30 000 одамни қирган, қалъани қулатган, аёллар ва болаларни ўлдирган “қаҳрамонлар” медали – “Георгий тасмаси”даги қора доғлар


Сақлаш
01:00 / 06.05.2023 849 0

9-май яқинлашиши билан “чипор тасма” билан боғлиқ тортишувлар, муҳокамалар бошланади. Ижтимоий тармоқларда “Георгий тасмаси”ни тақиш керакми ё тақмаслик жоизми, қабилидаги баҳслар авж олади. Бир қарашда, беозордек кўринган бир қаричгина матонинг кимга зиёни тегибди, ким тақса тақавермайдими, дейиш мумкин. Лекин унинг ортида яширинган ҳақиқатларни ҳамма ҳам билмайди ёки билишни истамайди. Агар билишганида, англашганида, балки бу тортишувларга сабаб қолмасди...

 

Аслида бу тасма 1730 йилларданоқ Россия империясининг рамзига айланган. Қиролича Екатерина Иккинчининг фармонига мувофиқ, Усмонийларга қарши урушда жасорат кўрсатган ҳарбийларни рағбатлантириш мақсадида 1769 йилда “Авлиё Георгий” ордени таъсис этилган. Бу орден албатта қора-зарғалдоқ йўлаклардан иборат махсус тасма билан тақилган. шунингдек, бу рангли тасма Чор Россиясининг бошқа кўпгина ҳарбий орденларига бириктирилган. Хусусан, 1881 йилдаги машъум Кўктепа жангида қатнашганлар учун ҳам худди шундай тасмага осилган махсус орден таъсис этилган бўлиб, унинг номи «1881 йил 12 январда Кўктепани қамал билан олганлик учун!» эди.

 

Хўш, бу махсус орденга номи киритилган Кўктепа қаерда жойлашган, у ерда қандай каромат кўрсатишганки, қамалчиларга мукофот берилган? Кўктепа бугунги Туркманистон пойтахти Ашхободдан 45 чақирим нарида жойлашган Эрон билан чегарадош Ахал вилоятига қарашли шаҳар. Бу ерда азалдан туркманларнинг така уруғи яшаб келган. Хива хонлиги, Бухоро амирлиги ва Эрон Қожарлар давлатига тобе бўлган туркманларнинг катта қисми ХИХ аср охирларига келиб, мамлакатлар ўртасидаги низолар натижасида деярли мустақил мақомга эга бўлишган, ҳар учала давлат оралиғида кўчманчи ва ярим ўтроқ тарзда кун кечиришган. Эрон билан бир неча бор уришган Россия ҳукумати ҳамон мамлакатни эгаллашдан умид узмаган, аммо у ерга кириб бориш учун аввал туркманларни маҳв этишга тўғри келарди. Қолаверса, жанубдан инглизларнинг ҳам кириб келиш хавфи кучая бошлаган, туркманларнинг инглизлар билан алоқа ўрнатгани маълум эди. Шу боис, Чор ҳукумати 1873 йилда Хива хонлигини бўйсундиргач, асосий эътиборни туркманларга қаратади. Аммо 1878 йилда генерал-лейтенант Иван Лазарев бошчилигидаги рус қўшинларининг туркманларга қарши юриши муваффақиятсиз тугайди. Унинг ўлимидан сўнг қўшинга генерал майор Николай Ломакин раҳбар этиб тайинланади. Туркманлар ва руслар ўртасидаги биринчи Кўктепа жанги 1879 йил 9 сентябрь куни бўлиб ўтади. Жангларда чиниққан туркманларнинг жасорати туфайли босқинчилар 500 га яқин жангчисидан айрилади. Руслар Туркистон заминида шу вақтгача бу қадар катта қаршиликка учрамаган эди. Шундан сўнг Чор Россияси раҳбарияти туркманларга қарши пухта юришга ҳозирлик кўради. 1880 йилнинг бошида Иккинчи Кўктепа юриши учун генарал-лейтенант Михаил Скобелев раҳбар этиб тайинланади. Скобелев сал аввалроқ Қўқон хонлигини забт этиб, хунрезликда катта тажриба тўплаган эди.

 

 

Аммо русларнинг катта қўшин билан келаётганини эшитган туркманлар ҳам жиддий ҳозирликка киришади. Қисқа фурсатда Нурбердихон туркман бошчилигида катта қўшин тўпланади. Маълумотларга кўра, ўша пайтда қўлига қурол олишга қодир бўлган така туркманларнинг умумий сони 45 мингдан ортиқ бўлган. Скобелев 1880 йилнинг июнь ойида Красноводск (ҳозирги Туркманбоши)га 7200 нафар замонавий қуролларга эга аскар ва зобитлар билан етиб келади. Туркманлар сон жиҳатдан устун бўлса-да, қўлларида қилич, найза ва қалқондан бўлак қуроллари бўлмаган.

 

 

Томонлар ўртасидаги дастлабки тўқнашув ўша йилнинг декабрь ойида бошланади. Илк жангда рус саркардаларидан бири Петришевский ҳалок бўлгач, босқинчилар катта талофат бериб ортга чекинадилар. Аммо, кутилган ёрдам кучларининг етиб келмаслиги, замонавий қуролларнинг йўқлиги уруш тақдирини руслар фойдасига ҳал қилади. 72 та тўп, замонавий милтиқлар билан қуролланган 5000 га яқин рус аскари 1880 йилнинг 23 декабрида яна туркманларга қарши урушга киради. Шундан сўнг туркманлар жойлашган қалъа қамали 23 кун давом этади. Аҳоли ва аскарлар тиш-тирноқлари билан Кўктепани ҳимоя қилишади. Тезроқ ғалаба қозониш истагида руслар мингдан ортиқ миналар билан қалъа деворларини портлатиб, ичкарига бостириб кирадилар. Қирғинбарот жангда мудофаачиларнинг деярли барчаси шаҳид бўлади. Эркакларнинг катта қисми қирилиб битганидан сўнг аёллар ва кексалар ҳам қўлларига қурол олиб, ўз юртини мудофаа қилишга тушади. Урушда босқинчиларга қарши мардонавор курашган Кўнибек, Ўрозмуҳаммад, Дикма Сардор, Чўпон Ботир, Тожикўк, Оғали, Гўчқули сингари йигитлар, Узук Хотун, Тумор қиз, Тўрдигўзал исмли хотин-қизлар номи тарихда қолган.

 

 

Генерал Скобелев қалъани эгаллагач, шаҳарнинг каттаю кичик аҳолисини ўлдиришга, ҳеч кимга шафқат қилмасликка буйруқ беради. Маълумотларга кўра, кун бўйи давом этган қирғинда 30 000дан ортиқ кўктепалик ўлдирилган, фақат бир неча минг киши чўлга қочиб, жонини сақлаб қолган. Руслар эса жангда ҳаммаси бўлиб 1 104 нафар аскаридан айрилади. 1881 йилнинг февраль ойида Чор Россияси ушбу мудҳиш ғалаба муносабати билан махсус орден таъсис этиб, урушда қўли қонга ботган аскар ва офицерларини ушбу мукофот билан тақдирлайди. Май ойига келиб, туркманлар яшайдиган ҳудуд тўла Россия тасарруфига олиниб, Каспий орти вилояти ташкил этилади.

 

 

Ўша пайтда жаҳон матбуотида бу даҳшатли воқеа ҳақида шов-шув кўтарилади. Қалъада ҳимоячилар билан бирга бўлган инглиз офицерларнинг хабар беришича, рус аскарлари Скобелевнинг топшириғига асосан, у ерда қолган тинч аҳолига нисбатан жуда ваҳшиёна муносабатда бўлган ва оммавий қирғинлар уюштирган. Михаил Скобелевнинг ўзи ҳам марказга юборилган хатларида қалъада 8 000 дан ортиқ эркак, аёл ва болалар ўлдирилганини қайд этган. Рус аскарларнинг Кўктепадаги қилмишлари ҳақида Лев Толстойнинг қизи Татяна Сухотина-Толстая ўз кундаликларида ёзишича, Скобелев аҳолини шафқатсизларча ўлдиришлари учун аскарларни ичириб, маст қилишларини буюрган экан.

 

 

Бу май ойи келиши билан фикрлар керак, керакмасга ажраладиган, баъзилар буям тарихимизнинг бир парчаси деб ҳимоя қиладиган (аслида иккинчи жаҳон урушига умуман алоқаси йўқ унинг), баъзиларимиз фахрланиб кўксимизга, машиналаримизга, болаларимиз кийимига тақиб қўядиган тасма билан боғлиқ бир мудхиш кечмиш. Бундай тарихлар эса эҳ-ҳэ-э яна қанча... Хулосани ва келаётган байрамни ушбу тасма билан ёки усиз ўтказиш қарорини эса ўзингизга қолдирамиз.

 

Дарвоқе, Туркманистонда мустақилликдан сўнг – 1991 йилдан бошлаб, 12 январь хотира куни сифатида Кўктепада қурбонлари ёдга олинади. 1995 йилда уларнинг хотирасига атаб, мамлакатдаги энг катта масжидлардан бири барпо этилган. 2009-йилда эса бу қирғинбарот жанг тарихига бағишланган “Кўктепа” музейи иш бошлаган. Ва бу юрт учун, келажак авлод учун жон берган минглаб аждодлар олдидаги қарздорлик, миннатдорлик ва инсонийликнинг бир кўриниши.

 

Рустам ЖАББОРОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//