Қутлуғ ер-сув эътиқоди – эски туркийларнинг табиатга муносабати ҳамда “қўриқ ерлар” тизими


Сақлаш
18:14 / 18.04.2023 899 0

Кунчиқарда Сибир ва Олтой, кунботарда эса Қора денгиз бўйларигача ястанган улкан кенгликларда деярли икки минг йилдан бери яшаб келаётган турли туркий эл-улуслар юзлаб сиёсий уюшмалар – хонликлар ва бекликлар тузгандилар. Ғарблик олимлардан бири шундай таъкидлайди: “Дунёда уй, иморат қурмайдиган эл йўқ, бироқ улар орасида биттаси борки, туркийлардир – улар давлат қурадилар”. Шундай хусусиятлари билан бўй кўрсатган ота-боболаримиз маданиятининг оз ўрганилган томонлари кўп, улардан бири, бизнингча, “қўриқ” ёки “қўриқхона”лардир.

 

Бир учи Узоқ Шарқ – Кореягача, иккинчи учи эса Шарқий Европагача чўзилган улкан салтанат бўлмиш Турк хоқонлиги (552–744) бошқаруви чоғида Ички Осиё тупроқларидан юриб ўтган хитой ва юнон элчилари, шунингдек, роҳиблари эски туркларнинг яшаш йўсини, кундалик турмуши ва инонч тизими тўғрисида сўз юритар экан, уларнинг она табиат билан қанчалик уйғун яшашларига тўхталиб ўтганлар. Ўрнак учун, VII юзйилликнинг 30-йилларида ўз она юрти – Хитойдан йўлга чиқиб, Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкалар орқали Ҳиндистонга будда топиноқларига боришни кўнглига тугган роҳиб Сюан Цзан (629–645) ёзиб қолдирган билги – маълумотларга кўз югуртирсак, туркийлар маданиятида “қўриқ” ерлар қанчалик ардоқланганига таниқ (гувоҳ) бўламиз. Хитойнинг Гансу, Дунхуан каби кунботар ўлкаларидан ўтиб, Шарқий Туркистондаги Гаочан (Турфон/Урумчи), Куча, Оқсув каби шаҳарлар орқали Ўрта Осиёга кириб келган ушбу роҳиб, хоқонликнинг Суяб (Тўқмоқ), Тароз, Мерке сингари шаҳарларида бир сира қўноқ бўлади. Бу ерларда у Ҳинд ўлкасига бориш учун хоқонликка қарашли Чоч, Уструшона, Суғд, Тўхористон, Кобулистон ерларидан ўтиши, бунинг учун эса турк хоқонидан ёзма рухсат олишига тўғри келади. Айтиб ўтилган ушбу ўлка ва шаҳарлар турғунларининг яшаш йўсини тўғрисида ўз кўрган-кечирганларини қоғозга туширган хитой роҳиби Тароз ва Мерке шаҳарлари орасидаги ерлар – Тангритоғ (Тяншан) этакларидаги “Бинг-йул”, яъни эски туркча “Минг булоқ” деб аталадиган ерга айрича тўхталиб ўтади. Сюан Цзаннинг урғу беришича, бу ер Тун ябғу-хоқоннинг ёз ойларида иссиқдан сақланадиган жойи бўлиб, унинг ёзлик қўналғаси айнан шу ерда ўрнашган эди. Кези келганда айтиб ўтиш керак, хитой йилномаларида “Чян-Чюан”, яъни “мингта булоқ” деб ҳам тилга олинган Бинг-йул (Минг булоқ) Чочнинг шимолида ўрин олиб, Ғарбий Турк хоқонлиги (568–740) бошқарувчиси Тун ябғу-хоқон (618–630) ўз бошқарув маркази – “ўрда”сини айни шу ерга кўчирган эди [Бичурин 1950, I: 283].

 

Роҳибнинг келтиришича, бу ерда мингга яқин катта-кичик булоқлар бўлиб, теграси ям-яшил ўтлоқлар ва узун-узун оғочлар билан қопланган эди. Роҳиб бу ер Тун ябғу-хоқоннинг махсус қўриқхонаси эканини урғу бериб, қуйидагича ёзади:

 

“Минглаб булоқ ва кўл борлиги учун бу ер “Чян-чюан” деб аталади. Турк хоқони ҳар йили ёз ойларини бу ерда ўтказади. Бунда кийик мўл, улардан кўпчилигининг бўйнига қўнғироқли тасма боғлаб қўйилган. Улар одамларга ўрганиб қолгани учун ҳуркиб қочмайдилар. Хоқон бу кийикларни яхши кўради ва қўл остидагиларга “Бирор киши бу кийикларни ўлдирмоқчи бўлса, уни ўлим кутади ва кечирилмайди” деб буйруқ берган” [Ekrem 2003: 116].

 

Сўзларини Минг булоқдаги кийикларнинг сўнгги кунларигача бу ерда яшашлари билан тугаллаган ушбу хитой роҳиби кундалигидан англашиладики, ўша чоғларда туркий эллар орасида “қўриқхона” тизими кенг ёйилган эди. Ундан юз йилча кейин – VIII юзйилликнинг 20–30-йилларида Тангритоғнинг кунгай ва кунботар томонларида – Фарғона, Чоч (Тошкент) ва Исфижоб) Сайрам теграларидаги тоғ этакларида бўлган араблар ҳам турк хоқонларига қарашли қўриқланадиган ерлар тўғрисида тўхталиб ўтишган. Ўрнак учун, IX юзйилликда яшаб ўтган араб тарихчиси Абу Жаъфар ат­-Табарий ўзининг «Тарих ар­русул ва­л­мулук» (“Пайғамбарлар ва ҳукмдорлар ўтмиши”) асарида 736 йилги воқеаларни ёритар экан, турк хоқонига тегишли яйловларга мўл тоғ – қўриқ борлиги, унга бирор кишининг яқинлашиши ёки ов қилиши таъқиқлангани тўғрисида ёзиб, бу ер хоқонлик қўшинига урушлар чоғида захира етказиб беришга мўлжаланганига урғу беради [Табари 1987: 242].

 

Табарий билан деярли бир даврда яшаган Абу Бакр ан-Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” асарида ўрин олган билгилар ҳам туркийларда “қўриқ” ёки “қўриқхона” тизими анча кенг тарқалгани, туркий бошқарувчилар қаерда бўлмасин бу тизимни ўрнатишга интилганликларини кўрсатади. Наршахий Қорахонийлар сулоласи (940–1212) бошқарувчиларидан бири Малик Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим Тамғочхон тўғрисида ёзиб, унинг Бухородаги ишларига қуйидаги тўхталади:

 

“Малик Шамсулмулк дарвозайи Иброҳим олдидан кўп даромадли ерларни сотиб олиб, дарвозагача қарийб ярим фарсанг келадиган жойда гўзал боғлар барпо этди, иморатларига кўп маблағ ва хазиналар сарф қилди ва у жойга Шамсобод деб ном берди ҳамда Шамсободга туташ қилиб подшоҳликка хос отлар учун бир ўтлоқ жой барпо этди ва уни ғўруқ (қўруқ) деб атади ва узунлиги бир мил миқдорида мустаҳкам девор билан ўраб, ичига бир қаср ва бир каптархона қурди. Бу ғўруқ ичида буғу, кийик, тулки ва айиқ каби ёввойи жониворларни (ҳам) сақлар ва уларнинг ҳаммаси ўргатилган эди. Ғўруқ баланд деворлар билан ўралган бўлиб, жониворлар қоча олмас эдилар” [Наршахий 1966: 16].

 

Қорахонийлар сулоласининг кучли хоқонларидан бири бўлган Иброҳим Тамғочхон 1068 йили тахтдан воз кечгач, унинг ўғли Шамсулмулк Туркистондаги бошқарувни қўлга киритиб, умрининг сўнгги йиллари – 1080-йилларгача кўплаб қурилиш ишларига бош-қош бўлган эди. У томонидан Бухоро шаҳри ва теграсида кўпгина уй-жойлар қурилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиши билан бирга, турли ҳайвонлар сақланадиган “қўриқ”нинг барпо этилиши Қорахонийлар сулоласи бошқарувчиларининг давлатни биргина сиёсий томондан кучайтиришга эмас, балки ўз қўл остидаги ерларни маданий ва иқтисодий томондан юксалтиришга уринганликларини кўрсатиб турибди. Хон ва хоқонларнинг бу каби эзгу ишлари ўз-ўзидан бўлмай, унинг негизида эски турк анъаналари ётади. Илдизи Хун салтанати (мил. олд. II – мил. II юзйилликлар), Турк хоқонлиги (552–744) ва бошқа туркий сулоларга бориб тақаладиган эски туркий тўра-тузукларга кўра бошқарувчилар мамлакат аҳлини қорни тўқ, усти бут, кундалик турмуши тинч бўлишини ўз елкасига олганлар. Буни Ўрхун битиктошларида учраб, хоқонлар тилидан келтирилган “будун (халқ) бўғзи тўқ эрди”‚ “оч будунни тўйдирдим‚ яланғоч будунни кийдирдим” каби очиқламалар ҳам кўрсатиб турибди [Tekin 2003: 70-71].

 

Бизнингча, турк эл-улусларида кенг тарқалган “қўриқ” тизимининг негизида эски турклар маданияти ва дунёқараши хос тушунча – ўзларини ўраб турган борлиқ, она табиат ва унда кун кечирадиган барча нарсаларнинг “қут эгаси, қутлуғ” деб тушунилиши ётади. Бу тушунчага бирор улги, ўрнак келтирадиган бўлсак, XI юзйилликда яшаб ўтган, туркий элларнинг буюк билгаси Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” (“Туркий сўзлар девони”) асарида “iẓuq (изуқ) – ҳар бир қутлуғ нарса; ўз ҳолига қўйилган ҳайвонга “изуқ” дейдилар. Унга юк ортилмайди, сути соғилмайди, юнги олинмайди. Эгаси уни назр қилгани туфайли шундай қилинади” деган билги учрайди [Кошғарий 1960, I: 96]. Англашиладики, бундан минг йилча олдин, туркийларнинг сезиларли бир бўлаги ислом инончига ўтган чоғларда ҳам табиатга ва унинг бағридаги жонли ва жонсиз нарсаларга “муқаддас” деб қараш анъанаси сақланиб қолган. Маҳмуд Кошғарий “изуқ” сўзини тушунтирар экан “ҳар бир қутлуғ (муқаддас) нарса” деб ёзганда биргина жонлиларни эмас, буюмларни ҳам кўзда тутгани билиниб турибди. Шу ўринда Ўрхун битиктошларида бу атаманинг янада эскироқ кўриниши – “идуқ” сўзининг учрашини айтиб ўтиш керак. 730-йиллар бошида ўрнатилган Билга хоқон битиктошида турк хоқони “üzä Teñri ıduq yer sub [eçim q]ağan qutı taplamadı erinç toquz oğuz bodun yerin subın ıdıp tabğaçgaru bardı “Устта Тангри, (қуйида) идуқ Ер-Сув, отам хоқон қути (руҳи) тобламади (маъқул кўрмади) шекилли, тўққиз-ўғуз будуни ерини-сувини (ватанини) ташлаб, Табғач (Хитой)га борди” дея ўкиниб ёзади [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 129]. Узоқ ота-боболаримиз дунёқарашида туркийлар яшайдиган она юрт – ватан “ер-сув” деб аталиши билан бирга, унга “идуқ” (қутлуғ, муқаддас) сўзининг қўшиб айтилиши она заминнинг қанчалик ардоқланганини кўрсатади.

 

Шу ўринда византиялик тарихчи Феофилакт Симокатта (VII юзйиллик)нинг Турк хоқонлиги ерларида бўлиб қайтган юнон элчилари сўзларига таяниб ёзган қуйидаги билгилари диққатни тортади:

 

“Бу тоғ (Олтой ёки Тангритоғ / Тяншан) жойлашиши бўйича шарққа қараган, унинг ерли турғунлар томонидан “олтин” деб аталишининг сабаби шуки, унда мевалар мўл: бундан ташқари, у ёввойи ҳайвонларга ва йилқига бойдир. Турклардаги қонунга кўра, Олтинтоғ бош хоқоннинг ихтиёрига бериб қўйилган. Турк халқи иккита муҳим нарса билан фахрланади: улар айтадиларки, ўта қадим замонлардан, уларнинг ҳаёти бошланганидан бери, улар ҳеч қачон ўз ерларида вабони кўрмаганлар ва уларнинг мамлакатида зилзила жуда кам бўлган. Фақат, бир вақтлар ўн-ўғурлар томонидан барпо қилинган Бакаф (шаҳри) зилзилада вайрон бўлган, Суғдиёна эса вабони ҳам, зилзилани ҳам бошидан кечирган. Турклар оловни ҳамма нарсадан ҳам юқори қўядилар, сув ва ҳавони улуғлайдилар, ерга мадҳиялар куйлайдилар, ва биргина осмон ва ернинг яратувчисига ибодат қилиб, уни “Тангри” деб атайдилар” (Феофилакт Симокатта 2014: 12-13).

 

Шу билан бирга, хоқон олдидаги бурчлардан яна бири – ўзлари яшаб турган ер-сув, булоқ, яйлов, тоғ, қўйингки, бутун она табиатни сақлаш бўлган кўринади. Ўрхун-Энасой битиктошлари, хитой йилномалари ва бошқа тиллардаги ёзма манбалардан англашилича, туркийлар еру сувга, табиатга, ҳайвонларга, ўзларини ўраб турган бутун борлиққа ўта эҳтиётлик билан ёндашиб, улар билан “сўзлашиш”га, уларни авайлаб-асрашга интилганлар. Бугунги кунда ҳам Сибир ва Олтой ўлкаларида яшайдиган туркий элатлар орасида сақланиб қолган кўплаб урф-одатлар табиатни асрашга қаратилгани, турли ҳайвонлару оғоч, ўт-ўланларнинг “тини (руҳи) бор” деб, уларга атаб тилак ва истаклар билдиришларининг негизида ўша туркий ота-боболарга хос анъаналар ётади. Ўзимизда – ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман ва бошқа туркийларда ҳам сақланиб қолган айрим анъаналарда ўша чоғларнинг изларини учратамиз. Ўрнак учун, тоғ, қир-адир, сой ва яйловларда айрим “зиёрат” ёки “азиз” ерлар ўрин олиб, уларнинг ерли турғунлар томонидан эъзозланиши, ардоқланиши бежиз эмас. Айниқса, қозоқлар орасида тоғ ва қир-адирлик ерларда “аулие-жай” (авлиё-жой) деб аталадиган юзлаб қўналғалар бўлиб, у ерларда ҳайвонларни ўлдириш, ов қилиш, оғоч ва ўт-ўланларни кесиш, топташга йўл қўйилмайди. Шунга ўхшаш ирим-сиримлар қардош қирғизларда ҳам учраб, кўпчилиги тоғлар билан ўралган қирғиз ерларида минг йиллардан бери ўзгартирилмасдан сақланиб келаётган она табиатга кўзимиз тушади. Тоғ булоқларида кўзни қувнатиб сузиб юрган балиқларни кўрганимизда ўзбекларда ҳам бундай анъаналар қанчалик сақланиб қолганига таниқ бўламиз. Нурота тоғидаги булоқларда тинчгина сузаётган балиқлар ва улар билан боғлиқ турли ривоятлар бунинг яна бир мисоли.

 

Қисқаси, бундан деярли бир ярим минг йил олдин ёзма манбаларда тилга олиниб, туркийлар маданиятига хос ўзгачалик ўлароқ кўриладиган “қўриқ” ёки “қўриқхона” тизими бугунги кунгача етиб келган қадриятлардан бири, десак янглишмаймиз. Тўғри, туркийларга қўшни ёки узоқдаги эл-улусларда ҳам шунга ўхшаш анъаналар бўлган, бироқ туркийлар ўзлари яшаб турган иқлим шароити – кенг яйловлар, тоғ ён-бағирларидан келиб чиқиб, она табиатни асраб-авайлашга интилганлар ва ўз она тилларида “қўруқ” деган атамани ясаганлар. Қизиғи шундаки, ушбу атаманинг кўплаб туркий тиллар орасида деярли ўзгаришга учрамасдан ўзбекчада сақланиб қолгани кўзни қувонтиради.

 

Ғайбулла БОБОЁР,
тарих фанлари доктори, профессор.

 

Қўлланилган адабиётлар:

 

1. Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Т.: Ўқитувчи, 1982.

2. Бичурин Н. Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. – М. - Л.: Изд. АН СССР. – том I. – 1950.

3. История ат­Табари. Избранные отрывки (Перевод с арабского В. И. Беляева. Дополнения к переводу О. Г. Большакова и А. Б. Халидова). – Т., 1987.

4. Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону-луғот ит-турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. 3 томлик.  1- том. – Тошкент, Фан, 1960.

5. Наршахий, Абу Бакр. Бухоро тарихи. Форсчадан А. Расулев таржимаси. ‒ Т.: Фан, 1966.

6. Феофилакт Симокатта. “Тарих”дан. Рус тилидан А. Аҳмедов таржимаси / Ўзбекистон тарихи. Хрестоматия. 2-жилд, 1-китоб. V-XI асрлар. Масъул муҳаррирлар А. Аҳмедов, О. Бўриев; ЎзР ФА ШИ. – Т., Фан, 2014.

7. Ekrem E. Hsüan-Tsang Seyahetnamesi’ne göre Türkistan. Basılmamış doktora tezi. – Ankara, 2003.

8. Tekin T. Orhon Yazıtları. Kül Tigin, Bilge Kağan, Tunyukuk. – İstanbul: Yıldız Yayınları, 2003.

9. Eski Türk Kültüründe Yer-Su İnancı

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//