“Сталин парда ортида ўтириб судни кузатиб борган”, деган мишмиш ҳам тарқалади. Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовнинг бошига етган Москва процесси


Сақлаш
20:26 / 08.05.2023 995 0

 

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

 

Бундан 85 йил муқаддам, 1938 йилнинг 2-13 март кунлари Москвада “Учинчи Москва процесси” деб ном олган очиқ суд бўлиб ўтган эди. Расман “Ўнг троцкийчи антисовет блок” деб номланган мазкур суд процесси (“процесс” сўзини шундай қолдириш маъқул кўрилди) Москва процессларининг энг йириги ва сўнггиси ҳисобланади.

 

Айбдорлар, гумондорлар ва гумондорлик эҳтимоли борлар

 

1937-38 йилларда советлар мамлакатида рўй берган оммавий қатағонлар 1980 йилларнинг охирларида ҳам ўз даҳшат ва фожиалари, бутун кўлами билан очилмасдан қолди дейиш мумкин. Албатта, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин олимларимизнинг қўли кўпгина махфий ҳужжатларга етди. Босмачи, миллатчи, жадид, бой, муштумзўр ёки ёт унсур тамғалари билан айбланиб отилган, сургун қилинган бир қатор ҳамюртларимиз оқланди. Аммо бу борада қилинадиган ишлар, халқимиз билиши лозим бўлган ҳақиқатлар бир талай. Зеро, советлардан молию жонини аямаган юртдошларимиз Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовлар нега завол топди? 20-йиллардаги ўзбек халқининг етакчиларига қандай айбловлар “ёпиштирилиб” отувга ҳукм этилгани ҳақида англиялик олим ва адиб Роберт Конквест ўзининг 2 жилдлик “Катта террор” китобида ўзига хос ёндашади. Биз ушбу китобга суянган ҳолда “Учинчи Москва процесси”нинг айрим жиҳатларини очишга  ҳаракат қилдик.

 

20-йиллар охирларида ўнгга оғишда айбланган А.И.Риков(СССР ҳукумати раҳбари), Н.А.Бухарин ва М.П.Томский (ВКП(б) сиёсий бюроси аъзолари) кейинги йилларда Сталин сиёсатига қарши хатти-ҳарактлари билан отнинг қашқасига айланган ва уларга турли айбномалар қўйила бошланган эди. Бир пайтлар Ленин ва Сталиннинг яқин сафдоши бўлган, партия ва совет идораларида олий постларда ўтирган бу арбоблар ўзларига қўйилган айбловларни рад этиб, бу ишни холис ўрганишни сўраб Сталинга мурожаат қилишади. Табиийки, уларнинг илтимоси инобатга олинмайди. Бу хўрликка чидай олмаган Томский 1936 йил 22 августда ўзини нобуд қилади. Эртаси куни “Правда” газетасида “ВКП(б) МҚ бюроси аъзоси Томский троцкийчи-зиновьевчи аксилинқилобий террорчилар гуруҳига аралашиб қолиб, ўз жонига қасд қилди” деган хабар эълон қилинади.

 

“Правда”нинг қирқ ёлғони

 

1936 йил 10 сентябрда матбуотда, аниқроғи, “Правда” газетасида судга тортишга етарли асос йўқлиги боис, Бухарин ва Риковга нисбатан тергов тўхтатилганини қисқа ахборот шаклида ўқиймиз. Аммо суриштирув ишлари ҳали давом этарди. Улар деярли уй қамоғига олиниб, устидан қаттиқ кузатув бошланди. Уларнинг собиқ ҳаммаслаклари бир зумда лагерлар ва турмалардан Москвага етказиб келинарди. Тез орада улардан баъзилари СССРда ҳақиқатан ҳам Бухарин ва Риков раҳбарлигида террорчилик гуруҳи борлиги тўғрисида кўргазмалар беришни бошлашди. Бу ҳақда Ички ишлар (НКВД) халқ комиссари Ежов Сталинга мунтазам ахборот бериб борди.

 

ВКП(б) МҚнинг 1937 йил феврал-март пленумида кун тартибига биринчи қилиб Бухарин ва Риков масаласи қўйилди. Ежов уларга қўйилган кўпгина айбловларни тасдиқловчи “кўргазмалар олинганини” маълум қилди. Сталин таклифига кўра, Бухарин ва Риков ўша куниёқ партиядан ўчирилиб, ҳибсга олинди. Маҳбусларни сўроқ қилиш оғир жисмоний қийноқлар билан олиб борилди. Хусусан, Ежовнинг ён дафтаридаги “Риковни уриш керак” деган битик ҳам буни тасдиқлайди. Процессни тайёрлашда энг муҳим нуқта Бухариннинг 1937 йил 2 июнда ўз қўли билан ёзган кўргазмаси ҳисобланади: “Ушбу кўргазмаларимда мен ўнглар ташкилотининг инқилобга қарши курашини ташкилотнинг пайдо бўлишидан  тортиб, то шу кунгача бўлган фаолияти, ғоявий-ташкилий манбаларини тўла-тўкис очиб беришни истайман”.

 

Дарҳақиқат, Бухарин таклиф этилган бу ўйинга киришишга мажбур эди. Сталин Бухариннинг феълини яхши билар ва процессда ўз ролини аъло даражада ўйнашига ишонарди. Мабодо у айбларига иқрор бўлмаса, “фитна”нинг Сталин-Ежов схемаси унчалик ишонарли чиқмасди. Бухарин ҳам ўз ролининг нечоғли муҳимлигини жуда яхши англарди. У 1937 йил декабрда турмадан Сталинга шундай ёзган эди: “Катта ва дадил бош тозалаш ушбу ҳолларда талаб этилади. а)ҳарбий сафарбарлик муносабати билан, б)демократияга ўтиш муносабати билан. Бу тозалаш айбдорларни, гумондорларни ва гумондорлик эҳтимоли борларни қамраб олади”.

 

1938 йил февралда прокурор А.Е Вишинский Бухарин-Риков ва уларнинг шериклари иши юзасидан бўлиб ўтадиган очиқ суд процесси тўғрисида матбуотга бериладиган ахборот лойиҳасини Сталинга тақдим этди. “Доҳий” лойиҳага қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритган ҳолда, айбнома таърифи(формулировка)ни қуйидагича баён этди: “Совет иттифоқига душман бўлган чет давлатлар разведкаси топшириғи бўйича чет эл фойдасига жосуслик, зараркунандалик, қўпорувчилик, СССР ҳарбий кучларини синдириш, уни тарқатиб юбориш, Украина, Белоруссия, Ўрта Осиё республикалари, Грузия, Арманистон, Озарбайжон ҳамда Узоқ шарқдаги Приморьени СССР таркибидан чиқариб юборишни, пировардида, мавжуд социалистик тузумни ағдариб, мамлакатда буржуазия ҳукуматини тиклашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган айбланувчилар “Ўнг троцкийчи блок номли” фитначи гуруҳни туздилар”.

 

Ҳамма айбини тан оляпти, сен ҳам айбингни тан олишинг керак

 

1938 йил 28 февралда “Правда” газетасининг 58- сонида мазкур айбнома “Ўнг троцкийчи блок” – қотиллар, жосуслар, сотқинлар” сарлавҳаси билан чоп этилади. Сталин томонидан бичиб-тўқилган ушбу айбнома ҳеч бир ўзгаришсиз ҳолда иш бўйича айблов хулосасига киритилди. СССР прокуратурасининг 2 мартда СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясида бошланадиган очиқ суд олдидан эълон қилган ушбу ахборотининг сарлавҳасиёқ айбдорларнинг  шум қисматидан дарак берарди. “Бу бандитлар, жосуслар ва қўпорувчиларни битта нарса бирлаштиради: улар социалистик жамият қураётган совет халқини, социализмни ва партияни ашаддий ёмон кўради. Капиталнинг малайлари озод ва эркин совет халқини кўролмайди, улар рус халқ ҳақида дангаса, ишёқмас, деган бемаъни туҳматни тарқатдилар. Улар суд курсисига энг тубан Ватан хоинлари, сотқин жосуслар сифатида ўтирғизилди, уларга ер юзидаги ҳалол инсонлар орасида ўрин йўқ”, деган этни жунжиктирувчи эпитетлар мақола фабуласини ташкил этарди.

 

Унга кўра, Н.Н.Крестинский(РСФСР молия вазири), Х.Г.Раковский(Украина ҳукумати раҳбари) собиқ НКВД(Ички ишлар вазирлиги) раҳбари Г.Г. Ягода, 1925-27 йилларда Ўзбекистон КП(б) МҚ раҳбари бўлган В.И.Иванов, 1929-1937 йилларда Ўзбекистон КП(б) МҚ раҳбари бўлган А. Икромов, 1924-1937 йилларда Ўзбекистон ҳукумати раҳбари бўлган Ф. Хўжаев, СССР ер ишлари вазири М.А.Чернов, Белоруссия КП(б) МҚ раҳбари бўлган В.Ф.Шарангович, НКВД  раҳбари ўринбосари, Ежовнинг яқин дўсти П.П.Буланов – (жами 21 киши) ўта оғир жиноятларда, хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда транспорт соҳасида зараркунандалик ва қўпорувчилик ишларини олиб боришда, С.М.Киров, В.В.Куйбишев, В.Р.Менжинский ва А.М.Горкийларни ўлдиришда айбланган эди.

 

Процесснинг боришини Кремлга, НКВД, Мудофаа ва Оғир саноат халқ комиссарликлари биноларига тўғридан-тўғри эшиттириш (радио орқали) ташкил этилди. Бунинг учун мазкур объектлар ва Октябрь зали (суд бораётган) орасига кабел тортилди. Шундай миш-миш ҳам юрадики, Сталинга Октябрь залидан парда билан тўсилган махсус жой ажратилган. У мана шу ерда ўтириб суднинг бориши ҳамда маҳкумларнинг ҳолатини хуфиёна кузатиб ўтирган.

 

Айтиш керакки, суд залидаги асосий одам(томошабин)лар фуқаро кийимидаги НКВД ходимлари бўлган. Режага кўра процесс 1938 йил 2 мартда бошланди. Биринчи куниёқ судланувчи Крестинский ўз айбларини тан олишни истамай, прокурор Вишинскийни ноқулай аҳволга солди. Прокурор нима бўлаётганини билмасдан сўроқни давом эттиришга уринди, аммо ён беришга тўғри келди. Крестинскийнинг аввалги кўргазмаларини “тиклаш” учун тезкор чоралар кўриш талаб этилди. Эртаси куниёқ Крестинский ўз айбларини ҳеч бир монеликсиз тан олди. НКВД ходими Аронсоннинг айтишича, бундан олдин айбдор билан обдан “суҳбат” ўтказилган. Қолаверса, терговчилар билан яқин алоқада бўлган Раковский Крестинскийга ўз таъсирини ўтказган:

 

“Ҳамма айбини тан оляпти, сен ҳам айбингни тан олишинг керак. Айбини тан олмаганлар душман сифатида отиб ташланади. Айбини тан олиб тавба қилганларнинг ҳаёти сақлаб қолинади”, деган унга Раковский.

 

Иш СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясида В.Ульрих раислигида, давлат қораловчиси, СССР прокурори Вишинский иштирокида бўлиб ўтди. Мазкур процессда уч кишидан (Раковский, Плетнев ва Бессонов) ташқари 18 киши, жумладан, ўзбек фарзандлари – Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов отишга ҳукм этилди.

 

Айғоқчилик ва чақувлар

 

Барқарор жамият муҳитида улғайган бизлар улкан давлатнинг тепасида ашаддий жиноятчи ҳисобланган инсон туриши мумкинлигини мутлақо тасаввур эта олмаймиз, дейди адиб Роберт Конквест ўзининг “Катта террор” китобида. – Доимий қўрқув ва НКВД ходимларининг каллаи саҳардан эшикларни тарақлатиб тепиб келишини кутиб яшаш, меҳнат лагерларидаги тутқунларнинг машаққат ва уқубатга тўла қисматлари – бу даҳшатларни гапиришга тил ожизлик қилади.

 

Р.Конквестнинг эътирофича, кўплаб чақувлар қўрқувдан қилинарди. Оғиздан чиққан эҳтиётсиз бирор сўзни эшитган ҳар қандай одам бу ҳақда тегишли идорага хабар бермаса, ўзи жазоланарди. “Илғор жамиятнинг улуғвор ғоялари” билан улғайган айрим кимсалар шахсий манфаатини ўйлаб ёки ўз жонини қутқариш учун дўстларини, ҳамкасбларини сотар, хотинлар ўз эрларидан тонар, калтафаҳм ўғил ота номига қора чаплар (Павлик Морозовга ўхшаш сотқин фарзандлар ўша давр маҳсули) эди.

 

Чақувчиларнинг салмоғи ақл бовар қилмайдиган миқёсларга кўтарилиб кетади. Масалан, Украинада чоп этиладиган  газетада хабар берилишича, киевлик бир кимса 69 киши устидан маълумот берибди, бошқа бири эса 100 кишининг “душман”лигини фош этибди. Айрим мантиққа мутлақо зид чақувлар ўта ноқулай вазиятларга сабаб бўлар, аноним хатлар кўзланган нишонга дарҳол бориб тегарди. Айтайлик, Силаков деган кимса қизил армия сафидан қочиб кетиб, Тула шаҳрида қўлга олинибди. Унга террористик ташкилотнинг моддий таъминоти учун почта бўлимига босқин уюштирди, деган айбнома қўйилади. Дезертир кейинчалик ўз хоҳиши билан совет ҳукуматига таслим бўлади. Аммо НКВДга бу айбнома камлик қиларди. Айбдорни обдан қийноққа солиб, калтаклаб, унга бошқа қўшимча айбловлар “ёпиштирилади”. Бунга кўра, энди у почта бўлимига ёлғиз ўзи ёки дўстлари билан эмас, балки бутун бошли ҳарбий бўлинма билан бирга босқин қилган бўлади.

 

Қарабсизки, энди Силаков эмас, балки унинг командири жиноятнинг бош ташкилотчисига айланади. Гуруҳ ўз олдига ҳукумат аъзоларига террорчилик хуружи уюштиришни мақсад қилиб қўйган. Ҳарбий бўлинма аъзолари, уларнинг аёллари ҳамда Силаковнинг иккита синглиси, касалманд кекса ота-онаси ҳам ушбу жиноий ишга тортилади. Ҳатто жияни билан бир мартагина кўришган(чор армиясида унтер-офицер бўлган) амаки ҳам мазкур жиноий ишга жалб этилади. Янги уйдирма(версия)га кўра амаки “оқ подшо генерали”га айланади. Хуллас, иш шунчалик пуфлаб шишириладики, Киев турмасида ушбу фитнага алоқадор одам ўтирмаган биронта ҳам камера қолмади.

 

Ежов ва унинг киевлик ҳамкасби Успенский қулаганидан кейин Силаков ва мазкур иш юзасидан барча судланганлар қайтадан сўроқ қилинди. Аниқроғи, уларга ўзларининг аввалги кўргазмаларини рад этиш имкони берилди. Айримлар буни ҳам бир тузоқ билиб, рози бўлишмади. Ўлим жазоси хавф солаётган бу одамларга вазият тушунтирилиб, ёлғон кўргазмалар беришни тўхтатишга улар мажбур қилинди. Натижада фақат Силаковнинг ўзи армиядан қочгани(дезертирлиги) учун 3 йилга қамалди.

 

“Бухарчик, сен иккимиз Ҳимолаймиз”...

 

Судда Сталиннинг яқин сафдоши, жамоатчилик орасида ҳам унга “Коба”(инқилобдан аввалги йилларда Сталиннинг лақаби) деб мурожаат қила оладиган шахс, атоқли инқилобчи Николай Бухариннинг барча кирдикорлари очиб ташланди. Унда айбланувчининг 20 йил аввал “Брест сулҳи”ни барбод қилмоқчи, совет тузумини ағдармоқчи бўлгани ва инқилоб доҳийлари жонига қасд этишдек манфур ниятлари “аёвсиз фош” этилди. Кечагина Сталин уни эъзозлаб, “Бухарчик сен иккимиз Ҳимолай, қолганлар эса шунчаки дўнглик” деган эмасмиди? Бухариннинг НЭП(янги иқтисодий сиёсат)ни давом эттириш ғояси, коллективлаштиришга қарши чиқиши Сталиннинг ғашига теккан эдими? Умуман, юзаки олганда, шундай дейиш мумкин. Бироқ бир одамнинг қаҳри ёки алами миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритишга, турмаларга тиқишга, мамлакатни бутунлай издан чиқаришга сабаб бўлди, десак қаттол бир даврнинг ёвуз башараси тўла очилмай қолади.

 

Бунинг ўнлаб, эҳтимол юзлаб сабаблари бўлиб, Россия 20 йилларнинг бошидаёқ бундай террорга рўпара келганди. Зеро, инқилоб доҳийси Лениннинг ўзи террорни сиёсатнинг муҳим қуроли деб биларди. Ҳа, ит эгасини, мушук бекасини танимаган фуқаролар уруши йилларидаёқ “синфий душман”ларни оммавий қирғин қилиш одатий тусга кирганди.

 

Қўйилган айбловларнинг аксарияти соғлом ақлга сиғмас эди. Кўмир шахталарини портлатиш, темир йўлларда ҳалокатларни ташкил этиш ва ҳоказо. Зеленский (Ўзбекистон КП(б)МҚ собиқ котиби) раҳбар бўлган ташкилот (“Центросоюз”) ишчилари совет кишиларининг томоғи ва ошқозонини кесиб кетсин, дея шиша синиқлари ва михларни  ёғга аралаштириш билан шуғулланган, деган айбномага нима дейиш мумкин? Мудҳиш жисмоний ва маънавий қийноқлардан батамом синган, қолаверса, оиласи ва яқинлари келажак тақдиридан қўрққан маҳкумлар ўз “рол” ларини маҳорат билан ўйнар, “ ёпиштирилган” ҳамма айбловларни тан оларди.

 

Суд курсисига келтирилган тиббиёт профессори, кекса олим Д.Плетневнинг қуйидаги иқрорига нима дейиш мумкин?

 

Вишинский: Ҳамкасбингиз Левин билан бирга Алексей Максимович Горькийни ўлдириш борасида ишлаб чиққан режангиз нимадан иборат эди?

 

Плетнев: Организмни ҳолдан тойдириш орқали ўлимни тезлаштириш эди.

Вишинский :нима учун?

 

Плетнев: Горькийни ўлдириш учун.

 

Вишинский: Бу сизнинг режангиз эдими?

 

Плетнев :Ҳа.

 

Вишинский: Бу режани бажардингизми?

 

Плетнев: Ҳа...

 

Қатағон машинаси шунчалар шафқатсиз эдики, НКВДнинг энг садоқатли одамлари ҳам асло аяб ўтирилмасди. Бинобарин, суд курсисига ўтирган, НКВДнинг энг қабиҳона кирдикорларини амалга ошириш, ҳибсдагиларга муносабат тартиби тўғрисидаги норматив ҳужжатларни тайёрлашда қатнашган, Зиновьев ва Каменевчиларнинг суд жараёнлари сценарийларини ишлаб чиққан П.П.Буланов тақдири бунга мисол бўла олади. У қамоққа олинганлардан мусодара қилинган буюмларни НКВД раҳбарларига тарқатганликда айбланган эди.

 

Файзулла Хўжаев – миллатли ва троцкийчи

 

Р. Конквестнинг “Катта террор” китобида таъкидлаганидек, Файзулла Хўжаев ҳарқалай ўтмишда сталинизмнинг марказлаштирувчи ва миллийликни тан олмайдиган сиёсатига жиддий қаршилик қилган эди. Шу маънода Сталиннинг Ф.Хўжаевда алами ёки қасди бор эди, десак хато бўлмайди. Аммо Сталин сиёсатининг бирон-бир бандига ҳеч қачон қарши бўлмаган, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаган А. Икромовга нима бўлди? Хўш, Ўзбекистоннинг бу икки раҳбарини суд залига келтирган асосий сабаб ва омил нима эди?

 

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, Ф.Хўжаев ўзи етакчи бўлган БХСР ҳукумати таркибида “босмачилар”ни қўллаб-қувватлаётган кишилар борлигини, улар аслида миллий-озодлик кураши олиб бораётганини билганини ёки 1921 йил 8 ноябрда бошқирд миллати вакили, Туркистон озодлик ҳаракатининг етакчиларидан бири Аҳмад Заки Валидий Тўғон (1890-1970 й.) билан ўзаро мулоқотда Ф.Хўжаев “Ориповни (А.Орипов) ҳарбий вазир лавозимидан бўшатишни руслар кўпдан бери талаб қилаётир, буни билиб қўй, бундан буён сен билан кўриша олмаймиз. Раҳм йўқ, муносабат шафқатсиз бўлади. Шундай бўлса-да, Султонов ўз ўрнида қолади, у билан алоқа йўли очиқ бўлади,”деган гапларини келтиришимиз мумкин  бўлади.

 

Кейинчалик Ф.Хўжаев Ситораи Моҳи Хоссада Заки Валидий билан учрашиб, навбатдаги хатардан огоҳ этиб, у ва шеригига амир отхонасидан иккита учқур отни берган эди. Заки Валидий ҳамда шериги бу отларга миниб Афғонистонга омон-эсон ўтиб кетади. Ф.Хўжаев 1923 йил июнь ойида миллий республикалар ва вилоят раҳбарлари иштирокида Москвада ўтказилган РКП(б) МКнинг 4-махфий мажлисида сўзлаётган пайтда Сталин Валидов қаерда, – дея луқма ташлайди.

 

Ф.Хўжаев: “Валидов Ўрта Осиёнинг у ёғидан бу ёғига югуриб юрибди, гоҳ Бухорода, гоҳ Тошкентда ёки Хоразмда. У босмачиларнинг раҳбарларидан бири”, – дея жавоб беради. Ҳолбуки, Ф.Хўжаев Валидийни 1923 йилнинг 10 мартида хорижга чиқариб юборган эди.  

 

Ф.Хўжаевнинг саъй-ҳаракатларидан кўринадики, у ўз олдига Бухоро Халқ Республикасининг том маънода мустақил этиш, миллий армияни шакллантириш, қизил армия қисмларини республикадан чиқариб юбориш, вақф мулкларини ўзларига қайтариш, ҳеч қандай воситачиларсиз хориж билан алоқа қилиш, миллий урф-одат ва анъаналар асосида қонунчиликни жорий қилиш каби мақсадларни қўйган эди.

 

Ф.Хўжаев Ўзбекистоннинг мустақиллигини йўқотишида  ўзини айбдор билиб, жуда ўкинганини бугун кўпчилик ҳужжатлардан билиш мумкин. У ўз ҳаммаслаклари билан бўлган мулоқотларда ташқи ва ички вазиятдан фойдаланиб, Ватан озодлиги учун ҳаракат бошлашни таъкидларди. Ўтмишда Бухоро республикасида катта ҳукумат лавозимларида ишлаган Муинжон Аминов ва Атохўжа Пўлатхўжаевлар Ф,Хўжаев иши бўйича 1937 йилги сўроқларда Ф.Хўжаев 1935 йили қизининг туғилган кунида Мухтор Саиджонов, Абдурауф Фитрат, Саттор Хўжаев, Раҳматулла Музаффаров, Ибод Хўжаев(Файзулланинг укаси), адиб Комил Яшин ва хонанда Ҳалима Носирова ва бошқалар даврасида “Гуллаб-яшнаётган Ўзбекистоннинг озодлиги ва мустақиллигини кўрадиган кунларга етишни Худо насиб этсин”, дея қадаҳ сўзи айтганини келтиришади.

 

Ф.Хўжаевнинг амакиваччаси Усмонхўжа Пўлатхўжаев 1922 йил сентябрда Афғонистон билан ҳарбий битим тузиш, Бухоро миллий армиясини шакллантириш учун инглизлардан Бухоро қўшинига қурол-яроғ сотиб олиш учун хорижга кетади. Афсуски, бу мақсадлар амалга ошмагач, Ф.Хўжаевга “Ватанга қайтсам бўладими?” – деган мазмунда хат жўнатади. Ф.Хўжаев қариндоши Усмонхўжага юртга қайтмасликни маслаҳат беради.

 

У 1922 йилнинг кузида “Мен Германияга даволаниш ҳамда талабаларнинг аҳволидан хабар олиш учун келдим” – дея ёзганди. Совет ҳукумати ўша йилдаёқ Германияга ўқишга юборилган бухоролик ёшларни Москвага қайтаришга уринган. Мамлакатдаги қалтис вазиятни ҳис этган Ф. Хўжаев эса иқтидорли ёшларнинг Ватанга қайтиб , “сотқин”, “Ватан хоини” каби асоссиз тамғалар билан қораланиб, бадном бўлишини истамаган. Муинжон Аминовнинг 1938 йил 28 январда бўлиб ўтган терговдаги кўрсатмасидан: “1922 йил Куйбишев (Валериан Куйбишев) мен ва Файзулла Хўжаевдан уларнинг (талабалар) қайтарилишини, Москвада ўқитишни талаб қилди. Хўжаев қатъий рад жавобини берди. Сўнгра Умар Фахриев деган кишини хат билан Германияга жўнатиб, у ерда таълим олаётган бухоролик талабаларга: “Совет ерига қайтмай туринглар” – деб топшириқ берди” деган фикрлари юқоридаги сўзимизни тасдиқлайди.

 

Судда қайта-қайта айтилганидек, Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов турли аксилсовет гуруҳларга раҳбарлик қилган бўлса-да, аммо социалистик тузумга қарши курашда бирга иш олиб борганини тан олдилар. Буни эса Москвада “Троцкийчи ўнглар маркази” уларга босим кўрсатгани билан изоҳлашди. Шахсан А. Икромов “Бухариннинг сиқуви остида икки миллий ташкилот (“Миллий иттиҳод” ва “Миллий истиқлол” фирқалари назарда тутилмоқда)нинг ишларини  бирлаштиришганини” бўйнига олди. Анча йиллардан буён Республика Вазирлар кенгаши (Совнарком) раиси лавозимида ишлаган Ф. Хўжаев 1937 йил 27 июнда эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, “конррреволюцион ва “миллатчилик” позицияси кескин қораланиб, ҳибсга олинган  эди.

 

“Правда”нинг ёлғончилик хуружлари

 

1937 йил сентябрда марказдан Тошкентга А.А. Андреев юборилди. У Ўзбекистонни қатағон террори етарли даражада қамраб олган ёки олмаганини текшириши ва марказга ҳисоб бериши лозим эди. 8 сентябрда “Правда” газетасида эълон қилинган “Буржуа миллатчиларининг ҳомийлари ва ҳамтовоқлари” номли мақола  ўша пайтдаги Ўзбекистон КП(б) МҚ ишларини бутунлай  қониқарсиз деб топади. Унда “Правда Востока” газетаси ҳамда Ўзбекистон КП(б) МҚда ин қурган фашист гумашталари – миллатчилар, троцкийчи-бухаринчиларга қарши курашда йўл қўйилган сиёсий хатоликлар очиб ташланди.

 

Айбловда . Файзулла Хўжаев, А.Тожиев, Турсун Хўжаев, ва ҳатто Ўз.ВКП(б) бюро аъзоси бўлган (А.Каримов, А.Исломов, Пехер, Манжара ҳам) “халқ душмани” сифатида “фош” этилди. “Ўзкомпартия(б) МҚ биринчи котиби ўрт. Икромов ва бошқа бюро аъзолари ҳушёрлик кўрсатмагани” учун танбеҳ олди. Орадан икки кун ўтиб, 10 сентябрда “Правда” троцкийчи МҚ котибларидан бири(яъни Пехер)ни ҳимоялагани учун Акмал Икромовга ташланди. 10,12 сентябрь кунлари “Правда Востока” газетаси “буржуа миллатчилигига” қарши турмагани ва Ф.Хўжаевни қўллаб-қувватлагани учун Икромовни савалашда давом этди.

 

27 сентябрда “Правда” газетасида Икромовнинг фош  этилгани, партиядан ўчирилгани ва иши тергов органларига оширилгани ҳақида ахборот босилди. Шунга қарамай, у ҳали қамалмаган эди. “Шахсан Сталиннинг буйруғи бўйича” қамоққа олингунга қадар тегишли гувоҳларнинг унга қарши кўргазмалари тақдим этилган эди. Икромов мазкур айбловларни бутунлай рад этиб, НКВД  раҳбари Ежов билан тўрт марта суҳбатлашганини рўкач қилади. Бу  унинг қамоққа олинмасдан аввал Москвага келганини билдиради. Турмада Икромов билан унга туҳмат қилаётган Бухарин юзлаширилади. Икромов бир неча кунлар ўтиб,  яъни терговнинг 6 ёки 7 кунларида кўргазма беришни бошлайди.

 

Шу аснода қатағон террори бутун Ўрта Осиёни олов мисоли чирмаб олган эди. Қирғизистон ҳукумати раҳбари ҳам 12 сентябрда, қамоққа олинди. Бепарволикка йўл қўйгани учун Қирғизистон Компартиясига ҳам жиддий чоралар кўрилди. Тожикистон Компартиясининг 2 нафар котиби ва бошқа ходимлар буржуа миллатчи жосуслари сифатида “фош” этилди.

 

Бир-бирига зид савол-жавоблар

 

Союзлар уйи Октябрь залининг совуқ қандиллари ёруғида Ф. Хўжаев 1920 йилдан бошлаб советларга қарши фаолият олиб борганини “тан олди”.Унинг иқрорича, А.Икромов ва Ф.Хўжаев ўнг троцкийчилар билан алоқада бўлиб, Ўзбекистонни Совет иттифоқидан ажратиб Англия протекторатига айлантириш юзасидан тегишли агентлардан йўриқномалар олиб турган. Иккала ўзбек лидери ҳам мунтазам равишда саноат ва қишлоқ хўжалигида зараркунандалик ҳамда қўпорувчилик ишлари билан шуғулланган. Қишлоқ хўжалик сиёсати ҳам республикада ўта ёмон даражада олиб борилган. Москвада норозилик уйғотиш учун атайлаб бундай сиёсат олиб борилган.

 

Хўжаев: ...бу халқда улкан норозиликни келтириб чиқарди, чунки биз ишни шундай олиб бордик. Барча режалар Москваники, биз уни бажарувчилармиз. Норозимисиз? Унда Москвага шикоят қилинг. Биз шундай мана шу тарзда топшириқларни қўярдик.

 

Вишинский: Қўпорувчилик топшириғими?

 

Хўжаев: Ҳа, қўпорувчилик топшириғини берардик ва кўп йиллар давомида буни онгли равишда амалга ошириб келдик. Охир-оқибатда бу нимага олиб келди? Қорамоллар сонининг камайиб кетишига, ипакчиликнинг инқирозига олиб келган. Бу пахта ҳосилдорлигини камайишига сабаб бўлган. Ўзбекистон шу боисдан кўп йиллар мобайнида пахта тайёрлаш режасини бажармай келган. Агар деҳқонда 10 гектар ер бўлса , унинг 8 ёки 9 гектарига пахта экиши лозим эди. Ўзингиз тушунасиз, пахтага 9 гектар ажратилиб қолган барча экинга бир гектар ер ажратилса, демак бу монокултурага зўр бериш ҳисобланиб, хўжалик шу билан хароб бўлади.

 

Хўжаев сўзини давом эттириб, ўз олдига Ўзбекистонни мустақил иқтисодиётини ривожлантириш вазифасини қўйганини(юқорида келтирилган кўргазмаларга  зид равишда), биринчидан, Ўзбекистонни иттифоққа кўпроқ боғловчи пахтани  экиш ҳажмини камайтириш, иккинчидан, рус буғдойига қарамликдан қутулиш учун лалмикор ва суғориладиган ерларда ғалла хўжаликларини кўпайтиришни режалаштирганини таъкидлайди. Ўзбекистон раҳбари шундай қилиб, саноатни ривожлантириш, йўллар қуриш ва натижада ушбу беш йилликда Совет Россиясидан, Совет иттифоқидан мустақил бўлишни мақсад қилганини тан олади.

 

Айтиш керакки, юракларни ларзага солган мазкур процесс ҳақида матбуотда мунтазам ташвиқот олиб борилди, хусусан, айбланувчиларга лаънатлар ўқилган хатлар матбуот саҳифаларида эълон қилинган. Суд жараёнларида  атоқли адиблар А.Н.Толстой, Илья Эренбург ва бошқалар иштирок этди. Бухарин устидан бошланган суд юзасидан ўта аҳмоқона фикрлар айтилган ҳолатлар ҳам бўлди. 1940 йил 5 мартда ҳукуматга киритилган хатга кўра, Белоруссия Халқ комиссарлари кенгаши қошидаги қочоқлар билан ишлаш ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосари Морозов: “Ўнбоши Декун билан мулоқотда Бухариннинг суди жараёнида СССРда давлат тўнтариши юз беришига 2 соат қолгани, аммо Бухарин қон тўкилишини истамай, бу қароридан қайтганини эшитдим”, дейди.

 

Крестинский, А.Икромов, Ф.Хўжаев, В. Зеленский КПСС XXII съездидан кейин, 1963 йилда оқланди. Шифокор профессор Д.Плетнев 1985 йилда, учинчи Москва процессининг бошқа қурбонлари эса (Ягодадан ташқари) 1988 йилга келиб оқланди.

 

Оқлов тўғрисидаги қарорни қабул қилган СССР Олий суди пленуми қайд этганидек, СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси мазкур иш бўйича ҳукм чиқаришда қонунни бузиб, маҳкумларнинг айбдорлиги юзасидан аниқ далил-исботларга суянмаган. Жумладан , суд умумий шаклда жиноий фаолиятда ўз айбини тан олиб суднинг дастлабки терговида айбдорлар берган кўргазмаларни етарли  ҳисоблаб, қўпол қонун бузилишига  йўл қўйган. Мазкур иш бўйича айбланувчиларнинг кўргазмалари бир-бирига зид бўлгани, фактик ҳолатларга мос бўлмагани учун ҳукмга асос бўла олмайди ва натижада дастлабки суриштирув ва суд текширувлари қонунчиликни қўпол бузилиши натижаси деб баҳоланди. Иш материалларини ўрганиш давомида сўроқларга  тузилган айрим баённомалар, жумладан, айбдорлар юзма-юз қилинган ҳолда тузилган баённомалар, қолаверса, ишни  кўриш олдидан айбдорларнинг ўз айбига “иқрор” бўлгани ушбу жиноий ишлар сохталаштирилган деган хулосани чиқаришга  тўла асос беради.

 

Сўзимиз интиҳосида Р.Конквест келтирган мана бу рақамларга эътиборингизни тортмоқчимиз. Муаллиф таъкидича, 1939 йил охирларига келиб, СССР турмалари ва концентрацион лагерларига ташланган маҳбуслар сони 9 млн. кишини ташкил этган. Жумладан, 1млн. нафар маҳбус қамоқда, 8 млн. маҳбус эса лагерларда сақланган. Ҳолбуки, 1928 йилда маҳбуслар сони 30 минг нафарни, 1933-35 йилларда эса 5 млн. нафарни ташкил этган.

 

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда НКВД учлиги томонидан 1937-38 йилларда 41 минг одам судга тортилган. Улардан 37 минг нафари қамоққа ташланган ва 6920 нафари отувга ҳукм қилинган.

 

Абдумажид АЗИМОВ

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//