Кўкатфуруш грек, Венециан кўчаси учун жанглар ва кўкракдаги нақш – Ватанни севишга чорловчи асар таассуротлари


Сақлаш
01:00 / 11.05.2023 901 0

“Илк бора” сўзи бир мунча бадиий, китобий сўз. Аммо атоқли грузин адиби Нодар Думбадзенинг “Ҳелладос” ҳикояси болалик дунёйимни ағдар-тўнтар қилиб юборган, илк бора улкан инсоний изтироб билан юзма-юз қилган асар, десам муболаға бўлмайди...

 

Нодар Владимирович Думбадзе 1928 йилда Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дунёга келган. Ёзувчининг кўпгина асарларида иккинчи жаҳон уруши йилларидаги грузин қишлоқларининг машаққатли ҳаёт манзаралари бир-бирига ўхшамайдиган тақдир эгалари образида ёрқин акс эттирилган. Асарларида одамийлик, оқибат, виждон, фидойилик каби тушунчалар аввалги ўринда туради. Унинг айни шу каби хислатлар тараннум этилган “Абадият қонуни” романи нафақат грузияда, балки кўпгина бошқа давлатларда ҳам излаб ўқиладиган асарлар сирасидан. Адибнинг “Абадият қонуни” романидан ташқари ўнлаб ҳикоялари, “Кукарача” қиссаси, “Оқ байроқлар” романлари моҳир таржимон Низом Комил томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, китобхонларга тақдим қилинган...

 

Адиб асарларидаги воқеалар тизими кучли драматизм билан бирга самимий юмор уфуриб турганлиги туфайли ўқувчи онгига чуқур кириб боради. Шунингдек, Нодар Думбадзе ижодидаги қадриятларга содиқлик, кексаларни улуғлаш, ватанга муҳаббат каби умуминсоний ғоялар мужассамлиги, ёзувчини кўплаб ўзбек китобхонларининг севимли муаллифларидан бирига айлантира олди.

 

“Эсимда, ўша дамлар...”

 

Ҳикояни биринчи марта акамнинг адабиёт дарслигида ўқиб қолганман. Бола бўлганимдан асарда қандай туйғу ҳақида гап кетаётганини, икки ўспирин аслида нимани талашиб муросасиз муштлашганини рости идрок қила олмаганман. Билганим: қилиқлари ўзимнинг айрим ўртоқларимни эслатиб юборадиган иккита боланинг бир-бирига бўлган қарама-қаршилиги ва улар ҳар иккисининг ниҳоятда яхшилиги эди. Мен уларнинг иккисини-да бирдай яхши кўрардим: Жамолни ҳам, муштумзўр Янгулини ҳам. Болалар ўртасидаги олишув жараёнини ўқиётганимда Жамолнинг ютиб чиқишини истар ва айни пайтда, худди шу ишқибозлик билан Янгулининг ютқазишини сира хоҳламас эдим. Янгули кемага миниб жўнаб кетиши олдидан Жамолнинг ёнига келиб эшагини олиб қолишни сўраганида кўзларимга ёш қалққан бўлса, асар ниҳоясида Келасури дарёсидан балиқчилар топиб олган жасад ҳақида ўқир эканман, ҳўнг-ҳўнг йиғлаганим кечагидай ёдимда...

 

Адоватнинг туғилиши

 

Асар атрофдаги барча болаларга муштумзўр Янгули ҳукм ўтказувчи Чалбаш дарёси бўйидаги Венециан кўчасига Жамолнинг келиши билан бошланади. Жамол Янгули билган бошқа болаларга ўхшамасди. У иродали, айни дамда ўзига ҳукм ўтказишларига йўл қўймайдиган даражада мағрур бола эди. У биринчи марта ўзининг шундай ҳислатлари билан Янгулини қизиқтириб қўяди, қолаверса, адоват уйғотади. Хўш, аслида бу адоватнинг ҳаққоний сабаби нима эди? Янгули нима учун бундай олишувни, муросасиз курашни бошлади?

 

Янгулининг Жамол билан муштлашувга киришиш олдидан айтган мана бу сўзларига эътибор беринг:

 

“Болалар! Мен, Янгули Александриди, сизлар сайлаган сардор, сизларга, Венециан кўчасининг ҳур фарзандларига мурожаат қиламан! Рўпарангизда тбилисилик рангпар лақма билан унинг жияни – ватан ва қабила хоини, мишиқи Кока турибди. Мана бу рангпар келгинди бизнинг меҳмондўстлигимиз ва мурувватимиздан баҳраманд бўлиш ўрнига – худо сийлаган еримизни, денгизимизни, жамики дарёларимиз, олтин ва кумушларимиз, ўтлоқларимизни ўзиники қилиб олмоқчи...”

 

Англаганингиздек, ҳали болалик дунёсини тарк этмаган безори ўспирин ўзи улғайган Венециан кўчасини бутун бир Ватан деб биларди. У ўз “ватанига” фақат ўзи ҳукмрон бўлишни истар, “ватанида” пайдо бўлган бегона боланинг дадиллиги ғашига тегарди. Қолаверса, чўчитарди ҳам. “Ватанига” ўзга бир бола “эга чиқишидан” чўчирди у! Ҳа, бу ерда биз иккита мурғак қалбнинг туб-тубида ниш урган, самимий, шу билан бирга ниҳоятда охорли ватан туйғусига гувоҳ бўламиз...

 

Сулҳ. Сўнгги илинж

 

Янгули учун кутилмаганда “келгинди” Жамол анчайин абжир чиқиб қолади. Бу ўртадаги адоватнинг янада кучайишига олиб келади. Жамол ҳадеганда бўйин эгавермас, орада Янгули унинг ўзидан кўра кучлироқ эканини ҳис эта бошлайди. Аммо буни тан олиш, бошқаларга билдириш Янгулига ўзининг Венециан кўчасини – юртини бой беришнинг ўзгинаси эмасми? Шунда у кураш тусидаги ғаройиб сулҳни ўйлаб топади. “Доим уришаверамизми! – дейди бўш келмай. – Кел, эртадан бошлаб сўкишамиз! Ким ютса, ўша ғолиб!” 

 

Мазкур таклиф, ожизлигини дилдан сезган болакайнинг наинки сулҳи, балки “ватанига” эгаликни ўзида сақлаб қолиш учун қўллаган энг сўнгги илинжи эмасмикин...

 

“У сени енгди, Жамол!..”

 

Янгулининг таклифидан сўнг болалар бир муддат шундай – даҳанаки тарзда жанг олиб борадилар. Бу воқеалар адибнинг болаликнинг беғубор оламига берган буёқлари, гўзал топилмалари албатта. Шу туфайли ҳам асарда қўлланилаётган қуйидаги муомала учун нобопроқ ҳисобланувчи сўзлар энди ҳақорат эмас, санъаткор маҳорати туфайли руҳни эркаловчи, ширин ҳисларга чулғовчи, болалик кезларимизни эсга туширувчи сеҳрли ибораларга айланади.

 

“– Жамол – эшакмия!

– Янгули – кўкатфуруш грек!

– Тбилисилик мишиқи!

– Эшакбоқар!

– Тўнғиз!

– Чириган бодринг!”

 

Лекин гап фақат шундагина, яъни даҳанаки олишув орқали ўқувчининг болалик чоғларини эсга тушириб, тотли хотираларга ошно қилишдагина эмас-да. Бошқа бир гап, адибнинг бўлак бир мақсади ҳам бор. Асарни ўқиган китобхон эсласа, Жамолнинг ҳақоратли сўзлари тугаб қолади. “Онасига ўт!” – деб маслаҳат беради холаваччаси Кока. Жамол онани аралаштириб бўлмаслигини айтиб бош тортса, Кока тағин қистайди: “Шени деда ватире, дегин! Уят жойи йўқ буни!”. Жамол Коканинг маслаҳатига амал қилгандан кейин, Янгули ҳам уни онасига тил теккизиб ҳақорат қилади... Шу кундан бошлаб уларнинг ҳақорат репертуарида танҳо шу сўкишгина қолган, Жамол Янгулини қачон кўрмасин грузинчалаб “Шени деда ватире!”, деса, Янгули грекчалаб “Имана су ине простикаса инека, Жамол!” – дея жавоб қайтарарди. Бироқ, бир куни...

 

“...Кока иккаламиз мактабдан қайтардик. Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, одатдагидек, Янгули ўртоқлари билан ивирсиб ўтирарди. Мени кўрдию шартта ўрнидан туриб, истиқболимга юра бошлади.

 

– Янгули, шени деда ватире! – дея ўзғирлик қилдим мен.

 

У тўхтаб, маъюс нигоҳ билан узоқ тикилиб турди.

 

– Шени деда ватире, Янгули! – деб такрорладим яна.

 

Янгули бошини эгди, кейин бурилиб, аста... уйи томон кета бошлади. Мен донг қотиб қолдим.

 

– Кўрдингми қуён бўлганини?! Энди хўжайинлик қилолмайди! – дедим Кокага.

 

– Йўқ, энди бошланди! – Кока мийиғида кулиб қўйди.

 

– Қанақасига?

 

– Шунақасига-да. У сени енгди, Жамол!

 

– Нега сўкинмади бўлмаса!

 

– Кеча ойингни суриштирган эди: ким, қаерда... Мен нима дейин... Шунақа, шунақа... ҳалиги... Йўқ... ўлган, дедим. Шунинг учун ҳам сўкмади-да сени...”

 

Энди ўзингиз айтинг, бу парчада бола мисолида инсонга хос бўлган энг баланд туйғулар жўнгина қилиб очиб берилмаяптими? Менимча, шундай. Юқоридаги воқеалар Янгули қалбида шаклланаётган инсоний бағрикенгликнинг, одам дардига, ҳаётнинг баланд-пасти билан курашига бош эгишнинг, таскиннинг нишонаси эди...

 

Кўкракдаги нақш ва юракдаги муҳаббат

 

Ҳикоя интиҳосида Сухумида яшаётган юнонларнинг ўз юртига, Элладага қайтиши кераклиги баён қилинади. Табиийки, Янгули ҳам миллатдошлари билан юртига қайтиб кетиши лозим. Ўз юртига қайтиш имкони яратилганини Сухумида яшаётган барча юнонлар катта хурсандчилик билан қарши олишади, аммо... мазкур хабар Янгулига ҳақиқий жудолик, мусибат бўлиб татийди. Чунки бу жудолик Янгули учун кўплаб лазиз туйғулардан – болаликдан, муҳаббатдан ва ... ва яна Ватандан айро тушмоқлик эди. Муаллиф “на бир-бирига ғаним, на яқин дўст” бўла олмаган икки ўспириннинг хайрлашиш олди қилган суҳбатини ёзар экан, Ватан ва Ватанга боғлиқлик ҳисси ҳақида энг гўзал сўзни, энг ҳаққоний ҳақиқатни айтади.

 

“– Нега бирга кетмоқчимассан? – деб сўрадим астойдил таажжубланиб.

 

Янгулидан анча вақтгача садо чиқмади.

 

– Қандоқ тушунтирсамикин... – дея гап бошлади у ниҳоят. – Онам йўқ, ҳатто эслолмайман ҳам. Отам уззу-кун томорқада ёки тирикчилик ташвишида... Мен кўчада, Венециан кўчасида катта бўлдим... Менинг ватаним, менинг Элладам бу – Сухуми, кўча, Чалбаш; бу – Кока, Петя, Курлика, Фема, Қора денгиз, кўприк... – У бир ютиниб олиб, давом этди: – Бу – Мида... қолаверса, сен...

 

...Азойи баданим жимирлашиб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётган эдим.

 

– Бу нима бўлмаса? – Мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: 

 

– Hellados.

 

– Бу – нақш, Жамол. Ватан – ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида! – Янгули қўлини кўксига қўйди.”

 

Дарҳақиқат, Янгулига ота-бобоси туғилган Юнонистон эмас, ўзи ўсиб улғайган Сухуми Ватан эди. Охир-оқибат у ўз жонини Жамолдан қизғаниб аёвсиз муштлашган севиклиси – Сухуми учун қурбон қилади. Гарчи муаллиф томонидан унинг кемадан сакрагани ёки юнонлар минган параходнинг ҳалокатга учрагани ойдинлаштирилмай, мавҳум қолдирилган эса-да, мен ўқувчи сифатида Янгули киндик қони томган диёрдан айрилишни истамай ўзини сувга отганига қаттиқ ишонаман. Ҳамда Янгулидаги бу фидойилик уруш асоратлари ҳақидаги бошқа бир қанча асарлардан фарқли ўлароқ нақадар ҳаётий, самимий ифода этилганини таъкидлагим келади. Ахир ўзининг кичикгина ватани – Венициан кўчасига беқиёс меҳр билан яшаётган Янгули, тасаввуримда бунақанги қурбонликка шаксиз қодир эди...

 

Асар ҳақидаги ушбу хулосаларим билан эҳтимол Нодар Думбадзе ўз ҳикояси орқали инсонларга айтмоқчи бўлган гапларнинг ўндан бирини-да билдиролмаган чиқарман. Лекин ҳикоя мағзини оз-моз чақиб етган даврларимдан бошлаб китобларда, тенгдошларим томонидан юртга бағишлаб ёзилган бақироқ шеърларда, кўзим олдидан оқиб ўтаётган ҳаётимиз жабҳаларида ҳар қандай сохта ватанпарварликка дуч келсам, Янгулининг Жамолга қарата айтган оловли сўзлари қулоқларим остида бир қур янграгандай туйилади: “Бу – нақш, Ватан бундан ичкарироқда.”

 

Байрам АЛИ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//