Амир Темур жаҳон тарихи саҳифаларида йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида машҳур. Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ҳамда мавжуд тарихий ҳақиқатни халқимизга етказиш давр талаби.
Қуйида биз Амир Темур ва темурийлар даврида Ўрта Осиё халқлари турмуш тарзи асосларининг умумийлиги ва ўзига хос томонлари ҳамда тиббиёт қандай ривожланганлиги ҳақида фикр юритамиз. Тарихий маълумотларда таъкидланшича, Ўрта Осиёда темурийлар давридаги тиббиёт ундан олдин ўтган сомонийлар ва қорахонийлар давридаги тиббиётнинг тўғридан тўғри давоми эмас. Сомонийлар ва қорахонийлар билан темурийлар ўртасида бутун бир аср вайроналик ва турғунлик ётади.
Маълумки, XII аср бошларида мўғул-татар босқинчилари Ўрта Осиёга бостириб кириб, кўплаб шаҳарлар ва қишлоқларни ер билан яксон қилдилар, экин майдонлариини топтадилар ва барча маданий бойликларни йўқ қилдилар. Касалхоналар, дорихоналар, кутубхоналар вайрон бўлди. Кўп табиблар қувғин қилинди ва қатл этилди. Тиббиёт ҳам бошқа соҳалар сингари оғир тушкунликни бошидан кечира бошлади. Натижада халқнинг турмуш даражаси пасайиб касалликлар авж олди. Бундай аянчли ҳол юз йилдан ортиқроқ давом этди.
XIV асрнинг 60-70 йилларига келиб, Ўрта Осиё ҳудудида йирик ва кучли темурийлар давлати вужудга келди. Бу давлатга Соҳибқирон Амир Темур асос солди. У ўз давлатини иқтисодий, сиёсий ва маданий жиҳатдан юксак даражага кўтариш учун мамлакатда йирик қурилиш ишларини олиб борди. Амир Темур юрт ободончилиги ва аҳоли соғлигига алоҳида эътибор берган. Бу ҳақда “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “Яна амр этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона (йўловчилар қўниб ўтадиган жой; камбағал етим-есирга овқат бериладиган жой; ғарибхона) солсинлар, касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинлансинлар”.
Соҳибқирон даврида ҳар бир шаҳарда шифохона бўлган, уларда билимли ва тажрибали табиблар ишлаганлар. Жумладан, Самарқандда “Дор уш-шифо” номли йирик касалхона бўлиб, унга ўз замонасининг таниқли табиби Мир Саййид Шариф Шерозий (1330–1414 й.й.) раҳбарлик қилган. Бу табиб асли журжонлик бўлиб, Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келиб, шу касалхонага бошчилик қилган. Шу даврлар йирик табиблардан Хисомиддин Иброҳим Кирмоний, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий, Мансур ибн Муҳаммадлар яшаб ижод этганлар. Тарихий маълумотларда таъкидланишича, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий Амир Темурнинг шахсий табиби бўлган. У Соҳибқироннинг барча сафарларида бирга бўлар эди.
Амир Темур даврида тиббиёт фани шу қадар юксак даражага кўтарилган эдики, ҳатто ўлган одамнинг жасадини балзамлаш усулини ҳам билганлар. 1941 йилнинг 18 июнида ҳукумат комиссияси томонидан Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида дафн этилган Соҳибқирон Амир Темур, Мироншох, Шохруҳ, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон ва Бибихоним мақбарасидаги бибихонимнинг дахмалари очилиб кўрилганда, уларнинг жасади мумиёлангани аниқланган.
Амир Темур ўз замонасидаги ижтимоий гуруҳларни ўн икки тоифага бўлган. Шулар ичида ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандисларни саккизинчи тоифага киритган. Уларни салтанат корхонасига ривож берувчилар, деб атаган. Табиблар ҳақида шундай дейди: “Ҳакимлар ва табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим” (Амир Темур. “Темур тузуклари”. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси, 1991, 66-бет).
Шу ўринда француз темуршуносларидан профессор Марсель Брионнинг “Менким, соҳибқирон жаҳонгир Темур” китобидан қисқача парча келтирамиз. “... ватанимга Хуросон орқали кетишга қарор қилдим... Дарабуржирдга етган чоғимиз қўшинни тўхтатдим. Отларга дам бериш мақсадида икки кун шу ерда турадиган бўлдик. Биринчи куннинг ўзиёқ бир неча жангчиларимиз касаллангани, бошлари оғриб, иссиқлари баланд эканидан шикоят қилишаётганини маълум қилишди. Қўшин табибидан улар ўлатга чалинишмадимикан, деб сўрадим. Табиб касаллик сабабини аниқлай олмаганини, бироқ ўлат аломатлари ҳам кузатилмаганини айтди. Иккинчи куни касалланганлар сони яна кўпайди. Биринчи кун касалланганлар қўлтиқлари остида ва биқинларида ёнғоқдек шиш пайдо бўлиб, кучли оғриқ бераётганини билдиришибди. Шундан кейингина табиб қатъий бир қарорга келди – бу ўлат эди.
Табибдан сўрадим: “Бу касалларни қандай даволаса бўлади?” У деди: “Бу касалликнинг давоси йўқ: улар энди ё ўладилар, ёки ўз-ўзидан тузалишади!”
...Қуёш ботиб, кечки намозни ўқиб, ...негадир ўзимни лоҳас ҳис қила бошладим. Кўп ўтмай вужудимда кучли қалтираш ва ҳолсизлик бошланди. Табиб менга ”гавзабон” гиёҳидан дамлама тайёрлаб ичирди. Яхши терлашим кераклигини айтди. Бироқ кўп ўтмай оғриқ жуда зўрайди... Тонгга бориб бош оғриғим ва тафтим шу қадар кучайиб кетдики, ҳатто намоз ўқишга ҳолим қолмади. Табибни чақириб, ўлатга чалинмадиммикин, деб сўрадим. У жавоб бермади. Нега гапирмаётганлигининг сабабини сўрадим. Уни дадиллантириш учун дедим: “Сен қўрқма, айтавер, ахир мен Амир Темурман-ку! Ўлимдан қўрқмайман. Биз ҳаммамиз ҳам бу дунёдан кетамиз. Ҳатто пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бу дунёни тарк этган эдилар, мен ҳам қачондир ўлишим керак-ку, ахир! Фақат бир нарсадан афсусланаман – тушакда жон беришимдан таассуфдаман!”
Мана шу гапларимдан кейин табибга тил кирди: “Амирим, сенинг касалинг ҳам ўша... жангчиларнинг касалидан!” “...Ҳаммага жавоб бериб, жойимга чўзилдим. Эртаси куни қўлтиғим остида без пайдо бўлди. Учинчи куни у кўкарди. Кейин жон талвасасига тушдим. Иссиғим шу даражада баланд эдики, ...атрофимдагиларни танимай қолгандим – қаерда эканимни ҳам билмасдим: бирда Самарқандда юргандек ҳис қилардим... Шу пайт қулоғимга бир товуш чалинди: “Очилди! Очилди!..” Шундан сўнг оғриқ аста-секин тинди – ўлаётган бўлсам керак, деб ўйладим.
Эртаси куни кўзимни очиб, атрофимни ўраб турган мамнун чеҳраларга кўзим тушди. Кечаги овозлар ҳам шуларники бўлган. Менинг ярам, яъни пайдо бўлган шиш ёрилган – йиринг ва бошқа ихлар оқиб тушган ва аҳволим яхши бўла бошлаган экан. Бироқ мен ҳали ҳам ҳолсиз эдим – ўрнимдан тура олмасдим. ...Менинг ҳузуримга бир чолни олиб келишди. Уни “Дастур” деб таништиришди. У оташпарастларнинг бош қоҳини экан. У олиб келган асалига ишора қилди.: “Эй Амир, эшитдимки, оғир касални енгиб ўтибсан. Мана бу асалдан есанг, кучга кирасан”, дея у олиб келган асалига ишора қилди... Мен унга бир неча олтин тангалар ҳадя қилган эдим, у олмади: “Эй Амир, сенинг ҳузурингга асалимни сотиш учун келмадим, билакас, сенга озгина ёрдамим тегсин деб келдим”, деди у самимий.
Мен бир неча кун ўша асалдан едим ва ҳақиқатдан ҳам фойдаси тегди. Тез кучга кирдим. ...Йўлга чиқадиган кунимиз Дастур келди. Қаёққа кетаётганимни сўради. Мен унга юртимизга қайтаётганимизни айтдим. У деди: “ Эй Амир! Агар шу алфозда уйга қайтсаларинг, бутун мамлакатга ўлат оралайди. Ахир у ёқдагилар ҳар куни асал емайди-ку, тўғрими?”, деб сўради. Мен дедим: “Биз томонда умуман асал ейиш урф эмас, фақат Хоразмда асал ейишади”,
Дастур деди: “Ундай бўлса ватанингга киришдан олдин, аскарларингни яхшилаб тутунга тўйинтир! У ўлатнинг ҳидини ўлдиради!”
Мен ундан сўрадим: “Бу қандай қилинади?”
Дастур жавоб қилди: “Йўлда бирор манзилда тўхтанглар. Уйлари кенг бўлсин, Чўлдан тикан тердириб, устига сув сепиб ҳўллайсизлар. Кейин ўша уйларга одамларингни киритиб, ост қисмида ҳўл ўтинни ёқасан. Ўтин ёнмасин, балки тутасин. Одамларинг ўн кун давомида, ҳар куни бир соатдан ана шу муолажани ўташи керак, ўшанда топ-тоза бўлишади!”
Мен дедим: “Тутундан нафаслари бўғилиб қолади-ку?”. Дастур бу саволга қуйидагича жавоб қилди: “Уйларнинг эшигини очиб қўйинглар, ёқиладиган ўтин ҳам кўп бўлмасин. Ўн кун шу амални қилсанг, одамларинни баданидаги ўлат чанги, ҳиди ўлади. Натижада Мовароуннаҳрга ўлат тарқалишининг олдини оласан!”
...Мен жангчиларимга тутунга тўйинтириш муолажасидан ўтишлари учун буйруқ бердим. Ўн кун мобайнида жангчиларимиз ҳар куни бир соатдан тутун ютдилар. Тадбир тугаган куни Самарқандга қараб от сурдик. Шундан кейин йўл бўйи ҳеч ким касалликдан шикоят қилмади. Самарқандга қайтгач Форсга мактуб жўнатдим ва дастур чолга бизга кўрсатган хизматлари учун миннатдорчилик билдириб, барча оташпарастларни беш йил мобайнида ҳамма солиқлардан озод қилишимни билдирдим (Марсель Брион “Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур”. – Т.: “Янги аср авлоди”, 2018, 378–384 бетлар).
Бундан кўринадики, Темур қўшинларида ярадор ва бемор жангчиларни даволовчи табиблар бўлган. Амир Темур табибларга нисбатан яхши муносабатда бўлган ва уларга ҳурмат билан қараган.
Амир Темур аҳоли ўртасида ҳар хил касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишига қарши тадбирларни ҳам амалга оширган. Бунинг учун шаҳарларни ва бошқа аҳоли яшайдиган жойларни озода сақлаш, халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш чораларини амалга оширган. Сувни тоза сақлаш учун усти ёпиқ сув қувурлари қурдирган. Шаҳарлар ўртасидаги йўлларда сардобалар барпо эттирган. Самарқандда ва Тошкент яқинидаги Шоҳруҳия шаҳарларида олиб борилган археологик қазилмалар вақтида шундай иншоотларни археологлар кўп учратганлар.
Бундай юксалиш, айниқса, Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Кўрагоний) замонасида ҳам давом этди. Улуғбек Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда ўнлаб масжидлар, ҳаммомлар, карвонсаройлар, йўллар, шифохоналар қурдирди. Буларнинг ичида энг машҳури 1424–1428 йиллари Самарқанд яқинидаги Оби-Раҳмат ёқасида қурилган расадхонадир.
Фан ва маданият ҳомийси бўлган Мирзо Улуғбек тиббиёт илмига ҳам катта аҳамият берган. Самарқандда бир касалхона қурдириб, унда ишлаш учун Эроннинг Кирмон шаҳридан машҳур табиб Бурҳонуддин Нафис ибн Аваз (баъзи манбаларда Иваз) Ҳаким ал-Кирмонийни таклиф этган. Бу табиб Улуғбекнинг сарой табиби вазифасини бажарган. У Самарқанд касалхонасида беморларни даволаш билан бирга, тиббиётга оид бир қанча асарлар ҳам ёзган. “Дори тайёрлаш саънати” номли китобида муаллиф оддий ва мураккаб дорилар рецептини тузиш, уларни тайёрлаш ва ишлатиш усулларини баён этган.
Мирзо Улуғбек даврида табиблар ўртасида моҳир жарроҳлар ҳам бўлган. Улардан бири Тожиддин Ҳаким эди. Бу жарроҳ анча мураккаб операцияларни ҳам қилган. Масалан, кўз катарактасини жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволаган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу табиб операциядан олдин жарроҳлик асбобларини ўт (олов) устида қиздириб олиб, сўнг ишлатган. Операция вақтида эса қўлини тез-тез майда қилиб тўғралган пиёзга ботириб оларкан. Маълумки, пиёзда микробларни ўлдирувчи фитоцидлар бўлади. Ўт устида қиздирилган асбоб эса тамомила микробдан ҳоли бўлади (стерилизацияланади). Бундан маълум бўладики, Тожиддин Ҳаким ярани айнатувчи жонзодлар мавжудлигини билган ва уларнинг ривожланишига йўл қўймаслик учун юқоридаги айтилган чорани кўрган. Бу жиҳатдан, Тожиддин Ҳакимни Ўрта Осиёда антисептика усулининг асосчиси, деса бўлади.
Демак, Улуғбек даврида илм-фан анча юксалганки, юқорида номлари келтирилган машҳур табибалар пайдо бўлди.
Бу анъана темурийлар сулоласининг яна бир вакили – Ҳусайн Бойқаро ҳукумронлик қилган даврда ҳам давом этди. Ҳусайн Бойқаро саройида бош вазирлик лавозимини эгаллаган буюк шоир ва давлат арбоби – Алишер Навоийнинг хизматлари катта. Бу ҳақида шарқшунос олимлар Маҳмуд Ҳасаний ва Сурайё Каримова муаллифлигида ёзилган “Навоий даври табобати” номли асарда батафсил баён этилган.
Навоий ўзи табиб бўлмаса ҳам ўтмишдаги буюк табибларнинг асарларини севиб ўқиган, улар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган. Унинг шахсий кутубхонасида Абу Али ибн Сино, Абу Бакр ар-Розий ва бошқа табибларнинг китоблари бўлган. Навоий Ибн Синога жуда юксак баҳо берган. Уни ақл-идрок ва тафаккур рамзи, деб атаган. Навоийнинг табиблар ва тиббиёт ҳақидаги фикрлари асосан унинг машҳур асари “Маҳбуб ул-қулуб”да баён этилган. Бу асарда Навоий тиббиёт ва табиблар масаласига махсус боб (15-бобни) бағишлаган. Асар Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида ёзилган бўлиб, узоқ йиллар давомида тўплаган ҳаётий тажрибалари маҳсулидир. Асарнинг асосий ғоялари инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, яхшилик ва халқ фаровонлиги ҳақида қайғуришдир. Шу сабабли, китобнинг табиблар ҳақидаги фасли унда асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Навоий бу фаслни баён этишга киришар экан, аввало табибнинг ўзи қандай киши бўлиши керак, у қандай фазилатларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида тўхталади. Навоийнинг таъкидлашича, табиб ўз фанининг моҳир билимдони бўлиши керак. У донишмандлар сўзига амал қилиб, уларга эргашмоғи лозим, мулойим сўз ва бемор кўнглини кўтарувчи, андишали, хушфеъл бўлмоғи керак. Бундан кўриниб турибдики, Навоий табиблар олдига жуда масъулиятли талаблар қўйган. Дарҳақиқат, табиб ўз касбининг моҳир билимдони бўлиши керак. Агар у ўз касбини яхши ўзлаштирмаган бўлса саёз фикрли, тажрибасиз табиб бўлса, қандай қилиб беморнинг касалини аниқлай олади, касаллик аниқлай олмаган табиб, уни даволай оймайди ҳам. Бунга Навоий алоҳида эътибор берган.
Навоий табиблар олдига қўйган талаблардан иккинчиси “беморларга раҳм-шафқат билан муомила қилиш лозим”лигидир. Бу ерда Навоий табиблик касбини бошқа ҳамма касблардан ажратиб турувчи асосий сифати – инсонпарварлик ҳақида сўз юритади. Кишилар табибларга ўзларининг энг бебаҳо бойликлари – ҳаётларини ишониб топшириб қўяр эканлар, демак улар ишончни қадирлашлари, беморларга раҳм-шафқат билан муомала қилишлари, уларнинг ҳаётлари ва саломатликлари ҳақида қайғуришлари зарур. Тибибнинг энг юксак вазифаси – кишини хасталик азобидан халос этишдир. Аммо табиблар орасида беморларга нисбатан бешафқат ва бефарқ муносабатда бўлувчилар ҳам учрайди. Навоий даврида ҳам шундайлар бўлганлиги табиийдир. Бундай табибларни Навоий жаллодга ўхшатади ва шундай ёзади: “Табобат фанида саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир. У тиғ билан ўлдирса, бу заҳар билан азоблайди. Шубҳасиз, жаллод бундай табибдан яхшироқдир. Зеро у гуноҳсизларни ўлдиради, бу эса гуноҳкорларни ҳалок қилади. Ҳеч бир гуноҳкор жаллод қўлида хор бўлмасин, ҳеч бир бегуноҳ касал бўлмасин, бундай ношуд табибга зор бўлмасин”.
Навоий саломатлик ва тиббиёт ҳақида сўз юритар экан, ичкиликбозлик киши саломатлигига зарарли таъсир этишини ҳам кўрсатиб ўтади. Масалан, у “муттасил ичиш саломатликни кемиради” деб ёзган. Шаробни заҳарга ўхшатади ва “одамийликни, саломатликни йўқотиш учун қадаҳ-қадаҳ заҳар ичиш қандай қоида” деб хитоб қилади. Навоий соғ-саломат бўлишни истаган киши ҳар хил бузуқ, ярамас ишлар қилмаслиги, ўзини эҳтиёт қилиши кераклигини таъкидлайди.
Тарихий манбаларга кўра, Навоий ташаббуси билан мамлакатда 300 дан ортиқ турли маданий-маиший бинолар, шифохоналар, дорихоналар, тиббий мактаблар барпо этилган. Касалхоналарда тажрибали табиблар беморларни даволаганлар. Шулардан бири Неъматуллоҳ ибн Фахриддин Муборакшох Ҳаким Кирмоний бўлиб, у Ҳусайн Бойқаронинг шахсий табиби эди. У фақат табиб эмас, шу билан бирга чуқур билимли файласуф, олим ва шоир эди. Шунинг учун ҳам уни замондошлари буюк шоир ва иккинчи Ибн Сино, деб атаганлар.
1480–1482 йилларда Навоий кўрсатмаси ва иштироки билан Ҳиротда махсус тиббий комплекс барпо этилди. Бу мажмуа “Шифоҳия” номли касалхона, “Ихлосия” номли мадраса ва “Сафоҳил” номли ҳаммомдан иборат эди. Мадрасанинг шуҳрати ўша вақтда бутун Шарқ давлатларига ёйилган эди. Бу ерга бошқа мамлакатлардан кўплаб табиблар келиб, билим олишган ва мутахассис бўлиб, ўз юртларига қайтишган.
Навоий замонида яшаган ва Ҳиротнинг турли шифохоналарида ишлаб, талабаларга тиб илмидан дарс берган машҳур табиблардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Дарвеш Али чуқур билим ва катта тажрибага эга бўлган ҳаким эди. Тарихчиларнинг ёзишича, у камтарин, хушфеъл ва ёқимтой киши бўлган. Дарвеш Алида шоирлик истеъдоди ҳам кучли бўлган. У баъзи тиббий асарларни назм билан ёзган. Дарвеш Али Ҳиротдаги “Дор уш-шифоҳ” (“Даво маскани”) касалхонасига раҳбарлик қилган ва шу ерда талабаларга тиббиётдан дарс берган. Унинг “Кишиларга эслатма” номли тиббий асари мавжуд. Бу асарда муаллиф саломатликни сақлаш ва касалликни даволаш ҳақида сўз юритади.
Мавлоно Низомиддин Абдулхай. Бу табиб ўз замонасида амалий тиббиётда юксак тажрибали ва билимдон мутахассис бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, у Навоийнинг шахсий табиби ва яқин кишиси бўлган.
Шайх Ҳусайин моҳир жарроҳ бўлган. У мараккаб операцияларни ҳам қила олган. Табиб беморни операция қилишда оғриқсизлантирувчи модда ишлатган. Операция қилинган жойни тикишда қўй ичагидан тайёрланган тор (ип) ишлатган.
Шарқ мамлакатларида хусусан Ўрта Осиё шаҳарларида шифохоналар қошидаги дорихоналардан ташқари алоҳида жойлашган дорихоналар ҳам бўлган. Уларда табибларнинг рецептлари бўйича беморларга дори тайёрлаб берилган. Шундай дорихоналардан бири ҳақида Алишер Навоий бундай маълумот берган: “Ҳиротда Ҳожи Али Ҳасан Кирмоний исмли доришунос яшайди. Унинг дорихонаси бор. У ўз касбига жуда масъулият билан қарайди. Дориларни моҳирлик билан тайёрлайди” (А.Ўролов. Ўтмишдаги даволаш ва шифобахш муассасалар. – Т.: “Фан” нашриёти, 1990. 21-22 бетлар).
Демак, Ҳусайн Бойқаро даврида мамлакатда илм-фан, айниқса тиббиётнинг ривожланиши бевосита Алишер Навоий номи билан чамбарчас боғлиқдир. Бу ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг машҳур “Бобурнома” асарида қуйдагича ёзган эди: “Фан ва саънат аҳлларини Алишербекдек қўллаб-қувватлаган одам бўлмаган. ... Халқ учун фойдали биноларни Навоийдек кўп қурдирган одам бўлмаса керак.
Шундай қилиб, юқорида баён этилган тарихий маълумотлар асосида биз Темур ва темурийлар даврида мамлакатдаги умумий юксалиш жараёнида тиббиёт ҳам яхши ривож топганининг гувоҳи бўлдик. Шаҳарларда касалхоналар, тиббий мактаблар, кутубхоналар қурилди. Ўнлаб машҳур табиблар етишиб чиқди. Улар беморларни даволаш билан бирга, тиббиётга оид илмий асарлар ҳам ёзишган. Бу нодир ва ноёб асарларни ўрганиш, уларни бугунги кун тиббиёт ривожига татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.
Маъмура СУЛАЙМАНОВА,
тарих фанлари номзоди
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ