Мурод Муҳаммад Дўст тавсия қилади: пичирлаб ўқилган китоблар, “Навоий”дан устунроқ “Қутлуғ қон” ва юристлар тақриз қилган “Шум бола”


Сақлаш
23:07 / 23.05.2023 829 0

 

Китоб ва китобийлик

 Луғат титиб билдимки, оғзаки тильда учрамайдиган ёки кам ишлатиладиган сўзларни ёзмада қўллаш “китобийлик” деб аталар экан.

Шаҳри Китобда туғилган шоир ёки олимларнинг тахаллуси сифатида ҳам учрар экан.

Сунъий, ясама, ялтироқ сўзлар ҳам шу жинсдан экан.

Онги атала улус орасида чиройли сўзлаш ҳам китобийлик бўлар экан.

“Романтика” аталмиш кўҳна дарднинг ўзбекча муқобили ҳам айни шу – китобийлик экан.

Менга охирги таъриф кўпроқ ёқди.

Алқисса, умрнинг адоғида, онда-сонда ҳолга яраша сўз битаётган чоғларимда китобийлик деган дардга озгина чап беришни ўргандим.

Аслида китобийлик, аниқроғи – китобларда битилган турли хаёлу орзуларга ортиқча берилиш айб эмас. Хаёлот оғушида юриш мумкин ва кўп мароқли. Лекин бу тарзда яшамоқ қийинроқ.

Кўп орзуларимиз сароб бўлиб чиққанини кўрдик, билдик, азобини чекдик, лекин барибир кўнгил қурғур яна ва яна орзу этарга ундайди. Лекин энди, кексалик чоғида, эски оташин ундовлар чўғи сўниб битгандай. Кул тепасида ўзимиз ҳам ижобатига ишонмайдиган тилаклар, ўта жўн, бири биридан ожиз, аммо бирдай нек ва ёруғ тилаклар қолди, холос. Айтайлик, бу кўнгли озурда миллатга ҳам рўшнолик бергин, деган каби...

Албатта, яхши китоб ўқиганда уйғонадиган ҳаяжон, кўнгилни енгил қитиқлаб қўядиган титроқ ҳисоб эмас. Йиллар залвари елкадан босиб, кўнг­ли тошдай қотган одамнинг ҳам (жиллақурса ўзига) ожиз бўлиб кўринмоққа ҳаққи бор.

 Бола пичирлаб ўқийди

Анча ориф одамлардан болаликда ўқиган китобларини сўрасангиз, дабдурустдан уятчан бўпқолади, сўнг, гўё бугунги ақли етук одамнинг қачонлардир бола бўлганидан айбсингандек, нечадир китоб номларини қимтиниброқ санайди.

Ҳарҳолда, шунча яшаб Арастунинг “Афлотун билан суҳбатлар”ини гўдаклик кезлари ўқиган одамни учратганим йўқ.

Табиийки, китоблар рўйхати жуда қисқа бўлади (бугунги номаи аъмол ва умуман таржимаи ҳол қаршисида эслашга ҳам арзимайди, шунчаки зарра, заррадан ҳам забунроқ).

 

Китобхонлигим китоб ўқишдан эмас, раҳматли отам ўқиб берган турли пайғамбарномаю жангномаларни, узун қиш тунлари сандал атрофида айтилган саноқсиз достону эртакларни эшитишдан бошланган.

Кейинроқ ҳарф таниб, илк бор сўз тузишни, бир сўзни бошқасига зарб этишни ўргандим. Бурро ўқишдан ҳайратга тушганим йўқ. Энди билсам, ҳайрат дегани жимит бармоқлари ҳарфдан ҳарфга, сўздан сўзга кўчайотган серҳадик боланинг тепасида турган муаллимнинг кўланкасида қолиб кетган экан.

Ҳақиқий ҳайрат кейинроқ – китоб билан ёлғиз қолганимда келди.

Яна эсда асралгани – пичирлаб ўқиганим. Ҳали-ҳануз боланинг пичирлаб ўқишида недир синоат излайман. Балки не азобда тузган сўзларини ҳуркитиб юбормаслик учун баралла овоз чиқармас...

Бугунга қадар сўздан ҳайиқиб, ҳайиқмоқ не – қўрқиб туришимни яна қандай изоҳлашим мумкин?!

 

Қўрқоқ китобхон

 

Қўлга нима тушса ўшани ўқиганман. Билмасвой, Гулливер, Робинзон Крузо, Алпомишу Гилгамеш, хуллас, “Тоҳир-Зуҳра, Ёрилтош, / Ойни уялтирган қош"... токи капитан Грантнинг етимчалари қадар...

“Бошсиз чавандоз” ҳақида алоҳида гапирмасам бўлмайди. Негаки, Майн Риднинг қаҳрамонларини бугун ҳам ном-баном санашим мумкин: Кассий Колҳаун, йилқичи Морис, исковуч чол Зеб Стумп, бошсиз чавандоз Ҳенри Пойндекстернинг масъум синглиси Луиза Пойндекстер, испан гўзали Исидора Каварубио де Лос Ланос… Айниқса, охиргиси зўр жарангларди!

Энди англасам, жомлик мишиқи бола ўша кезлардаёқ қишлоғини тарк этиб улгурган экан.

Кейинроқ Жонатан Свифтни ўрисчада ўқиб, Гулливернинг аслини кўрдим. Баъзида Гулливер ўзбекчага тугал ўгирилмаганмикан, деб ҳам ўйлаб қоламан. Тўғриси, яхшилаб суриштиришга ҳафсала ҳам йўқ. Шунчаки, Гулливер дегани саргузашт роман эмас, балки ирландча зарбулмасал – ҳақиқий сиёсий сатира эканини хийла кечикиб англаганимни тан олмоқчиман, холос.

 

Болаликдан ўсмирликка кўчсак, Шукур Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор?", Одил Ëқубовнинг “Муқаддас”, “Тилла узук” деган қиссаларини ўқиганимни эслайман. Бу қиссаларни қайтиб қўлга олганим йўқ. Қайта ўқисам ёқмай қолишидан қўрқаман. Такрор мутолаадан кўра, қони энди гупура бошлаган ўспирин китобхоннинг энти­кишларини эслаш ширинроқ туюлади.

Айни одат бора-бора иримга айланишини тасаввур ҳам қилмаганман.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи – тасвир этилмиш муҳит нафасини туйганим билан қадрли. Ўқиганда негадир салбий қаҳрамон – Саидий тарафида турганман. Кейин билсам, Қаҳҳор домла ҳам аслида биз тарафда тургану, лекин замона талабига қулоқ тутмоққа мажбур бўлган экан…

“Сароб”ни ҳам қайта ўқишдан чўчийман.

 

“Ўткан кунлар”ни ўсмирликда йиғлаб хатм қилганман. Роман воқеаларини майда тафсилотлари қадар эслайман. Бир вақтлар “Ўткан кунлар” – ўзбек миллий онгининг ажралмас парчасидир”, деб ёзганимдан тонмайман.

 

Ойбек домланинг “Навоий” романидан бугунги қолипларга кўпда мос келмайдиган “Қутлуғ қон” романи устунроқ туюлади.

 

Мавридсиз иқрор

 

Йигитлик чоғида китобхонлик расмана дардга айланди. “Китобхўр”, “китоб жинниси” деган иборалар ҳам бўларди. Дардга даво берадиган энг яхши табибларимиз Маҳкам Маҳмудов, Мурод Хидир ва Маҳмуд Саъдий эди. Биз истаб тополмаган неки китоб бўлса – Ҳаммурапи қонунларидан токи Ҳегелнинг “Метафизика”си қадар – шу учовида, жуда бўлмаганда, учовидан бирида албатта топиларди.

Баланд ғурур билан ўта хокисорликнинг гўзал сулҳини шу уч азиз инсоннинг табиатида кўрганман. Учовидан ҳам бирдай қарздорман. Бизга – эгни юпун, қорни оч ва очлиги баробар орзуманд мусофир йигитчаларга вақтида меҳру марҳамат кўрсатгани, ўзлари ночор бўлатуриб қорнимизни тўйғазгани, кўчада қолган чоғларимизда бошпана берганини бот-бот эслайман. Бемаврид бўлсада шуни айтгим келди...

 

Дунë айвони кенг

 

Қалам қитирлатиб, ўзимизча “рақиб” излаб, торгина майдон ичида ғимирлаб юрган чоғларимиз айниқса кулгили эди. Янги китобми ёки газет-журналда босилган ҳикоями – барини титкилаб ўқирдик. Чимхўрроқ бўл, вақтингни аягин, нодон, деб айтадиган маслаҳатгўй бўлмагани бугун алам қилади.

Биз йигитликда ҳавас қилган, кейинчалик қадрдон акаларимизга айланган Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимовнинг қиссаларини ўқиш нақд байрам эди.

Яна бир акамиз – Неъмат Аминов кейинроқ “Елвизак”ни битгани Бухородан келди.

У кезлар эл суйган адиблар Одил Ëқубов билан Пиримқул Қодиров давраси биздан анча юксакда эди. Кейинроқ улар билан ҳам танишдик...

Одил Ëқубовнинг “Диёнат” романи пешдек. Одатда, “Улуғбек хазинаси” кўпроқ мақталади. Муаллиф тарихий асарни ёзатуриб талай манбаларни ўргангани, кўпроқ меҳнат қилгани аниқ. Лекин “Диёнат” романи катта ҳаяжон билан ёзилгани билан устунроқ туюлади. Романда муаллифнинг иссиқ нафаси сезилади.

Раҳматли Одил муаллим ўта ғайратли эди. Табиатида саҳройиларга хос бир жунун, ўжар асовлик бўлардики, қимматли вақтини ёлғон такаллуфларга сарфлаб юрмасди. Ўйлаганини айтар, бировни аяб ўтирмас эди. Шу сабаб, шўровий мафкура дарғалари ёзувчи эски замон вакили – султон Улуғбек ҳақида роман ёзганида ҳам унга дахл қила олмаган, очиқроғи, қўрққан. Кўтарилган гурзилар бошқа бировнинг – Мирзо Бобур ҳақида роман битган Пиримқул Қодировнинг бошига тушган.

Раҳматли Пиримқул муаллим Одил муаллимнинг акси – ўта жўяли, табиати андак биқиқ бўлсада, бирдай юмшоқфеъл ва бирдай тартибли одам эди. Тарихни синчиклаб ўрганди, “Юлдузли тунлар”ни ёзиб, ўзини ўзбек санаган одамлар олқишини олди.

Балки ёшлик ҳаяжони билан ўқилгани учундир, менга Пиримқул Қодировнинг ҳадиксиз, самимият билан ёзилган, бугун салкам унутилган илк романи – “Уч илдиз” азиз бўлиб туюлади.

 

Эски замонларда яшаб ўтган мумтоз ва муборак зотларга келсак, ҳазрат Навоийни ўқиганман, лекин тузукроқ билмайман. Яхшироқ англашга қурбим етмагани сабаб, устозларимиз Эркин Воҳидов, Азиз Қаюмов, дўстимиз ва устозимиз Иброҳим Ҳаққулнинг суҳбатларига ишқибоз эдим.

Мен учун ҳазрат Навоийнинг буюклиги – Аттор мажозини маҳв этиб, Семурғ васлига интиқ турфа хил қушларни нечадир водийлардан олиб ўтгани ва турфа қушнинг ҳар бирига унинг ўзи Cемурғ эканини англатгани.

 

Бобурни ҳам кўп ўқиганман, ғазалу рубоийларини ёд олганман, лекин уни ҳам яхши биламан деб айтолмайман. “Бобурнома”ни анча тушуниб мутолаа қилганман. Яна ўқиш ниятим бор. Забардаст шоир, забардаст олим. Иқрор борасида кўрсатган жасорати аскарий жасорати билан баробар инсон.

 

Аҳмад Яссавий, Лутфий, Сўфи Оллоҳёр – алоҳида дунё. Туркий сўз айтмоқ истаган одам энг аввал булоқ бошида турган шу зотларни билмоғи, иззат қилмоғи керак.

 

Гулханийнинг “Зарбулмасал”и – кўнгил тўрида асрашга арзигулик асар. Сержило истеҳзо ва шарқона тавозе туфайли заҳри чандон ошган мазах – ўз йўлига, мени ҳайратга соладиган бошқа жиҳат – муаллифнинг cўзлаш услуби, юзлаб мақолу маталларни саноқли саҳифаларга жойлай олгани. Неки ҳол бор – шунга яраша мақол.

Ўришу арқоғида туркий, форсий ва арабий сўз иплари қоришиб кетган, бу кун одамларининг юксак назарига илинмоғи гумон бўлган “Зарбулмасал”нинг нимаси яхши, деган хаёлга бораман. Жавобини яна болалик кезларимда қулоққа сингиб қолган оҳангдан топгандай бўламан: ровийлар андоқ   ривоят қилибдурларким...

Недир аниқроқ мақсад билан ўрганмаганим сабаб, халқ достонлари ҳақида кўп гапиришга кучим етмайди. Менга не-не бахшиларни маст қилган муҳташам оҳангларни эслашнинг ўзи етиб-ортади.

“Алпомиш”нинг турли талқинлари, “Гўрўғли” достонлари туркумидан озмунча хабарим бор. Термалар ҳам, терма орасида келган “қора” сўзлар оҳанги, сўзлаш (айтиш) ритми, сўзларнинг турфа сувратларидан туйган ҳайратим жон чиққуси қадар сўнмаса керак.

 

Дарвоқе, раҳматли дўстимиз Тоғайнинг, Тоғай Муроднинг кўҳна достонларимиз қаъридан ўсиб чиққани аниқ. Унинг ёзганида эски, ёддан кўтарилай деган оҳанглар қайта тирилгани ёқади менга. Яъники, тўғри топилган (созланган, деб айтгим келади) оҳанг кучанмай сўзлаш қудратини беради.

 

Янги, лек эски мавзулар

 

Мен ёқтирган бир қатор китобларнинг мавзуси битта экан – забунликдан юксакка талпинган, чеккан машаққати боис озмунча бойлик ва шуҳрат қозонган, лекин яна тепадан пастга қулаган одамлар.

Биринчи, ўсмирликда ўқилган китоб – Жек Лондоннинг “Мартин Иден”и.

Иккинчиси – Cкотт Фитсжералднинг “Буюк Гетсби” романи.

Учинчиси – Теодор Драйзернинг “Даҳо” романи.

Озгина истисно билан бу қаторга Томас Вулфнинг “Взгляни на дом свой, ангел” (ўрисчада ўқиганман, ўзбекча номини тополмадим) романини ҳам қўшса бўлади.

Изласак, тузукроқ эсласак яна топилади.

Дейлик, Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин”, Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” китобларида ҳам уйқаш мавзуни кўрамиз.

Умуман, юксалиб яна қулаган инсон мавзуси ўқувчини муқаррар ром этади.

Миллион бор такрорланиб ҳам сийқаси чиқмаган муҳаббат мавзуси. Ҳоди Тоқтошдан ўтказиб айтиш қийин: “Муҳаббат ул эски нарсадир, ҳар бир қалб они ëнғорта”. Ўқувчи ўқийди ва ўз ёзиғига қиёс этади. Армонлар бўлиши шубҳасиз. Худди раҳматли шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек: мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман… Бандаси борки, мудом шу иштибоҳни четлаб ўтолмайди.

 

Фақат сен кел, юрагимда армон бўлган ҳис,

Сенсиз ҳаёт пуч бир нарса, эрмак, омонат.

 

Камбағальнинг алалоқибат рўшнолик топиши – Нуҳ пайғамбар замонидан бери адабиётни чўктирмай келаётган мавзулардан бири. Озгина моҳирлик бўлса бас, ёзувчи ютқизмайди.

 

Қувлиги баробар қувноқ муттаҳам мавзуси янада завқлироқ. Энг ибратли исбот учун Николай Гоголнинг “Ўлик жонлар” поэмасини эслаш кифоя.

 

Қарқаралик, қайдан келдинг қошима

 

...Қайдаги балони солдинг бошима...

Миртемир домланинг шу ва яна юзлаб сатрларини кўп эслайман.

Йигитлик чоғида унинг “Сурат” достонини ёд билардим. Миртемир домла бизга илк бор ва кейин узлуксиз сўз сеҳру ҳайратини тортиқ этган инсонлардан бири эди.

Миртемир домла ўзбекча сўйлагани, ўзбекча ўйлагани, ёруғ дунёни ўзбекча идрок этгани билан кўнгилга яқин. Қорақалпоқ, қозоқ ва бошқа туркий қардошларнинг ҳам айтув-айтишувларини мукаммал билган, қардошлар оҳангини ўзимизнинг соф ўзбекча оҳангларга бехато пайванд эта олгани билан кўнгилга яқин.

 

Ўзбекча сўзлаш ва ёзиш ҳақида гап кетаркан, Абдулла Қодирий билан Ғафур Ғуломни тилга олмасам гуноҳ бўлади.

Қодирийнинг таҳсинга сазовор “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари эмас, ҳажвий ҳикоялари (ҳатто енг ичида битилган фельетонлари ҳам) менга катта мактаб бўлган. Адибнинг кичик ҳикоялари – бутунлай бошқа олам. Уларда ёзувчи роман жанрининг қафас янглиғ қоидаларидан буткул озод қиёфада кўринади, ўзбекнинг кўчаларни тўлдириб жаранглаган сарбаст ва содда тилида сўзлайди, халқона иборалар, киноя, қочириқларни ишлатади, борингки, ўз тилининг жозибасини кўрсатади. Яйраб, ҳузур қилиб ёзгани ҳар бир сатрида зуҳур этади.

 

Ғафур Ғуломнинг насрий асарлари ҳақида ҳам айни шу фикрни айтиш мумкин. Яқинда бир синглимиз “Шум бола” ҳақида гапиратуриб, асарнинг дастлабки қисми қатағон йилларида ёзилганини эслатди, кейин, оммавий қўрқув замонида муаллиф кўнглига шу қадар қувноқ оҳанг қандай сиғди экан, дея савол қўйди. Буни ҳеч ўйламаган эканман. Кўплашиб, балки Ғафур Ғулом қўрқувдан қочиб, Шум бола саргузаштида паноҳ топгандир, деган хулосага ҳам келдик. Мавҳум, лекин универсал хулоса. У билан асарнинг ўша оғир замонда чала ташлаб қўйилганини ҳам бемалол изоҳласа бўлаверади.

Баъзида “Шум бола” чў-ў-ўзиб ёзилгани яхши бўлган, деб ўйлаб қоламан. 1936 йилдаги Ғафур Ғулом насрга унчалик бўйин эгмагани аниқ. Лекин 1962 йилдаги Ғафур Ғулом насрий асар берадиган завқ ашъор завқидан кам эмаслигини билиб улгурган. “Ëдгор”, “Нетай”, “Менинг ўғригина болам”, Насриддин Афанди туркуми... Бири биридан сара асарлар. Лекин “Шум бола” – ҳақиқий шедевр. Унда Шарқ адабиётини чуқур билган донишманд одамнинг кўламли шахси борки, саҳифаларда “Минг бир кеча”, эски жангномалар, асрлар оша халқ ичида яшаб келган қув латифалар нафаси сезилади.

“Шум бола” шу қадар халқчил ва севимлики, ҳатто юристлар ҳам уни ўрганади ва тақриз ёзади: “Агар икки қаҳрамонни(нг) (Шум бола билан ошнаси Омон – М.М.Д.) психологик криминоген делинквентлик ҳолатини таҳлилга олсак... фақат муҳтожлик – турли криминоген вазиятларга аралашиб қолишига сабаб бўлади”.

Иқтибос – реал, уни келтирганим – шунчаки ҳазил.

 

Одил бўлиш қийин

 

Жиддий гапга қайтсак, ёзишни ҳунар тутган киши ҳеч қачон одил китобхон бўлолмайди. Қайси китобни ўқиса, унинг қадрини ўзи пеш билган ақида қаричи билан ўлчайди. Турли майл ва истакларидан бир нафас бўлсин узоқлашиб кетолмайди, ўринсиз ишлатилган сўзга қоқилса, бутунбошли китобни чеккага улоқтириши ҳам мумкин.

Ўзимдан мисол келтирсам, Достоевскийни дастур ва умумий саводу савияни ошириш зарурати боис кўп ўқиганман, лекин ижодига кўнгил қўя олмаганман. Ҳа, албатта, дунёга машҳур улкан ёзувчи, ўз миллатининг кўрки, ғурури. Лекин унинг шахсида ҳам, асарларида – гоҳ ошкора, гоҳо пинҳона – шовинизм сезилади. Шуни танга сингдиришим қийин.

Толстойнинг шахсида ҳам, асарларида ҳам кенглик, тантилик кўраман. Ўзи иқрор бўлмиш юзлаб гуноҳлари билан, умр бўйи ҳақни излаб чеккан изтироблари билан қўшиб севишга арзийдиган буюк ёзувчи!

Яна бир яхши кўрган, балки энг яхши кўрган ёзувчим – Гогол. Дардли истеҳзода тенги топилмас адиб. Ундан ўзимга ҳам озгина юққан. Ҳарҳолда, билгичлар шундай дейди.

Кутубхонамда Гоголнинг шўролар замонидан ҳам олдин чоп этилган ўн китобдан иборат тўплами бор. Тўққиз китобнинг муқоваси урингану, лекин соғ. Энг кўп ўқилган бўлса керак – “Ўлик жонлар”нинг асл муқоваси сақланмаган, бошқа жўнроқ латта муқова ичига солинган.

Баъзан Гоголни овоз чиқариб ўқийман. Завқланаман, баралла куламан. Неча йиллардир олдин болаларимга ҳам ўқиб бердим. Улар диққат билан эшитди, аммо мен туйган завқни туймади. Афсусландим, лекин хафа бўлиб ўтирмадим. Мен улоқчи от эмасманки, тойларим изимни босса...

 

Кимдан, қайси ёзувчидан нимани ва қанча ўрганганимни дабдурустдан айтишим қийин. Ҳар бир катта ёзувчининг бетакрор услуби бор. Шунга қойил қолиб ўқишнинг ўзи кифоя. Вақтида биз талашиб ўқиган адибларни санаб саноғига етолмайман: Ҳемингуэй, Фолкнер, Ремарк, Акутагава, Тагор, Гарциа Маркес, Астуриас, Фозил Искандар ва бошқа ва бошқалар...

Узун рўйхатда “Дарвеш ва ўлим” романи муаллифи Меша Селимович ҳам бор эди. Кейинроқ, анча кейин Милорад Павичнинг номи қўшилди.

Ҳар бирига таъриф бермоққа бир банданинг умри етмайди.

 

Дўстлар билан Мағрибу Машриқ адабиётидан кўп ёзувчиларни ўқидикки, китоб номларининг ўзи кичкина китоб бўлади. Ўқиган ўқимаганга мақтаниб сўзлаган китоблар номи унданда бисёр.

Адабиётда недир тузукроқ нарсалар битган тенгдош шоиру ёзувчиларни авлод аташ расм бўлган. Борингки, бошқалар учун авлод ҳам бўлайлик. Ростпараст, сўзпараст, бетгачопар; носирлари анча кибрли, шоирлари ўта бақироқ, кейинроқ сал босилиб, онда-сонда тазарру тарафга ҳам юз бурган авлод...

Табиийки, қандайдир мавҳум авлодни ўйламасдик. Нуқул “мен” деб гапирардик. Кейинроқ инсофга келиб, “биз” ёки “ўзимиз” деб гапиришни ҳам ўргандик. Айниқса – “ўзимиз” деган англашма даврага ҳузур бахш этарди.

Бугун даврамиз жисман кичрайган. Лекин тирик юрганлар ҳар гал йиғилганда яна кенгаяди – ғойибга кетган дўстлар қайтиб келади...

 

Мурод МУҲАММАД ДЎСТ

“Тафаккур” журнали, 1-сон. 2023 йил.

“Сўз қаршисида қўрқув” мақоласи

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//