Қайга борса ойдин сўз айтди – шоира Ойдин Ҳожиевани эслаб...


Сақлаш
21:11 / 19.05.2023 868 0

Ойдин опам – Ўзбекистон халқ шоири, устоз ижодкор Ойдин Ҳожиева, тақдир тақозоси билан анчадан буён ётиб қолган эдилар. Лекин шеърлари матбуотда, китоб ҳолида нашр қилиниб тургани учун, телевидение, радио тўлқинларида сувратларини кўриб, овозларини эшитиб турганимиз боис, бундан ҳам кўпроқ – биз “Саодат” журналининг жамоаси у кишини тез-тез йўқлаб турганимиз туфайли Опани ҳамиша фаолиятда ҳис қилардик. Улар биз учун аввалги йилларда бўлганидай меҳрибон  устоз, самимий маслаҳатгўй, жонкуяр дўст эдилар. Ҳаёт экан-да, Оллоҳнинг иродасига бўйсунмай иложимиз йўқ. Ўзи тўғри  деб билган пайтда берганидай, тўғри деб билган соатда олиб кетар экан. Опани олиб чиқиб кетганларидан сўнг изларида фарзандлари қатори бўзлаб қолар эканмиз, ётган кароватлари – бўм-бўш кароватларига қараб юрагимизга бир бўшлиқ  “ҳув” этиб киргандай бўлди. Совуқ бир шамолни ҳис этгандай бўлдик. Наҳот яна бир олдимизни шамоллардан тўсиб турган қўрғон кетди? Ҳалима опамлардан сўнг ўзи атрофимизда изғиринларни ҳис қилиб, совқата бошлаган эдик. Янами... Опаларимиз ҳаёт пайтларида биз сингил эдик, шогирд эдик. Адабиётда, шеъриятда қизлар ҳақида сал бундайроқ гап ораласа, улар жавоб беришарди. Масъулият уларнинг гарданида эди.

 

– Наҳот энди биз Опа бўлиб қолдик, устозлик юки елкамизга тушди... Биз бу юкни улар кўтаргандек кўтара оламизми...

 

Шарифахон икковимиз қучоқлашиб, шундай дея бўзладик...

 

Ойдин опамиз бу юкни ҳалоллик билан кўтарган инсонлардан бири эдилар. Мен устозни ўйлаганимда энг аввало “Шоир” деган таъриф эсимга келади. Ҳа, Ойдин Ҳожиеванинг кимлиги, энг аввало, шеъриятида намоён эди. Шоира халқ оғзаки ижодини жуда яхши билар, болалигидан достону эртакларни кўп ўқиган, бу унинг шеъриятида чиройли акс этарди.  “Сатрларингиз худди ўйноқи куйларга рақс тушиб келаётганга ўхшайди”, дердим янги шеърини ўқиб берганларида.

 

Ёр енгина гулкашта

Бўлсаммикан-о...

Билагузукларин рашки

Келсамикан-о...

Дайрободда турнами,

Ғозлармикин-а,

Ёрнинг биза байрами 

Нозлармикин-а...

 

Шоира табиат тасвирларини  жуда ўзига хос бир тарзда, қалбга юқадиган бир тарзда беради. Опани ўқигач, ўзинг кўрган, билган  жойларинг кўз ўнгингда ярқираб кетади.

 

Сап-сариқ олтиндек товланар томда,

Қоқига солинган хил-хил нав ўрик.

Офтобнинг ўзи ҳам айни қиёмда,

Ҳар зарраси порлоқ, зарраси тирик.

 

Чумчуқ излаб топмас ўтлар ичида,

Маст уйқуда  ётар машшоқ чирилдоқ.

Тикка теракларнинг учи учида

Кечки салқин, ҳатто, бекинган бу чоқ...

 

Ойдин Ҳожиеванинг бор ижоди табиат манзараларидан иборат эмас. “Қирқинчи йиллар”,  “Қарз”, “Дард” каби шеърлари, “Нажот”, “Озод сўз ёлқинлари” каби достонларини халқимизнинг машаққат билан яшаган йиллари шеърий солномаси, бу йилларнинг юракларга ўйган армон сувратлари, дейиш мумкин. Ойдин опадан адабиёт хазинасига ўнлаб шеърий китоблар, насрий асарлар, таржималар,  публицистик мақолалар мерос бўлиб қолди. Бу асарлардаги фикрий теранлик, халқчиллик, гўзал бадиий ифодалар ҳали кўп адабиётшунослар учун тадқиқот манбалари бўлади. Яна кўп адабиётсеварларга завқу сурур беради. Шоирликка ҳавасмандларга намуна бўлади.

 

Мен Опа билан “Саодат” журналида ўн саккиз йил бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим ва яхши бир мактабнинг толиби илми бўлдим, дея фахр билан айта оламан. Устоз ўз зиммасига юклатилган вазифага ниҳоятда масъулият билан қарардилар. Бирорта остёзувни ҳам ўқимасдан имзо қўймасдилар. Баъзан бизга бу ўта инжиқлик бўлиб туюлар:

 

– Ойдин опа... – деб чимрилсам,

– Қутлижон, русларда “Ишон ва текшир!”, деган мақол бор. Хафа  бўлманг, бирон нарса ўтиб кетмасин, дейман-да... – дердилар мулойимлик билан ва кўпинча ҳақ бўлиб чиқардилар. Хотиралари жуда яхшилиги, кўп ўқиганлиги, кўп билганлиги боис баъзи хатоларни тутиб қолардилар. 

 

Опа кабинет одами эмасдилар. Саломатлиги яхши пайтларида, ҳатто, оёқлари оғриган пайтларида ҳам кўп юрардилар. Мен бир нарсани алоҳида бир миннатдорлик билан айта оламанки, Опа мени республикамизнинг барча шаҳар-қишлоқларига ўзлари билан бирга олиб борганлар. Фақат томоша залларида эмас, пахта далаларида, чўпон отарларида ҳам шеър ўқиганмиз. Баъзан шошилаётган пайтларимизда мухлислар шоирани тинглагилари келиб туришса ҳам устоз:

 

– Менинг мана бу қизим жуда яхши шеър ёзади-да, тингланглар-а... – деб  ўз навбатини менга берардилар. Аввало Худо, қолаверса, бугун озми кўпми, элга танилган бўлсам, бунда Ойдин опамнинг катта ҳиссалари бор.

 

Устоз ўзлари сағирликда қийналиб ўсганлари учун одамнинг бошига иш тушса, дарров ёрдам қўлини чўзардилар. Миразиз ака оғир операция бўлиб, уч ойлаб бошида ўтиришимга тўғри келган. Қизлар шифохонага ишларни олиб келишар, яна тайёр бўлгач, олиб кетишарди. Маошимни ҳам  хатосиз бериб юборганлар.

 

Опа азиз устозимиз  Зулфияхонимнинг анъаналарини давом эттириб, истеъдодли қизларнинг адабиёт майдонларига чиқиб олишлари учун астойдил ғамхўрлик қилганлар. Уларнинг ташаббуслари билан “Саодат” журнали қошида “Гулчеҳралар” газетаси ташкил қилинган. Бу ёш шоиралар, адибаларнинг шаклланиши учун катта адабий майдон бўлди. Бугун адабиётимизда ўз овози, ўз сўзига эга бўлган Фароғат Худойқулова,  Мухтасар Тожимаматова, Адиба Умирова, Ҳамрохон Мусурмоноваларнинг қалами  “Гулчеҳралар”да чархланди, десам тўғри гапни айтган бўламан.

 

Опа яхши устоз бўлганидек, садоқатли шогирд ҳам эдилар. Ҳамиша Зулфияхоним, Саидахоним, Музайяна Алавия каби устозларини ҳурмат билан эслардилар, улар ҳақида ажойиб хотиралар битдилар. Хотира кунлари, таваллуд саналарида бизни қабристонга бошлаб борардилар.

 

Устозлар қабрига гулдаста қўярдик, “Фарзандлари йўқ, ўксишмасин”, дея Мақсуд Шайхзоданинг ҳам қабрларига гулдаста қўйишни канда қилмасдилар.

 

Опа  фақат яхши шоира эмас, яхши раҳбар, яхши устоз, шогирдгина эмас, яхши она ва яхши аёл эди. Қизлари Малоҳат профессор, олима. Набираларида ҳам зиёлилик давом этмоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли  адабиётшунос Иброҳим Ғафуровга осуда ижод имконини яратиб бериш ҳам опанинг зиммасида бўлган ва бу вазифани ҳам бир ўзбек аёличалик адо  этганлар.

 

Бу – менинг шошиб ёзаётган битикларим  устоз ҳақидаги хотираларнинг дебочаси, ҳали кўп ёзилади, кўп ёзамиз. Кўп эслаймиз, кўп соғинамиз. Адабиёт учун, истеъдодли ёшлар учун, аёл, оналар учун қилган хизматларингиз чин дунёдаги роҳатингизга васила бўлсин, биздан рози бўлинг, биз сиздан минг чандон розимиз.

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//