Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ўзининг маърифий табиати, умуминсоний кўлами, миллий дард билан қорилгани, самимий ишқ достони экани билангина эмас, юксак бадиияти, жанр қонуниятларини янгилагани, сюжети, образлари, композицион ўзига хослиги жиҳатидан ҳам мукаммалликка даъво қиладиган асардир. Романнинг такрорланмас бадиий бутунликка айланишида, бошқа бадиий компонентлар қаторида, ундаги мактубларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Романда жами ўн еттита мактуб келади ва бу мактубларнинг ҳар бири роман дунёсида ўз қонуний ўрни, аниқ бадиий вазифасига эга. Айтиш мумкинки, роман таркибидаги бирор мактуб чиқариб ташланса, унинг барча бадиий компонентларига футур етади. Роман иморати дарз кетади, қулайди. Композицион тузилиши, сюжет чизиқлари, образлар аро мантиқий муносабат, характерлар, асарда муттасил алмашиниб турувчи бадиий пафослар тизими, ритмик мувозанат, деталлар, эпизодлар, борингки, романнинг ипидан игнасигача унда берилган мактублар билан бадиий мантиқ ва структур жиҳатдан қил ўтмас даражада маташтириб ташланган.
Ўзбек адабиёти тарихида мактуб (нома) жанрида ёзилган асарлар, шеърий мактублар, мактуб-шеърлар учрайди. Шунингдек, фольклор асарлари, мумтоз хамсачилик ва достончиликдан эътиборан мактуб “асар ичида асар” ўлароқ умумматн ҳаракатининг муҳим узви бўлиб келади. Миллий адабиётимиз ва Шарқ мумтоз бадииятини мукаммал билган, “сув қилиб ичиб олган” Абдулла Қодирий ўз мактубларини шу анъаналар негизида шакллантирганига шубҳа йўқ. Айниқса, Навоий “Хамса”сидаги мактублар унга поэтик асос ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилгани шубҳасиз. Айни пайтда, “Ўткан кунлар”даги мактублар Қодирий истеъдоди ва маҳоратини яққол намоён этадиган бадиий далиллардир.
Роман матнидан ўрин олган мактубларни бир нуқтага жамлаганимизда тақрибан қуйидаги тасниф майдонга келади:
а) ошиқ – маъшуқа – рақиб мактублари;
б) дўст мактуби;
в) ижтимоий-сиёсий мазмундаги мактублар;
г) ота мактуби.
Тасниф қилинган бўлимларнинг баъзилари бир нечта, баъзилари бир мактубдан ташкил топган. Ҳар бир тасниф ичида роман воқеаларига кучли таъсир кўрсатган, қаҳрамонлар бадиий тақдирининг ўзгаришига хизмат қиладиган, роман сюжетига бурилиш ясайдиган мактублар бор. “Ўткан кунлар”да келган мактубларни роман композициясининг ажралмас қисми сифатида ўрганиш, уларнинг анъанавий асослари, ички структурал жиҳатлари, маънавий, психологик хоссалари ҳақида сўз юритиш, махсус, кенг кўламли тадқиқотларни талаб этади. Шундай илмий-назарий, этик-эстетик талаблардан келиб чиқиб, ушбу мақолада фақат иккита мактуб ҳақида сўз юритиш билан чекланамиз.
Биринчи мактуб Юсуфбек ҳожининг ўғлига мактуби. Ушбу мактуб роман структурасида муҳим вазифа бажаради. Мактуб роман композициясининг муҳим устуни бўлиши билан бирга, асар ичидаги мустақил асар десак, хато бўлмайди.
Юсубек ҳожи мактуби Отабек ва унинг Марғилондаги ҳаёти тафсилотларидан кейин “Тошканд устида қонлиқ булутлар” деган мустақил бўлим сифатида келади. Бўлим сарлавҳаси ҳам шу мактуб ичидан олинган. Муаллиф шу тариқа муҳаббат можаролари билан банд ўқувчини романнинг асос-концепциясига, ундаги диний, умуминсоний, миллий, маънавий-маърифий муаммолар ичига олиб киради. Ушбу мактуб билан танишиб чиққан ўқувчи туйқус ҳушёр тортади. Муҳаббатнинг романтик дунёсидан ҳаётнинг шафқатсиз курашлардан иборат реал дунёга тушиб қолади. Зотан, мактубнинг мазмуни, бадиий шакли, ҳатто ҳажми ҳам шундай йирик вазифани бажаришга йўналтирилган.
Мактуб “Ҳувалбори”[1] дея бошланади. Бу бошланма бир қарашда ислом муҳити ва унда истиқомат қилаётган оқсуяк қатламнинг анъанавий мактуб услубига хос кириш сўзга ўхшайди. Шу боис наинки ўқувчи, ҳатто тадқиқотчиларнинг ҳам эътиборидан четда қолади. Романнинг биз фойдаланаётган нашрида ушбу бошланма-сўзга “ул Тангри, ул Яратувчи” тарзида изоҳ берилган.
Аммо шуни таъкидлаш ўринлики, навоийлар анъанаси йўлида тили чиққан, тарбияланган, ёзувчига айланган Абдулла Қодирий асарларида бирор сўз шунчаки ё ноўрин ишлатилмайди. Унинг асарларида анъаналар янгиланади, шу асар ўзанига солинади ва шу асар учун хизмат қилади.
Хўш, унда муаллиф роман ичидаги биринчи мактубни нега айнан шу сўз билан бошлади?
Ислоҳ қилинган араб ёзувида сидирға кичик ҳарфлар билан ёзилган бу сўз аслида “Ҳувалбори” шаклида эмас, ҳозирги ёзувга “Ҳу – ал-Бориъ” тарзида табдил қилинса тўғри бўлар эди. Шунда мактуб бошидаги бир қарашда сўз бўлиб кўринган график ёзув жумлага айланади. “У, яъни Оллоҳ таоло Бориъдир” деган маънони беради. Бу ўринда Ҳу дейилганда Оллоҳ, Бориъ дейилганда Оллоҳнинг битта сифати назарда тутилади. Оллоҳнинг Бориъ сифати “Асмаъ ул-ҳусна (Оллоҳнинг гўзал исмлари)”га оид манбаларда шундай таъриф-тавсиф қилинади: “Ал-Бориъ – ижод қилувчи, пайдо этувчи. Ҳар нимаки, йўқликдан борликка чиқар экан, у андозаланади, ўлчаб меъёрланади. Сўнгра унинг борлиққа чиқариш йўллари ижод қилиниб, белгиланиб вужудга келтириб пайдо қилинади. Чунончи, Оллоҳ таоло ўз каломида хабар беради: “Ер ундириб-ўстирган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Оллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) покдир (“Ёсин” сураси, 36-оят).
Худойи таоло ижодининг боши-охири йўқ. Одам ҳар қанча билмасин, яна билолмагани боқийдир. Худойи таоло янгидан янги нарсаларни ижод этиб, пайдо қилувчидир. Бундан банданинг насибаси шуки, банда ҳар қанча илмли олим бўлса ҳам шуни унутмасинки, билгани билмаганига нисбатан ҳеч нарса эмас. Ҳар бир нарсани орзу қилиб, унинг амалга оширилишини Худодан тилаши керак. Хеч бир нарсани мен тўлиқ билдим деб ишонмаслиги, ўзига ва ўз тадбирига мағрур бўлмаслиги лозим. Ахлоққа таъсири шуки, банда ўзини ёмон ниятлардан ва маъсиятлардан сақлаши шарт. Шундагина унинг қалбига яхши ниятлар ва нажот йўллари Оллоҳ таоло томонидан келади, дунё ва охират озуқасини заҳира қилади, манмансирашлик йўқолади”[2].
Албатта, Оллоҳнинг Бориъ сифати (исми)га бандага хос таърифу тавсиф заифлик қилади. Уни тўла шарҳлаш, тавсиф қилиш мумкин эмас. Аммо мана шу умумий ва мухтасар шарҳдан маълум бўляптики, ал-Бориъ Оллоҳнинг ижодкорлик сифатини билдиради. Бу ижоднинг боши ҳам, охири ҳам йўқлигига далолат қилади. Исломий ахлоқ эгаси бундан банда ўтмишда ва бугун рўй берган, келажакда бўладиган ишларни билишдан ожизлиги, шу боис кибрга берилмаслиги, Оллоҳнинг қудрати олдида ўзининг ҳеч нима эканини англаши лозимки, шунда унинг учун нажот йўллари очилади. Инсон комил ахлоққа эришади. Бу шарҳ мазмуни ҳазрат Яссавийнинг “Туфроқ бўлғил, олам сени босиб ўтсун”, деган ҳикматлари билан ҳамоҳанг.
Романдаги Юсуфбек ҳожи образида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бошлаб, барча саҳобалар, азиз-авлиёлар ахлоқидан улуш бор. Худди шу нуқтаи назардан романдаги илк мактубнинг “Ҳу – ал-Бориъ” деб бошланишида чуқур мазмун, кўламдор бадиий концепция мужассам. Ҳазрат Яссавийнинг:
АнталҲодий, АнталҲодий зикрин айтсам,
Ҳодий бўлсанг эди, йўлдан ростқа қайтсам,
Ҳу зикрини тилга олиб наъра тортсам,
Қўлум тутуб йўлға солғил, анталҲодий...[3]
дейилган тўртлигида келаётган Ҳу билан Юсуфбек ҳожининг “У – Бориъдир” жумласидаги Ҳу ягона илдизга эга. Юсуфбек ҳожи ўз мактубида Тошкент ва унинг аҳолиси ўртасида бўлаётган номашруъ ишлар ҳақида сўзлар, ўғлини улардан огоҳ бўлишга чорлар экан, бошдан охир Оллоҳнинг Бориълигини, банданининг эса такаббурликка мойил, ижод этишда ожиз-нотавон, ўз нажотининг қай тарзда келишидан ғофиллигига ишора қилади. Бўлаётган фожеавий воқеалар хусусида сўзлаб, ўғлини бўлажак хавфлардан огоҳлантиради. Буларнинг барчаси Юсуфбек ҳожининг ўзини тупроққа тенг олиб, нажотни Бориъ зотдангина кутадиган комил шахслигини кўрсатади.
Шу билан бирга, бундай бошланма айни мактубнинг кейинчалик Отабек ўз рақиби Ҳомид томонидан чақув қилиниб, дор остига элтилганда ножот бўлишига мантиқий жиҳатдан мос тушишига олиб келади. Зотан, чақув амалга ошиб, Ҳасанали томонидан воқеадан хабардор қилинган Юсуфбек ҳожи тадбирга ожизлигини ҳис этган, нажотни Бориъ зот – Оллоҳдан тилаган эди: “Ул ўғлининг қутилиши йўлида ҳар бир мулоҳаза кўчасиға кириб чиқмоқда, аммо ҳар бирисидан ҳам бўш ва умидсиз қайтмоқда эди. Энг сўнг ўғлиға ҳужум қилған бу фалокатнинг тадбиридан ақли ожиз қолди, мияси ишлашдан тўхтади ва шундан сўнг – “Парвардигоро, кексайган кунларимда доғини кўрсатма”, деди ва кўз ёшлари билан соқолини ювди”[4] (таъкид бизники – У.Ж.).
Хат умумий ҳол сўраш, билдиришдан кейин шундай давом эттирилади: “Бизнинг Тошканддан аҳвол сўрасанг, балки Марғилонға ҳам эшитилгандир, мунда Азизбек қандоғдир бир кучка таяниб Қўқонға исён этди. Хазина ҳисобини олиш учун келган девон бекларини ўлдириб, ўрда дарбозасига осди...”[5] Фақат юзаки қарашдагина бу хабар отанинг ўғилга бераётган маълумоти, нари борса Қўқон хонлиги доирасидаги кичик сиёсий воқеа тафсилоти бўлиб туюлиши мумкин. Моҳиятан эса ушбу жумлалар, унинг таркибидан келган сўз ва иборалар айни замон-маконда рўй бераётган улкан диний, миллий, маънавий ҳалокат ибтидосидан далолат беради. Хатда айтилишича, Тошкент ҳокими Азизбек “қандоғдир бир кучка таяниб” исён кўтарган. Мусулмон ноиб мусулмон ҳукмдорга қарши чиққан. Ўз хўжаси (Худоёрхон)нинг юборган қонуний вакилларини осиб ўлдирган. Кўринадики, бу ерда фақат салтанат қонунчилиги эмас, Яратганнинг барҳақ Низомига қарши борилган. Азизбек бирйўла икки қатъий қонунни, Оллоҳнинг фарзини бузган: мусулмон ҳукмдорга қарши исён кўтарган, унга бўйинсунишдан атайин бош тортган; гуноҳсиз мусулмонни ўлдирган. Қуръони каримда кимда ким бегуноҳ бир мусулмонни ўлдирса, бутун инсониятни ўлдирибди, мазмунидаги қаттиқ огоҳлантириш келади. Азизбек шуларнинг ҳаммасини билатуриб, манфур жиноятга қўл уради. Хўш, у Юсуфбек ҳожи айтганидек қандай “куч”га таянади? Албатта, Яратганни инкор этиб, иблисона кучлар сафига ўтади, иблисга тобе бўлади, таянади. Шу дақиқадан эътиборан шайтанат саланатининг фуқаросига айланади. Бундай улкан гуноҳлари устига яна икки оғир гуноҳга ҳам қўл уради. Яъни ўз гуноҳини иблисона тадбир билан кучлантирмоқчи бўлади. Қўл остидаги содда фуқаро – Тошкент аҳолиси олдида ваъз айтиб, ўз ишининг тўғрилигига уларни ҳам ишонтиради. Ўзининг номашруъ йўлига эргаштиради. Айни пайтда, салтанат ичида уруш оловининг ёқилишига, яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг қирилишига сабаб бўлади. Чунки хатда айтилганидек “бунга қарши Қўқон ҳам тинч турмайди”[6]. Воқеан, иблиси лайъин ҳам ўз Нажоткорига исён этиб, Унинг марҳаматидан умидсизлантирилганидан сўнг, фақат ақл ва тадбирга муҳтож бўлиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Фитрат қаламига мансуб “Шайтоннинг Тангрига исёни” асари қаҳрамони “Раҳбарим фан, пайғамбарим билимдир, Ишонганим сўзим била тилимдир...” деган сўзларни айтган эди.
Азизбекнинг бу иши миллий бирдамликни издан чиқаради, мусулмонларнинг маънан тубанлашуви, юртнинг сўнг даражада қашшоқлашувига олиб келади. Оқибат Отабекдек комил ўғлонлар бу юртда бахт-саодат топиш ўрнига бахтсизликка учрайдилар: дор остига олиб бориладилар, севган ёрларидан жудо этиладилар, яқинлари томонидан ҳайдаладилар.
Романнинг кейинги барча фожиавий ўринлари, кульминацион вазиятлари мана шу мактуб воқеалари билан узвий боғлиқ. Айни маънода, Юсуфбек ҳожининг мактуби романдаги очувчи мактубдир. Шу мактуб ва унинг бошида келадиган асос жумласиз “Ўткан кунлар” романи мақсад-моҳияти, бадиий ўзига хослигини англаш мумкин эмас. Шу билан бирга, романда яна бир мактуб борки, у “Ўткан кунлар” бадиий концепцияси ва Абдулла Қодирий насрий ижодининг кейинги босқичлари учун универсал аҳамиятга эга. Бу Қўқон хонлигининг чекка ҳудудларидан бири – Авлиёотадан амирлашкар Қаноатшонинг Юсуфбек ҳожига ёзган мактубидир.
Ҳижрий 1277 йилнинг кузларида келган бу мактуб атиги уч жумладан иборат: “Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидағи ўрус билан тўқунишмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонларча урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим”[7].
Мактуб маъно ва тузилиши жиҳатидан ахборот характерига эга. Аммо хатдаги трагик пафос, ҳиссий таъсир кучи унга роман воқелиги ва илк мактубда илгари сурилган универсал бадиий концепцияни хулосалаш, қиссадан ҳисса чиқариш ҳуқуқини беради.
Мактубда тилга олинган йигитларнинг бири Отабек, иккинчиси уста Алим. Романнинг бошқа ўринларида индивидуал бадиий вазифа бажарган бу икки образ роман сўнгига келиб, универсал кўламга кўтарилади. Ҳар икки исм ўз хусусий маъноси, образлик функциясини тарк этади. Мажозий маъно касб этароқ, умуммиллий, умумбашарий моҳиятга эврилади. Отабек ислом ва исломий салтанат эгасига, яъни юрт ҳукмдорига, Алим эса иймон, ақл-идрок тимсолига айланади. Мактубдаги хабарга кўра, жамият ўзининг Отабеги – йўлбошчиси, иймони, ақл-идрокидан жудо бўлади. Салтанат, халқ эгасиз, ақл-идроксиз қолади. Оқибат бу улкан жамият, бутун бошли миллат, халқ душман оёғи остида топталиш, дину диёнати, эрку ғурурининг поймол бўлишигача бориб етади.
Қодирий бу ҳаққоний хулосасини “Меҳробдан чаён”, “Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейдир?”, “Обид кетмон” каби асарларида изчил давом эттирди. Агар “Меҳробдан чаён” қаҳрамони Анвар нажот тилаб душман қўли остидаги Тошкент остонасига юкиниб борган бўлса, Калвак Маҳзум билан Тошпўлат тажанг ўз замонасининг нохуш ўйинларидан, Обид кетмон советча колхозлаштириш сиёсатидан азият чекадилар. Фақат азият чекадилар, холос. Дардларининг илдизи қаерда, гап нимада эканини англай олмайдилар, муаммо тугуни қаршисида ожиз қоладилар. Воқеан, Юсубек ҳожи мактубида битган ўша азизбеклар ўйинидан кейин иймон оғирдан оғир жароҳатланган, миллат футуридан кетган, отабеку алимлар кўмилган, ўзбек ойимлар “қора кийиб таъзия очган” эдилар...
Хуллас, “Ўткан кунлар”даги – “очувчи” ва “хулосаловчи” деб номлаганимиз – икки мактуб самимият ва чин юракдан ўқиган ўқувчини мана шундай ғамгин, ибратомуз хулосага олиб келади.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори, ТошДЎТАУ профессори
[1] Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Ўзбеклар турмушидан тарихий рўмон. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2011. – Б. 40.
[2] Абдулазиз Ғолиб Марғилоний. Оллоҳ таолонинг тўқсон тўққиз исмларининг шарҳи. – Марғилон, 1970. – Б. 14.
[3] Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги АСН, 1991. – Б. 245.
[4] Абдулла Қодирий. Кўрсатилган асар. – Б. 106.
[5] Шу манба. – Б. 40.
[6] Шу манба. – Б. 40.
[7] Шу манба. – Б. 453.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ