“Отлар кечувда алмаштирилмайди”, “Ғалабанинг минг битта отаси бор, мағлубият эса ҳамиша етим” – сиёсатчиларнинг машҳур иборалари қандай яралган?


Сақлаш
18:45 / 27.04.2023 1171 0

Ёзувчи ва драматург А.П.Чеховнинг “Фикрни лўнда ифода этиш истеъдоднинг синглисидир” деган гапи бор. Инсониятга асрлар давомида ҳамроҳ бўлиб келаётган “қанотли сўзлар” муаллифлари орасида илм ва ижод аҳлига нисбатан сиёсатчилар, давлат арбоблари етакчилик қилади. Бугун илм-фанда иқтибос сифатида қўлланадиган, ўзаро суҳбатларда фикримизни асослаш ёки лўнда ифода этиш учун қўллайдиган қуйма фикрлар эгалари ҳам кўп ҳолларда айнан сиёсатчилардир.

 

Шарқнинг муҳташам саройларида ҳам, Қадимги Рим императорлари қасрлари, ёйинки Уйғониш даврининг Европа қироллари ҳукуматида ҳам узундан-узоқ маърузалар ҳеч қачон рағбат топмаган. Воқеа ва ҳолатни образли ва фалсафий, шу билан бирга хотирага михлайдиган қилиб лўнда ифода этиш, давр характерига баҳо бериш, сиёсий мухолифга муносиб жавоб бериш сиёсатчининг энг зарур хислати, фазилати ҳисобланган. Бу анъана ўрта асрлардан то бизнинг кунларимизгача сиёсий иқлим ва муҳитда муҳим ва муқим талаб бўлиб етиб келди.

 

Ўрта асрлар Францияси ҳукмдори Людовик ХИВ давлат амалдорларининг ахборотлари ва таклифларини тинглаб бўлгач “Мен ўйлаб кўраман” деб бир оғиз гап айтган холос. Аммо ушбу ахборот ёки таклиф мамлакат ҳаёти учун фойдали бўлса уни ўз қарорларида акс эттирган. Ҳукумат аъзолари илгари сурилган ғоя ва таклифлар бўйича узундан-узоқ тавсия ва тузатишларни эмас, қиролнинг аниқ қарорларини кўришган.

 

Соатлаб маърузалар қилиш амалиёти ва анъанаси эса собиқ совет иттифоқида коммунистлар томонидан жорий этилган. Коммунистларнинг пленум, конференция, съезд, партия-хўжалик фаоллари йиғилиши деб аталган машваратларида газеталарнинг тўрт саҳифасига сиғмайдиган маърузалар янграган. Партия ва давлат раҳбарининг маърузалари тўпланиб, том-том китобларга айланган. Мамлакатга янги раҳбар келиши биланоқ бу китоблар кўздан панага олиниб, макулатурага топширилган. Бунинг акси ўлароқ, нотиқлик маҳорати ва бир оғиз гап билан бутун бир давр ёки воқеанинг моҳиятни очиб берган, баҳолаган машҳур сиёсат арбобларининг фикрлари эса инсоният тарихида қолди.

 

“Зарур деб ўйлаганингдан ҳам кам гапир” – бу қоида ҳаётда ҳаммага асқотади, аммо сиёсатчилар учун “темир қонун”га айланмоғи зарур, дейди, америкалик сиёсатшунос олим Роберт Грин. Айрим ҳукмдорлар ўз мақсади ва маслагини фақат сўз билан эмас, амалий ҳаракати билан ҳам ифода этиш истеъдодига ҳам эга бўлишган. Рус подшоси Николай биринчи “фахр” билан, “Ёзувчиларни шундай йўлга солдимки, улар нафақат гап-сўзларим мағзини чақадиган, ҳатто ўй-хаёлларимни ҳам илғаб оладиган бўлишди”, деган.

 

ХХ асрнинг 60-йиллари бошида шундоқ “бурнининг тагида” энг ашаддий рақиби собиқ СССР ҳомийлиги ва сиёсий мафкурасига мос давлат – Куба пайдо бўлаётганини кўрган Америка Ф.Кастронинг инқилобий ҳукуматини ағдариш учун қуролли экспансия уюштиради. Аммо бу уриниш муваффақиятсизликка учрайди. Шундан сўнг бутун Америка – Конгресс, оммавий ахборот воситалари, сиёсат ва жамоат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари мағлубиятга ўша пайтдаги президент Ж.Кеннидини айблашади. Ўша вақтда президент алам билан “Ғалабанинг минг битта отаси бор, мағлубият эса ҳамиша етим” деган бугун ҳам кўп қўлланадиган афоризм билан жавоб қайтарган. Ж.Кеннеди ўзини бу гапини шундай шарҳлаган: мабодо мазкур операция ғалаба билан якунланганида эди, албатта Конгресс “биз ўз вақтида қабул қилган қонун ва қарорлар туфайли”, ОАВ эса “биз жамоатчилик фикрини ватанпарварлик ўзанига бурганимиз учун”, яна аллақандай сиёсатчилар “биз ўз вақтида президентга шундай тўғри таклиф ва маслаҳат берганимиз учун ана шундай натижага эришдик” дер, ҳар бири ўзини “Ғалаба меъмори” сифатида тақдим этган бўлурди. Яъни ғалабанинг “отаси” бўлишга даъвогарлар кўпайиб кетарди. Мағлуб бўлганимиз учун энди бутун Америка жамиятини “бунга бизнинг бирор алоқамиз йўқ”, “ҳаммасига фақат президент айбдор” деган васваса қоплаб олди. Кеннидининг шу гапидан сўнг, танқидлар ҳовури босилиб, айбдорни қидириш эмас, қандай йўл танлаш лозимлиги устида бош қотириш бошланган.

 

АҚШда қулчилик тизими бекор қилганлиги билан машҳур бўлган президент Аврам Линколннинг “Отлар кечувда алмаштирилмайди” деган гапи ҳам тарих қатларидан муносиб жой олган. 1860-йил 6-ноябрь куни Авраам Линколн АҚШнинг 16-президенти этиб сайланади. У Америкада қулчиликни тугатиш тарафдори эди. Шу боис мамлакатнинг жанубидаги йирик қулдорлар 1861-йил 4-февраль куни Конфедерация тузиб, ўзларини мустақил давлат деб эълон қилишади ва шимолий штатларга қарши уруш бошлайдилар. Бу тарихга фуқаролар уруши сифатида кирган. 1862-йил 22-сентябрь куни барча қуллар озод деб эълон қилинади. 1864-йил президентлик сайловларида Линколн иккинчи марта ўз номзодини қўяди. Бу пайтда ҳали фуқаролар уруши давом этар, жанубий штатлардаги қуллар озодликка чиқмаган эди. Бир сўз билан айтганда, Линколн бошлаган ишлар ҳали ўз ниҳоясига етмаганди. Шу боис сайлов жараёнида президент Линколн ўзининг иккинчи марта сайланиши лозимлигини “Отлар кечувда алмаштирилмайди” деб баёнот бериш билан изоҳлаган. Натижада 1865-йил Линколн бошчилигида шимолий штатлар, яъни АҚШнинг қонуний ҳукумати урушда ғалаба қозонади.

 

Наполеон ҳукуматида ташқи ишлар министри бўлиб ишлаган Талейраннинг назокати, ақл бовар қилмас зукколиги ва заковати олдида тарбия кўрган ҳар қандай асилзода бош эгарди. Ҳақиқатан ҳам у оқсуяк насабли, демократия ва республика тузуми тарафдори бўлишига қарамасдан, қироллик саройининг энг латиф одатлари, одобини ўзида мужассам этганди. Ана шу закий вазирнинг америкаликлар ҳаётини яхши ўргангандан кейин айтган “Америкада ягона ва умумий сиғиниш воситаси – пул” ибораси ҳамон АҚШ ижтимоий ҳаёти тадқиқотчилари учун тимсол сўз бўлиб қолмоқда. Тарихдан маълумки, мағлубиятга учраб, сургун қилинган Наполеон 1815-йил яна тахтга қайтишга муваффақ бўлади ва юз кун ҳукмронлик қилади. Тахтни қайта эгаллаган Наполеон биринчи кунданоқ Талейранга ташқи ишлар вазири лавозимини таклиф қилиб, Францияни мағлубиятга учратган иттифоқчи давлатлар билан ярашув сулҳини тузиш учун музокара олиб боришини сўрайди. Лекин зодагон Талейран унинг аллақачон “сиёсий мурда” эканини яхши билар, тахтни узоқ ушлаб қололмаслигини сезарди. Ва бу таклифга “Император вақтдан адашди. Кечикдингиз”, деб жавоб қайтаради. Чунки у 1806-07 йиллардаёқ Россия, Англия, Пруссия билан музокаралар олиб боришни, Европада тинчликни сақлаб қолиш кераклигини Наполеонга айтган эди. Собиқ вазир бу гапи билан музокаралар вақти аллақачон ўтиб кетганини, Наполеон катта хатога йўл қўйганини императорга эслатиб қўяди.

 

Франция қироли Людовик ХИВ (1638-1715) эса “Бўшаб қолган бирор лавозимга кўпчилик амалдорлар қирол мени тайинласа керак, деб умид қилиб юришади. Шу вазиятда бирор киши ишга тасдиқлангандан сўнг айни мансабга фақат ўзини муносиб деб билган юзлаб даъвогарлар қалбида норозилик пайдо бўлади. Энг қизиғи, лавозимга тайинланган кимса ҳам яхшилик ва мурувватнинг қадрига етмай, кўпгина ҳолларда кўрнамаклик қилади. “Бўшаб қолган лавозимга кимнидир тайинлаб, ҳар сафар юзлаб норози ва битта яхшиликни билмайдиган кўрнамак одамни дунёга келтираман” дея ёзиб қолдирган.

 

Сиёсий етакчиси учун халқ кайфиятини теран илғаш, одамларнинг руҳий ҳолатини сезиб туриш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки иккиланиб турган, мақсади мубҳам одамлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги аён ҳақиқат. Аммо одамлар кайфиятини, руҳиятини ўзгартирадиган, энг муҳими инсон юрагига етиб бориб, ҳаракатга ундайдиган ёниқ сўзни топиб айта олиш фақат салоҳиятли ва тажрибали етакчигагина хос.

                                                              Жалолиддин САФОЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//