Адабиёт
3 апрель куни projekt.gov.uz порталида «Маданият ва маърифат» телеканалини «Карвон» телеканалига айлантириш лойиҳаси эълон қилинди. Президент қарорининг лойиҳасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги «Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон» номи билан қайта номланиб, Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтказилиши белгиланган. Ушбу янгилик ижтимоий тармоқлардаги фаоллар ва зиёлиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Оyina.uz портали билдирилаётган фикрларни бир жойга жамлади.
Фахриёр, шоир:
МТРКга қарашли «Маданият ва маърифат» телеканалини «Карвон» телеканали сифатида қайта тузиш ва уни Маданият ва туризм вазирлигига ихтиёрига ўтказиш ҳақидаги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилибди. Қарор лойиҳасига таклиф сифатида киритилган айрим ва арзимас ўзгаришлар ҳисобга олинмаса, ғишт деярли қолипдан кўчиб бўлган. Номига қараганда, каналнинг формати бутунлай ўзгариб кетади. Мени ҳайрон қолдираётган нарса шуки, нега айнан бунинг учун «Маданият ва маърифат» телеканали қурбон қилинмоқда? Ахир, МТРКнинг тўлақонли канал сифатида шаклланган, кўрсатувлари кўришга арзирлик фақат шу канали борку. Агар Маданият ва туризм вазирлигига канал керак бўлса, МТРКнинг номини айтмаса, на юзи ва на тайинли кўрсатуви бор каналлари кўп эдику. Улардан бирортаси, ҳатто иккитаси ўша вазирликка бериб юборилса ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди. Бугунги жамиятимизнинг жуда кўп муаммолари «Маданият ва маърифат» сингари маърифий телеканаллар йўқлиги, ҳамма экрандан на миллат келажагини, на ёшлар тарбиясини ўйламай, «соққа қилиш»га ўтиб кетгани билан боғлиқ. Шунинг учун «Маданият ва маърифат» телеканалини сақлаб қолиш шарт, деб биламан.
Ботиржон ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ижтимоий тармоқларда "Маданият ва маърифат" телеканали структураси ўзгариши, янаям ўзбекча қилиб айтсам, ёпилиши ҳақида гап-сўзлар кўпаймоқда. Агар бу гаплар ҳақиқат бўладиган бўлса, бунга ҚАРШИМАН! Бу канал айни пайтда юртимиздаги энг бамаъни канал. Унда адабиётимиз, маданият ва маърифатимиз юқори даражада тарғиб қилинади. Уни ёпиш эмас, аксинча унинг фаолиятини янада ривожлантириш керак.
Шодмонқул САЛОМ, «Дўстлик» ордени соҳиби, шоир:
Манфаатлар тўқнашувида маънавият қурбон бўлмаслиги керак!
«Карвон» телеканалини ташкил этиш қарорининг лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Мазкур янги телеканал айни дамда фаолият юритиб турган «Маданият ва маърифат» негизида ташкил этилиши мўлжалланган. Қизиқ-қизиқ ишлар кўп бўлиб турадиган ҳаётимизда бу янгилик ҳам одатий, бепарво қабул қилиниши мумкин. Бироқ шу халқнинг, шу мамлакатнинг яхши-ёмонига бефарқ бўлмаган ҳар бир одамни бу ҳаракат сергак қилиши керак. Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтиши ва шу билан бой тарихимиз ва маданиятимизни тарғиб этишни кўзлаган янги «Карвон» телеканалини ташкил этиш зарур бўлса, нега «Маданият ва маърифат» телеканалини қурбон қилиш эвазига бу ҳодиса содир бўлиш кераклиги мени ажаблантирди. Агар шундай қилиш лозим бўлса, янги телеканал очиш ёки савиясизлик ва маданиятимизни ерга уришгагина хизмат қилаётган бошқа каналлар ҳисобига буни амалга ошириш мумкин. Ҳа, ростдан ҳам шундай қилиш ҳукумат учун жуда осон ва халқ учун фойдалироқ.
Бу гапимни ўқиган киши халқнинг талаб ва эҳтиёжлари, замонавий дунё стандартлари деган эътирозларни ҳам айтиш мумкин, бироқ айнан шундай қилинса — мавжуд «Маданият ва маърифат» телеканалига эҳтиёж жуда каттадир. «Маданият ва маърифат» телеканали ташкил этилганига эндигина 10 йил тўлди. Бироқ канал ўтган қисқа вақтда шу қадар катта ишларни амалга оширдики, буни бир зиёли, бир томошабин сифатида эътироф этаман. Биринчи навбатда ушбу телеканал халқнинг ичига кириб борди. Одамларнинг дид ва савиясини кўтаришдек муҳим вазифани ўз елкасига олди ва собитлик билан адо этиб келмоқда. Телеканал ўз дастурларида миллий маданиятимизнинг соф манбаларини, уларнинг дунёвий аҳамиятини бор бўй-басти билан кўрсата олди. Санъат, адабиёт, тарих, халқ ҳунармандчилиги каби халқимиз маданияти ва маърифатини қамраб олган барча жабҳаларни кенг ёритди. Юзлаб, минглаб қаҳрамонларни, халқ ичидаги фидойи инсонларни кашф этди. Ва уларнинг дунёга чиқишига сабабчи бўлолди. Каналда бериладиган сериаллардан тортиб, миллий ва жаҳон санъатининг дурдоналари бўлган қўшиқларгача фақат ва фақат халқимизнинг фойдасига хизмат қилгани ҳам бор гап.
Биз нимани истаяпмиз ўзи? Бизга миллийлик, ўзликни англаш учун тарих, адабиёт керак бўлмаса, нима керак? Нима бизни асраб қолади? Фақат шоу-бизнес билан эҳтиёжлар қондирилмаслигини, аксинча ҳозирги пайтда одамларимизнинг феъл-атворидаги ўзгаришларга телеканаллар ҳам катта ҳисса қўшаётганини наҳотки тушуниш қийин. Шундай экан, халққа хизмат қилиб турган, миллионлаб томошабинлар дастурларини интиқ бўлиб кутадиган «Маданият ва маърифат» телеканалига дахл қилиш ўзимизга — ёшларимиз келажагига душманлик бўлади. Буни тушуниш керак. Манфаатлар тўқнашуви учун маънавият, маданият қурбон қилинмаслиги шарт! Бу қарорни қабул қилаётган ҳар бир раҳбар, унга фикр билдираётган жамият кишилари вазиятга панжа орасидан қарамасликлари зарур.
Зафарбек СОЛИЖОНОВ, журналист, блогер:
Кутилмаган ва кераксиз (ортга) қадам
Қизиқ ишлар бўляпти. прожеcт.гов.уз порталида «Маданият ва маърифат» телеканалини «Карвон» телеканалига айлантириш лойиҳаси эълон қилинди. «Маданият ва маърифат» телеканали охирги вақтлар одамлар кузатадиган яхши лойиҳаларни олиб бораётганди. Соддароқ айтсам, айрим фаоллар ТВ кўришни яна бошлаганди. Биз ҳам шу кўрсатувда чиққанимизда ўзини оқламаган «маънавиятчилар» сиёсатини бемалол ва тўғридан-тўғри эфирда муҳокама қилгандик. Орадан бироз вақт ўтиб шу ҳол юз берсая? Менда саволлар пайдо бўляпти. Мавжуд лойиҳалар, телеканалдаги журналистлар тақдири нима бўлади? Маданият ва туризм вазирлиги сиёсати учун ўзига алоҳида канал очса бўлмасканми? 2017 йилдаги Мирзиёевнинг гаплари ҳалиям эсимда. Айнан телеканаллар ҳақида гапирганди: «Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. «Ахборот» кўрсатувини ўзгартиришимиз керак». Ўшандан кейин МТРК сиёсати ўзгардими? Бу саволга баралла «ҳа» дейиш қийин, аммо шу учқун охирги вақтлар «Маданият ва маърифат» телеканали мисолида кўринаётгандек эди гўё.
Комил ЖАЛИЛОВ, Таълим бўйича эксперт:
«Маданият ва маърифат» энди керак эмас...ми?
Ойина.уз нашрининг хабар беришича, «Маданият ва маърифат» телеканалини ёпиб, ўрнига Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфидаги «Карвон» номли телеканал ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 июлдаги қарори асосида ташкил этилган, МТРК тизимидаги маданият, санъат, адабиётга оид кўрсатувларга ихтисослашган ягона телеканални нима сабабдан ёпиш режалаштирилаётгани очиқланмаган. Бунгача каналда жонли эфирга узатилган «Ёшлар нима хоҳлайди» кўрсатуви ва «Қақнус» лойиҳасида янграган Нажмиддин Эрматов шеъри ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди. «Маданият ва маърифат» ўрнига ташкил қилиниши кутилаётган каналнинг «Карвон» деб номланишига қараганда, унинг туризмга ихтисослашувини тахмин қилиш мумкин. Бироқ, бир неча йил олдин Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов «Дунё бўйлаб» каналини «Туризм 365» каналига ўзгартириш режалари ҳақида хабар берган эди. Умуман, «Дунё бўйлаб» каналининг расмий сайтига кўра, «мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканлари, муқаддас қадамжолари, ноёб тарихий-меъморий обидалари тўғрисидаги илмий-оммабоп ва маърифий теледастурларни яратиш» айнан «Дунё бўйлаб» каналининг вазифаси ҳисобланади. Демак, маданият ва санъат йўналишидаги ягона телеканални ёпишга зарурат йўқ (агар каналнинг юқорида айтилган каби анча дадил кўрсатувлари бунга сабаб бўлмаган бўлса, албатта). Шунчаки маълумот учун, кўп давлатларда маданият ва санъатга ихтисослашган алоҳида каналлар фаолият юритади: «Абай ТВ» (Қозоғистон). «Маданият» (Қирғизистон), «Култура» (Россия), «Култура» (Украина), «Култура» ( (Полша), «Раи 5», «Арте» (Франция, Германия) ...
Нажмиддин ЭРМАТОВ, «Ўзбекистон тарихи» телеканали муҳаррири:
Адабиётни, илм-фанни таниган одам ЎЗЛИК сари йўл қидиради, бундай йўлга тушган кишининг туйғулари, тафаккури тиниқлашади, энди у «берсанг ейман, урсанг ўламан», деб яшолмайди, занжирларни шиқирлатиб одимлашдан бош тортади. Энди у омманинг бир вакили эмас, энди у шахс! Аммо тарих кишиларнинг бундай йўлдан қайтарилганига кўп бор гувоҳ бўлган. Кўп бора одамлар «орзулар оҳангида» аллалаб келинган. Эски ақида – тонгда уйқунгни бузган хўрозни сўйиш ўнғай... Неча йилдирки, «Маданият ва маърифат» телеканали миллат ойдинлари учун кўп ишлар қилди – ЎЗЛИК сари ундади. Телеканал ижодкорлари томонидан тайёрланган теледастурлар кишини ичига қарашга, зинама-зина юқорилашга ундади. Замонимизда тўртта артистнинг лик-ликıю одамларнинг маиший муаммолари сари пастламаган, гарданидаги асл вазифасини англайдиган саноқли телеканаллардан бири шу канал, саноқли ижодкорлар манзили шу жой эди. Бироқ шу кунларда телеканалнинг ёпилиши, унинг негизида Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфидаги «Карвон» телеканалининг очилиши ҳақидаги қарор лойиҳасининг тарқалгани кўнгилга хижиллик индирди. Қарор лойиҳасини синчиклаб ўқиб кўрсангиз унда на китоб, на китобхонлик, на таълиму илм-фан, на миллатнинг олиму зиёлилари ҳақида гап бор, «таниқли устоз санъаткорлар»нинг алоҳида кўрсатилганлиги эса чин. Аслида, қарор бандлари ҳақда бирма-бир сўз юритилса, яна кўпгина саволлар туғилади...
Асосий муаммо эса шўролар замонида «индийски» киноларга кўз ёш тўккан элнинг бугунги авлодини ўзимизнинг артистлару сериаллар томошаси билан андармон қилишга ҳаракат ҳадигида... «Частний» каналларни эгаллаб олган кўпикчиларга қўлида машъала тутган яна бир телеканални топшириб қўйиш қўрқувида... «Карвон» телеканалини ташкил этиш мақсади эзгудир, аммо менингча, бу мақсадга миллатни ЎЗЛИККА ундаган телеканални «чопиш» орқали борилмаслиги керак. Хўроз уйқуни бузмайди, ғафлатда ётган одамни уйғотади. Уни сўйманг!!!
Гулжамол АСҚАРОВА, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ходими, шоира:
Маърифат ҳам керакмасми энди? Карвончиликми энди буёғи, тижорат, туризмми? Ўз вазифасини ўтамаётган ижодий, маънавий йўналишдаги ташкилотларнинг ямоғини ҳам ямаб, ҳам адабий дидни парваришлаб турган бу канал ўз ўрнида қолиши керак.
Фозил ФАРҲОД, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби:
Зиёлилар, «Маданият ва маърифат» телеканалини сақлаб қолайлик! Бугун ўқиган энг ёмон хабар шу бўлди. Нима бўляпти ўзи? 2022 йили «Дунё бўйлаб» телеканали тўлиқ рус тилига ўтганди. Зиёлиларнинг қаршиликлари ҳам фойда бермади. Энди эса бу гап. Одам ғалати бўлиб кетяпти. Қарор лойиҳасида телеканал туризмга бағишланиши айтилган, у ерда адабиёт ҳақида ҳеч гап йўқ. Модомики, сайёҳликка оид канал керак экан, ана, «Дунё бўйлаб»ни олишсин ёки янги телеканал очишсин.
Телеканал, мана, 10 йилдирки, адабиёт, санъат, маданият ва маърифатни юксак даражада тарғиб қилиб кетмоқда. Телеканалнинг «Мен билган ҳақиқатлар», «Дунё адабиёти», «Қақнус», «Академик соат», «Бирлагикда ўқиймиз», «Фикрлаётган одам», «Тонг нафаси», «Бобо сўз», «Мақом», «Бахшиёна», «Тақвим», «Умр дафтари», «Тундаликлар» сингари кўрсатувлари севимли дастурларимизга айланди. Бу каби кўрсатувлар қанча-қанча зиёлиларимизни, ёш ёзувчи ва шоирларимизни кашф этди, уларни халқимизга таништирди. Агар бу лойиҳа шу тарзда амалга ошса, миллат адабиёти, санъати, маданияти илдизига болта урилади. Ўйлайманки, юқори ташкилотларда ишлайдиган кишилар, бу ишга масъуллар бунга йўл қўймайди. Миллатнинг бир адиби, давлатнинг бир фуқароси, телеканалнинг бир томошабини сифатида бундай қилинишига, «Маданият ва маърифат» телеканали ёпилишига мутлақо қаршиман.
Насрулло ЭРГАШ, шоир:
«Маданият ва маърифат» телеканали – ТВда энг муҳим ва кўришга арзийдиган канал! Нега энди айнан у?! Шевабозликка асосланган, она тилини асраб-авайлаш ўрнига уни бузишга хизмат қилаётган каналлар қалашиб ётибдику. «Cоcо-cола» сингари зарарли ичимликларни ҳар дақиқа минг мартадан реклама қилиб одамнинг асаби ва умрини эговлаётган каналлар озми... «Маданият ва маърифат» телеканали зиёлилар кўрадиган канал экани рост. Аммо у зиёлилардан кўра халққа кўпроқ керак! Айнан у китоб ўқишга анчайин эринчоқ халқимиз тафаккурини юксалтиришга хизмат қилаётган эзгу қуроллардан бири экани рост. Агар у ёпиладиган ёки МТРКдан олиниб вазирликка ўтказиладиган бўлса оддий тарғибот ва ташвиқот каналига айланиб қолмайдими? Мен бир ўзбек, шу юртнинг фарзанди сифатида «Маданият ва маърифат» телеканали доимий фаолият юритишини хоҳлар эдим.
Темурхон ЖАҲОНГИР, археолог, ёш олим: «Дунё бўйлаб»ни бузишди. Энди «Маданият ва маърифат»га келдими навбат? Зиёли қатлам кўрадиган канални ёпишдан ким манфаатдор? Савияси паст сериал ёки шоу қўймагани учун ёпиляптими? Ёки маънодор шеърлар бергани учунми? Биз ростдан ҳам ренессанс хоҳлаймизми йўқми? Шуни ўзимиз учун аниқлаб олишимиз керак.
А. Бобонов: ...Ҳаммасига «Қақнус» айбдор, ҳаммасига «Оддий ҳақиқатлар» (мен билган ҳақиқатлар) айбдор, ҳаммасига алломоларимиз ва маданиятимиз ҳақида яратилган фильмлар айбдор – бу кўринишлар халқ маданиятини, маърифатини бойитаётган эди ҳамда бу кўрсатувларда ақллилар кўп чиқарди, халқ ақлли гапларни кўп эшитарди... Энди «Карвон»да «Қақнус» бўлмайди, ҳеч ким «Мен билган ҳақиқатлар» да дардини айтмайди, академик соатлари бўлмайди – бунақа донолардан, даҳолар минбаридан қутилдик, қутқаришди.
Умид АЛИ, ёзувчи: «Маданият ва маърифат» телеканали теле дорулфунундир. Ўн йил мобайнида онгу шууримизга, қалбимизга, руҳимизга зиё, нур таратиб келди. Маънавий онгимизни юксалтирадиган, фасоҳату заковатимизни бойитадиган, маънавий жавоҳирот улашадиган бу каби телеканал жуда саноқли. Мен бу канални китобнинг телевизион шамойили деб биламан. Китобга бўлган муносабат, китобхонлик мамлакатимизда сиёсат даражасига чиққан бир пайтда бу каби фойдали каналларнинг ёпилиши маънавий ҳалокатдан бошқа нарса эмас.
Шунингдек, фейсбук, телеграм ижтимоий тармоқларида яна кўплаб фаоллар #Маданият ва маърифат телеканали ёпилишига қаршиман! ҳештеги билан канал ёпилмаслиги кераклиги ҳақида постлар қўйишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Аввалроқ Ойина.уз порталида «Кимгадир керак бўлмаган маданият ва маърифат бизга керак!» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда канал фаолияти ҳақида ижобий фикрлар билдирилганди. Мақолани бу ерда ўқиш мумкин.
Гулноза НАЖМИДДИНОВА.
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
4 Изоҳлар
Насиба Бозорова
12:01 / 01.01.1970
Рости, 4-5 йил бўлдики, телевизор кўрмайман. Фақат баъзи-баъзида "Маданият ва маърифат" кўраман. Яхши кўрсатувлари бор: тирик, ёлғонлардан йироқ, фикр олишга ва фикрлашга ундайдиган! Ижтимоий муаммолардан баланд кўтарилишни истамаётган, умрини майда ташвишлар билан ўтказиш истагида яшаётганлар, илтимос, "Маърифат"ни панжаларингиз билан тўсманг!
Абдулбоқий
12:01 / 01.01.1970
Мен ҳам канал ёпилишига қаршиман
Файезжон
12:01 / 01.01.1970
Мен деярли телевизор курмайман. Лекин онда-сонда телевизор кургим келса шу канални томоша киламан. Менга канал «ширпотреб» булмаган фильмлар ва спектакллари билан маъкул. Афсус, канал епилса, бу маънавиятимизни «яхшилашга» мутассади рахбарларнинг катта ютуги булади
Ma'murjon
12:01 / 01.01.1970
Bir narsa qiziq " Bizga marifat kerak"- deb kattalarimiz har kuni Oynaijahonda og'iz to'ltirib gapirishadi. " Madaniyat va marifat" telekanali o'rnida " Karvon" telekanali tashkil etilishini eshitib marifat haqidagi aytilgan gaplar yurakdan chiqqanligiga shubha bilan qaray boshladim. Chindan ham millat ma'naviyatini o'ylagan odam marifatli kanalni yopilishiga befarq bo'lmaydi. Vazirlikka telekanal kerak ekan. Millatga ziyo berib turgan telekanalning o'rnida tashkil etishdan qanday " Oliy maqsad " bor ekan bilmadim. Keraksiz va sa'viyasiz telekanallar bir talay o'shalarning o'rnida tashkil etsin. O'z tomiringizga bolta urmang hurmatli kattalar...