Ўтмишимиз билан боғлиқ биргина изланувчилар орасида эмас, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳам турли тортишувларга сабаб бўлиб келаётган бир қатор чигалликлар бор. Шулардан бири Ўрта Осиёнинг илк тубжой турғунлари қайси элатлар бўлгани ва улардан бугунгача қандай билгилар етиб келгани бўйичадир. Кенг ёйилган қарашларга кўра милоддан олдинги сўнгги мингйилликда Ўрта Осиёда кўпроқ шарқий эроний тилли элатлар: суғдийлар, қадимги хоразмийлар, бохтарийлар яшаб, милоднинг илк мингйиллиги ўрталаридан, аниқроғи, илк ўрта асрлардан бошлаб бу ерда туркийлар салмоғи орта борган. Ёзма манбалардаги билгилар, айрим сўз ва атамалар, ер-сув номлари ва бошқалардан келиб чиқилса, бу қараш тўғридек кўринади. Бироқ кўплаб тилчи олимлар эроний элатларнинг минтақада тарқала бошлаши милоддан олдинги иккинчи мингйиллик бошларида юз берганини, ҳинд-европа тил оиласининг ҳинд-эрон (ҳинд-орий) тармоғи Шарқий Европадан Ўрта Осиё ва унинг яқин теграларига кўчганликларини аниқлаган бўлиб, бу эса улар келмасдан бурун бу ерда кимлар яшаган эди, деган саволу сўроқларни келтириб чиқаради.
Айрим изланувчилар ҳинд-эронийлар келишидан олдин Ўрта Осиёда фин-угор элатлари яшаган дейишса [Вайнберг 1999], айримлар бу ерда дравидлар – Ҳиндистоннинг ҳинд-орийлардан олдинги элатлари яшаган, деб қарайдилар [Толстов 1948: 72–73; Толстов 1948: 68]. Яна бир туркум изланувчилар эса Ўрта Осиёда Олд осиёликлар, яъни сомийлар яшаган, кейинроқ ҳинд-эронийлар уларни бу ердан сиқиб чиқарган, деб тушунтирадилар [Ртвеладзе 2001: 124]. Ушбу қарашлар қандайдир билгиларга таяниб айтилган бўлса-да, улардан бирортасини тўлиқ исботланган, деб бўлмайди. Бу каби чигалликларни ечиш учун на эски хитой йилномалари ва на юнон, рим, форс ва бошқа тиллардаги ёзма манбалар ёрдам бера олади. Бу масала яқин ёки узоқ келажакда ойдинлашишини кўзда тутган ҳолда, минтақанинг энг эски эл-улуслари тўғрисида узоқ ўлкалар эмас, ўзимиздан етишиб чиққан алломаларнинг қарашларига тўхталиб ўтмоқчимиз. Ана шундай олимлардан бири Абу Райҳон Беруний (973–1048) бўлиб, олим ўзининг “Осор ул-боқия” (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар) деган асарида хоразмликларнинг ўтмишда бўлиб ўтган воқеликларни белгилашда қандай ёндашганликларига тўхталиб, бу тўғрида қуйидагича билгилар келтириб ўтган:
“Хоразмга одамлар жойлаша бошлаганидан тарих олар эдилар, бу Искандардан тўққиз юз саксон йил илгари бўлган эди... Ундан кейин Сиёвуш ибн Кайковуснинг Хоразмга келишидан, Кайхусрав ва унинг наслининг Хоразмда подшоҳлик қилишларидан тарих олдилар. Шу вақтда Кайхусрав Хоразмга кўчиб, турк подшоҳлари [устидан] ҳукмронлигини юргизган эди. Бу воқеа Хоразмга одам жойлашишидан тўқсон икки йил кейин бўлди... ” [Беруний 1968: 71].
Ушбу билгидан келиб чиқилса, Хоразм ўлкасида “одамлар жойлаша бошлаган чоғлар” милоддан олдинги XIII юзйилликка – Искандар (Александ Македонский) Ўрта Осиёга юриш қилган 330-йиллардан деярли минг йил олдинги даврларга тўғри келади. Бу билгиларни кўпчилик “қандайдир афсона”, “уни чин тарихий воқеликлар билан тўғридан-тўғри боғлаб тушунмаслик керак” деб ёндашади. Бироқ ўз асарларини ёзиш чоғида Беруний ҳар бир масалага жиддий ёндашгани, ҳар қандай билгини қайта-қайта текширгандан сўнггина уни қоғозга туширганини кўзда тутадиган бўлсак, аллома келтириб ўтган ушбу билгиларни ҳам “шунчаки тасодиф” деб қараш қанчалик ўзини оқлайди? Қолаверса, Беруний тилга олган Кайковус, Кайхусрав каби атоқли отлар тўғридан-тўғри Эрон ўтмиши билан боғлиқ кишилар ўлароқ билинади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, айрим изланувчилар Беруний “турклар” деганда Урал тил оиласидагилар – фин-угорларни кўзда тутганини, араблар, форслар, юнонлар ва бошқа Мағриб юртлари вакиллари ўрта осиёлик элатларни унчалик ажрата олмасдан, уларни “турк” деб атаб кетаверганликларини илгари сурсалар, бошқалар “нега шундай, бу ерда эски чоғлардан бери қандайдир бир “турк излари” бор бўлганки, улар шунга таяниб, кўпчиликни “турк” деб атаган бўлсалар керак” деб ёзадилар [Бобоёров 2022: 24].
Кейинги йилларда қўлга киритилган кўплаб археологик топилмалар милоддан олдинги мингйилликларда Ўрта Осиёнинг кунгай томонлари – жануби-ғарбдан, Эрондаги Хуросон ва унинг теграларидан эроний тилли элатларнинг бир бўлаги Хоразм ўлкасига кўчганликларини кўрсатмоқда. Қизиғи шундаки, айрим изланувчилар ушбу археологик билгиларни Беруний келтирган билгилар ҳам тўғрилашига урғу берадилару, бироқ алломани “турк подшоҳлари устидан ўз бошқарувини ўрнатган эронликлар” тўғрисида чуқур ўйлаб кўрмайдилар.
Беруний “Кайхусрав Хоразмга кўчиб, турк подшоҳлари [устидан] ҳукмронлигини юргизган эди. Бу воқеа Хоразмга одам жойлашишидан тўқсон икки йил кейин бўлди” деган билгини тўлиқроқ англаб етиш учун Кайхусравнинг ким бўлганига тўхталиб ўтсак. Бундан деярли 3 минг йил олдинги Эрон салтанатлари ўтмишини ёритувчи “Авеста” ва бошқа бир қатор эски форс ёзма манбаларида “Кави Хоасрава” кўринишида тилга олинган ушбу ярим афсонавий шахсга Эрон юртидан кунчиқар ўлкаларга – Туронга юриш қилиб, бир сира Хоразм ўлкасини бошқарган, деб қаралади. Шунингдек, Кави Хоасрава (Кайхусрав) Аҳоманийлар давлатининг илк бошқарувчиси Кир II (бошқаруви – мил. олд. 559–530 йй.)нинг халқ оғзаки ижодида, айниқса, Эрон ва Турон элларининг фольклорида кенг тарқалган афсонавий отидир. Шу билан бирга, эски эронликлар тушунчасига кўра, у Каёнийлар сулоласидан бўлган учинчи Эрон шоҳи бўлиб, отаси эронлик Кайковус ўғли Сиёвуш, онаси Фарангис эса ўз келиб чиқиши бўйича туронлик элатларга бориб тақалган. Ўша чоғларда Туронни бошқарган Афросиёб туронлик баҳодирлардан бири – Пиронга буйруқ бериб, Фарангисга кўз-қулоқ бўлиб туришини ва туғиладиган чақалоқни ўлдиришни уқтиради. Пирон тушида Сиёвушни кўради, тушда Сиёвуш ўғлининг Эрон тахтига ўтиришини башорат қилади. Пирон “Кайхусрав” деб от қўйилган чақалоқни чўпонларга топширади. Бола паҳлавон бўлиб етишади. Эронликлар Кайхусравни топиш учун кўп овора бўлишади, 7 йиллик изланишдан сўнг баҳодир Кайхусравни онаси билан биргаликда бобоси Кайковус олдига олиб келадилар. Кайхусрав 60 йил подшоҳлик қилади. Эрон баҳодирларидан бири Рустам билан биргаликда у отасининг ўчини олиш учун Афросиёбга қарши юриш қилиб, Туронга бостириб киради. Урушда Афросиёбнинг ўғли Шид Кайхусрав томонидан ўлдирилади, сўнг Афросиёб ҳам ҳалок бўлади. Кайхусрав Афросиёбнинг бошқа бир ўғли – Жахнни тутқунликдан бўшатиб, унга Турон бошқарувини топширади. Аммо Кайхусравнинг кўнгли ўзидан хотиржам эмас эди. Унинг томирларида фақат яхшиликка топинганнинг қонигина эмас, ёвузликка инонувчи кишиларнинг ҳам қони оқишини биларди. У ўзидаги ёвузликнинг бошланғичи ундаги эзгуликни енгиб қўйишидан қўрқар эди. Кайхусрав тахтни қариндоши Луҳроспга топшириб, ўзи тоққа йўл олади ва тонгда ғойиб бўлади. Баҳодирлар изсиз кетган Кайхусравни қидиришга отланишади, кучли қор бўрони уларни кўмиб юборади ва кўпчилик баҳодирлар Кайхусрав каби йўқликка юз тутадилар. Бу ерда айрим эроний подшоҳларнинг “қор бўронли ўлка”га, яъни қузай – шимолга юриш қилиб, кучли совуқдан қирилиб кетганига имо қилинмоқда.
Форсий эллар орасида кенг ёйилган ушбу афсонадан кўринадики, Беруний Кайхусрав деб тилга олган Кави-Хоасрава, яъни Кир II нинг онаси туронлик бўлган ва Туроннинг довруқли бошқарувчиси Афросиёбни енгиб, унинг ўлдиргач, бу ернинг бошқарувини Афросиёб ўғли Жаҳнга топширган. Эронликларнинг ушбу афсонаси билан яқин таниш бўлган Беруний Афросиёб Турон етакчиси Тужнинг бошқа бир оти эканини ёзиб, ҳар иккала ўлка бошқарувчиларининг ўзаро қариндош бўлгани, бироқ ер талашиб, бир-бирига ёв бўлиб қолгани тўғрисидаги ёзма манбаларда ўрин олган билгилар ва халқ оғзаки ижоди ўрнакларини ўз асарига киритади [Беруний 1968: 132]. Кайхусрав яшаган йиллар бўйича турлича қарашлар билдирилиб, айримлар милоддан олдинги XIII–XII юзйилликларда, айримлар эса VI юзйилликларда яшаганини илгари сурган бўлса-да, бизнингча, уни ёлғиз бир киши билан тенглаштириб бўлмайди. Тўғрироғи, у ушбу юзйилликлар орасида яшаган ёки ҳинд-орийларнинг Ўрта Осиёга кириб келган чоғларидаги илк эроний бошқарувчилардан бири ёки бир нечаси билан боғланса керак.
Бу билгилар қанчалик тўғри ёки чўпчак бўлмасин, негизида қандайдир бир тарихий чинлик ётади. Биргина эски форс ёзмаларида эмас, бошқа тиллардаги билгиларда ҳам Эрон ва Турон ўртасидаги аёвсиз урушларга кенг ўрин ажратилган. Берунийдан бироз кейин яшаган Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғати-т-турк” (Туркий сўзлар девони) асарида (XI юзйиллик) Афросиёб илк турк хоқони Алп Эр Тўнганинг форслар томонидан аталиши эканига урғу берар экан, ўз хоқонининг ўлдирилишидан чуқур қайғуга тушган туркларнинг унга атаб ўнлаб алқовлар тўқиб чиқарганликларини тилга олади. “Алп Эр Тўнга ўлдиму. Эсиз очун (дунё) қолдиму. Ўзлак ўчин олдими. Энди юрак йиртилур” [Кошғарий 1960, I: 77; Кошғарий 1963, III: 163] дея қайғуга чўккан турк эллари унинг бошқаруви чоғида турк чегараларининг Хуросондаги Марв шаҳригагина эмас, Эроннинг ички ерларигача чўзилгани тўғрисидаги ярим афсона билгиларни айтиб юришган. Бу билгиларни келтириб ўтган Маҳмуд Кошғарий Эрондаги Қазвин, Қум каби ўзак шаҳарлар бўйича “Қаз – Афросиёбнинг қизининг оти. Қазвин шаҳрини шу қурдиргандир. Қазвин – қаз ўйини – ғоз ўйналадиган ер, демакдир. Чунки у (Қаз) шу ерда турар ва ўйнар эди. Шунинг учун айрим турклар Қазвинни турк шаҳарларидан деб санаганлар. Шунингдек, Қум шаҳри ҳам чегарадир. Афросиёбнинг қизи бу ерда ов қилар ва ўйнар эди. Айримлар турк шаҳарлари чегарасини Марв аш-Шоҳижондан бошланишини сўзлайдилар. Чунки Қазнинг отаси Алп Эр Тўнга – Афросиёбдир. У Таҳмурасдан уч юз йил кейин Марв шаҳрини қурган” деган чўпчакни келтириб ўтади [Кошғарий 1963, III: 163]. Бундан кўринадики, Маҳмуд Кошғарий туркий ва форсий эллар орасида оғиздан-оғизга кўчиб юрган турли ярим афсонавий билгиларни йиғиб, энг эски турк юртининг Эрон билан чегараси қаерларда туташини аниқлашга интилган. Кўпчилиги уйдирма бўлишига қарамай ушбу билгиларнинг негизида қандайдир чин воқеликлар ётгани тўғрисидаги қарашимизни Беруний келтириб ўтган қуйидаги билгилар янада кучайтиради:
“Маздурон – Марз-и Турон “Туркларнинг чегараси” дейишади” [Беруний 1973: 466].
Кўплаб ёзмаларда тилга олинган Маздурон Хуросондаги ўлкалардан бири бўлиб, бу ер бугунги кунда ҳам Эрон ва Туркманистон чегарасидаги Сарахс шаҳри теваракларига тўғри келади. Демак, Маҳмуд Кошғарий “турклар чегараси”ни Хуросон теграларини кўрсатиши ўз-ўзидан бўлмаган. Беруний келтирган билгилар ҳам уники билан яқин ўхшашликка эга. Қизиғи шундаки, Кошғарийдан бирмунча олдин яшаб ўтган Беруний Турон деганда турклар ўлкасини тушуниб, “турклар ва эронликлар” чегарасини Амударё қирғоқлари – Балх ёки Хоразмда эмас, улардан анча узоқда – кунботар ёки кунгайроқдаги Маздуронни кўрсатади. Кези келганда айтиб ўтиш керак, кўпчилик тарихий асарларда Афросиёб билан боғлиқ воқеликлар бошқа ерларга қараганда кўпроқ Бухоро тегралари билан боғлаб тушунтирилади:
1) Бухорони Афросиёб қурдирган; 2) Афросиёб эронлик баҳодирларни Бухорода тутқунликда сақлаган; 3) Афросиёбнинг қабри Бухоро яқинларида.
Шу ўринда Бухоро ўтмишининг ёрқин билимдони, Х юзйилликда яшаб ўтган Абу Бакр ан-Наршахийнинг “Тарихи Бухоро”сида келтириб ўтилган қуйидаги билгилар ҳам Афросиёбнинг Бухоро билан боғлиқ томонлари, ҳам Кайхусрав юзасидан турли ёзмаларда тилга олинган билгиларга уйғун келишини айтиб ўтиш керак:
“Ромтин (Ромитан). Бу катта бир куҳандизга эга ва мустаҳкам бир қишлоқ бўлиб, Бухородан қадимийроқдир. Баъзи китобларда бу қишлоқни Бухоро деб атаганлар. Бу қишлоқ қадим вақтларда подшоҳларнинг тураржойлари бўлган, (кейинроқ эса) Бухоро шаҳари бино бўлгандан кейин, подшоҳлар қиш фаслидагина бу қишлоқда турадиган бўлганлар. (Бу ерлар) ислом давлатига ўтганда ҳам шундай бўлиб турган. Марҳум Абу Муслим Бухорога келганида шу қишлоқда турган. Бу қишлоқни Афросиёб бино қилган. Афросиёб ҳар вақт бу вилоятга келганида шу қишлоқдан бошқа жойда турмаган. Форсийларнинг китобларида айтилишича, Афросиёб икки минг йил яшаган. У жодугар бўлиб, Нуҳ подшоҳнинг болаларидандир. У ўзининг Сиёвуш номли куёвини ўлдирган. Сиёвушнинг Кайхусрав номли ўғли бўлиб, у отасининг қонини талаб қилиб кўп лашкар билан бу вилоятга келганида Афросиёб шу Ромтин қишлоғини ҳисор қилиб турган. Кайхусрав ўз лашкари билан икки йил шу ҳисор атрофини ўраб турди ва унинг рўбарасига бир қишлоқ бино қилиб, у қишлоқни Ромуш деб атади. Уни яхшилигидан Ромуш деганлар. Бу қишлоқ ҳозиргача ободондир. Қайхусрав Ромуш қишлоғида оташпарастлар ибодатхонасини қурди; оташпарастларнинг айтишларича, бу ибодатхона Бухородаги оташпарастлар ибодатхоналарининг энг қадимийсидир. Кайхусрав икки йилдан кейин Афросиёбни тутиб ўлдирди. Афросиёбнинг гўри Бухорода Маъбад дарвозасида раҳматли Хожа имом Абу Ҳафс Қабир тепалигига туташган катта тепали устидадир” [Наршахий 1966: 11–12].
Шу билан бирга, Самарқанд, Барсхон ва яна бир неча Ўрта Осиёнинг йирик шаҳарларнинг қурилиши Афросиёб билан боғланади. Хоразм тўғрисида ёзган Беруний ва Кошғарий бу ердаги туркларни эслаб ўтар экан, Афросиёб ёки Алп Эр Тўнга шахсига тўхталмайдилар. Бироқ айрим форсий ёзмаларда Афросиёбнинг Хоразмда ҳам бўлгани, у бу ерда туриб эронлик ёвлар билан тўқнашгани тўғрисида қуйидагича сўз юритилади:
“Мен форслар орасидан шундай (хабарлар) топдим: турк ҳукмдори Афросиёб ўз хазина ва қимматбаҳо буюмларини Кердернинг юқорисида, Хоразм ўлкасидаги денгизнинг ўртасига кўмган. Абарвиз (Парвиз) ибн Хурмузгача ҳеч кимса бу тўғрида билмаган. У ушбу хазинани топган ва 12 йил бўйи (ўз юртига) ташиб келтирилган. Ҳар ойда (бу ердан) унга 10 хачирга ортилган юк келиб турган, қимматбаҳо буюмларнинг катта бўлагини тоза олтин қуймалар ташкил этган” [МИТТ 1939: 431]
Ушбу билгилар кўп томонлама Беруний келтирган Хоразмга Кайхусравнинг кўчиб, турк подшолари устидан ўз бошқарувини ўрнатиши билан боғлиқ билгиларга уйғун келади. Бу эса Беруний “турк подшоҳлари” деганда эронликлар келмасдан олдин Хоразм ва унинг теграсида туркийлар яшагани, бу ҳолат Афросиёб ёки унинг издошлари билан боғлаб тушунтирилмаганмикан деган қарашларни келтириб чиқаради.
Қисқаси, Афросиёб ёки Алп Эр Тўнга шахси қанчалик тарихий ёки афсонавий кишиликка эга бўлмасин, у билан боғлиқ халқ орасида сақланган билгилар шунчаки чўпчак эмас, балки бундан деярли уч минг йил олдинги воқеликларни ўз бағрига яширган, бир неча хоқонларнинг иш-ҳаракатларини битта шахс теграсида бирлаштириб юборган тарихий чинликдир, деб қарасак янглишмаган бўламиз. Бошқа томондан эса бундан 4 минг йилча олдин Шарқий Европа–Қора денгиз қирғоқларидан йўлга чиққан ҳинд-эроний элатлар Ўрта Осиёга кириб келганларида бу ерда турли тилларда сўзлашувчи элатлар – шимолроқда фин-угорлар, кунгай – жануброқда дравидлар ва сомий тиллилар билан бирга туркийларнинг ота-боболари ҳам яшаган бўлсалар керак, дея оламиз. Ёзма манбаларда фин-угор, дравид ёки сомийларнинг Турон юрти (Ўрта Осиё)да яшагани тўғрисида билгилар деярли учрамасдан, туркийларга кўпроқ урғу берилишини “туркийларнинг бу ерга кўчишлари узлуксиз бўлган, Афросиёб – Алп Эр Тўнга бўйича тўқилган чўпчаклар турклар билан боғлаб тушунила бошлаган, Турон ва Туркистон тушунчалари кейинчалик бирлаштириб юборилган” деб қараш билангина чекланмаслик керакка ўхшайди.
Ғайбулла БОБОЁР,
Феруза ЖУМАНИЁЗОВА
Қўлланилган адабиётлар:
1. Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар / Таржимон А. Расулов / Танланган асарлар. I жилд. – Тошкент: Фан, 1968.
2. Абу Райхан Беруни. Канон Мас`уда/Избранные произведение. V. Часть первая. Перевод и примечания Б. А. Розенфельда и А. Ахмедова. – Ташкент: Фан, 1973.
3. Бобоёров Ғ. Ўзбек тили тарихи. I – Энг эски чоғлари. – Тошкент: Фан, 2022.
4. Вайнберг Б.И. Этногеография Турана в древности. VII в. до н.э. – VIII в. н.э.. – Москва: Восточная литература, 1999.
5. МИТТ 1939 – Материалы по истории туркмен и Туркменистана. Том I. VII – XV вв. Арабские и персидские источники. – М.-Л., 1939.
6. Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону-луғот ит-турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. 3 томлик. – Тошкент: Фан, 1960–1963.
7. Наршахий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар. Бухоро тарихи / Форс тилидан А. Расулев таржимаси. – Тошкент: Фан, 1966.
8. Ртвеладзе Э.В. К вопросу о субстратном языке юга Средней Азии (III-II тыс. до н.э.) // Тарих, Мустақиллик, Миллий ғоя (Республика илмий назарий анжумани материаллари). – Тошкент: Академия, 2001.
9. Толстов С.П. Древний Хорезм. - М., 1948.
10. Толстов С.П. По следам древнехорезмской цивилизации. - М.: Л., 1948.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ