Ёш ва кекса қуёш, ўн минг йиллик мифлар – Наврўзни нега 30 дан ортиқ халқлар байрам қилади?


Сақлаш
21:18 / 16.03.2023 1014 0

 

Инсоният босиб ўтган йўл олдида ёзма тарихнинг (recorded history) бошланиши тунов кунги ҳодисадек гап. Илк битиклар беш-олти минг йил илгари пайдо бўлган бўлса, икки ярим минг йил олдинги Ҳеродотни тизимли тарихнавислик аввалида тургани боис “тарих отаси” деймиз. Қўлёзмалар ўтмишни ўрганишда нақадар қимматли манба бўлмасин, барибир яқин йигирма беш асрдан кўпинча субъектив гувоҳлик беради. Ундан нарисидаги бир неча ўн минг йил, бир неча юз минг йилга эса замонавий илм ютуқларига асосланган мантиқий хулосалар чироқ тутади.

 

Шарқона янги йил – Наврўз тўғрисида гап кетар экан, Беруний ҳам, Фирдавсий ҳам “яп-янги” бўлиб қолаверади. Инсон онгли мавжудот ўлароқ вақтни – кун, ой ва йилни қачондан англай бошлаган? Тахминан 19–23 минг йил илгари Сибирдан Аляскага кўчиб ўтган осиёлик овчилар авлоди мая қабилалари тилида “кин” уч маънода (қуёш, вақт, иссиқ) келиши ва туркийча “кун”га ҳам шаклий уйқашлиги, ҳам мазмуний муштараклиги аждодларимиз ўша замонлардаёқ офтобнинг чиқиб-ботиши оралиғидаги муддатни вақт ўлчов бирлиги сифатида яхши билганидан, алоҳида атама билан номлаганидан далолатдир.

 

Мезолит даврига оид Сийпантош (Ҳисор тоғ тизмаси, Қашқадарё) манзилининг энг камида ўн минг йиллик петроглифлари ибтидоий мунажжимлар 28-30 тунда янги ой туғилишини аниқлаганидан дарак бермоқда. Ер сайёрасининг табиий йўлдоши ҳам, ўттиз суткалик вақт бирлиги ҳам “ой” деб аталиши ўзаро боғлиқликни кўрсатиб турибди.

Саймалитош (Фарғона тоғ тизмаси, Қирғизистон) манзилидаги беш минг йиллик чизмаларда ўн икки нурли қуёш маъбуди ва омоч тортаётган қўш ҳўкиз тасвирлангани бу даврга келиб аждодларимиз вақт ўлчов бирлиги сифатида йилни ҳам кашф қилганини билдиради. Ушбу манзарани Йилбоши – Наврўз сайлининг бугунгача ажралмас қисми бўлиб келаётган қўш ҳайдаш маросими акс этган дастлабки суратлардан дейиш мумкин.

 

Ойга нисбатан туғилиш сўзини қўлладик. Хўш, қуёш-чи? Айрим қардош тилларда тонг отиши кун туғди ибораси билан ифодаланишини биламиз (бизда эса асосан чиқиш феъли фаол). Алқисса, куннинг туғилиши янги кунни, ойнинг туғилиши эса янги ойни бошлаб берган. Табиат билан вобаста яшаган одамзот ҳар бир жисмда, ҳар бир ҳодисада жон бор деб, худди ўзи каби тирик деб қабул қилган.

 

Биз борлиқни англашда ҳамиша ўзимизни марказга қўйиб тафаккур юритамиз. Чақалоқнинг қоронғилик дунёсидан ёруғ оламга чиқиши, улғайиб камолга етиши ва охири қариб-қартайиб, зимистон мамлакатига кўчиши – одамзотнинг яшаш тарзи коинот учун универсал қонуният деб тушунилган. Инсон ҳаёти олами сағир (микрокосмос) сифатида олами кабир (макрокосмос) хусусиятларининг тажассуми деган тасаввуфона қараш мана қаерлардан ўсиб келмоқда. Ойнинг тўлиб-озиши, қуёш ҳароратининг кучайиб-пасайиши, дарахтларнинг барг тўкиб-гул ёзиши – ҳамма-ҳаммасининг табиатда такрорланувчи ҳодисалар эканини кузатган одамзот ўзининг ҳам қайта дунёга келишига, руҳи кўчиб юришига ишонган, ишонтирган. Шу орқали биологик ҳаётнинг ўткинчилигидан хавотирларини бирмунча енгган. Мазкур ишонч кўплаб динларда мавжуд таносуҳ (реинкарнация) назариясига йўл очган.

 

Асосан туркийлар ва уларга қўшни халқларда куйланадиган “Гўрўғли” туркум достонлари қадимий қуёш мифологиясидан негиз олишини филология фанлари доктори Шомирза Турдимов илмий асослаган (“Гўрўғли” достонларининг генезиси ва тадрижий босқичлари. – Тошкент: Фан, 2011). Фолклорда ёш қуёш ва қари қуёш ҳақидаги тасаввурлар Гўрўғли ва Қўрқут ота сиймосида бадиий гавдалантирилади. Бири гўрда, еростида туғилса, иккинчиси доим ажалдан қочиб юради, охири дарё ўртасида илон чақиб ўлдиради. Бу эса офтобни аждар ютиб юбориши ҳақидаги кўҳна афсонани ёдга солади. Икки қаҳрамон қисматидан сўзловчи достонлар қоғозга тушганига бир неча аср бўлган, лекин бу уларнинг янги ҳодиса эканини англатмайди.

 

Биргина мисол: мая мифологиясида Кинич Аҳау (қуёш маъбуди; шу ерда “кун” ва “ёҳу” сўзларини эслаш керак) кундузи кўкда порлаб, кечқурун ягуар кўринишида ерости олами Шибалбадан ўтиши “Малика Айёр” достонида Авазхоннинг ерости мамлакати Торкистонга тушиб, тилла арслон сиёқидаги қурилма ичига кириб олишига ҳамоҳанг. Бундай афсоналар Евросиё материгида яшовчи халқлар оғзаки ижодида етарлича қайд этилгани рост, аммо биз тахминан йигирма минг йил нарида томирларимиз туташгану, кейин алоҳида қитъада умргузаронлик қилган маялар меросидан мисол келтириб, фолклоримиздаги анъанавий мотивлар тарихнинг нақадар теран қаъридан ниш уриб келаётганини урғуламоқчимиз.

 

Мая шамсий календари (ҳааб)даги яшкин ва канкин деган ой номлари қандай маъно англатишини ўзингиз фаҳмлаб тургандирсиз. Яшкин” сўзи икки логограммадан иборат: юқоридагиси “яш” деб ўқилади, “яшил” ёки “биринчи” дегани. Асосий белги (“кин”) эса азалдан бутун сайёрамиз бўйлаб кенг тарқалгани, қоятош суратларидан тортиб кўплаб археологик топилмаларда, ҳатто бугунги гилам ва кашталарда учрашидан аён бўладики, одамзот айлана ичига нуқта қўйиб ёки қўшув белгисини чизиб, қуёш маъносида тушуна бошлаганига ўттиз минг йилдан кам бўлмаган.

 

Аниқлик киритиб кетиш керак, қадимги америкаликлар биздан кўчиб кетган замонларда ҳали Ернинг сунъий йўлдоши ҳаракатига асосланган “ой” вақт ўлчов бирлиги кашф этилмаган кўринади. Негаки мая тақвимига кўра шамсий йилда ҳар бири 20 кундан иборат 18 та уинал бор (winal – одам дегани; қўл-оёғимиздаги бармоқлар жами сонига асосланган). Яшкин (ёш кун, янги қуёш) тартиб бўйича еттинчи ўринда туради, яъни йил бошидан ҳисоблаганда 120 кундан сўнг киради.

 

Орадан яна етти ой ўтиб, йил бошидан ҳисоблаганда 260 суткадан сўнг канкин уиналига навбат етади (маяларнинг диний тзолкин тақвимида ҳам 260 кун бор). “Кан” – сариқ дегани. Логограмманинг мазмуни “сариқ қуёш”, “қари қуёш” деб изоҳланади. Эътиборлиси, расмда мангу яшаш тимсоли – ҳаёт дарахти акс эттирилган. Эсингизда бўлса, ўн йилча илгари глобал ахборот тармоқларида 2012 йил 21 декабрда қиёмат қўпиши ҳақида шов-шувлар урчиган эди. Бу мая тамаддунига хос Узун ҳисоб бўйича Бешинчи қуёш даври (5125 йил)нинг тугаши бўлиб, канкин ойининг бошига тўғри келган. Қизиғи, тақвим эгалари дунёнинг тугашидан асло баҳс этмайди, балки эски давр тугаб, янги давр бошланажагини таъкидлайди.

 

Баҳорги ва кузги тенгкунлик (21 март, 22 сентябр), энг узун кун ва энг узун тун (22 июн, 21 декабр) шамсий тақвимдаги тўрт асосий сана ҳисобланиб, қадимдан ушбу табиат ҳодисаларига бағишлаб махсус мавсумий маросимлар ўтказиб келинган. Туркийлар йилни ёз ва қишга ажратган, икки фасл доимо ўзаро рақобатда яшашига ишонилган. Наврўзда қаҳратон мағлуб бўлган. Меҳржонда эса жазираманинг кучи кесилган. 21 декабрда туннинг қудрати ҳадди аълосига етган. 22 июнда эса куннинг қуввати авжига чиққан. Ёруғлик ҳам, қоронғилик ҳам камолдан сўнг дарҳол заволга кетган.

 

Қардошларимиз яшаб турган ҳудуди иқлимига қараб йилнинг муҳим тўрт санасидан бирида ўтказиладиган байрамга кўпроқ эътибор қаратади. Энг машҳури – баҳорги тенгкунлик бўлиб, туркийларнинг географик тарқалиш минтақаларидаги обиҳаво шуни тақозо этади. Яъни қаҳратон қаҳридан қутулган халқ кўклам нафасидан руҳи яйраб, янги меҳнат мавсумини бошлаган. Байрам қилишга арзигулик баҳона, шундайми?! Қишда қишлоқда қисилиб яшаган одамлар махсус маросимлар ўтказиб, зулмат юкидан халос бўлишган. Кейин ёзда ёйилиб яйраш мақсадида ёзлоқ (яйлоқ, яйлов)га, дала-боғларга кўчишган. Кузда эса хирмон кўтарилиб, ҳосил байрами нишонланган. Аёзли кунларга тайёргарлик кўрилган. Буларнинг барчаси кўҳна мифологик тафаккурдан илдиз олган ирим-сиримлар, урф-одатларга омихта кечган.

 

Шимолда яшайдиган яқут (саха)лар ёзги қуёш туриши – энг узун кунни ўзгача нишонлайди. Исиах (мўл-кўлчилик, тўкин-сочинлик дегани экан; ишиқ – ёруғлик, нур маъносида ҳам бўлиши мумкин) байрамида юзлаб одамлар қўлни қўлга бериб, давра ҳосил қилиб, қуёш йўналиши бўйлаб айланиб ўйинга тушади. Иштирокчиларнинг алмашиб туриши ҳисобига маросим уч кунлаб тинимсиз давом этиши мумкин. Осуохай рақсида 2012 йили 15 мингдан ортиқ киши қатнашиб Гиннес рекорди ўрнатилган (бу ҳодиса маяларнинг сал аввал эслаб ўтилган “қиёмат” йилига тўғри келиши шунчаки тасодифмикан?) Мифологик мантиққа кўра зулмат билан курашаётган қуёшга кўмак бериш мақсад қилинади. Бу тонгни бедор қарши олиш одатида ҳам намоён бўлади.

 

Қуёшнинг қишки туриши – энг узун тун мумтоз адабиётимизда форс шеърияти таъсирида “Ялдо” номи билан поэтик бўёқдорлик касб этган. Бошқирд, удмурт, татар ва бошқа қардошларимизда эса Нардуган, Нартукэн, Нартаван, Нардава, Нардван, Гундўған деб аталади. Афсоналарда айтилишича, ёвуз кучлар билан олишишдан толиққан кекса қуёш охири мағлубиятга учраб ҳалок бўлади ва... зулмат билан курашни давом эттиргали янги қуёш туғилади (қақнусга ўхшаб).

 

Жиззах вилоятида Нарвон ота зиёратгоҳи бор, бу номни бугунги тушунчамиз бўйича изоҳлашга уринамиз. Аслида юқоридаги сўзларнинг фонетик ўзгаришга учраб, луғавий маъноси ҳам унутилган шаклидир. Қадамжо қадимда энг узун тун маҳали махсус маросимлар ўтказиладиган манзил бўлганини эл оғзидаги ривоятлар тасдиқлайди. Ғорда яшайдиган авлиё ота ўрнидан туриб, бомдодга тадорик кўргани ташқарилайди, лекин ҳадеганда изига қайтавермайди. Кампири илҳақ бўлиб чиқиб қараса, бобо осмонга кўтарилиб, нурга айланиб бораётган бўлади. Кекса қуёшнинг ўрнига янги қуёш келиши ҳақидаги кўҳна афсонанинг ўзгинаси эмасми?!

 

Янги йилни қишда кутиб олиш анъанасининг туб илдизи энг узун тундан сўнг кун аста-секин узая бориши ҳодисасига боғланади. Ҳатто Исо алайҳиссаломнинг мавлудини нишонлаш одати қадимги римликларнинг қуёш худоси байрамини омма онгидан фориғ қилиш мақсадида таъсис этилган экан. Татарлар эса XVIII асрдан эътиборан Нардуган маросимини руслар таъсирида юлий календари бўйича Янги йил байрами билан синкретик тарзда ўтказа бошлаган.

 

Ибтидоий одамзот дунёқараши бўйича айтганда, 21-22 декабрда янги қуёш туғилади, аммо ҳали у зулмат қўйнида, Гўрўғли каби гўрда. Кўк юзига кўтарилиш учун куч тўпламоқда. Уч ойдан сўнг 21 мартда ёруғ оламга чиқади. Шундай қилиб, навқирон қуёшнинг қўли баланд келиб, нурлари ер юзига мўл-кўл ёғилади, зимистон чекина боради, тунлар қисқариб, кунлар узая бошлайди. Табиатда уйғониш, янгариш, яшариш, яшнаш, яшилланиш...

 

Маълумки, 21 мартда йил янгиланади. Кун эса ҳар тонг янги. “Янги кун” дейилганда аждодларимиз янги қуёш, навқирон қуёш маъносини тушунган. “Наврўз”даги иккинчи сўз гарчи бугун вақт ўлчов бирлигини билдирса-да, этимологик жиҳатдан қадимги ҳинд-европа тилларидаги “нур” англамли сўзга бориб уланиши таъкидланади. Қизиғи, қуёш мифологиясига асосланган “Гўрўғли” туркум достонларининг тарқалиш географияси билан Наврўз нишонланадиган минтақалар баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда қарийб мос келади. Сабаби, ҳар икки маънавий обида ҳали миллатлар, элатлар пайдо бўлмасидан олдинги муштарак тарихимиздан мерос бизга.

 

Бугун Йилбоши – Наврўзни ўттиздан ошиқ мамлакатда бир неча динларга эътиқод этувчи халқлар байрам қилади. Ўндан ортиқ давлатда эса расмий мақомда тантаналар ўтказилади. Шу сабаб Наврўзни ЮНЕСКО 2009 йили Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритди. 2010 йили эса БМТ 21 мартни халқаро Наврўз куни деб эълон қилди. Элимиз эса неча минг йиллик тажрибаси билан савқи табиий равишда ҳар кўкламда дала-даштларга, тоғу тошларга чиқиб, ёруғлик ва эзгуликнинг ғалабаси, янгиланиш ва яшариш палласи, тенглик ва бағрикенглик байрамини нишонлайверади.

 

Фаррух ЖАББОРОВ,

ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти тадқиқотчиси

Маънавий ҳаёт, 2022 йил, 1-сон

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//