Амир Темур бунёдкорлиги деганда Соҳибқирон томонидан амалга оширилган кенг қамровли ишлар ва унинг натижасида барпо этилган шаҳарлар, қўрғонлар, карвонсаройлар, бозорлар, работлар, суғориш тармоқлари, экинзорлар, боғ-роғлар, масжидлар, хонақоҳлар, мақбаралар кўз олдимизга келади ва улар ҳақида ёзма маълумотлар ўз даври муаллифлари асарларида ёзиб қолдирилган. Ушбу мақолада мавзуга дахлдор воқеликлар айрим мисоллар таҳлили орқали ифода этилди.
Жоме масжид. Бу ҳақда ёзма манбаларда берилган маълумотлар бир-бирини тўлдиради. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида мазкур масжид қурилиши Амир Темурнинг олий фармони билан якшанба куни, рамазон ойининг тўртида, тарих саккиз юз бирда (1399 йил 10 май) бошланган. Қурилиш ишига Озарбайжон, Форс, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан беш юз нафар сангтарош жалб этилган ва яна беш юз киши тоғларда тош кесиб, бу тошлар Ҳиндистондан келтирилган 95 та бақувват филлар (занжир-пил) ёрдамида тоғдан Самарқандга ташилган, ҳўкизлар қўшилган аравалардан ҳам фойдаланилган, масжид учун ҳар бирининг узунлиги етти газ келадиган 480 та устун тоғдаги тошлардан йўниб келтирилган; масжид баландлиги ердан то томигача ўн газ, эшиги етти хил металл қоришмасидан (ҳафт жўш), меҳроби металлдан бўлган. Амир Темур масжид қурилишига шаҳзодалар ва амирлардан иш юритувчилар тайинлаган.
Ҳофизи Абру бу ҳақда, тамоми рубъи маскунда унингдек иморатни кўрсата олмайдилар: масжиднинг пойдевори хоро тоши (гранит)дан, меҳроби пўлатдан эканлиги, унга ғаройиб шакллар, ажойиб нафисликлар, латиф ёзувлар ва нозик саъаткорликлар қилингани, тўрт рукнида тўртта минора қурилгани, саҳни ва томи – ҳаммаси тошдан маҳорат билан ишланганини ёзади.
Амир Темур аксари вақтини масжид қурилишига ажратган ва ўша яқин-атрофда жойлашган Хоним (Бибихоним) мадрасаси ва Туман-оғо хонақоҳида (Туман-оғо номи билан боғлиқ хайрли иморатлар жумласига Қусам ибн Аббос (Шоҳизинда) меъморий мажмуасида яратилган масжид ва мақбара ҳам киради ва масжиднинг жанубий эшиги устига мазкур иморат Амир Мусонинг қизи Туман-оғо томонидан қурилгани ёзилган) туриб, ишларни шахсан ўзи назорат қилган. Қурилиш ишлари Амир Темур етти йиллик юришда вақтида ҳам давом этган ва сафардан қайтгач, унинг кириш эшиги торроқ ва пастроқ қурилганини кўриб, буздириб, кенгроқ ва баландроқ қилиб қайта қурдирган. Клавихо ўз “Кундалиги”да масжиднинг мазкур қисми қайта қурилишини бевосита Амир Темурнинг ўзи мунтазам назорат қилгани ва қурувчиларни рағбатлантириб тургани ҳақида ёзади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида Жомъе масжиднинг мазкур пештоқига оид нодир маълумот ёзиб қолдирган: “(Темурбек Самарқанд шаҳрида) Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир Масжиди жумъа солибтур... Масжиднинг пештоқи китобасида бу оятни – Ва из ярфаъу Иброҳиму-л-қавоъида (ни) – андоқ улуғ хат бирла битибтурларким, бир курўҳ (... курўҳ (кўруҳ) – узунлик ўлчов бирлиги (шаръий), тахминан 2 км) ёвуқ ердин ўқуса бўлур” 2-сура (Бақара сураси), (Ушбу оятнинг тўла матни таржимаси қуйидагича: Эсланг, Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан биргаликда Уйнинг (Каъбанинг) пойдеворини кўтарганларида, (шундай дуо қилдилар): “Эй, Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Донодирсан). Мазкур оятда Иброҳим ўз ўғли Иброҳим билан муқаддас масжид Каъба уйи пойдеворини кўтарганларида айтган сўзлари келтирилган. Амир Темур ҳам ўзи барпо этган Жомъе масжид пештоқига ушбу сўзларни битмоқни лозим деб топган).
Жоме масжид пештоқига ёзилган ушбу ёзув бугунги кунда сақланмаган бўлса-да, унга ўхшашини ҳозиргача мавжуд Оқсарой деворидаги улкан битиклардан билса бўлади ва бу ҳолат, ўз навбатида, Амир Темур ўзи яратган иморатларга жуда катта ўлчамда битиклар ёздиришни буюргани маълум бўлади.
Муҳим томони, ушбу Жоме масжид учун гранит тошлардан иборат маҳаллий қурилиш материаллари ишлатилган ва улар, Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида таъкидлаганидек, Самарқанд яқинидан, тоғдан келтирилгани айтилади. “Бобурнома”да бу тоғ хусусида ҳамда ундан тош қазиб олинадиган жой ҳақида бир аниқлик бор ва унда: “Самарқанд била Кеш орасида бир тоғ тушубтур, Итмак добони дерлар, сангтарошлиқ қилур тошларни тамом бу тоғдин элтарлар”, деб ёзилган. Кун тартибидаги вазифа, Самарқанд иморатлари учун махсус тошлар қазиб олинган жой археолог ва геолог олимларимиз ҳаракати билан аниқланса, бугунги кунда Самарқанддаги Амир Темур Жоме масжидига зиёратга келган туристларга ушбу ёдгорлик ҳақида сўзловчи экскурсоводлар учун қўшимча муҳим маълумот бўларди.
“Боғи Беҳишт”. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Соҳибқирон Амир Темур 779/1377 йили Амир Мусонинг қизи Туман-оғони ўз никоҳига олганини ёзаркан, унинг учун Самарқанднинг ғарбида, ўн икки юлдуз (бурж) сонига мувофиқ, ўн иккита боғни битта қилиб (бир боғ) яратгани ва унда олий қаср барпо этиб, уни “Боғи Беҳишт” деб атагани ҳақида хабар беради.
“Он ҳазратнинг муборак хотири ҳурлар зотидан бўлган малаксимон маликанинг кўнглини хушлаш учун жаннат мисол бир бўстон барпо этилишини тақозо этди. Бу ҳақда тезда фармон берилди ва Самарқанднинг ғарбида юлдузлар уй (бурж)ларининг сонига мувофиқ ҳолда бир-бирига туташ ўн иккита боғдан иборат битта боғ яратдилар. Унда бир муҳташам кўшк ҳам қурдилар, яхшилаб безадилар ва номи ҳам ўзига мос қилиб қўйилди, яъни “Боғи биҳишт” деб аталди”, деб ёзади тарихчи бу ҳақда.
“Боғи биҳишт” Соҳибқироннинг доим эътиборида бўлган ва етти йиллик юришдан қайтгач, узоқ Кастилия (ҳозирги Испания)дан ташриф буюрган Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги элчиларга ҳам шу боғда катта зиёфат уюштирган эди. Клавихо ушбу боғнинг ҳашаматини анча батафсил ёритган. У ёзган муҳим маълумотлардан бири, боғда одамлар сайр қиладиган хиёбонлар ва йўлкалар борлиги эслатиб ўтилганидир.
Демак, Амир Темур Самарқанд шаҳри атрофида яратган ўндан ортиқ боғлар ичида дастлабкиси “Боғи Беҳишт” бўлиб, ўз тузилиши билан бошқа боғлардан фарқ қилган, аниқроғи унда ўн иккита боғ яратилиб, улар битта боғ таркибига бирлаштирилган эди. Шу ўринда Амир Темур томонидан ўн икки рақамига алоҳида эътибори тадқиқотчилар томонидан турлича талқин қилинишини эслатиб ўтмоқчимиз. Соҳибқирон наздида ўн икки рақами астрономик тушунча бўлиб, ўн икки буржни англатган. Амир Темур ўз даврида астрономия ва астрология билан қизиққан, хизматида мунажжимлар ишлагани манбаларда қайд этилган; Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Абдуллоҳ Лисон унинг таниқли сарой мунажжими сифатида эслатилади.
Боғи Дилкушо. Амир Темур 799 (1396) йил кузида Конигил ўланги чеккасида боғ қуришга буюради ва кишининг баҳри-дили очиладиган жой бўлганлиги учун уни “Боғи Дилкушо” деб атайдилар. Боғ тўртбурчак шаклда бўлиб, ҳар бир томонининг узунлиги 1500 шаръий газ (тахм. 1 км) ва марказида уч қисмдан иборат баланд гунбазли бир қаср қурилган эди.
Мазкур боғ ўша кезларда совчилар жўнатилган Ҳизрхожахоннинг қизи Тугал хонимга аталган эди. Боғ қурилиши тугагач, Соҳибқирон қишлов учун Тошкент вилоятига боради. Ҳижрий 800 йил рабиъул-аввал ойининг боши (милодий 1397 й. 22. XI.)да Тугал хоним ҳозирги Тошкент вилоятининг Чинос қишлоғида қишловда турган Амир Темур ҳузурига етиб келади. Амир Темур ўша ерда катта тўй қилиб, уни ўз никоҳига олади.
“Боғи Дилкушо” ҳақида Заҳириддин Бобур муҳим маълумот келтиради: “Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи Боғи Дилкушодур. Андин Феруза дарвозасиғача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктурубтур. Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкта Темурбекнинг Ҳиндустон урушини тасвир қилибтурлар”.
Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”да Амир Темур етти йиллик юришдан қайтганда Боғи Дилкушода катта базм ташкил қилиб, Кастилия элчиларини қабул қилгани ҳақида хабар беради. Клавихо ҳам ушбу қабул тўғрисида жуда муфассал ёзган: “Ул боғнинг кириш дарвозаси жуда катта ва баланд бўлиб, олтин, лазурь ва (ўйма) нақшлар билан безатилган; дарвоза олдида кўпсонли дарвозабонлар қўлларида гурзи кўтариб турардилар. Қанчалик одам кўп бўлмасин, дарвозага яқинлашишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. .. Сеньор (Темурбек) ўша ердаги ҳашаматли хонага кирадиган эшик олдида, баланд супада ўтирарди; олдида отилиб турган фаввора жойлашган бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди”.
Самарқанддан жанубий йўналишда Кеш (Шаҳрисабз)га боришда ҳозирги Тахта Қорача довонигача манбаларда учта боғ қайд этилган: Боғи Давлатобод, Боғи Қаротўба, Боғи Тахти Қароча.
Боғи Тахти Қароча ҳақида ўша давр тарихчилари баён қилган маълумотларга тўхталмоқчимиз. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида мазкур номда иккита жой қайд этилган: бири – Шероз атрофида; Амир Темур уч йиллик юриши чоғида 1397 йил декабрда лашкар билан Форс мамлакатининг пойтахти Шерозга етиб боради ва шаҳар ташқарисидаги Тахти Қароча деган жойда тўхтайди; иккинчиси – Самарқанддан Кешга борадиган йўлдаги тоғ ён бағрида; Шарафиддин Али Яздий ёзишича, у ердан Самарқандгача масофа етти фарсах (тахм. 45 км) келади. Амир Темур бир боғ яратишни ва боғ ичидаги баланд жойда бир кўшк қуришни буюради. Боғ ичидан ўтган сойдан шарқираб сув оқарди. Фармонга мувофиқ боғ қурилиши якунига етгач, Амир Темур Форс мамлакати маркази Шероз шаҳрида бўлганидан эсдалик сифатида, бу боғни “Тахти Қароча” деб атади. Тарихий кечинмалар баёнига кўра, мазкур боғ қурилишининг вақти 1398 йил баҳорига тўғри келади. Тахти Қароча боғидан довонгача оралиқда Қутлуғ Юрт деган аҳоли маскани ҳам бўлган. Ибн Арабшоҳ ҳам бу боғни эслатиб ўтган: “Самарқанд билан Кеш ўртасида бир бўстон барпо этиб, унда бир қаср қурдирди ва уни Тахти Қарача деб атади. Ҳикоя қиладиларки, қаср қурувчиларидан бировининг бияси йўқолиб, олти ой шу бўстонда ўтлаб юргандан кейин уни топиб олган”.
Бу ерда ҳозирги ҳолатда Зарафшон тизмасининг Самарқанд вилояти билан Қашқадарё вилояти ўртасидаги қисмида жойлашган довон хусусида сўз бормоқда. “Бобурнома”да унинг номи “Итмак добони” деб аталган ва у ердан Самарқанд иморатлари учун тошлар қазиб олингани юқорида айтиб ўтилди. Темурийлар даврига мансуб бошқа тарихий манбаларда унинг номи Кеш довони (ақбаи Кеш) шаклида берилган. Ҳозирги номи Тахтақорача довони, абсолют баландлиги 1675 м. Маълум бўладики, Амир Темур ўз вақтида барпо этган боғ ва кўшкнинг номи, вақт ўтиши билан, довон номига айланган. Амир Темур бунёдкорлиги ҳақида ўз даври муаллифлари асарларида ёзиб қолдирилган маълумотлар асосида юқорида келтирилган таҳлилдан тарихий воқеликларни тўлароқ ёритишда манбаларни қиёсий ўрганиш зарур, деган хулоса келиб чиқади.
Омонулло БЎРИЕВ,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти тарих фанлари доктори;
Абдулҳамид МУТАЛИЕВ,
ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходим
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ