлига кузатар экан, жамиятдаги ахлоқий муҳитнинг нақадар муҳимлигига, оиладан бошланувчи тарбия инсоннинг келажак ҳаёти ва тақдирида нечоғли катта роль ўйнашига қатъий ишонади, бизни ҳам ишонтиради. Наташанинг охир-оқибат энг олий бахтни оналикдан топиши – шунчаки тасвир эмас, айтиш мумкинки, аёллик қисматининг юзага чиқишидир. Инстинкт, табиий оналик эҳтиёжи маънавиятни энг юксак даражага кўтаради. Қолаверса, бунда аёл она аталмиш қисмати билан ўз ички мазмунини, ўз ростлигини намоён қилади. Фарзандлари туфайли у мислсиз абадийлик ҳиссини туйишга қодир. Буюк Она образи!
Баъзан газеталарда туққан аёл гўдагини ташлаб туғруқхонадан қочиб кетиши ёки ҳатто ундан ҳам баттарроқ, айтишга тил бормайдиган: болани ҳаётдан маҳрум қилиши каби воқеаларни даҳшат ва титроқ билан ўқийсиз. Истисно ҳолатми? Ўзликдан маҳрумиятми? Аммо бундай воқеаларни тасодифий деб ҳисоблаш нотўғри. Беихтиёр ўйга толасиз: туғишни давом эттириш инстинкти йўқолиб кетаётганининг сабаби нима?
Менимча, ҳаётнинг барча машаққатларига қарамай, бутун борлиғини келажак учун, болалари учун бағишлашга тайёр бўлган аёл – онани мадҳ этиш жудаям муҳимдир. Мен учун онамнинг сиймоси муқаддас. Унда энг нафис муҳаббат, садоқат ва жасорат мужассам. Асарларимдаги аёл қаҳрамонларда нимаики яхши фазилат бўлса, ҳаммаси – уники.
Болалик кезларим онанинг ўз боласидан воз кечиши кўз кўриб қулоқ эшитмаган, тасаввурга сиғмайдиган ҳодиса эди. Она ўз гўдагини ҳимоя қила олмаслиги, айрим ҳолларда эса очлик ва мусибатдан у билан бирга ўлиши мумкин эди, лекин ҳеч қачон уни ташлаб кетмаган; Парвардигор томонидан белгилаб қўйилган илоҳий бурчидан тонмаган...
Тараққиётимизга тобора чуқурроқ сингиётган, афсуски, охири бахайр бўлмаган худбинлик, фақат ўзи учун, шахсий ҳузур-ҳаловати учун яшаш истаги ҳақида гапириш ҳар қанча оғир бўлмасин, жим туриш ёки уни ҳимоя қилиш мумкин эмас...
Икэда. Яқинда Токиода катта уйлар оралиғидаги мўъжаз ҳовузда ёввойи қора ўрдак пайдо бўлди. У ёзга яқин учиб келиб, тухум қўйди; ёриб чиққан полапонларини катта қилди. Кузда ўн нафар улғайган боласи билан учиб кетди. Ана шу ҳовуз жойлашган кўчага одамлар Қора ўрдак кўчаси деб ном беришди. Ҳовуз атрофида ҳамиша одамлар йиғиладиган бўлди, ўрдаклар оиласи ҳақида газетада ёзишди, телевизорда кўрсатишди.
Бу ҳодиса нима учун бунчалик жамоатчилик эътиборини жалб этди? Чунки бизнинг жамиятда оналик меҳри етишмайди. Одамлар шунчаки – меҳрга зориққан. Одамзод аслида бегемот, йўлбарс ёки арслондан ҳам боласини қандай вояга етказаётганини ўрганса бўлади.
Сиз ғайриихтиёрий оналик меҳрини энг юксак маънавий мақом деб таърифладингиз, она болалари воситасида абадиятга дахлдорлиги ҳақида гапирдингиз – бу ҳаққоний сўзлар ўта муҳим аҳамият касб этади. Худбинлик туйғусига буткул зид бўлган оналик меҳри ва энг ёрқин рангларда товланувчи чинакам аёллик табиати жило берган оналик меҳри – ўзини намоён қилиш учун бор овози билан жар солаётган тараққиётга буюк айбномадир.
Эътиборингизни ғоятда гўзал бир иборага қаратмоқчиман: ўзидан кечиш. У ўзини рад этишни англатмайди. Аксинча, буддизм нуқтаи назаридан қараганда, у янги “мен” сари йўл кўрсатади.
Айтматов. Таассуфки, ўзини ўзи такомиллаштириш меҳнати кўп замонавий одамлар учун ниҳоятда зерикарли, ҳатто кераксиз юмуш бўлиб туюлади. Ўз устида ишлаш нега керак? Ҳаёт қанчадан-қанча енгил эрмак ва фароғат таклиф этиб турганида, вақт йўқотиш чикора! Ҳар қандай ёш прагматист ҳеч бўлмаганда қадимий анъаналар билан табаррук саналган юксак ахлоқий меъёрларга тупуришни хоҳлайди. Чунки биладики, биз унга таклиф қилганимиздан бутунлай фарқ қилувчи бошқа одамларни намуна қилиб олса, ўзи интилаётган муваффақиятга эришиши осонроқ кечади.
Икэда. Нега бирданига умидсиз, иштибоҳли руҳда фикр билдирмоқдасиз? Аслида-ку, бундай ташвишманд кайфият ҳар биримизда бот-бот уйғонади. Яхшиси, келинг, чарчоқ ва кўнгилсизликка берилмайлик; умиддан чекинмайлик. Ҳинд донишмандлари айтганидек, Худо ерга фаришталарни юбораётган экан, демак, У одамларга ишончини буткул йўқотмаган.
Ҳеч қачон кўзингни ерга тикма!
Икэда. Албатта, биз ҳар хил шароитда, фарқли давраларда тарбия топганмиз. Аммо ўртамизда умумийликлар бор – ўсмирлик давримизга тўғри келган Иккинчи жаҳон урушининг шафқатсиз синовларидан кейин замоннинг маънавий ва сиёсий қиймати тубдан қайта баҳоланди. Башарти, биз нафақат жисмонан омон қолган, балки яна нималаргадир эришган эканмиз, ҳеч иккиланмай айта оламанки, бу – олижаноб идеаллар, ҳал қилувчи босқичда бизга намуна бўлган улуғ муаллимлар туфайлидир... Жамият билан субъектив муносабатингиз таркиб топаётган ўсмирлик даврингизда руҳан нимага суянгансиз?
Айтматов. Ўсмирлик кезларим жамият билан субъектив муносабат ҳақида ўйламаган бўлсам керак. Биз яшаган тоталитаризм ва сўзсиз бўйсуниш лозим бўлган қонунлар мулоҳаза-мушоҳадага ўрин қолдирмасди. Аксинча, инсоннинг давлат ва ҳокимият амрига тўлиқ итоат этиши омма томонидан меъёрдек қабул қилинган. Ушбу постулат – исботсиз қабул қилинадиган қоида шундан дарак берардики, алмаштириб бўлмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бизнинг муқаррар фожиамиз ана шунда эди. Шахс давлатнинг қулоққоқмас хизматчисигина, ғоявий мақсадларга эришиш йўлидаги воситагина бўла олар эди, холос. Қолган бари – диний-маънавий анъаналар, одоб-ахлоқ ва ҳатто қариндошлик муносабатлари – синфий қизиқишларга жавоб бермайдиган ўтмиш сарқити, буржуазия шахсиятпарастлигининг кўриниши сифатида рад этилган. Мен бунга кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Дейлик, дафн маросимини азалий урф-одатларга мувофиқ ўтказиш сиёсий ғўрлик саналган: бунинг учун одамлар сиқувга олинган...
Ҳа, албатта, ўша даврда ҳам бутун ҳаёт йўлида юксак ор-номус, олижаноблик, мардлик тушунчаларини устун қўйган чинакам инсонлар бўлган. Қойил дейман, улар қандай қилиб оммавий ҳамфикрлик авж олган, содиқ фуқаролар шовқин-сурони тинмаган ғайриинсоний шароитда бу хислатларни бой бермай яшаб қолди экан? Ахир, шафқатсиз мантиққа кўра, улар ёввойи ўт каби таг-томири билан суғурилиб, қуритилиб, йўқотиб юборилиши лозим эди-ку!.. Ўшанда чақимчилик расм бўлган, шарафланган эди-ку! Отасини сотган ўғил қаҳрамонга айланди, ўрнак қилиб кўрсатилди. Кўчалар, ёшлар отрядлари, ўқув муассасаларига унинг номи берилди. Ота эса отиб ташланди. Шунинг учунмикан, совет адабиётининг биз тенги авлоди бу фожиани оғриқ билан тилга олади.
Икэда. Сизни яхши тушунаман. Ҳозир Японияда қайта қуриш шарофати билан дунё юзини кўрган кўпгина совет асарлари таржима қилиняпти. Улардан бири – Анатолий Рибаковнинг “Арбат болалари” романи. Таъсирли саҳифалари бор: чақув туфайли айбсиз айбдор бўлиб сургун қилинган қатъиятли ва ҳақпараст Саша исмли ўспирин ўзи билан ўзи мусоҳаба қилади: “Ахлоқийлик нима ўзи? Лениннинг айтишича, нимаики пролетариат манфаатига хизмат қилса, ўша ахлоқийдир. Аммо пролетариат – одамлар, пролетар ахлоқи – одамлар ахлоқи. Болаларни қорда ташлаб кетиш эса бешафқатлик ва шунингдек, ахлоқсизлик. Ва бировнинг ҳаёти эвазига ўзиникини қутқариш ҳам ахлоқсизлик”. Сашанинг мулоҳазалари ҳар бир ақли расо одам учун табиий туюлади. Хусусан, қаҳрамоннинг ҳатто ўз-ўзидан англашилган мантиқнинг ҳаққонийлигига шубҳаси тоталитар тузумнинг барча зулмкор ва ғайриинсоний ғояларини ишонарли тарзда фош қилади...
Тўғри, бизнинг мамлакат бирёқлама мафкура бўрони авж олган даврни бошдан кечирганда ҳам СССР даражасида бўлмаган. Шундай шароитда ҳам соғлом фикр асло йўқолмади. Виждонли одамлар аста-секинлик билан, лекин қаттиқ туриб инсоний соғлом фикрлар даласига ишлов беришда давом этишди. Одам боласи ҳамон одам бўлиб қолар экан, эртами-кечми, ҳар қандай мутаассиб мафкурани рад этишга қодир.
Айтматов. Сиз ҳақсиз. Менинг энг катта бахтим – болалигимда тоталитар таълимотни юракдан қабул қилмаган одамларни учратганимда. Улар менга мардлик туйғусини тортиқ қилишди, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсоний қадр-қимматини баланд қўйгувчи одам бўлиш, ҳамиша шундай бўлиб қолишни ўргатишди. Мен қишлоқ мактабидаги ўқитувчимнинг таъсирли сўзларини ҳеч қачон унутолмайман: “Отанг исмини айтаётиб, минбаъд кўзингни ерга тикма!” Гап шундаки, отам Тўрақул Айтматов қатағонга учраб, 1937 йилда қатл этилган, оиламиз эса чекка овулда яшириниб яшашга мажбур эди. Бу мен учун унутилмас дарс бўлган...
Ҳа, мен чинакам саодатлиман, чунки ҳали-ҳамон менга яшашдан сабоқ берадиган ҳазрати инсонларни учратаман. Таассуфки, кўпчилик тенгдошларим сталинчиликнинг ғоявий тўридан ҳали ҳам суғурилиб чиқа олгани йўқ. Улар эскирган ва сохта ақидаларга зўр бериб ёпишадилар. Мен ҳозирги ёшларга шу мураккаб, зиддиятларга тўла дунёмизда тўғри йўлга чиқиб олиш учун бор кучим билан ёрдам беришни истайман. Ҳатто ўз хатоларим билан кўмак кўрсатиш ниятидаман. Бисмарк айтганидек, аҳмоқлар фақат ўзининг, ақллилар эса ўзгаларнинг ҳам хатосидан хулоса чиқаради.
Русчадан ОЙДИННИСО таржимаси.
“Tafakkur” журнали, 2021 йил 1-сон.
“Икеда ёққан гулхан” суҳбати
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ