Давлат хизмати самарадорлигини ошириш, хусусан уни юқори малакали, етук кадрлар билан таъминлаш Янги Ўзбекистонда долзарб масалага айланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сон Фармони билан давлат фуқаролик хизмати соҳасини ривожлантиришнинг йўналишлари белгиланди.
Аввало, мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси давлат хизмати функционал жиҳатдан давлат фуқаролик хизмати ва давлатнинг махсус хизматига бўлинди. Фармонда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат давлатнинг махсус хизмати ҳисобланиши ва улар алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгилаб қўйилган. “Давлат фуқаролик хизмати” тушунчаси эса ҳарбий ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматидан ташқари барча давлат бошқарувини таъминлайдиган давлат хизматини тушунишда қўлланилиши белгиланди. Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари Давлат реестрига киритилган лавозимлар кўринишида тасдиқланади. Ушбу хизматчилар қаторига марказий ва маҳаллий даражада фаолият кўрсатадиган барча давлат фуқаролик хизматчилари киради.
Шунингдек, давлат хизмати соҳаси бўйича ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Фармонда агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул этиб энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш белгиланди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сон Фармони // Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси – https://lex.uz/docs/4549998).
Бу борада миллий-тарихий тажриба, хусусан Амир Темур давлатида мазкур масала қай тарзда йўлга қўйилганлигини ўрганиш ва унинг айрим жиҳатларини амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш бугунги кун давлат хизматининг энг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади.
Амир Темур даврида бошқарув икки идора: даргоҳ ва девонларга (вазирликларга) бўлинган. Даргоҳ – энг олий давлат идораси ҳисобланиб, унинг бошлиғи олий ҳукмдор, яъни Амир Темурнинг ўзи бўлган. Даргоҳ фаолиятини бошқариш, унинг вазирликлар, маҳаллий ҳокимият идораларини салтанат фаолияти билан боғлаб туриш ишларини олий девон – “Девони бузрук” олиб борган. Унга девонбеги бошчилик қилган.
Бундан ташқари, академик Бўрибой Аҳмедов давлатда ташқи ишлар вазирлиги, адлия вазирлиги ва давлат назоратчиси вазирлиги каби вазирликлар фаолият юритганлигини таъкидлаган. Даргоҳдаги муҳим лавозимлардан бири арзбеги ҳисобланган. Унга даргоҳга арз-дод, шикоят билан келганлар ҳамда мамлакатдаги ўз муносабатини билдирувчиларни қабул қилишни уюштириш, тушган арзлар, шикоят ва таклифларни олий ҳукмдорга етказиб туриш вазифаси юклатилган. Шунингдек, давлат муассасаларида тавочи (лашкар тўпловчи), бош ҳожиб, расмий тадбирлар бошқарувчиси, хазинадор, хонсолар, қушчи, қушбеги, котиблар, созандалар, ғазалхонлар, табиблар, фаррошлар каби бир қанча лавозимлар бўлган (Аҳмедов Б. Амир Темурни ёд этиб. – Т.: Ўзбекистон, 14 б).
Буюк давлат арбоби Амир Темурнинг “Темур тузуклари” давлат бошқаруви ва давлат хизмати тўғрисидаги фан ва амлиётнинг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Унда, айниқса, давлат хизмати соҳасида фаолият юритувчи кадрлар учун таъкидланган сифатларнинг айримлари бугунги кунда ҳам долзарбдир.
Амир Темур “Куч – адолатдадир” деган шиорга риоя қилган ҳолда мамлакатни идора қилган. Соҳибқирон мазкур шиорга ўзи амал қилиш билан бир қаторда вазирларни ҳам унга амал қилишга ундаган. Вазирлар, давлат хизматчиларига қўйилган бошқа сифатлар айнан шу шиордан келиб чиқиб шаклланган, дейиш мумкин. Амир Темур ҳукмдорнинг мансабдор шахсларни танлаб олиш ва уларни жой-жойига қўйиш қобилиятини ҳокимиятни амалга ошириш ва мустаҳкамлашнинг бош шарти деб ҳисоблаган. Жумладан, “Темур тузуклари”да таъкидланишича, вазир лавозимига талабгор шахс тўрт фазилатга эга бўлиши лозим: “биринчиси – асиллик, тоза насллилик; иккинчиси – ақл, фаросатлилик; учинчиси – сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалада бўлишлик; тўртинчиси – сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик”.
Асиллик, тоза насллилик фазилати темурийлар даврида вазирларни, мансабдорларни танлашнинг энг муҳим жиҳати ҳисобланади. Боиси, мамлакатлар ўртасида жосуслик хизматлари кенг авж олган вазиятда мамлакат учун садоқатли кадрларни топиш долзарб эди. Вазир лавозимига талабгор шахс учун талаб қилинадиган қолган фазилатлар эса бугунни кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолган. Мазкур фазилатлардан Ўзбекистон Республикаси давлат хизматига кириш ва давлат хизматчиларини баҳолашда кенг фойдаланилмоқда.
Тадқиқотчи Зиёдулла Муқимовнинг фикрича, Амир Темур ортиқча қаттиққўлликни қоралайди. У кечиримли ҳукмдор эди. Олтин Ўрда хони Тўхтамиш унга уч марта хиёнат қилган бўлса ҳам уни кечирди ёки Зиндачашм уч марта хиёнат қилса-да, уни ҳам кечирди. “Сен подшоҳлар этагига ёпишма, ҳалок бўласан, бировларнинг тоза қўлини қонга бўяйсан”, дея насиҳат қилди ва унга етарли маблағ, совға-саломлар бериб, оч кўзларини тўйдирди. Бу ўринда у ўз пирининг: “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда тура олмайди”, деган фикрларига амал қилган. Тадқиқотчи Муқимов “Темур тузуклари” борасида қуйидаги хулосага келади: биринчидан, вазир тутиш тузуги орқали Амир Темур, аввало, мамлакатнинг осойишталигию раиятнинг ижтимоий аҳволини, иккинчидан, салтанат фойдасини ва ниҳоят, подшоҳнинг келажаги вазирнинг донолигига боғлиқлигини эътироф этади.
Азамат Зиё Ибн Арабшоҳ маълумотларига асосланиб, Амир Темур даврида ташқи разведка фаолияти ниҳоятда юксак даражада йўлга қўйилганлигини эътироф этади. Мазкур хизмат вакиллари чаканафуруш, йирик савдогар, полвон, дорбоз, ҳунарманд, мунажжим, қаландар, дарвиш, денгизчи, сайёҳ, мешкобчи, этикдўз, толиб ниқоби остида турли мамлакатларда бўлиб, у ерлардаги шаҳарлар, қишлоқлар, йўллар, тоғу тошлар, сувлар, ҳар бир жойнинг аҳолиси, бошлиқлари, улуғлари, амирлари, фозиллари, шарифлари, бойу камбағаллари тўғрисида ҳар томонлама батафсил маълумотлар йиғиб, ҳагго суратлари билан Самарқандга юбориб турганлар. Бу билан ҳам чекланмай, Амир Темур ҳарбий, сиёсий муносабатларга киришаётган мамлакатлар тарихи, урф-одатларига оид асарларни синчиклаб ўрганган.
Умуман олганда, “Амир Темурнинг давлат тизими ва бошқарувни ташкил этишдаги ўзига хос мактаби адолатли, инсонпарвар жамиятни қарор топтириш кераклигини уқтиради. Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари бевосита ўз тафаккур кучига, ўз фикрининг тўғрилигига, ақл-идрок салоҳиятига, тактика ва стратегиясининг пухта, ҳаётий ва яшовчи эканлигига қатъий ишонч асосида шаклланган эди. Бу бевосита унинг давлат ва сиёсат арбоби сифатида тўлақонли сиймосини, бетакрор шахс сифатидаги ноёб иқтидорини, феъл-атворини, иродаси ва олисни кўра олиш қобилиятини кўрсатади”.
Хулоса қилганда, “Темур тузуклари”да давлат хизматига оид қисмларни таҳлил қилиш орқали қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Биринчидан, давлат бошқаруви, аввало, даргоҳ ва девондан иборат ҳукумат тарзида тузилган. Давлат хизматчилари айнан шу классификациядан келиб чиқиб лавозимларга тайинланган;
Иккинчидан, Амир Темур давлатида бир қанча вазирликлар тизими яратилган бўлиб, улар фақатгина энг муҳим масалаларни қамраб олган;
Учинчидан, “Темур тузуклари”да нафақат давлат бошлиғи, балки мамлакатдаги бошқа давлат мансабдорлари эга бўлиши лозим бўлган маънавий фазилатлар таърифлаб берилган. Амир Темур айнан шу фазилатлардан келиб чиқиб, давлат хизматини юқори малакали кадрлар билан таъминлаган.
Дилмуроджон РАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси таянч докторанти
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ