Адабиёт
«Бухоро амирлиги қулатилганда Саййид Олимхон бор бойлигини олиб қочган», «Рус босқинчилари бир неча вагон тилла ортиб кетган», «Амирнинг Шветсария банкларида ҳалиям пули бор...» қабилидаги гаплар қулоғимизга чалинган. Хўш, бу ҳақиқатми ёки уйдирма? Бухоро ҳукмдорлари чиндан шунчалик бадавлат бўлганми? Уларнинг хорижий мамлакатларда кўчмас мулклари кўпмиди? Бугун ушбу масалага қизиқиб кўрамиз. Мақолани ёзишга Фаcэбоок тармоғида Бухоро амирининг Санкт-Петербургдаги қасри ҳақида эълон қилинган пост сабаб бўлди.
Бухоро амирлиги хазинаси хусусида...
...ёзилган маълумотлар турлича. Айримлари ишончли бўлса, айримлари халқ орасида тарқаган шунчаки гап-сўзларга асосланган. Бухоро тарихи бўйича йирик мутахассислардан Қаҳрамон Ражабовнинг Файзулла Хўжаев фаолиятига бағишланган китобида келтирилишича, 1920 йили совет қўшинлари томонидан талон-торож қилинган Бухоро хазинаси ўша пайтдаги рус рублига ҳисобланганда 77 миллион олтин рублга тенг бўлган, бу бугунги кунги курс билан баҳоланса 80 миллиард доллар атрофида бўлади.
Навоий кон-металлургия комбинатининг собиқ директори Николай Кучерский берган маълумотларда Бухоро амирининг 1920 йилдаги олтин захираси 250 тонна бўлгани қайд этилган (солиштириш учун: Жаҳон олтин кенгашинг 2022 йил декабрда чиқарган рўйхатида Ўзбекистон 362 тонна олтин заҳираси билан жаҳонда 15-ўринда турибди). Рус-Осиё банки ходими К.К.Юдакиннинг ёзишича, Амир Олимхоннинг бойлиги 15 миллион фунт стерлинг деб баҳоланган. Юқоридаги ҳисоб-китоблардан келиб чиқсак, бу сумма амирнинг шахсий бойлигини ташкил қилгани англашилади. Яъни давлат хазинасидан ташқари. Биринчи Жаҳон уруши йилларида Россия армияси эҳтиёжлари учун ҳар йили 1 миллион рублдан хайрия қилганини оқподшога юборган телеграммаларидан билиш мумкин. Бунинг эвазига Оқ бургут ва Александр Невский орденлари билан тақдирланган, Рус армиясининг генерал-лейтенанти унвони берилган.
Умуман, Россияга қарам этилганидан кейин Бухоро амирлиги ижтимоий-иқтисодий ҳаётида орқага кетиш янада кучайди. Деҳқончилик учун сув етмай қолди ва бу қурғоқчилик келтириб чиқарди. Чунки Зарафшон дарёсини Россия мулозимлари тўсиб қўйганди. Асосий даромад эса солиқлар ҳисобига қўлга киритилган. Аҳмад Дониш «Рисола»сида ёзишича, Саййид Абдул Аҳад тахтга ўтирганидан кейин Россия пойтахтига бориб-келишга қарор қилади. Бу илк сафарга совға-салом учун 45 миллион рус тангаси сарфланган. Юртга қайтиилгандаги ҳисоб-китоблар ҳақида гапирганда 100 миллион рус тангаси харж этилгани ва бунинг ўрни халққа солиқ солиш орқали қоплангани ёзилади.
Бухоро совет қўшинлари томонидан эгаллангач, амирлик хазинаси поездга ортиб кетилган. Давлат ҳужжатлари ҳам Россияга олиб кетилган ва ҳозирда Москва ва Петербург архивларида сақланади. Шунинг учун бу борадаги аниқ рақамларни топишнинг иложи йўқ. Бундан ташқари, амир Олимхоннинг хорижий банклардаги ҳисоб рақамларида ҳам маблағи бўлган. Чунки бу даврда банкка пул қўйиш ҳукмдорлар учун одатий ҳол эди.
Энди асосий масалага келсак...
...Бухоро амирининг марказий қароргоҳи Арк қалъаси бўлган. Шаҳар ташқарисида ҳам бир қанча саройлар бор эди. Ёзги қароргоҳ Циторайи Моҳи Хосса, Ширбудун, Когондаги сарой, Кармана туманидаги Мирзачорбоғ шу жумладан. Даниялик сайёҳ Оле Олуфсен хотираларида шаҳар ичида Қоплон ҳамда Қуйи ҳовли деган саройлар бўлганини ёзиб қолдирган. Бу иморатлар манғитлар ҳукмронлиги йилларида қурилган. Қуйи ҳовли, Ширбудун Амир Музаффар замонида, Циторайи Моҳи Хосса бир қанча амирлар даврида давомий суратда барпо этилган. Когон ва Карманадаги саройлар эса Абдул Аҳад даврига оид.
Бухоро амирининг мамлакат ташқарисида ҳам бир қанча мулклари бўлган. Аслида Бухоро ҳукмдорлари азалдан мусулмон давлатларда хайрия ишларини қилиб турган. Имомқулихон Каъбани таъмирлаш ишларига маблағ ажратгани маълум. Лекин Бухоро амирлигининг охирги 50 йили Россия билан боғлиқ кечди ва сўнгги амирлар бу давлатга тез-тез борадиган бўлди. Масалан, Саййид Абдул Аҳад Петербургга бир неча марта сафар уюштирган. Тифлис (Тбилиси)га ҳам сафари ҳақида ёзиб қолдирилган. Амир мана шундай сафарлари учун ўзига қароргоҳлар барпо эттирган. Биринчиси ўша пайтдаги пойтахт Петербургда Олимхон учун қурилган, иккинчиси Қиримнинг Ялта шаҳрида ва учинчиси Ставропол ўлкаси Железноводск шаҳрида бунёд қилинган. Абул Аҳад Петербург масжиди қурилишига ҳам маблағ ажратган. Амирликнинг Оренбургда жойлашган ваколатхонаси ҳам Бухоро ҳисобида бўлган.
Бухородаги қароргоҳларнинг айримлари, хусусан, Ширбудун, Қуйи ҳовли, Қоплон, Мирзачорбоғ саройлари бузилиб кетган. Россиядаги қароргоҳлардан эса ҳамон фойдаланиб келинмоқда. Амирлик қулатилиб, барча мулклар давлатга ўтган. Петербургдаги уй ҳали Олимхон тахтда ўтирган пайтда, 1917 йили Петроград гарнизони ихтиёрига ўтказилган. Кейинроқ эса аҳолига хонадон сифатида бўлиб берилган. Уй билан боғлиқ бир қанча афсоналар ҳам тўқилган.
Ялтадаги саройнинг номи Дилкушо бўлиб, 1917 йилгача амир мулки ҳисобланган. Совет ҳукумати ўрнатилганидан кейин национализация қилинган. 1921 йили бу бинода Ялта Шарқ музейи очилган. 1924 йилдан бошлаб эса санаторийга айлантирилган. Ҳозир саройда Ялта санаторийсининг кутубхонаси жойлашган. Железноводскдаги саройнинг қисмати ҳам деярли шундай якун топди. 2017 йилгача санаторий вазифасини бажарган, шу йили Кавказ минерал сувлари санаторийси ҳудудида меҳмонхонага айлантириш учун 49 йилга фойдаланишга бериб юборилди.
Бухоро амирининг Макка ва Мадина шаҳарларида бир қанча меҳмонхоналар қурдиргани ҳақида маълумотлар бор. Аммо уларнинг кейинги тақдири бизга номаълум.
Хулоса чиқарадиган бўлсак...
...ўз жойида ишлатилмаган бойликлар кейинчалик бошқалар томонидан талон-торож этилиши мумкинлигини англаш қийин эмас.
Муттасил урушларда қўлга киритилган ўлжалар, ночор халқни яна қийнаб йиғилган солиқлар эвазига тўпланган хазинани мамлакат ривожи, инфратузилма яратиш ёки илм-фанга йўналтириш, фойдали соҳаларга сармоя қилиш ўрнига, хорижий давлатларда дабдабали саройлар қурдириш, ўйин-кулги ва маишатбозликка сарфлаган Бухоро амирларининг аччиқ қисмати барчага ўрнак бўлгулик.
Давлат хазинасини ўзиники деб билиб, хоҳлаганча тасарруф этиб ҳавога совурган бебош амалдорлар фожеасидан, узоқни ўйламай қилинган саъй-ҳаракатларнинг машъум оқибатларидан ибрат олиш ҳозир ҳар қачонгидан ҳам зарур. Зеро, тарихни ўрганишдан кўзланган мақсад бугун учун керакли хулоса чиқармоқдир.
Жаҳонгир ОСТОНОВ,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ