Бухоро амири Музаффар ўз саркардасининг қизини зўрлаганми?


Сақлаш
15:28 / 05.04.2023 916 0

Куни кеча Фейсбук ижтимоий тармоғида ёзувчи Бахтиёр Абдуғафур Бухоро амирлигининг Россия империясига қарам бўлиши давридаги бир воқеани улашди. Мана ўша пост:

 

«1866. Ўрис қўшинига қарши юрган 30 минг кишилик қўшин бошида амирилашкар Оллоёр девонбеги эди. Генерал Черняев ихтиёрида эса 2000 атрофида аскар. Оллоёр девонбеги қўшинни олиб Жиззахга жўнаганида амир девонбегининг ўн етти ёшли қизини ҳарамга келтириб зўрлайди. Бу хабар Оллоёр девонбегига етиб борганида у: «Бундай амирнинг ҳаққи риоясида жанг қилмайман», дея асосий қўшинни олиб кетади. Жанг майдонида қора черик – ёлланма аскарлар қолади. Ўрис қўшини бир-икки замбарак ўқи билан қора черикни пароканда қилади. Бухоронинг қулашига амирнинг нафси ва шу илк тўқунушма сабаб бўлади. Бундан кейинги бирорта жангда Бухоро ғалаба қозона олмайди».

 

Пост эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Аслида ҳам воқеа шундай бўлганми? Буни билиш учун ўша даврларда ёзилган тарихий асарларга мурожаат қилишимиз керак. Икки йирик манба бор – Аҳмад Донишнинг «Рисола»си ва Мирзо Абдулазим Сомийнинг «Тарихи салотини манғития»си. Чунки ушбу икки муаррих ҳам айнан Бухорода манғитлар сулоласи ҳукмронлик қилган йилларда яшаган ва воқеаларни ўз кўзлари билан кўрган.

 

Тарихий контекст

 

Постда келтирилган воқеа Россиянинг Марказий Осиё давлатларига қилган босқинчилик юриши даврига тўғри келади. Бу пайтда Бухоро амирлигини манғитлар сулоласидан бўлган Амир Музаффар бошқараётган эди. У 1860 йили отаси Насрулло вафотидан кейин тахтга ўтирган. Ҳукмронлигининг 6 йилида, яъни 1866 йили руслар Бухоро ҳудудларига бостириб киришни бошлади. Бунгача эса улар Қўқон хонлигининг бир қанча шаҳарларини, жумладан, Чимкент, Туркистон, Тошкентни эгаллаб улгурган эди.

 

Постдаги воқеа ҳақида

 

Энди бевосита постдаги маълумотнинг ўзини бироз таҳлил этсак. Биринчи кўзга ташланадиган хатолик шуки, Жиззахга юриш қилган рус генерали Черняев эмас, балки Романовский бўлган. Бу барча ҳужжатларда келган. Черняев номи фақат Мирзо Абдулазим Сомийдагина тилга олинган. Тарихчи исмларни янглиш тарзда ишлатган.

 

Яна бир маълумот қўшинлар сонида. Аҳмад Донишнинг ёзишича, Жиззах мудофааси учун амир 12 минг қўшин жўнатган. Россиялик тарихчи Кресновскийнинг маълумотига кўра эса, мазкур жангда 11 минг аскар қатнашган. Оллоёр девонбеги Жиззахга қўшин билан юборилмайди, балки ҳоким этиб тайинланади ва бу вақтда ҳали Россия билан уруш бошланмаган, яъни руслар амирлик сарҳадларига дахл қилмаган эди. Кейинги муҳим нуқта шуки, постда тилга олинган Оллоёр девонбеги, Мирзо Абдулазим Сомийнинг гувоҳлик беришича, Жиззах мудофаасида шаҳид кетган. У билан бирга яна бир қанча юқори мартабали шахслар ҳам айнан шу жангда ҳалок бўлган.

 

Ҳақиқат ёки уйдурма?

 

Постда ёзилган маълумот на Аҳмад Дониш «Рисола»сида, на Мирзо Абдулазим Сомий китобида учради. Черняев 1866 йил март ойида Россияга қайтариб олинган, ўрнига Жиззахни эгаллаган Романовский юборилган эди. Даврнинг жонли гувоҳларига қулоқ тутсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Аҳмад Дониш ёзади:

«Бир сўз билан айтганда, ўзбек қозонининг қопқоғи очилди, олтин дейилгани мис бўлиб чиқди, руслар керакли даражада уларнинг аҳволидан хабардор бўлди. Улар шу вақтнинг ўзида Жиззах устига юриш қилдилар. Жиззахни мудофаа қилиш учун ўн икки минг аскар бир неча лашкарбоши амирлар бошчилигида Самарқандга юборилди. Ҳамма саркардалар бир-бирларига мухолиф эдики, агар бири дам берса, бошқаси юриш қилар, агар бирининг оти лойга ботиб қолса, ҳеч қайсиси ёрдам бермас эди. Улар орасида мунтазам аскарлар ҳам бор эди, қўмондонлари афғонлардан бўлиб, тартибли жанг қилиш таъмини олган, катта маъракаларда иштирок этган эдилар...

 

Руслар Жиззахни эгаллагандан кейин амир Самарқандда ортиқ туришни хоҳламади ва Бухоро томон отланди. Уламолар ҳақиқий аҳволдан хабарсиз муллалар ва авом одамларнинг кўпини Самарқандга йиғдилар. Амир томонидан Самарқандга ҳоким қилиб қолдирилган Шерали Иноқ эса «Шуларнинг шумлиги, иғвоси билан қанча жанг, фитналар содир бўлди, бу муллалар қатл қилинмаса, омма тинчимайди», деб йиғилганларни қатл қилишга буюрди. «Аслида ғазот суннийларни ўлдиришдан иборат, шунда биз тинч бўламиз», деди. Ўз амалларининг хатоси бўлмиш фармонни бир тўда мусулмонларнинг қони билан безадилар. Самарқанд фуқаролари бу бедодликни Шералидан кўриб, бутун аҳоли, мусулмон талабалари, эркагу аёл Самарқанд қўшини аскарларига қарши кўтарилдиларки, кўчаларда одамлар қони оқа бошлади. Бу хабар дам-бадам душман қулоғига бориб етарди ва улар «қаерда ўлдирилмасин, бу бизнинг фойдамизга» дер эдилар. Ўшанда Самарқандда бўлган бухоролик айрим саркардалар енгил ваъдалар билан бу фитнани тинчлантириш йўлини топдилар. Ҳеч ким ҳеч замон бу мамлакатда бўлганидек тартибсизликни кўрмаган».

 

Аҳмад Донишнинг «Рисола»сини ўқиган одам буни Амир Музаффарнинг душмани ёзган деб ўйлайди. Чунки китоб жуда аччиқ аламли алфозда битилган. Ҳукмдорнинг маишатбозлигию бесоқолбозлик базмларигача ҳикоя қилинган. Лекин шундай танқидий руҳдаги асарда юқоридаги воқеа ҳақида ва Оллоёр девонбеги хусусида сўз йўқ.

 

Мирзо Абдулазим Сомий эса, сал аввал ҳам тилга олганимиздек, Оллоёр Девонбеги аввалдан Жиззах ҳокимлигига қўйилганини айтади. Унинг ёзишича, «Майдаюлғун ҳодисасидан кейин Амир Музаффар Жиззахда эканлигида манғитлардан Оллоёр девонбегини ҳокимликка тайинлаб, Жиззахдаги эски қўрғон атрофида яна бир девор қуриб, уни мустаҳкамлаб, шу ерда амирлашкарлар бошчилигида ўрду тарзида катта бир лашкар қолдиришни буюрдики, гўё бу тадбир ила у ўз кўнглида насронийлар қўшини йўлида мустаҳкам тўсиқ бино қилгандек эди...

 

Муҳосарада қолган амирлардан Оллоёр девонбеги манғит, Одил додхоҳ хитой, Абдусаттор Иноқ Ҳусанбий, Жуёнхожа тўқсабо, жинирол Искандархон ва (бошқа) талай амирлашкарлар шаҳид бўлдилар... Ўлим соати кечиктирилган амирлар, хусусан, Ёқуб қўшбеги ва бошқа баъзи бир кишилар мағлубиятга учраб, уст-бошсиз, пиёда Самарқанд қочиб, олиймақом пойига етиб келдилар. Улардаги (собиқ) шон-шуҳратнинг қолган-қутганларидан ва Майдаюлғун воқеасидан кейин (ҳамон) сақланиб қолмиш куч-қудратдан асар ҳам қолмаганди.

 

...Жиззах воҳаси ва (унда) лашкари мағлуб бўлганлиги хабари (олинган)дан кейин жаноби олийлари Самарқанддан чиқиб, Карманага келдилар ва шу ерда муқим туриб қолдилар. Ғузор ҳокими Абдулмалик Тўрани, Ҳисори Шодмон ҳокими Раҳмонқул парвоначини, талай қалъа лашкарларини, қўнғирот лашкарларининг қолган-қутганини, Миёнқол лашкарини, Бухоро навкарларини, (бошқа) вилоятлардаги ғозийларни Самарқандда қолдирди ва Ғишткўприкни мустаҳкамлаб, бу ерда ҳам ўрислар йўлини тўсиш учун лашкар қўйди».

 

Жиззах воқеаларини тасвирлар экан, Сомий шаҳар мудофааси чоғида бир неча саркардалар қатори Оллоёр девонбеги манғитнинг ҳам шаҳид кетганини айтган. У, постда ёзилганидек, Жиззахга бормаганида жангда ҳалок бўлмаган бўлар эди.

 

Бу воқеа ҳақида фақатгина 2000 йили нашр этилган «Ўзбекистоннинг янги тарихи» I китобида тилга олинади (95-бет). Ундаги маълумотларга қараганда, Оллоёрнинг сарбози Парчаюз Абдураҳмон эсдаликларида зўрланган қизнинг жасадини топишгани қайд этилган. Лекин тарихий манбаларга ҳавола берилмаган ва бу ҳақда батафсил тўхталинмаган. Профессор Қаҳрамон Ражабовнинг сўзларига қарайдиган бўлсак, мазкур воқеа ҳозирда вафот этган бир муҳаррир хатоси билан китобга кириб қолган. Таниқли тарихчи бошқа ҳеч бир асарда бу маълумотни учратмаганини таъкидлади.

 

Хулоса қиладиган бўлсак, ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг ижтимоий тармоқда ушбу постни қўйишдан муддаоси нималиги ва материалнинг қайси манбадан олинганлиги бизга қоронғи. Айтилган фожеа ҳақиқатдан бўлганми-йўқми, деган саволга аниқ жавобни фақат тарихий асарлар ва ҳужжатларни тадқиқ этиш орқалигина топиш мумкин. Лекин ўша давр тарихчиларики, ёзиб қолдирмаган экан, бу воқеага шубҳа билан ёндашиш талаб этилади.

 

Жаҳонгир ОСТОНОВ,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//