«Момокалонимиз» бўлган Клеопатра, такяга борган Навоий ва Иблисга исён қилган ёзувчи – замонавий ўзбек романчилигида нималар ҳақда ёзиляпти?


Сақлаш
23:17 / 26.05.2023 1097 0

Адабий жараён жонли ва айни пайтда ҳаракатдаги ўзгарувчан воқелик саналади. Шу боис ҳам бугун романлар нафақат мазмун-моҳиятига кўра, балки ифода шакли, ёндашув усули ва услубий изланишлар жиҳатидан ҳам хилма-хил. Носирларимиз турли мавзуларга қўл уриб кўришяпти. Танловлардаги олий мукофотлар, тадбирлар “холис” тақризлар, китоблар тақдимоти барча-барчаси рисоладагидек ҳарҳолда. Лекин баъзи саволлар борки, жонни қийнайди: Бугун ўзбек насрида том маънода миллат Руҳини ва Характерини очиб берган янги қиёфа яратилдими, бадиий воқелик яратилдими? Эстетик идеал муаммоси қандай ҳал этилди? Идеал борми ўзи бугун адабиётимизда? Миллий адабиётнинг маънавий устунлари қандай қиёфада бўй кўрсатяпти? Ўзбек насрида миқдор сифатни ортда қолдириб кетмаяптимикин? Шу каби саволларга жавоб топиш учун Ҳаракатдаги жараён ҳақида тугал фикр айтиш бир оз қийинлигини таъкидлаган ҳолда, миллий романчилигимизда яратилган янги асарларни таҳлилга тортдик.

 

Глобаллашув даври романлари ахборот зичлиги ортган айни вақтда яшаётган Шахс характери, табиатидаги эврилишлар ва ҳиссий сезгиларни ўзига хос ифодаларда акс эттиришга ҳаракат қилмоқда. Биз бугун тақдим этилаётган ўзбек романларини мавзу мундарижасига кўра гуруҳга ажратиб олишни маъқул билдик:

 

1.Тарихий-биографик. 2.Рамзий-метафорик.

 

Эътиборли жиҳати, тарихий мавзудаги асарлар орасида ўтмишдаги машҳур аёллар қиёфасини жонлантиришга уриниш сезиларли даражада ошгани кўзга ташланади. Устоз адиблардан Муҳаммад Алининг “Клеопатра”, Шаҳодат Исахонованинг “Гавҳаршодбегим ёхуд қиёмат ўйини”, “Нодираи Даврон” ва Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романларини мисол қилиб келтириш мумкин бунга. Уларнинг барчасида машҳур шахсларнинг ўтмиш саҳнасида қолдирган “изи” ҳақида ҳикоя қилинади. Аммо ҳар бир тарихий мавзуда битилган романда бугуннинг нафаси, бугуннинг дарди ва муаммоси акс этганига гувоҳ бўлиш мумкин... Дунё адабиётида Клеопатрага бағишланган асарлар оз эмас. Ўзбек адабиётида Миср маликасига мурожаат қилиш илк бор улуғ шоир Чўлпон ижодида учрайди. Шоир 1923 йилда “Клеопатра” (“Килеўпатра”) номли ҳикоя ёзади. Шоир унда ўзи яшаётган жамият ҳаётидан норозилик туйғусини тўғридан-тўғри айтмайди ва воқеаларни “Сирлар ва яширинликлар уяси бўлғон Миср”га кўчиради. Чўлпон маликани меҳр-муҳаббатга ташна аёл қиёфасида тасвирлаган бўлса, ёзувчи М.Али шоирдан фарқли, Клеопатрани ўқувчига Миср озодлиги йўлида курашчи, ёвларга бош эгмайдиган ғурурли раҳбар, ватани эрки йўлида ҳаётини қурбон қилишга тайёр маккора сифатида таништиради.

 

Асар муаллиф томонидан ёзилган ўнгсўз билан бошланиб, ёзувчининг мақсади очиқланади. Клеопатра Спитаменнинг қизи эканига алоҳида урғу берилиб, малика авлодларининг илдизлари тарихимиз билан чамбарчас боғланиши. маликанинг ёзувчи таъбири билан айтганда, “момокалонимиз” экани урғуланади ва бу таъкид роман давомида керагидан ортиқ даражада такрорланади. Тарихий жиҳатдан асосланмаган бундай фактга ёзувчи асарнинг туб асоси сифатида қарайди. (Муаллиф бунда А.Бердимуродовнинг “Самарқанд тарихидан томчилар” китобига таянади). Аммо бу ҳам бадиият нуқтаи назаридан ўзини оқламагандек, назаримизда, композицион қурилмада заифлик бор, жонли лавҳалар етишмайди.

 

Ёзувчи талқинига кўра, маликанинг ҳийла-найранглари, фитналари заминида юрт истиқболи қайғуси ётади. Айнан шу туфайли у қанча фитналарга бош бўлиши, зарур ҳолда хиёнатдан ҳам қайтмаслигига ишора қилинади. Клеопатра Миср давлатининг рамзи сифатида келувчи асарнинг воқелик тасвирида кўтаринки руҳ, фожиавий оҳанг ва пафосни сезиш қийин эмас. Асарда муаллиф мақсади англашилмайди, қаҳрамон характерининг чизиқлари хира, бадиий жиҳатдан етук эмаслиги ошкор бўлиб қолади.

 

Бадиият мезонларига кўра тарихий мавзуда ёзилган асарларда бир қанча талабларни адо этиш зарур. Мисол учун, ҳужжатлилик ва бадиийлик тарихий асарнинг асосини ташкил қилади. Тўғри ўтмиш фонида, муаллиф фантазияга эрк бериши, тўқимада ҳам эркин бўлиши мумкиндир, аммо бу тарихий ҳақиқатга зид келмаслиги шарт ва адибга янгидан тарих яратишга ҳуқуқ берилмайди. Муаллиф тарихий вазиятни ёритишда ўқувчини воқеаларига нафақат гувоҳ, балки ҳодисанинг иштирокчисига айлантира олсагина, асарнинг муваффақиятини таъминлаган бўлади. Бу эса поэтик маҳорат билан боғлиқ. Адиб воқелик тасвирида макон ва замон чегараларини забт этмоғи, тарих аталмиш пардани орадан кўтариб, ўқувчи кўз ўнгида ўтмишни жонлантирмоғи, давр руҳини кўрсатиб бермоғи лозим. Афсуски, бугунги ўзбек адабий жараёнида эълон қилинган романларда бу каби бадииятнинг мезонларига тўла амал қилинган, деб бўлмайди.

 

Яна тарихий романларнинг муҳим жиҳатларидан бири бу – асар воқеалари тасвирида муаллифнинг холислиги масаласи. Ёзувчи М.Али эса тасвирларида воқеликка бевосита бугуннинг кўзи билан қараб, бугунги нуқтаи-назар ила муносабатини очиқ-ойдин билдириб қўядики, бу асарнинг бадиий бутунлигига соя солади. Аслида муаллифнинг воқеликка аралашиб, муносабатини ошкор қилиши ёки очиқчасига изоҳ бериши ноўрин. Аммо, асарда бундай лавҳалар оз эмас. Антик давр Рим ҳақидаги воқеаларни ҳикоя қилатуриб, юнонларнинг мусиқаси миллий кўйимиз “Тановор”га ўхшатилади. (169-бет). Яна бир ўринда олимлар ҳақида гапириб, муаллимнинг нон топиб ейиши ҳақидаги бугуннинг нуқтайи назарини ошкор қилади. Ёки “Антоний ва Клеопатранинг мудҳиш хатоси фурсатни бой берганида, вақтида курашга кирмай, имиллаб қолишларида ва ўзлари билмаган ҳолда душманга пухта тайёрланиб олишида имкон яратиб қўйганликларида, деб жўяли баҳолайди бу вазиятни кейин тарихчилар,” дейилади ва ҳоказо. Асарда характер тадрижи ва қаҳрамон руҳий тебранишларни очиб бериш масаласи етарли даражада акс этмаган. Баёнчилик устувор. Маликанинг қалб кечинмалари, изтироблари кўпроқ акс эттирилганда, мақсад адо этилган, дейиш мумкин эди.

 

Шаҳодат Исахонованинг ижодий концепциясида тарихий мавзуга мурожаат қилиш, машҳур шахсларнинг ҳаётини ёритиш, қаҳрамон руҳиятини англашга уриниш каби хусусиятлар муҳим ўрин тутади. Унинг навбатдаги асари ҳам темурийлар саройининг маликаси Гавҳаршодбегим ҳаётига бағишланган бўлиб, миллат ўтмишининг энг мураккаб, зиддиятли саҳифаларини ёритиб беришга қаратилган. Адиба малика яшаган даврни тасвирларкан, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият, салтанатнинг таназзулга юз тутиши, шаҳзодаларнинг тахт йўлида биродаркушликка бориши каби муаммоларнинг илдизини очиб беришга ҳаракат қилади. Муаллиф Гавҳаршодбегим характерини ёритишда ниҳоятда интиргаларга бой, зиддиятли саҳналарни жуда нозик илғайди, аммо бундай “лаҳза”лардан етарли даражада фойдалана олмайди, баёнчиликка берилиб кетади. Назаримизда, бундай ёндашув ижодкорнинг “Нодираи даврон” романида ҳам такрорланадики, бу ҳол адиба услубидаги ўзига хосликни белгилайди.

 

Малика образи тасвирида муаллифда аёлни англаш, тушунишга уриниш, дардини ҳис қилиш, ҳамдардлик туйғуси сезилиб турса-да, аммо ифодада бу тўлиқ акс этмаган. Гавҳаршодбегим тарихда ўзининг қаттиққўллиги ва давлат ишларига ҳаддан зиёд кўп аралашгани билан танилгани сир эмас. Салтанат душманларидан ўч олишда Шоҳруҳга нисбатан ҳам талабчан бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда айтилган. Аммо романда тарихдаги маликадан фарқли ўлароқ, қудрати ва қувватидан айрилган, жудоликдан бағри қон Гавҳаршодбегим ҳаётининг рангин лаҳзалари акс этади. Асарда ҳар бир шаҳзоданинг тахт йўлида қурбон бўлишида ўзини айбдор санаган малика, ўтмишга назар солиб ҳаётидан маъни қидиргандай бўлади, аммо афсуски, бу лаҳзаларда аёл қалбидаги пўртаналар очиб берилмайди.

 

Асардаги баҳсли ўринлардан бири муаллифнинг Алишер Навоий ҳаёти билан боғлиқ саҳнани роман воқелигига олиб киришидир. Бундан кўзланган мақсад буюк шоир сиймосини яратишмиди ёки Руқия Султон билан улар орасидаги муҳаббатни тасвирлашмиди, билиб бўлмайди. Романда Навоий истеъдоди шаклланишида маликанинг хизматларини кўрсатиб беришни ният қилган муаллиф мақсаддан чалғиб кетади. Айрим лавҳалардаги тарихий давр ва шоир ижоди билан боғлиқ тасвирларда эса ортиқча урғулаш кўзга ташланади. Тарихий асар биринчи навбатда ҳужжатлиликка таянгани учун бадиий тўқиманинг имкони чекланади. Тўғри, муаллиф асарига тўқима образ, воқеликлар киритишга ҳаққи бор, аммо бу мантиқий асосни талаб қилади. Бўлмаса мақсад англашилмайди. Асарда ана шундай ҳолни кузатасиз. Мисол учун, Навоийнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ мавҳум нуқталарни ёритишга уриниш, Руқия Султон билан муҳаббат чизиғини ривожлантириш, шоирнинг онаси Салима бонунинг мингдан ортиқ мисраларни ёддан билиши, мадрасада дарс бериши каби тафсилотлар, ортиқча бўрттиришлар ўқувчида сўровларни кўпайтиради холос. Ҳолбуки, бу муҳаббат чизиғи романнинг ўқ илдизига бориб уланмайди ҳам. Шу ўринда айтиб ўтилиши жоиз бўлган бир жиҳат бор: шоирнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ сўз кетганда эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик керак. Бугуннинг ғами билан Навоийга баҳо бериб бўлмайди, улкан шахсиятни ўз тасаввурларимиз билан чеклаб қўйишдан сақланиш лозим, менимча. Романда Навоийнинг “ҳайдария” тоифасига мансуб дарвешлар билан ўтказган кеча ҳақидаги саҳна ҳам эътироз уйғотади кишида. Яъни Оллоҳ йўлида нафсига жиҳод қилган дарвешларнинг бир кечага “дарвишликни хуржунга солиб турамиз” қабилида иш тутиши ҳамда Навоийнинг такяга борган кечадаги ҳолатлари ақлга сиғмайди. Яна бир ўринда Навоий Машраб ҳақида сўзлайди. Бундай йўсинда тарихий фактларга беэътибор бўлиш, нотўғри талқинлар албатта, муаллиф фойдасига ҳал бўлмайди.

 

Шунингдек, бир неча ўринларда муаллиф томонидан чалкашликка йўл қўйилади.

 

Кўз бирлан қошинг яхши, дудоғинг яхши,

Юз бирла сўзингш яхши, қабоғинг яхши (116-саҳифа)

 

Муаллиф Навоийнинг мазкур рубоийсини Руқия Султонга ёзган мактубга киритади. Романга кўра, Навоий уни 15-16 ёшлигида, айни муҳаббатга тўлган ўспирин пайтда ёзган. Ҳолбуки, мазкур ғазал шоирнинг “Хазойнул маоний”дан таркиб топган девонига киритилган, яъни 1491 йилда ёзилган. Демак, бу вақтда Навоий 51 ёшда бўлган. Яна бир ўринда келтирилган “Қоши ёсинми” ғазалининг яратилиш йилида ҳам шундай хатоликни кўрасиз.

 

Адиба давр зиддиятлари оралиғидаги Гавҳаршодбегимнинг руҳий ҳолатларни ёритишда воқеликнинг сатҳида қолади, қаҳрамон ботинидаги зиддиятларга чуқурроқ назар солмайди ёки буни муҳим деб билмайди. Гавҳаршодбегим темурий маликалардан бири сифатида жуда мураккаб қарама-қаршиликларга тўла ҳаёт кечирган. Унинг севимли аёл, давлат ишларида фаол малика, тадбирли хотин, шаҳзодаларни тарбияловчи буви сифатидаги мақоми ва ундаги воқеликларга чуқурроқ кирилганда, муаллиф ҳам, асар ҳам бундан ютган бўларди. Асарнинг “Гавҳаршодбегим ёхуд қиёмат ўйини” деб номланиши ҳам мунозарали, назаримизда. Қиёмат сўзига ўйиннинг бирикма сифатида боғланиши мантиқий жиҳатдан нотўғри. Қиёмат исломдаги замон билан боғлиқ инсон тасаввури етмайдиган даҳшатли ҳодисанинг номи. Шу маънода қиёмат сўзига ўйин сўзини тиркаш ўзини оқламайди. Бундай диний атамаларни қўллашда бир оз камтарлик ва ҳушёрлик талаб этилади. Асардаги кемтик жиҳатлардан бири асар тилининг ночорлигидир. Масалан, темурийзода маликалар – Бегика бегим ва Руқия Султоннинг ўзаро муомаласи бугунги кун маишатидан дарак беради. Она боланинг “а десам, “бе” дейсан, “бе” десам, “а” дейсан” қабилидаги ўзаро айтишувлари таъбни хира қилади. Малика қизига қарата “Бойнинг қизи ғарлик қилур, олдини олиб шарлик қилур” деган мақолни ишлатадики (115 бет), асилзодалик ҳақида озгина тушунчаси бўлган ўқувчи ҳам буни тасаввур қилиши мушкул. Яна бир ўринда Гавҳаршодбегим Бегика Султонга “бозорчи хотинларга ўхшаб” деган сўзни ишлатади (116 бет). Асарда бундай эътирозли ўринлар талайгина, барчасини айтишдан ўзимизни тиямиз...

 

Ёзувчи Лўқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романини адабий жараёндаги яхши романларидан бири сифатида айтиш мумкин. Асар миллий замин асосига қурилгани, маданиятимиз, исломий маърифат туйғусини ўзига хос ёрқин рангларда бера олгани билан эътиборга лойиқдир. Ёзувчи асарида романий тафаккур ва эпик кўлам ўзаро уйғун тарзда бўй кўрсатади. Л.Бўрихоннинг тарихий мавзуда асар ёзган асарларини кузатиб, адиб бу борада етарли тажриба ва ижодий потенциалига эга ижодкорлар сирасига киришини кўриш мумкин. Асарни жуда катта қизиқиш ва бир оз ҳадик билан ўқиб чиқдим. Сабаби диний мавзуда асар ёзиш жуда эҳтиёткорликни талаб этади. Абу Мансур Мотуридий шаръий илмларнинг учта йўналиши: тафсир; усулул фиқҳ; ақоид билан боғлиқ йўналишда асарлар ёзган. Шундай улуғ сиймонинг қиёфасини бадиият нуқтаи назаридан ёритиш осон иш эмас. Аммо асарни ўқиб, ёзувчи жуда катта меҳнат қилгани, кўплаб диний манбаларни ўрганганини сезиш мумкин. Давр руҳи сингдирилган, бадиий матн пухта ишланган романни малолланмасдан ўқийсиз, мутолаа чоғида қоқилмайсиз.

 

Асар билан танишган ўқувчи ақида илмининг нозик жиҳатларидан ҳам хабардор бўладики, бу романнинг маърифий аҳамиятини тасдиқлайди. Ёзувчи Мотуридий қиёфасини икки йўналишда: маиший ва илмий фаолияти орқали очиб беришни маъқул билади. Қаҳрамон сийратини ёритишда бир қанча тўқима образлар ҳам асарга киритилган бўлиб, бу борада бироз баҳсли ўринлар учрайди. Масалан, Мотуридий шахсини очиб бериш учун муаллиф унинг хотини билан муносабатларидан восита ўрнида фойдаланишни афзал билади. Мана шундай саҳналарда асардаги мантиқий бирликка путур етади. Ақоид илмининг билимдони “имомил худо” саналган олим хотини билан муқояса қилиниб, дунёқарашлари бир-бирига қарама қарши қўйиш натижасида етук уламонинг маиший планга туширилиши романнинг ютқизиқларидан бири, деб ҳисоблайман. Имом Мотуридий сингари фиқҳ ва ақоид илмининг улуғ алломасини маиший муаммолар кесимида тасвирлаш зўраки саҳналарнинг вужудга келишига хизмат қилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу муаллиф ҳам бугуннинг қайғуси билан қаҳрамон характерини талқин қилинади. Ўқувчи романда улуғ исломий шахсиятнинг характер тадрижини, олимнинг бу мақомга эришув жараёнларини, комиллик босқичларини кўришни хоҳлайди. Аммо муаллиф бугун урфга айланган эр-хотин муаммолари қамровида қарайди масалага, бу эса асар савиясига таъсир қилмай қолмайди.

 

Романда мантиқ тизгини маҳкам тутилган саҳналар борлигини айтмаслик адолатсизлик бўлади. Муаллифнинг ютуқлари асар тилида ҳам кўринади. Асардаги киноя, серқатлам қочиримлар ўқувчини беэътибор қолдирмайди. Мастонбиби ўлим олдидан: “Дуо қилғайсиз, илтижо этгайсиз, жаннатларда бирга бўлай деб”, сўрайди. Имом “Мен …ахир андоғ кўп нарса сўрай олмасмен”, деб жавоб беради. Мана шу савол жавобда кўп сўзлар айтилиб бўлинади. Роман кўп талқинларга йўл очади ҳамда мунозарага чорловчи саволлар юзага келтириши билан аҳамиятлидир. Устоз профессор Қозоқбой Йўлдошев асарни “илк фалсафий ақидавий роман” деб эътироф этади. Аммо исломий шахсиятга бағишланган дастлабки роман дейиш нечоғли асосли, ўйлаб кўриш лозим. (Бу пайтда Радий Фиш, “Жалолиддин Румий”, Саъдулла Сиёев “Аҳмад Яссавий” романлари эсга тушади) Жанрга кўра эса бадиийлик мезонлари борлиги учун ақидавий дейиш ҳам бироз мунозарали. Ақида исломнинг энг мураккаб илми, диннинг оғиш бурчаги ҳам дейиш мумкиндир. Адашишлар, чалғишлар ақида бузуқлигидан келиб чиқади. Шу боис ақидавий сўзини қўллашда бир оз эҳтиёткорлик лозим, деб ўйлайман. Бизнингча, роман маърифий-тарихий-биографик асарлар сирасига киради...

 

Таҳлил нишонимизнинг навбатдаги романлари ноанъанавий услубдаги асарлар саналади. Неъмат Арслоновнинг “Хўтама” романи илк бор “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинди. Энг аввал асар номининг ўзиёқ эътиборни тортади. Хўтама – Дўзах дарвозаларидан бирининг номи. Бу сўз муқаддас Қурони каримда келган. “Йўқ! Албатта у ҳутомага хор-зор этиб ташланур. Ҳутома қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? У Аллоҳнинг шиддатли, ўчмас оловидир. Қалбларгача етиб борур”, дейилади муқаддас битигимизда. Аслида, сарлавҳа муаллиф диди ва савиясидан дарак берадиган кичик лисоний бирликдир. Одамзотни даҳшатга солувчи оловли қийноқлар масканини асарга ном сифатида танлашда фаҳм ва эътибор лозимлигини унутмаслик керак. Муаллиф асар композициясини шакллантиришда миф ва рамзлардан поэтик восита сифатида фойдаланади. Романда ер ости салтанатининг маъбудалари ҳақидаги ривоятлар қолипловчи вазифасини бажарган. Ундаги рамз ва тимсоллар воситасида жамият ҳаётидаги муаммолар фош этилади. Асарда бир неча сюжет линияси кўп тармоқли шаклида ривожлантирилган. Барча воқеликлар асосан қаҳрамон Товашар нигоҳи воситасида ёритиб берилади. “...Нимаики мавҳум бўлса, шундан қўрқади ва шунга интилади инсон”. Муаллиф одамзот тийнатидаги билишга бўлган иштиёқ, англашга бўлган шавқ қўрқувидан озод бўлиш учун имкон беришига ишора қилади.

 

Асарни ўқиркансиз, ижодкорнинг ўзига хос киноявий оҳангини эътиборсиз қолдиролмайсиз. “Икки мингинчи йилларнинг атоқли газетаси. Давлат раҳбарларига мақтов ёғдиришга асосланган: “Барғурур” “Мадҳибор”, “Пурмадҳ” деган газета-журналлар ўртасида рақобат кучли. “Кўрғурур”ни ямламай ютиб юборди чоҳ”. Роман мавҳумлик, тушкун кайфият, сирли воқеалар билан боғлиқ саҳналарга бой. Юнон афсонасидаги Иштар ва Тамуз, ер ости қароргоҳи, ўликлар салтанати каби саҳналарни тасвирлаш орқали муаллиф миллатнинг бугунги муаммоларини нишонга олади. Рамзлар тилида бугунги жамият ҳаётидаги оғриқлар, инсоният тарихидаги фожиалар, миллий ўзликка қайтиш масалалари асар тагматнига сингдиришга ҳаракат қилинган. Асарда ер ости салтанати ва ер устида тирикчилигини ўтказаётган одамларнинг ҳаёти ўзаро муқояса қилинади. Спитак зилзиласи, covid оқибатлари, одамлар орасидаги диёнатнинг бой берилиши каби муаммолар фонида сюжет композициясида бироз тарқоқлик юзага келган. Ҳолбуки, роман яхлит организм сингари бутун қурилма бўлмоғи лозим. “Хўтама”да жуда катта муаммоларни қамраб олишга ҳаракат қилингани, публицистик руҳ ортиб кетиши мақсаддан бироз чалғишга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

 

Назар Эшонқул “Тақиқ меваси” романини “икки новелладан иборат роман” деб қайд этади. (1.Ҳаво. 2.Малак ҳол). Асарда Одам Ато ва Момо Ҳавво, Иблис каби анъанавий тимсолларнинг ўзига хос талқинига гувоҳ бўласиз. Фалсафий кўламдорлик, эпик баёндаги шартлилик, ақлий ва ҳиссий билишдаги ўзаро уйғунлик мазкур асарда ўз аксини топган. Муаллиф асарда мазмунни метафорага сингдириб юборади, бадиий ғояни рамзга юклайди. Ёлғизлик ҳисси, жамиятдан қочиш, бегоналашув, ўзини-ўзи тергаш, ғайбий ҳодисаларнинг қаҳрамон руҳиятидаги изларига назар солиш каби ҳолатлар мазкур романнинг етакчи хусусияти саналади. Муаллиф Одам Ато, Момо Ҳавво, Иблис билан боғлиқ нақлдан роман тагзамини учун асос сифатида фойдаланган. Аммо аввалги талқинлардан фарқли, нақлга янги маъно юклашга ҳаракат қилган. Иблиснинг Малакни йўлдан уриб унга олма дарахтидан мева узиб беришини қаҳрамон жим кузата олмайди. У Иблисга қарши исён кўтаради... Асар бир мунча мураккаб рамзий мажозий тильда сўзлайди, рамзлар воситасида ишораларга бой. Бадиий-фалсафий эсселарини ёдга солувчи романни таҳлил қилиш учун “махсус” тайёргарлик талаб этилади. Ўзимизни “хос”лардан санамаганимиз боис асарни таҳлил этишдан, муаллиф ҳақиқатига зид боришдан тийиламиз. Шу боис “Тақиқ меваси” юзасидан ҳали кўп изланишлар олиб борилишидан умидвормиз.

Кузатишларимизга кўра, яқин йилларда ёзувчиларимиз ижодида тарихий мавзуга мурожаат етакчилик қилмоқда. Бунга нималар сабаб бўлганини таҳлил қилишга уриниб кўрдик:

 

1. Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қараб иш кўрмак хайрликдир” сўзлари романнависларимиз учун адабий анъана шаклида қабул қилинган. Ижодкор замон умумадабий эстетик эҳтиёжидан келиб чиқиб мавзуга ёндашади. Эҳтиёж заруратни юзага келтиради.

 

2. Миллий ўзликни англашда тарихнинг ўрни ниҳоятда катта бўлиб, у миллат учун ибрат мактабидир. Ижодкор тарихдаги машҳур шахс ҳаёти орқали бугунга “ойина солади”. Ўтмиш – бугун учун намуна. Қаҳрамон тасвирида бу жиҳатлар бирламчи аҳамият касб этадики, бу йил романларининг муҳим хусусияти саналади.

 

3. Жамият ҳаётидаги иқтисодий, маънавий, ижтимоий зиддиятнинг ортиб бориши, маънавий беқарорлик, ўткинчи ғоялардан сақланиш, эстетик идеални янгилаш истаги, адабий тутимларни ўзгартириш эҳтиёжи, аҳлоқий ва миллий қадриятларнинг қадрсизланиши каби муаммоларни ҳал этишда муаллиф ечимни мозийдан қидиради. Идеаллик муаммосини тарих фонида яратишга интилиш сезилади.

 

4. Эстетик идеал талқинида миллат тарихига юзланиш миллий бирдамлик руҳини юзага келтиришда асос бўлиб хизмат қилади. Ижодкор комилликни, идеални ўтмишнинг олис пучмоқларидан излайди. Ва бу албатта бугунинг идеали учун ўндирги бўлиб хизмат қилади.

Ўзбек романлари ҳақида тадқиқот олиб борган хорижлик адабиётшунос Аҳмет Оғир А.Қодирий, Чўлпон, Ойбек асарларини ўрганиб жуда қизиқ хулосага келади. Олимга кўрабу давр романларида адабий қайғудан кўра миллий қайғу устун келади”. Ҳақиқатдан ҳам мазкур романларда ижтимоий дарднинг шахсийлашганига гувоҳ бўламиз. Уларда миллий ва адабий қайғу эш келади. Бугунги ўзбек насрида эса на адабий, на миллий қайғуни ҳис қиласиз. Уларда муаллиф ижодий “мен”ининг турли оҳанг товланишларини эшитгандай бўласиз, холос. Аммо бугун турли гап-сўзлар, танқид-у олқишларга қарамай, миқдор ва сифатий янгиланишлар аро миллий романчилик карвони аста-секин йўлда давом этмоқда. Карвондан нелар қолади, нелар Абадият манзилига етиб боради, улуғ Вақт изми ила намоён бўлади. Биз эса ўқувчи, кузатувчи бўлиб уларга муносабат билдирарканмиз, ниятимиз карвонни тўхтатиш эмас, миллий роман орзусида уни оғир, кераксиз юклардан халос қилиш ва бойликларини асрашга ҳисса қўшиш холос...

 

 

Санобар ТЎЛАГАНОВА,

адабиётшунос

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//