Ҳамма ҳам билмайдиган тарих: “ТУРКИСТОН” қачон вужудга келган ва қаерларгача бўлган?


Сақлаш
22:39 / 28.03.2023 1016 0

 

Минтақамизга қўшни ўлкалар узоқ даврлардан бери деярли битта ном билан аталади. Масалан, кунботаримиздаги қадимий тупроқ Эрон, бирмунча кунгайимиз – жанубимизда ўрин олган эртаклар ўлкаси Ҳинд, кунчиқаримиздаги улкан юрт – Хитой (Чин) мамлакатлари номларининг илдизи бундан 3 минг йил олдинга бориб тақалиши тўғрисида мактаб чоғларимиздаёқ билиб олганмиз. Бироқ ўзимиз яшаб турган, ўрни келганда “дунёнинг энг қадимги давлатларини бизнинг ота-боболаримиз қурган”, “туркий эллар яшайдиган ҳудудлар кўламига кўз югуртирсангиз бу очиқ-ойдин кўриниб турибди” деб мақтаниладиган кўпсонли туркий халқлар яшаган ва яшайдиган ўлкаларнинг тарихий оти қандай бўлгани тўғрисида қўққисдан савол берилиб қолса, нима деб жавоб беришни эса ўйлаб кўрмаганмиз.

 

Деярли 30 йиллик илмий изланишларим чоғида бу савол кўп ўйлантирди. Ўрта Осиё ўтмиши, аниқроғи, ўзимиз яшайдиган юрт – Ўзбекистон тарихига бағишланган бугунги кундаги китобларни варақлаганда кўнгилни оғритадиган ҳолатга гувоҳ бўласиз. Яъни юртимиз, у истар Ўзбекистон бўлсин, истар Ўрта ёки Марказий Осиё бўлсин, ўтмишимизнинг ҳар бир босқичи учун бирлаштирувчи, бирдамликка чорловчи атамалардан кўра кўпроқ ўзаро ажратувчи, кичик-кичик бўлакларга бўлинган ўнлаб номларга тўлиб-тошиб ётибди.

 

Хўш, бундай ёндашувнинг негизида нима ётади, чиндан-да минтақамиз учун ялпи бир атама бўлмаганми ёки бу бизнинг “топқирлигимиз” самарасими? Тўғри, кимлардир минтақамизни умумий қилиб “Турон” ёки “Туркистон” деб юритишни ёқлайди ва ўз изланишларида шу атамаларни ишлатади. Бошқалар эса бунга қарши чиқиб, чет элликлар томонидан қўлланилган – юнонча “Трансоксиана”, арабча “Мовароуннаҳр”, форсча “Вароруд”ни, ё бўлмаса, янада майдалашиб “Қадимги Бақтрия”, “Суғдиёна” ёки “Суғд”, “Катта Хоразм”, “Чоч”, “Довон – Фарғона” каби атамалардан фойдаланишни ёқлаб чиқади. Минтақамизни яқиндагина ўйлаб топилган “Ўрта Осиё” ёки “Марказий Осиё” деб юритмасдан, ота-боболаримиз қандай атаган бўлса, шундай аташимизга нима тўсиқ бўлади-ю, “Суғд”, “Чоч” каби кичик номлар билан юритишни ёқловчиларнинг қарашлари қанчалик асосланган?! Нега ушбу қарашни ёқлайдиганлар Турон ёки Туркистон атамасини ишлатишга қарши чиқадилар?

 

Ўтмишимизни ўрганаётган, умрининг кўп қисмини шу йўлга тиккан олимларимизнинг бир ёқадан бош чиқаришига тўсқинлик қилаётган ҳолатлар  таҳлил қилинганда бир манзара номоён бўлади кўз олдингизда: тарихчиларимизнинг сезиларли бир бўлаги археологлар бўлса, қолганлари манбашунослар. Айримларини айтмаганда, улар орасида барчаси ҳам археологик топилмалар-у ёзма манбалар билан тўғридан-тўғри таниш эмас. Археологлар турли тилларда ёзилган манбаларни етарлича ўқиб, тушуниб ололмаганларидек, манбашунос ёки бошқа тарихчиларимиз археологик топилмаларни синчиклаб ўрганиб чиқишга қийналиб қолишади. Натижада бирор тарихий воқеликни, атамани очиқлашда турлича ёндашишлар келиб чиқмоқда.

 

Бунинг ёрқин бир ўрнаги “Турон” ва “Туркистон” атамаларида кўзга ташланади. Етук археологларимиздан бири эски чоғларни ўрганар экан унга “Ўрта Осиё, Трансоксиана деманг, бунинг ўз номи бор – Турон, Туркистон” десангиз “яхши, ёзма манбаларни қайтадан бир қараб чиқар эканмиз-да” демасдан бирданига “буни қайдан олдинг, ёзма манбадарда бундай билги – маълумот йўқ” деб оёқ тираб олишини қандай тушунишни ҳам билмай қоласиз. Шунга ўхшаб, умрининг кўп йилларини қўлёзмалар ёнида ўтказган бирор манбашуносимизга “ҳадеб негизи арабча бўлган ва сўзлик маъноси “Дарёнинг нарёғи, аниқроғи, Амударёнинг у томони” англамида бўлган Мовароуннаҳрни қўлланавермасдан, ота-боболаримиз қўйган номларни ҳам ишлатинг” деб кўринг-чи!

 

Қисқаси, ёзма манбаларни етарлича яхши билмасликдан келиб чиққан бундай ёндашувларга ечим бўлади деган ўйда, қуйида “Туркистон” атамасининг қачондан бошлаб қўлланила бошлагани масаласига бирмунча тўхталиб ўтмоқчимиз. Аслида, Туркистондан анча илгари минтақамизнинг ялпи номи бўлган “Турон” атамасига ҳам тўхталиш керак эди. Бироқ бу тўғрида кейинги изланишларимизда чуқурроқ тўхталишимизни кўзда тутиб, “Туркистон” сўзининг илк бор ишлатила бошлаган кезлари – илк ўрта асрлар, тўғрироғи, Турк хоқонлиги чоғи (552-744 йй.) билан чекландик. Ундан кейинги чоғларда, айниқса, Қорахонийлар (942-1212 йй.), Темурийлар (1365-1506), Шайбонийлар (1501-1601) ва ўзбек хонликлари бошқаруви чоғида бу атаманинг қай йўсинда ишлатилгани-ю, бу тўғрида ёзма манбалар нима дегани масаласига тўхталишни ҳам кейинги изланишларимизга қолдирдик.

 

“Туркистон” атамаси узоқ асрлардан бери Марказий Осиё минтақасининг катта бир қисми учун, аниқроғи, Каспий денгизининг кунчиқаридан то Олтой тоғларигача, Шимолий Афғонистондан то Урал тоғларигача чўзилган кенг ҳудуднинг ялпи географик номи ўлароқ қўлланилиб келган. Тўғри, бу атама турли даврларда кенгайиб, ушбу ҳудудлардан ҳам кенгроқ ҳудудларга қарата қўлланилган, айрим ўринларда эса бирмунча торроқ ҳудудни англатиб қолган кезлар бўлса-да, ўнлаб асрлар бўйи кўпроқ Марказий Осиёда жойлашган турли ўлкаларнинг бирлаштирувчи оти бўлиб келгани англашилади. Айрим ўринларда Туркистон деганда айтиб ўтилган ўлкалар билан бирга Доғистон ва Озарбойжон ўлкаларини ҳам қамраб олган кенг ҳудуд тушунилганига ҳам дуч келамиз.

 

“Туркистон” атамаси қачон, қайси ҳудудлар учун қўлланилгани бўйича қарашлар таниқли тарихчиларимиз А.Ўринбоев, А.Асқаров, А.Аҳмедов, М.Исҳоқов, Б.Маннонов, Ш.Камолиддин ва турколог Қ.Маҳмудовларнинг изланишларида ўрин олган ва унинг ўрни аниқ кўрсатиб берилганига қарамай, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу тўғрида бугунгача қарама-қарши ёндашувлар  қарашлар билдирилмоқда. Айниқса, айрим маҳаллий ва чет эл нашрларида Туркистон атамаси юзасидан қуйидагича бирёқлама ва янглиш қарашлар борлиги кўзга ташланади:

 

1) «Бошланғичда араблар келишидан бирмунча олдин Сирдарёнинг кунчиқаридаги туркий элатлар яшайдиган ўлкаларни араб ва форслар ялпи ном билан Туркистон деб аташган»;

2) «Амударё – Сирдарё оралиғи учун VI – VIII юзйилликларда Туркистон атамасини ишлатиш мумкин эмас, бу атама VIII – IX юзйилликларда Сирдарёнинг шимоли ва кунчиқаридаги ўлкаларга, кўпроқ Еттисув учун қўлланилган, икки дарё оралиғи эса Туркистон деб аталмаган»;

3) «Мовароуннаҳр Туркистонга кирмаган, Туркистон деганда Сирдарёнинг қуйи оқимлари, кўпинча бугунги Туркистон шаҳри тегралари тушунилган, фақат XIX юзйилликнинг иккинчи ярмида руслар Ўрта Осиёни босиб олгач, Туркистон номи улар томонидан Сирдарё ва Амударё оралиғини ҳам англата ишлатила бошлаган».

 

Хўш, ушбу географик атама қачондан бошлаб, қайси ҳудудга нисбатан ишлатила бошлаган ва илк бор қайси ёзма манбаларда тилга олинган? Академик Э. В. Ртвеладзе VI – VII асрларга тегишли бақтрий ёзувли битикда Туркистон атамаси илк бор учрашини урғу беради. Шунингдек, Шарқий Туркистондан топилган 639 йили суғдий тилда битилган ҳужжатда Туркистон атамаси учрайди. Ушбу ҳужжатда «чавйак уруғига мансуб Туркистонда туғилган чўри Упачаҳ» тўғрисида сўз боради. Суғдшунос олим М. Исҳоқов «Номи азал Туркистон» сарлавҳали мақоласида ушбу ҳужжатдаги айрим билгиларга таяниб, «бу ҳужжатдан маълум бўладики, Туркистон географик атамаси ўлкамизга нисбатан илк ўрта асрлардаёқ қўлланилган, аниқроғи, бундан 1360-1400 йиллар илгари Турон ерларининг умумий номи Туркистон деб аталган» деб ёзади.

 

Яқин йилларда эса Хўтан (Шарқий Туркистон)да аниқланган, VIII юзйилликка тегишли суғдий тилли бир ҳужжатнинг 13 ва 15-қаторларида Туркистонатамаси  /  twrkystn кўринишларида ёзилгани диққатни тортади. Ушбу ҳужжат юзасидан изланишлар олиб борган эроний тиллар билимдони, инглиз олими Н. Симс-Вилямс ҳужжатдаги Туркистон сўзини Турон юртидаги тарихий ўлкалардан бирининг номи дея очиқлайди. Унга кўра, ўша чоғларда бу атама шимоли-шарқдаги ерлар, айниқса, Сирдарёдан Мўғулистонгача чўзилган ўлкалар учун қўлланилган. Бу қарашга қўшилса бўлади, бироқ қуйида кўриб ўтиладиганидек, илк ўрта асрларга тегишли арман ва ўрта форс ёзма манбаларида “Туркистон” деб Каспий денгизининг кунчиқаридан бошлаб, Амударёнинг юқори ва ўрта оқимларини ўз ичига олган ва кунчиқардаги Олтой ўлкасигача ёйилган кенгликлар тушунилгани англашилади.

 

Туркистон тўғрисида бу каби қисқа билгилардан бошқа янада тўлиқроқ маълумот берадиган тарихий ва географик асар борми? Биз бу саволга жавоб топишга уринар эканмиз, шу йўсиндаги маълумотга дуч келдик. Асарини VII юзйилликнинг ўрталарида ёзиб тугатган арман тарихчиси Себеос 2 та билги келтиради:

1) «Деҳистон ёхуд унинг атрофлари Туркистондадир;

2) «Кушон шоҳи (Эфталит ҳукмдори) Шимол ҳукмдори улуғ Хоқон (Турк хоқонлиги хукмдори)дан ёрдам сўради. Ва у ёрдамга 30 бюр миқдоридаги қўшин билан келди. Улар (турклар) Туркистондан бошланувчи Вехрот (Амударё) дарёсидан кечиб ўтишди».

Бундан англашилишича, Шимоли-Шарқий Эрон (бугунги Туркманистоннинг жанубий-ғарбий қисми)даги тарихий Деҳистон вилояти Туркистонда бўлган. Иккинчи билги эса Амударёнинг Туркистондан бошланишига урғу берилган бўлиб, Амударёнинг бошланиши Вахш ва Панж дарёлари теварак-атрофларига тўғри келади. Себеоснинг келтирган иккинчи билгидан бу ҳудуд – Вахш – Панж – Юқори Амударё ҳавзаларининг Туркистон ўлкасига киргани англашилади. Ўша чоғларда Юқори Амударё қирғоқларида Тўхористон ябғулари (чамаси, 620-750 йй.) деб аталган туркий сулола бошқарувда бўлиб, ушбу сулоланинг келиб чиқиши бошқарув марказлари Суяб (Еттисув), Жабғукет (Чоч) бўлган Ғарбий Турк хоқонлиги (568-740) билан боғлиқ бўлган.

 

Яна бир арман тарихчиси, VII асрда яшаган Анания Ширакацининг «Ашхарацуйц» («Ўлкалар тасвири») асарида «суғдийлар – Ария (Хуросон) ва Туркистон оралиғида яшайди» деган маълумот учрайди. Ушбу билгидан  ўрнини аниқ белгилаш қийинроқ бўлса-да, унда Туркистон деганда Амударё ва Сирдарё оралиғи ҳам тушунилганини пайқаш мумкин. “Суғдийлар яшаган ўлка” қадим ва илк ўрта асрларда кўпроқ Қашқадарё ва Зарафшон дарёлари қирғоқларидаги тупроқлар учун қўлланилганини кўзда тутадиган бўлсак, ушбу арман тарихчиси Туркистонни бирмунча узоқда, Суғд чегарасида деб кўрсатган бўлиб чиқади. Бироқ ҳам арман тилида бошқа ёзма манбалар, ҳам бошқа тиллардаги билгилар Туркистонни кенгроқ маънода олганда Хуросоннинг бир бўлаги – Каспий денгизининг кунчиқар томонларини ҳам ўз ичига олганини кўрсатади.

 

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, арман тарихчилари Туркистон ҳақидаги билгиларни қўшнилари форслардан олишган. “Туркистон” сўзи форс тилида  «Турклар яшайдиган юрт», «Турклар ери» деган англамларни билдиради. Демак, форслар VI – VII юзйилликларда Туркистон атамасини ишлатган бўлиб, кейинчалик бу ёндашув арманларга ҳам ўтган. Буни илк ўрта асрларга тааллуқли ўрта форс-паҳлавий ёзма манбалари ҳам қўллаб-қувватлайди. Ўрнак учун, паҳлавийча «Бундаҳишн» («Дунё қурилиши») отли географик асарда Туркистон тўғрисида қуйидагича билгилар учрайди: 1) «Зарин тоғи – Туркистондадир»; 2) «Саукавастон ўлкаси – Туркистондан Кинистонга борадиган йўлда, шимолий йўналишда жойлашган», 3) «Кино (Кинў) тоғи кунчиқарда жойлашган, у Туркистон чегарасида бўлиб, Апарсен тоғи билан туташади».

 

Паҳлавий манбалардаги Туркистонни белгилаш учун юқорида келтирилган Саукавастон ва Кинистон ўлкалари ҳамда Зарин, Кино ва Апарсен тоғларининнг ўрнини аниқлаш керак бўлади. «Бундаҳишн»да Зарин тоғи Хуросондаги тоғлар сирасида санаб ўтилгани кўзга ташланади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асари «Бобурнома»да Афғонистонда кечган воқеаларни тилга олар экан “Кўтали-Зарин” (Зарин довони)га тўхталиб ўтади.

 

Изланувчилар бу ерни Шимоли-Ғарбий Афғонистоннинг Куҳи-Бобо тоғ тизмаларидаги Ҳарируд дарёсига яқин бир довон, деб кўрсатишади. Шунингдек, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳудудларга яқин тоғ – Ҳирот ва Балх оралиғидаги Куҳи-Бобо тоғ тизмаларининг бир қисми «Банд-и Туркистон» (Туркистон тоғ тизмаси) деб юритилади. Бу эса «Бундаҳишн»да эслатиб ўтилган Зарин тоғи билан «Бобурнома»даги Зарин довони битта эканини кўрсатади. Шу ҳам борки, ўтган асрларда ҳам, бугунги кунда ҳам Куҳи-Бобо тоғларининг шимолидан то Амударёгача чўзилган ва Банди Туркистон тоғларини ҳам ўз ичига олган Шимолий Афғонистондаги вилоятлар “Туркистон” ёки “Жанубий Туркистон” деб аталиб келинади. Бу эса «Бундаҳишн»даги Туркистон билан Шимолий Афғонистондаги Туркистон битта ер учун қўлланилган, деган қарашга ундайди.

 

Энди «Саукавастон ўлкаси Туркистондан Кинистонга борадиган йўлда, шимолий йўналишда жойлашган», «Кино (Кинў) тоғи кунчиқарда жойлашган, у Туркистон чегарасида бўлиб, Апарсен тоғи билан туташади» деган билгини очиқлаб ўтамиз. Бунинг учун биринчидан паҳлавий матнлардаги «Саукавастон», «Кинистон» ва «Кинў тоғи» атамалари қаерларга қарата ишлатилганини аниқлаш керак бўлади. Айрим изланувчиларга кўра, Кинистон ва Кинў тоғи атамалари Суғд воҳасига ва ундаги тоғ тизмалари учун, Саукавастон ўлкаси эса Зарафшон дарёси қирғоғидаги ерлар учун қўлланилган. Апарсен тоғи эса Хуросондаги тоғларнинг ялпи номи бўлган. Ҳисор тоғ тизмалари паҳлавийча асарларда Кинў тоғи, у жойлашган ҳудуд эса Кинистон деб юритилган. «Бундаҳишн»даги ушбу билгидан кўринадики, Хуросондан кунчиқарга – Суғд ўлкасига томон йўналган йўл Амударё қирғоқларини ҳам ўз ичига олувчи Туркистондан ўтган.

 

Шунингдек, Суғднинг бир қисми бўлмиш «Саукавастан ўлкаси» ушбу йўлнинг шимолида бўлган. Демак, арман ёзма манбалари ва паҳлавий матнлардаги билгилардан кўринадики, юртимизнинг кунгай – жанубий тупроқлари, Туркманистон ва Тожикистоннинг кунгайи ва Шимолий Афғонистон ҳудудлари Туркистоннинг чекка жанубий чегаралари бўлган.

 

Сиёсий ўзгаришлар сабаб Туркистон ҳудуди бошқа тарихий-географик ўлкалар каби турли даврларда бирмунча торайиб ёки кенгайиб турган. Араб географлари асарларида “Туркистон” деб кўпроқ Сирдарёнинг шимоли-шарқий томонлари кўрсатилишини шу билан очиқланади. Форсча ёзма манбаларда эса айрим ўринларда Туркистон ва Мовароуннаҳрни бўлак-бўлак ўлка ўлароқ тилга олганига кўзимиз тушади. Биламизки, Амударё ва Сирдарё оралиғи учун Мовароуннаҳр атамасини қўллаш арабларнинг кириб келиши сўнгида тарқала бошлаган. Ўрта аср араб, форс ва туркий ёзма манбаларида эса Туркистон атамаси кўпроқ Сирдарёнинг қуйи оқимидаги тупроқларга, Сирдарёнинг шимоли-шарқига, Еттисувга, Фарғона водийси ва Шарқий Туркистонга нисбатан қўлланила бошлаган. Шу билан бирга, Амударё ва Сирдарё оралиғи Туркистонда деб кўрсатилган ҳолларга кўзимиз тушади. Ўрнак учун, Ҳофизи Абрунинг (XV юзйиллик) «Жўғрофия» асаридаги Мовароуннаҳр очиқламасида қуйидагича билги учраб, ундан икки дарё оралиғи учун Туркистон атамаси қўлланилганини англаймиз: «Айтишларига қараганда… Самарқанд шаҳрини Шамар (исмли) муътабар амир қурганмиш ва у Туббаъ амирлари (Яман ва Арабистоннинг исломгача бўлган подшоҳлари)дан бўлиб, Туркистонга келиб қолган. Шундан сўнг ул (шаҳар)ни «Шамар-канд» дейишган».

 

XVI юзйилликда Туркистон деб кенг маънода Шимолий Афғонистон, Шимолий-Шарқий Эрон (Хуросон), ҳатто Озарбойжон ҳудуди ҳам тушунилган ҳоллар ҳам бўлган. «Қутбнома» отли асарда Шоҳ Исмоил Сафавий «пири Туркистон» деб келтирилиши бунинг ёрқин ўрнагидир.

 

 

Юқорида кўриб ўтилган билгилар негизида қуйидагича тўхтамларга келиш мумкин:

VII юзйилликка тегишли арман манбаларида Амударёнинг юқори оқими Туркистонда деб келтирилган, паҳлавий-форс манбаларида эса Шимолий Афғонистон, Амударёнинг юқори ва қуйи оқимлари Туркистонга киритилган. Суғдий ҳужжатларда ҳам икки дарё оралиғи Туркистонда кўрсатилган. Тўғри, бу билгилар кенг қамровли бўлмай, уларда Туркистон атамаси бирор воқеа тўғрисида сўз борганда йўл-йўлакай айтиб ўтилган. Шундай бўлса ҳам ушбу билгилардан Туркистон деганда ҳозирги кун тушунчамиздаги Туркистонни тушуниш қийин эмас.

 

Туркистон географик атамаси илк ўрта асрлардаёқ эронликлар томонидан Эроннинг шимоли-шарқидаги ҳудудлар учун «туркийлар ўлкаси» деб ишлатила бошлаган. Ўз ўрнида ушбу атамани қўшнилари бўлмиш эронликлардан эшитган арман тарихчи ва географлари ҳам қўллай бошлаганлар.

 

Туркистон географик атамаси илк ўрта асрлардаёқ, бугунги кундаги Марказий Осиё минтақасининг йирик бир  бўлаги учун этносиёсий ва этно-географик ном ўлароқ ишлатилган. Буни юқорида қисқача кўриб чиқилган турли тилли ёзма манбалардаги билгилар ҳам кўрсатиб турибди. Демак, Ўрта Осиё ёки Марказий Осиё учун ушбу атамаларнинг тенги – муқобили ўлароқ Туркистон атамасини ишлатиш, Бақтрия, Суғд, Хоразм ва бошқа бирмунча кичик атамаларни эса ушбу минтақадаги кичик ҳудудлар учун қўлласак, янглиш ёндашув бўлмайди. Бу билан юртимизнинг Эрон, Ҳинд ва Хитой (Чин) билан тенглаша оладиган ўз номига эга бўлгани ва унинг илдизи илк ўрта асрларга бориб тақалишини кўз-кўз қила оламиз. Бошқа томондан эса Туркистондан олдинги чоғлар учун Турон атамасини ишлатишнинг вақти келди, деб ўйлаймиз.

Ғайбулла БОБОЁР,

Тарих фанлари доктори, профессор

 

Қўлланилган адабиётлар

Ўринбоев А. Абдураззоқ Самарқандийнинг Ҳиндистон сафарномаси. Т., 1960. 84-85 б.

Аскаров А. Некоторые вопросы истории становления узбекской государственности // ОНУ, 1997, №3-4. С. 67.

Аҳмедов А. Нега Турон деб аталади // Турон, №1, 1992, 5-6 б.

Исҳоқов М. Номи азал Туркистон//Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси, № 45-46. Т., 1993, 1, 5-б.;

Маннонов Б. Туркистон ва Марказий Осиё//Мулоқот, №2, 1998, 68 б.;

Камолиддин Ш. К вопросу об употреблении географических названий «Мавераннахр» и «Туркестан»//«O’zbekiston tarixi», №4, 2002, с. 61-68.

Mahmudov Q. Qadimgi Turkiston tarixi. Tошкент, 2003.

Frye R.N., Sayili A. Selзuklulardan evvel Orta Sark’ta Tǖrkler. Belleten, cilt. 10. Ankara 1946. S. 119

Тер-Мкртичян Л.Х. Армянские источники о Средней Азии V – VII вв. М., 1979. С. 60-61.

 Markwart J. Wehrot und Arang. Untersuchungen zur mythischen und geschichtlichen Landeskunde von Ostiran. Leiden, 1938. S. 123, n. 3.

Pahlavi Texts. The Bundahis-Bahman Yast, and Shayast La-Shayast. Translated by E. W. West. BSE, Vol. 5, Part I, Delhi 1987,Ј p. 37, 41, 120.

Бабурнаме. Пер. М. Салье, Т. 1958, с. 194а, 226, 529.

Ensiklopedia of Islam. II Edition. Afghanistan, I. Vol. P. 221 a., 260 a.

Бўриев О. Темурийлар даври ёзма манбаларида Марказий Осиё. Т., 1997. 77-б.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//