Жалолиддин ва Ҳиндистон мамлуклари


Сақлаш
21:23 / 02.05.2023 772 0

Шимолий Ҳиндистон узоқ асрлар мобайнида турли миллат ва динга мансуб истилочилар учун дарвоза вазифасини ўтаган эди. Ушбу урушлар турфа баҳоналарга асосланиб амалга оширилса ҳам, аслини олганда босқинчиларнинг мақсади бой ўлжаларга эга чиқиш ёки бошқа бирор манфаатни қондириш бўлган. XI асрдан бошлаб Шимолий Ҳиндистонга Ўрта Шарқнинг мусулмон ҳукмдорлари тобора кўпроқ хавф сола бошладилар. Ташқи урушлар доим тараққиётга тўсқинлик қилиб келган бўлса-да, Ҳиндистоннинг стратегик аҳамиятига заррача путур етмайди. Аксинча, минтақа борган сари халқаро муносабатларда муҳим ва ҳал қилувчи рол ўйнай бошлаган эди.

 

Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ минтақаларида XIII аср бошларида қорахитойлар, ғурийлар, хоразмшоҳлар ўртасида халқаро гегемонлик учун кечган кураш тобора кучаяди. Ушбу курашда Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ўз рақибларини узил-кесил яксон этади. Жумладан, 1206 йилда Шиҳобиддин Ғурий ҳашшоший қотиллар томонидан ўлдирилгач, унинг давлати парчалана бошлайди. Ўша йилдан бошлаб Ғазна ва Зобулистонда унинг амирларидан Тожиддин Юлдуз, Лоҳур ва Мўлтонда эса Носириддин Қубача ўрнашиб олиб, ундан жануброқдаги ҳудудлар Қутбиддин Ойбек қўлига ўтади ва унинг мустақил сиёсат юрита бошлаши билан Деҳли султонлиги ташкил топган. Хоразмшоҳлар Ғурийлар бошқарувига 1215 йили узил-кесил барҳам берадилар. Тожиддин Юлдуз эса ўша йили Қутбиддин Ойбекнинг давомчиси бўлган Деҳли султони Шамсиддин Элтутмиш томонидан мағлуб этилиб асирга олинган. Султон Муҳаммад қорахитойларни ҳам шиддатли тарзда Мовароуннаҳрдан қувиб чиқаргач, 1210 йилги жангда уларга ўнгланмас зарба беради. Тарихий адабиётларнинг гувоҳлик беришича, асирга олинганларнинг бир қисми қул қилиб сотиб юборилиб, ушбу мамлукларнинг баъзилари кейинроқ Деҳли султонлигида муҳим лавозимларни эгаллаганлар. Айни шу даврда Ҳиндистонга бориб, ўша ерда ижод қилган тарихчи Жузжоний ўз асарида уларнинг баъзиларини тилга олиб ўтган эди. Буни қарангки, Хоразмшоҳлар давлатининг ўзи яқин орада Чингизхон бошлиқ мўғул истилочилари учун тайёр ўлжага айланди.

 

Ҳиндистонда ҳарбий қулларнинг юқори лавозимларни эгаллаши ажабланарли ҳол эмасди. Дастлабки Деҳли султонларининг ўзи ҳам ёшлигида қул қилиниб, сотиб юборилган асирлардан эдилар. Масалан, Қутбиддин Ойбек аслида марказий осиёлик ғуломлардан бўлиб, бир вақтлар ғурий султонларга хизмат қилган. Шамсиддин Элтутмиш эса Туркистонда, зодагонлар оиласида туғилиб, тақдир тақозоси билан дастлаб Бухорода, кейинроқ Ғазнада ғурий султонларга қул сифатида сотиб юборилади. Кейинроқ у Қутбиддин Ойбек хизматига ўтиб, унинг қизига уйланган ва султон ўлимидан сўнг ҳарбий саркардалар, эҳтимолки, мамлук жангчиларнинг қўллаб-қувватлаши билан Деҳли султонлиги тахтини эгаллаган.

 

Ҳиндистон бу даврда Хоразмшоҳлар давлатига хизмат қилувчи амалдорлар ва саркардаларни оҳанрабодек ўзига тортарди. Айниқса, сиёсий курашларда енгилганлар беихтиёр жанубга томон йўл олардилар. Бунинг сабаби қочишга бошқа ҳудуднинг йўқлигида эмасди. Шимолий Ҳиндистон Шиҳобиддин Ғурий давридаёқ ички курашлар ва бебошликлар марказига айланиб улгурган эди. Бу урушлар Ғурийлар давлати парчалангач янада шиддатли тус олган. Натижада кичик-кичик ҳокимликларга бўлиниб кетган Синд ҳавзаси ва унинг атрофидаги ҳудудларни осонгина қўлга киритиш истагида бўлганлар сони ошиб бораверган. Марказий осиёликларнинг Шимолий Ҳиндистонга “ташриф”лари салмоғи мўғуллар босқини даврида янада ортди. Қочқинлар, табиийки, жон сақлаш истагидагилар ёки урушда енгилганлардан иборат эди.

 

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Султон Муҳаммаднинг ўзи ҳам дастлаб Ҳиндистонга қочмоқчи бўлади. Аммо ўғли Рукниддиннинг Ироқдан келган элчиси унинг қарорини ўзгартирган. Жувайнийнинг ёзишича, Хоразмнинг сўнгги султони Жалолиддин Мангуберди Урганчдан Ғазнага йўл олган вақтда унинг саркардаларидан Амин Малик (баъзи манбаларда Хон Малик) Ҳиндистон ҳудудларида, Ағроқ Малик эса Пешоварда бўлган. Улар билан ҳамкорликда уруш олиб борилса, Хоразм қўшинлари енгилмас кучга айланар эди. Аммо вазият тезда ўзгариб, Парвондаги ғалабадан сўнг қўшинлари тарқалиб кетган Жалолиддин душманга қарши тура олмаслигини яхши англаган ва Чингизхон Ғазнага бостириб келишидан 15 кун илгари жанубга, Синд дарёси томон йўл олган. Ғазнадан 50 км масофадаги Гардиз шаҳри яқинида мўғулларнинг ҳировулини енгган саркарда яна чекинишни давом эттиради. Синд дарёси бўйидаги жанг (1221 йилнинг ноябр ойи) Хоразм қўшинининг яксон этилиши ва Жалолиддиннинг саноқли аскарлари билан мўғуллардан қочиб, омон қолишга муваффақ бўлиши билан якунланди. Шу воқеадан сўнг Хоразмшоҳнинг Ҳиндистондаги икки йиллик фаолияти бошланади.

 

Мирзо Улуғбекнинг ёзишича, Жалолиддин чекиниш чоғида ўзининг улкан хазинасини Синд сувига тўкади. Чингизхон эса дарё бўйида чодир тикиб, олтинлар ва қимматбаҳо тошларни сув тубидан олиб чиқишга буйруқ берган. Фикримизча, бу мўғулларнинг таъқибидан қутулиш учун атай қилинган тадбир эди. Бу вақтда омон қолган хоразмликлар сони аста-секин ошиб борди. Жалолиддин дастлаб теварак-атрофдаги маҳаллий аҳоли устига юриш қилиб, улардан отлар ва бошқа зарурий ашёларни тортиб олади. Унинг аскарлари сони 120 кишига етгач, унга қарши жўнатилган 2–3 минг (баъзи манбаларда 4 минг, ҳаттоки, 40 минг деб ҳам кўрсатилади) кишилик қўшин мағлуб этилган. Кейин Жалолиддин 500 аскари билан Жуд тоғи (Туз чўққи) яқинидаги мавзеда Шатра ранасининг 6 минг кишилик қўшинини мағлуб этиб, унинг ўзини ўлдиради. Ушбу ғалабадан кейин Хоразмшоҳ қўл остидаги аскарлар сони 3–4 минг кишига етган. Фикримизча, Жалолиддин тарафдорларининг бу қадар шиддат билан кўпайиб бориши Ҳиндистондаги марказий осиёликларнинг салмоғига боғлиқ эди.

 

Хоразмликлар қудратининг ошиб бориши маҳаллий ҳукмдорларни, айниқса, Синд, Лоҳур ва Мўлтон султони Носириддин Қубачани ташвишга соларди. Бунинг устига унинг Нандан ва Сакундаги ноиби Қамариддин Кармоний тез орада Жалолиддин ҳокимиятига бўйсунишини маълум қилган. Айни шу вақтда зиммасига Жалолиддинни топиб ўлдириш вазифаси юкланган жалойир қабиласидан бўлган Бала Нўён бошчилигидаги 20 минг кишилик мўғул қўшини Шимолий Ҳиндистонга бостириб кирган. Жалолиддин эса, эҳтимол, шу воқеа туфайли Шамсиддин Элтутмиш билан мўғулларга қарши иттифоқ тузиш мақсадида Деҳли томон юради ва унга элчи жўнатади. Аммо бу таклиф Элтутмиш томонидан яхши қарши олинмаган ва элчи ўлдирилган, Жалолиддин эса ортига қайтган эди. Бу орада мўғуллар ҳам талончиликларга якун ясаб, изларига қайтадилар.

 

Чингизхон Жалолиддиннинг мўғуллар учун янги муаммолар туғдириши мумкинлигини яхши англарди. Шунинг учун ҳам у Жалолиддинни ҳар томондан сиқувга олишга ҳаракат қилади. Чунончи, Ҳиндистонга юқорида эслатилган мўғул қўшини жўнатилиб, Ўқтойга эса Ғазна шаҳрини вайрон қилиш буюрилган. Албатта, ушбу шаҳар Жалолиддиннинг қайтадан кучли қўшин тузиши учун аҳамиятли эди. Рашидиддиннинг ёзишича, Чингизхон, ҳаттоки, Ҳиндистон орқали Тангут давлатига ўтиб кетмоқчи бўлган. Бироқ иссиқ иқлим ҳамда Хитойга томон олиб чиқадиган қулай йўлнинг мавжуд эмаслиги туфайли у келган йўлидан ортига қайтади. “Юан ши” йилномасига кўра, мўғуллар Ҳиндистонда “сзюе-дуан” исмли гапирувчи махлуқни учратадилар. Амалдор Елюй Чусай бунга “ёмонлик аломати” дея баҳо бергач, ортга қайтилган. Эҳтимолки, бу янгидан-янги қирғинлар ва урушларнинг олдини олиш учун амалдор Елюй Чусай томонидан атайин уюштирилган ва Чингизхон бу сафсатага ишонтирилган. Лекин мўғул қўшини Ҳиндистонни етарлича талон-тарож қилди. Дўрбой Доқшин ва Бала нўён аскарлари Қамариддин Кармоний қўл остидаги Нандан шаҳри аҳолисини қирғин қилиб, Мўлтон ва Лоҳурда ҳам турли вайронагарчиликларни амалга оширганлар. Аммо улар Ҳиндистонда Жалолиддиннинг чангини ҳам топа олмадилар.

 

Ҳиндистонда Қубача билан хоразмликлар ўртасидаги муносабатлар дастлаб низоли эмасди. Лекин кўп ўтмай икки томон уруш ҳолатига келиб қолди. Бунинг, албатта, муҳим сабаблари бор эди. Аввало, Қамариддин Кармонийнинг Жалолиддинга бўйсуниши Қубачани ғазаблантирарди. Бундан ташқари, хоразмликлар қўшини сони тобора ошиб бораверади. Жалолиддиннинг Ҳиндистондаги муваффаққиятлари унинг Ироқда ҳукмронлик қилаётган укаси Ғиёсиддин Пиршоҳ хизматидаги амирлар ва саркардаларни ҳам ўзига жалб қилади. Улардан баъзилари Ғиёсиддинни тарк этиб, Жалолиддин хизматига кирганлар. Келиб чиқиши қорахитойлардан бўлган саркарда Бароқ Ҳожиб ҳам худди шу вақтда Ҳиндистонга томон йўл олган бўлиб, Жалолиддин Мангубердининг ёки ўзига яқин қорахитой саркардалар хизмат қилган Деҳли султони Шамсиддин Элтутмишнинг хизматига киришни мўлжаллаган эди. Лекин у Кермон вилоятини ўзига бўйсундириб, Ҳиндистон сафаридан воз кечган. Ироқдан келганлар ҳисобига Жалолиддин қўшини 10 минг кишини ташкил этди. Ушбу миграция жараёни, табиийки, Қубача ҳокимиятига катта хавф солар эди.

 

Насавийнинг ёзишича, Синд жангида мўғуллар томонидан ўлдирилган саркарда Амин Маликнинг ўғли Қизилхон ҳамда бир вақтлар Ғазнада Жалолиддиннинг вазири бўлган ва эндиликда Қубача хизматидаги Шамсулмулк Шиҳобиддин Алпнинг қатл этилиши икки ўртада муносабатларнинг очиқ-ойдин душманлик тусини олишига сабаб бўлади. Бошқа муаллифлар фикрича, Жалолиддин Қубачанинг рақиби бўлган кўкарлар рожаси Сангуннинг қизига уйланиб, у билан иттифоқ тузганлиги учун уруш келиб чиққан. Хоразмшоҳ дастлаб Калор ва Тарнуж қалъаларини бўйсундириб, вайрон қилиб ташлайди. Шаҳарлар талон-тарож қилинади. Бу эса муносабатларни янада кескинлаштирди. Жалолиддиннинг кучайиб, Ҳиндистонга эгалик қилиши Шамсиддин Элтутмишни ҳам ташвишлантирарди. Шунинг учун у Қубача ихтиёрига бўлажак ҳужум учун ёрдамчи қўшин жўнатган. Синд бўйида бўлган жангда 20 минг кишилик Қубача армияси 7 минг аскар билан жўнатилган саркарда Ўзбек Тоий томонидан тор-мор этилди. Қубача дастлаб дарёдаги ороллардан бирига, кейин эса Мўлтонга қочиб яширинган. Эндиликда хоразмликларнинг ҳужумларини тўхтатиш имконсиз эди.

 

Тез орада Қубача хизматида бўлганлар ёппасига Жалолиддин томонига ўта бошладилар. Масалан, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг бир вақтлар Ҳиндистонга келиб қолиб, Қубача хизматига кирган қариндоши Тожиддин Билгатегин Учча шаҳрини тарк этиб, Жалолиддинга бўйсунишини эълон қилган. Шунингдек, Насавий бир ўринда Аламут ҳашшошийлари вакилларининг ҳам Жалолиддин Ҳиндистонда юрган чоғларда унга хизмат қилганликлари ҳақида ишора қилади. Аммо бу тўғридаги батафсил маълумотлар бошқа манбаларда учрамайди.

 

Хоразмшоҳ Жуд тоғига қайтиш чоғида Пасрам (ҳозирги Пасрур мавзеси) шаҳрида қирғин уюштирди. Бизнинг фикримизча, айни шу даврда Шимолий Ҳиндистонга мўғулларнинг яна бир ҳарбий юриши амалга оширилган. Жузжоний 1224 йилда мўғулларнинг Мўлтонни қамал қилганликлари ҳақида ёзади. Бошқа манбаларда бу юриш ҳақида маълумот берилмаган. Фақатгина Улуғбек Чиғатойнинг Мўғулистонга қайтиш олдидан Макрон, Лоҳур ва бошқа баъзи ҳудудларга ҳужумлар уюштирганлиги ҳақида эслатади. Фикримизча, Мўлтонни қамал қилган қўшин катта эҳтимол билан Чиғатой томонидан юборилган. Шу вақтда Жалолиддин урушни тугатиб, эгалланган ҳудудларни ташлаб, Мўлтонга қайтиш учун Қубачадан ўлпон (наъл баҳо) талаб қилган. Эҳтимол, Жалолиддин мўғулларни яксон қилиш учун тўсатдан Қубача билан урушга якун ясаган бўлиши мумкин. Қубача бу шартни қабул қилмади ва уруш давом этаверди. Мўғуллар эса кўп ўтмай ортга қайтадилар.

 

Жалолиддин навбатдаги жангда яна Қубачани мағлуб этди. Хоразмликлар дастлаб Мўлтонни, кейин Учча шаҳрини бўйсундирганлар. Жалолиддин Учча шаҳрини ёқиб юборишни буюради ва Садусан қалъаси томон юриш қилиниб, ушбу қалъанинг лашбарбошиси Лочин Хитой (қорахитой миллатига мансуб) жангда ўдирилди. Қалъа ноиби Фахруддин эса таслим бўлади. Кейин бирин-кетин Девал ва Дамрил қалъалари қўлга киритилиб, Гужарот ўлкасининг маркази Наҳрвал шаҳрини бўйсундириш учун саркарда Хос Хон жўнатилган эди. Шундан сўнг Хатисар қалъаси ҳокими таслим этилади. Хатисар ҳокимининг Шамсиддин Элтутмишга қарамлиги Деҳли султонлигининг нейтралитетига ўз-ўзидан барҳам берарди. Натижада Элтутмиш 30 минг отлиқ, 100 минг пиёда аскар ва 300 фил билан Жалолиддинга қарши юриш бошлайди. Жанг аввалидаёқ саркарда Ўзбек Тоий Деҳли қўшинларининг ҳировулини енггач, Шамсиддин Элтутмиш билан икки ўртада сулҳ тузилган ва ушбу урушга якун ясалган. Лекин Ҳиндистондаги келишмовчиликлар бу билан тугаб қолмади. Тез орада маҳаллий ҳукмдорлар хоразмликларга қарши ягона иттифоққа бирлаша бошлайдилар. Бу вазиятда Ҳиндистонда қолиш Жалолиддин учун фақатгина талафот келтирарди.

 

Худди шу вақтда Эрон ва Ироқдаги сиёсий аҳвол Жалолиддин ва унинг қўшинини ўзига жалб қила бошлаган. Зеро, айни чоғда Ироқда ҳукмронлик қилаётган Ғиёсиддин Пиршоҳнинг ҳокимияти заиф бўлиб, Кермон вилоятини эгаллаб олган Бароқ Ҳожиб юборган элчилар ҳам, эҳтимолки, Жалолиддинни укасидан ҳокимиятни тортиб олишга ундаганлар. Саркардалар Ироқ томон боришни талаб қила бошлайдилар. Баъзи яқинлари Элтутмиш томонга ўтиб кетишни бошлаган Жалолиддин учун ҳам бу қулай таклиф эди. Шунинг учун у ўз қўшинини олиб, Синд водийси орқали Сеистон томон йўл олган.

 

Жалолиддин Ҳиндистонда икки йил ҳукмронлик қилди. Бу давр мобайнида у Носириддин Қубача, Шамсиддин Элтутмиш, кўкарлар ҳамда ражпутларга қарашли ҳудудларни эгаллаб, ҳукмронлигини ўрнатди ва ўз номидан тангалар зарб эттирди. Шунингдек, у Девал шаҳрида ибодатхона ўрнида масжиди жоме қурдирган. Аммо айни вазият Ҳиндистонни тарк этишни тақозо қиларди. Жалолиддин эгалланган ҳудудларни бошқариш учун Ўзбек Тоий ҳамда Вафо Малик (асл исми Ҳасан Қарлуқ) исмли саркардаларни қолдириб кетади. Насавийнинг ёзишича, Вафо Малик кейинчалик Элтутмишнинг хизматига киради. Саркарда Ўзбек Тоий эса Шимолий Ҳиндистондаги ушбу вилоятларни 1230-йилда Деҳли султонлигига бой бериб, Ироққа томон йўл олган. Ушбу воқеадан бир йил ўтгач, Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ҳозирги Озарбайжон ҳудудида курд қароқчилари томонидан ўлдирилди.

 

Ҳиндистонда эса ўзаро урушлар давом этаверган. 1227 йилда Деҳли султони Шамсиддин Элтутмиш Учча ва Бҳакар шаҳарларини эгаллади. Ҳукмронликдан бутунлай мосуво бўлган Носириддин Қубача эса ўзини Синд дарёсига ташлаб, ўз жонига қасд қилган.

 

Шамсиддин Элтутмиш Деҳли султонлигини 1236 йилга қадар бошқарди. Унинг вориси Рукниддин Ферузшоҳнинг ҳукмронлигига бир йилдан кейин барҳам берилиб, Элтутмишнинг қизи малика Розия Султонбегим мамлук саркардаларнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳокимият тепасига келган. 1290 йилдан бошлаб Деҳли султонлигида Хилжийлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилди. Улар мўғуллар истилоси даврида Ҳиндистонга келиб қолган эдилар.

 

Хулоса сифатида айта оламизки, XIII асрнинг биринчи ярмида Марказий Осиё ҳамда Шимолий Ҳиндистонда юз берган воқеалар ўзаро боғлиқ тарзда ривожланиб борган. Ҳудудлар орасидаги узоқ масофага қарамай, ўлкаларнинг тарихий тақдири ягона маконда бўлгани каби хусусият касб этди. Марказий осиёликларнинг фаолияти Ҳиндистоннинг марказий минтақаларига қадар ўзига хос таъсирга эга бўлиб қолиш билан биргаликда бошқа даврлардан фарқли ўлароқ сезиларли даражада яққол кўзга ташланади. Ҳал қилувчи ва қалтис паллаларда жанг майдонининг нариги томонидан туриб рақибга тинчлик қўлини чўза олган Жалолиддин Мангуберди ҳамда Шамсиддин Элтутмишларнинг улуғворлиги эса барча замонларда ўрнак учун яхши намуна бўла олади.

 

Жасур ЛАТИПОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//