“Жосусликда айбладилар. Бу туҳмат!” – Марям Султонмуродованинг сургундаги мактублари


Сақлаш
22:55 / 06.03.2023 1029 0

Султонмуродова Марям Жуманиёзовна 1905 йил 13 февралда Хива шаҳрида туғилган. Чандирқиёт қишлоғида ўзининг 2 таноб ерида деҳқончилик билан шуғулланган отаси Жуманиёз Султонмуродов Урганчга бориб Черников деган бойнинг пахта тозалаш заводида дастлаб тарозибон, сўнг пахта олувчи бўлиб ишлаган. Мулла Жуманиёз ҳақгўй ва тараққийпарвар инсон эди, у қишлоққа илк велосипед келтириб кўпчиликнинг тилига тушганди. 1916 йил зулмга қарши халқ қўзғалонида иштирок этиб, Хива хонининг таъқибига учрайди. Саид Абдуллахон фармони билан унинг 4 ака-укаси (Болта, Қурбонбой, Рўзмат, Назар) қатл этилади. 1917 йил у оиласи билан хонликни тарк этиб, 1919 йилгача Тўрткўлда яшашга мажбур бўлади. Инқилоб натижасида Хива хонлиги ҳудудига қайтиб келган Жуманиёз Султонмуродов большевиклар ёрдамида Ҳарбий трибунал раҳбари, Хоразм Халқ Республикаси Халқ комиссарлари Кенгаши раиси, Хоразм компартияси котиби лавозимларида ишлайди.

 

 

Жуманиёз Султонмуродов тараққийпарвар инсон сифатида қизи Марямни 1911 йил Урганчдаги беш йиллик нўғой (татар) мактабига беради. Оиласи Тўрткўлга кўчиб ўтгач, Марям бу ердаги жадид мактабида таълимни давом эттиради. Марям Султонмуродова 1919 йилдан Тошкентдаги маориф мактаб гимназиясида ўқийди. Шундан сўнг олий маълумот олиш мақсадида 1920-1921 йилларда Оренбург татар педагогика институтида ўқийди. 1921 йил ёзги таътилда Хоразмга келган Марям Хоразм компартияси Марказий Кенгашида аввал адабий бўлимга, сўнг аёллар бўлимига раҳбарликка тайинланади. Марям бу вазифаларга жиддий киришади. Бироқ, оғир тарихий шароит ва қийинчиликлар унга кўнглидагидек ишлаш имконини бермади. Натижада, 1922 йил июлда Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат университетининг Ишчи факультетига ҳужжат топширади.

 

1922 йил октябрида Марям Султонмуродова Бухоро ҳукумати томонидан Германияга ўқиш учун юборилаётган талабалар сафига киритилади. Хоразм Халқ Республикасининг Москвадаги мухтор вакиллиги ходими Карим Сафаев ёрдамида Марям хориж учун паспорт олиб, Ленинградга боради. Ленинград портидан Хайриниса Мажидхонова, Тўлаган Мўминовлар бўлган гуруҳ билан пароходда Германиянинг Штецин шаҳрига етиб борадилар. Ҳеч қачон очиқ денгизни кўрмаган саҳро қизи параходга тушиши билан манзилга етиб боргунча касал бўлади.

 

Марям Султонмуродова 1922-1923 йилларда Берлин университети қошидаги олти ойлик тайёрлов курсида ўқийди. 1924 йил Дармштадт шаҳридаги “Виктория” ўқитувчилар семинариясига имтиҳон топширади. Дарҳақиқат, хориж таълими Марямхонга осон кечмади. Германияда таҳсил олган Саттор Жабборнинг Эртой номи билан “Туркистон” газетасининг 1924 йил 2 сентябрь сонида эълон қилинган мақоласида бу тўғрида шундай ёзилади: “...Хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолғон опа-сингилларимизнинг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қимматлик қизимизга Хоразм жумҳуриятимизнинг шундай совуққонлик билан қарашиға Туркистон ёшлари таассуф этолмай туролмайдурлар”.

 

Марям 1924–1926 йиллар Дармштадт олий семинариясида таълим олади. 1926-1927 йилларда эса Берлин яқинида Потсдамдаги “Фрауншулле” мактабида амалиёт ўтайди.

 

 

1927 йил ёзги таътил вақтида Хайринисо Мажидхонова билан бирга 29 июлдан 18 августгача Париж шаҳрида бўладилар. Уларнинг Париж опера театри ошхонасида Аҳмад Наим ва Мустафо Чўқайлар билан 2-3 дақиқалик учрашуви кейинчалик қатағон этилиши учун асосий баҳона бўлган эди. 1927 йил кузидан Мариям Берлин шаҳрининг Веддинг туманидаги профессор Финкельштейннинг олти ойлик ҳамширалик курсини ўқиб битиради ва 1928 йил СССРга қайтади.

 

 

Марям Султонмуродова Ватанга келиши билан сўроқ-таъқиблар бошланиб кетди. Аввалига ҳеч жойдан иш беришмайди. Фақат 1929 йил февраль ойида яна бир Германияда таълим олган Бадри Сайфулмулк ёрдамида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш комиссарлигига қарашли болалик ва оналикни асраш институтига ҳамшира бўлиб ишга киради. Марям 1929 йилнинг охирларида Асқар Ахмадбеков билан оила қуриб, 1933 йилгача Каттақўрғонда яшайди. Эри қамоққа олингач, 1933 йил Тошкентга келди ва Ўрта Осиё давлат университетига ишга киради. Бироқ, 1934 йил яна ишсиз қолади. Сўнг “Гулистон” журналига, 1936 йилдан аёлларнинг “Ёрқин турмуш” журналига адабий ходим бўлиб ишга олинади. Марям ўзбек матбуотида ўзининг олмон адабиётидан қилган таржималари ва аёлларнинг ўткир ижтимоий муаммоларига бағишланган мақолалари билан элга танила бошлайди. Ёш журналист Даврон Мадаминга турмушга чиқиб, бахтли ҳаёт остонасида турган пайтида ҳақиқий аянчли кунлар бошланади...

 

1937 йил 13 сентябрь куни Марям Султонмуродова 1922–1928 йилларда Германияда ўқиган, “Туркистон” жосуслик ташкилоти аъзоси деб, ЎзССР ЖКнинг 60 (аксилинқилобий ташвиқот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик)- моддалари билан айбланиб қамоққа олинди. Тинтув жараёнида унинг паспорти, дипломлари, меҳнат дафтарчаси, хатлари, китоблари, 35 та шахсий суратлари хатланиб, ҳаммаси тортиб олинди. Ортидан онаизори Дурдижон ая, мурғак ўғли Пўлатжонлар зор йиғлаб қолдилар. Марям олти ойлик норасида қизи Анора билан қамоқхона азобларига гирифтор этилди.

 

Марям Султонмуродова 1938 йил 4 октябрь куни, сўнгги бор сўроқда ҳам Германияда “Озод Туркистон” деган ташкилот ҳеч қачон бўлмаган ва бу ҳақида мен шу ерда эшитдим. Бошқа ҳеч нарса қўшимча қила олмайман. Менинг ҳеч қандай айбим йўқ, дейди.

 

Узоқ вақт давом этган азобли тергов давомида унга қўйилган бирорта айб ўз исботини топмади. Бироқ, Марям ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси I қисми (Ватанга xиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 58 (қуролли қўзғолонга ҳаракат), 64 (Совет давлатига қарши теракт), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбли деб топилди. 1938 йил 9 октябрда бўлган “Учлик” суди соат 11:35 дан 11:55 гача давом этди. Марям Султонмуродова 10 йил муддатга қамоққа ҳукм этилди. У жазони дастлаб Тошкент, сўнг Қозон, Суздал турмаларида ўтади. Кейин узоқ Колима областига юборилиб, Магадандаги “Дальстрой” қурилишида 1947 йил 13 сентябргача азоб-уқубат чекди. Фарзанлари ва қардошлари соғинчи унга ўлимни йўлатмади. Жазо муддати тугагач ватанга қайтиб, Урганч тумани Янгибозор фуқаролар йиғинида ҳамшира бўлиб иш бошлади. Бироқ, унинг хурсандчилиги яна узоққа бормади. У 1949 йил 30 мартда қайта қамоққа олинди ва бу гал ҳам эски “жиноятлари” учун ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси I қисми (Ватанга xиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 67- (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари қўлланиб узоқ Краснояр ўлкасига сургун қилинди.

 

Юрак хасталигига, пневмосклерозга йўлиққан шўрлик Марямхон шу тариқа яна беш йил ватани ва болалари дийдорига тўймай, маҳкумлик азобини бошидан ўтказади. 1954 йил 1 сентябрда уйига ундан шундай хат келади: “Азизларим! Бизлар бугун сургундан бўшадик. Уй ва молларни ўз баҳосига сота билсак, октябрь оёқларина кетамиз. Сота билмасак, бу ерда қишлаймиз. Раҳмат, албатта, парспорт олиши билан кетади. У сизларнинг ёнингизда бўлса, бирмунча жоним тинч бўлажак. Соғ бўлинг. Соғлиқда кўришайлик. Хат ёзинглар, ҳаммангизга салом билан Марям”.

 

Марям Султонмуродованинг 1956 йил 10 майда бош прокурорга йўллаган хатида ўзига қўйилган айбларни асоссиз ҳисоблаб, уларни рад қилади: “Мени айблашларича, гўё мен Берлинда бўлган вақтимда “Озод Туркистон” аксил-инқилобий жосуслик ташкилоти аъзоси бўлиб, шу ташкилотнинг топшириғи билан Германия фойдасига жосуслик ишлари олиб борган эмишман. Мен ҳеч қачон бирорта аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси бўлган эмасман! “Озод Туркистон” деган ташкилотнинг борлигини мен биринчи бор тергов вақтидагина эшитдим. Менинг билишимча, 1922 йил Бухоро ва Туркистон Жумҳуриятларидан олтмишга яқин киши Германияга ўқишга юборилган эди. Ўша йилнинг кузида Хоразм раҳбарлари қарори билан мен ҳам шу сафга қўшилдим. Менга энди бизнинг олдимизда Европа фан-техникасини қувиб етиш ва ўзиб кетиш вазифаси турганлигини айтишганларидан кейин мен у ерда ўқишга розилик берган эдим. 1922 йилдан то 1924 йил бошларигача Берлинда бўлдим, кейин Дармштадтга ўқишга кетдим. Шунинг учун мен ўзимнинг талабаларимиз билан кам муносабатда бўлар ва кўплари билан шахсан таниш ҳам эмас эдим. Ўша вақтларда мазкур талабаларни “Туркистон талабалари жамияти” номли ҳамюртлар жамияти бирлаштириб туришини билардим. Бу юртдошлик мазмунидаги очиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти давлатимизнинг воситачилиги билан боғланган эди. Кейинчалик бу уюшмани Германиядаги бутун Советлар Иттифоқи талабалари уюшмаси билан бирлаштирдилар. Бундан бошқа яна қандай талабалар уюшмаси бўлганлиги менга сира маълум эмас. Мени Тошкентга келган вақтимда аллақандай Эйнгланд номли профессор орқали жосуслик ишларини олиб борганликда айбладилар. Бу туҳмат! Мен ҳеч қачон бундай одам билан таниш бўлмаганман. Шундай одамнинг борлигини ҳам биринчи бор терговчидан эшитдим. Мен душманга қандай маълумот бердим ва у қандай амалга оширилди? Бундай айбнинг тасдиғи учун бирорта фактик далил ва гувоҳлар кўрсатилмади. Менга нисбатан сохта гувоҳлик берган одам билан эса юзма-юз қилишни рад этишди. Шунинг ўзи менга қўйилган айбнинг ёлғон ва сохталигини кўрсатиб турибди... деб ёзган аризаси асосида унинг иши қайта кўриб чиқишга топширилди.

 

 

1956 йил 13 сентябрь куни ўтказилган сўроқ давомида у бошидан кечирган барча кўргиликларни бирма-бир ҳикоя қилади. Жумладан: “... 1949–1954 йиллар Краснояр ўлкасида сургунда бўлиб қайтдим, ҳозирда Қараман қишлоғида ҳамшира бўлиб ишлайман. Берлинда “Туркистон талабалар уюшмаси” деган ташкилот бўлган. Аммо, унинг тадбирларида фақат илмий мунозаралар бўлар, талабаларнинг таълим жараёнидаги муаммолари ва иқтисодий масалаларини муҳокама қилар эдик...”. Ташкилот раҳбарларидан Тўлаган Мўминовни жуда билимдон, Султон Матқул ниҳоят босиқ, мулоҳазали, Темур Казбековни шўх, ҳазилкаш, Саттор Жабборни эса етук олим ва адабиётга ошно инсон сифатида умрбод хотирасида қолганини эслайди.

 

Марям Султонмуродова 1957 йил 2 августда СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланди. Бироқ, у тўлиқ оқланганидан кейин ҳам рўшнолик кўрмади. Таъқибни тўхтатмади, севган соҳаси журналистика билан шуғулланиш у ёқда турсин, унинг матбуот саҳифаларини ўқишига ҳам тўсқинлик кўрсатилди. Марям қоронғу кечаларда ўзининг эрксиз, бахтсиз ҳаётини қуйидагича қоғозга туширади: “...Жоним азобда қолди. Юрагимни очиб сўзлайдиган кимсам йўқ. Қалбимни қоғозга тўкиб солмоқчиман. Шу ниятда қўлимга қалам олдим. Меним виждоним пок эди. Мен берилиб, виждон билан меҳнат қилардим. Аммо, ҳеч қачон жиноят қилмаган эсамда, мени яна қамоқхонага ташладилар. О, қанчалар азобда қолганимни билсалар эди... 1954 йилда яна юртимга қайтиб келдим ва Урганчнинг Қорамон қишлоғида ишлай бошладим. Бу ерда ҳам атрофимни ўшандай жоҳил одамлар қуршади ва менга аввалгидай азоб бериб, мазах қила бошлашди. Уларнинг баъзилари менинг тақдирим уларнинг қўлида эканини англатиб қўйишга уринса, бошқалари мен билан яқинлашишга, дўстлашишга ҳаракат қилишарди. Ўзларини яқин кўрсатиш учун ҳар хил гаплар қилишарди. Масалан, бир киши менинг сиёсат билан қизиқиш-қизиқмаслигим, газета ўқиш-ўқимаслигимни суриштирганларини сўзлади. Суриштирса суриштираверишсин, менинг ҳеч қандай ёмон одамлар билан ошначилигим йўқ. Ҳокимиятга қарши бирор ёмонлик қилиш хаёлимга ҳам келмайди. Мен билан қизиқишса қизиқаверишсин. Бу уларнинг иши. Аммо, барибир, алам қиларкан кишига. Одамлардан уяларкансан. Бу алпозда яшамоқ қанчалар оғир! Менга болаликдан, виждонли инсон халқи ва давлати дардига малҳам бўлмоғи керак, деб ўргатишарди. У ўз ватанининг ижтимоий ҳаёти билан қизиқмоғи, ҳукуматнинг мақсади ва вазифалари нимадан иборатлигини билмоғи керак, дейишарди. Акс ҳолда, у юртининг ҳақиқий фуқароси бўлолмайди. Матбуот – ижтимоий ҳаёт мактабидир! Матбуот – кишиларни олға ундовчи байроқ! Шундай экан, менинг нега газета ўқишим мумкин эмаслигини тушуна олмайман. Она юртида нима бўлаётганидан бехабар киши унга қандай хизмат қила олади, ўз халқига қандай фойда келтира олади? Лекин шундай деб суриштираётган бўлишса, демак, ҳақиқатдан газета ўқимаслигим керакдур, дедим-да, уч йил мобайнида қўлимга газета ва журнал ушламадим. Лекин бундан сўнг ҳам менга ўша-ўша муносабатда бўлишгач, хато қилаётганимни, мени барибир ўз ҳолимга қўймасликларини англадим, бўлганича бўлар, деб қўл силтадим. Келаси, 1960 йил учун кўпгина газета ва журналларга обуна бўлдим.

 

1957 йилда мени оқлашган. Мендан бахтли одам йўқ эди. Ахийри орзуим ушалди! О, менинг хурсанд бўлганларим... Лекин афсус, кўп ўтмай ихлосим қайтди. Мен ҳамон назорат остида эканлигимни, шармисорлик тамғасининг юки ҳамон босиб ётганлигини англадим. Ўзлигингни пастга уришларини ҳис этишдан ортиқ алам йўқ оламда. О, бу қанчалар оғир! Агарда менга юқоридан, масхаромуз қараётган мана шу кимсалар мендан яхшироқ ва мендан покроқ бўлишганда-ку, балки бу ҳолга чидардим. Лекин асло ундай эмас эди. Аксинча, уларнинг бири чайқовчилик, ичкиликбозлик, бузуқлик қиларди. Иккинчиси бировнинг эрини тортиб олган, фарзандини отасиз қолдирган эди. Ўз юрти қонунларини ҳурмат қилмаган кимсани виждонли киши деб бўладими, унга ишониб бўладими? Виждон қонунини писанд қилмаган, бошқаларнинг кўз ёшларини оқизган кимсани инсон деб бўладими? Ҳақиқий инсон ҳамма ерда: ҳаётда ҳам, ишда ҳам соф виждонли бўлмоғи даркор. Ўзлари аслида чиркин табиатли, пасткаш одамлар мени қўрқитишар, осуда ҳаётимни заҳарлашга уринишарди. Бир куни ўша аёл гўё менга ачинган бўлиб, ўғлимни ишончлироқ жойга жойлаштиришни маслаҳат берди, Ким билади, ҳали бошингизга не савдолар тушади, деди. Мен унга ўғлим ҳали ёш бола, менга бирор кори ҳол бўлишига ақлим бовар қилмайди, дедим-да, хотиржам ишлай бошладим. Шунда у истеҳзоли тиржайиб: Жуда иродангиз кучли экан, деди. Ҳеч бўлмаса мана шу кимсалар мени тинч қўйишса эди, кўнглимга ғулу солишмаса эди. Йўқ, улар менга сира тинчлик беришмас, оловга мой қуйишарди. Менга ўзларини яқин кўрсатиб, ҳар нималарни очиқ гапирган бўлиб, қандай мақсадни кўзлашаяпти экан? Мендан бирга ишлаган ҳамкасбларим ҳақида суриштирганида бир аёлнинг номини тилга олгандим. Орадан бир мунча вақт ўтгач у менга: Афсус, улар сизни тинч қўймайдиган кўринади, деди. Яқинда эса, орамиз бузилиб қолганда: Шуни билиб қўйингки, тақдирингиз менга жудаям боғлиқ! деди зарда билан. Ҳар кимса кайфиятига қараб мен билан xоҳлаганича гаплашиши мумкин экан-у, мен тилимни тийиб, индамаслигим керак...

 

Ҳамма вақт шундай. Ҳатто ҳамширалик мактабида ҳам бир киши бўлгувчи эди. Қаерга борсам рўпарамдан чиқаверарди. Наҳотки мен шунчалар хавфли жиноятчи бўлсам, наинки мени назорат қилиш учун бутун бошли штат белгиланса? Наҳотки шундай қилишга улар ҳақли бўлсалар? Давлат манфаати мени назорат остида тутишни талаб қилди дейлик, нега улар буни намойиш қиладилар? Нега энди мен буни билиб туришим керак? Ёки мени қўрқитишмоқчими? Нега? Агар менинг поклигимга заррача бўлса-да ишончсизлик бўлса, мени оқламасликлари мумкин эди-ку?! Мана шундай хаёллар мени қийнайди. Жоним азобда қолди. Мен бутун умр виждон билан яшадим ва меҳнат қилдим. Ҳаётимда бир бор беихтиёр қоқилган бўлсам, наҳотки қайта-қайта йиқитиш, қайтиб қад ростлай олмайдиган қилиб ташлаш керак? Наҳотки менга қўл чўзиб тўғри йўлга бошлаш мумкин эмас? Наҳотки мени ҳам халқимизга хизмат қилиш учун барча қатори тўғри йўлга бошлаш мумкин эмас? Нега энди меним дилдираган қалбимни илиқ сўз билан, дўстона эътибор билан иситиш мумкин эмас?...

 

Бу ҳақсизликлар ҳам Марямнинг иродасини синдира олмади, ўзини бир лаҳза бўлсин айбдор деб билмади. Ҳақиқатга ишонди, инсонийлигини йўқотмади. Бу билан шўролар тузумининг шармандали тарихида инсон матонати тимсоли сифатида қолди. Марям Султонмуродова қаламига мансуб кўплаб мақола ва очерклар, “Меҳр кўзда”, “Кутилмаган бахт”, “Қалбим нидоси”, “Раҳмат десинлар”, “Мажнунтол”, “Карвонлар келганда”, “Бетамиз йигит” сарлавҳали ҳикоялар бу аёлнинг юксак иқтидоридан дарак беради. Марям Султонмуродова илм-маърифат фидоийси, бардошли журналист, меҳрли ҳамшира сифатида юртдошлари қалбида мангу қолди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//