2023 йил 22 февралда большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти (1917 йил 27 ноябрь – 1918 йил 27 февраль) ҳукумати маҳв этилганига роппа-роса 105 йил тўлади! Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида янги ҳисобда 1918 йил 22 февралда (эски ҳисобда 9 февралда) большевиклар қўли билан тайёрланган “тинчлик шартномаси” имзоланган эди. Айтиш жоизки, ўтган 100 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Туркистон халқларининг мухторияти учун (мустақиллик учун эмас!) курашган мухториятчилар ва тараққийпарварлар ҳаёти ва фаолияти, хусусан, ушбу ҳукумат вазирлари ҳамда Туркистон Миллий мажлиси аъзоларининг фожиали ўлими билан якунланган аянчли тақдири етарлича ўрганилди, деб айта олмаймиз. Мазкур тадқиқот маълум маънода ушбу бўшлиқни тўлдиришига умид қиламиз.
Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойлари
“Шўрои Исломия” ташкилоти ташаббуси билан 1917 йил 16–22 апрелда Тошкентда Бутунтуркистон мусулмонларининг I қурултойи чақирилди. Туркистон ўлкасининг давлат мақоми масаласи қурултой кун тартибидаги асосий масала эди. Қурултойда Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий шўроси (архив ҳужжатларида Краймуссовет) – Миллий марказ тузилди. Унга Мустафо Чўқай раис, Ислом Султон Шоахмедов раис ўринбосари, Аҳмад Заки Валидий ва Убайдулла Хўжаев котиб этиб сайланди. Марказий шўро таркибига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Носирхон Тўра, Муҳаммаджон Тинишбоев ва башқа тараққийпарварлар киритилди. Шунингдек, Мунаввар қори ва Садриддинхон афанди бошчилигида Тошкент қўмитаси ҳам тузилди. Бу ҳолат миллий ташкилотларни жипслаштириш билан бирга миллий озодлик ҳаракатини бир тизимга солиб, ташкилий жиҳатдан марказлаштирар эди.
1917 йил 17–20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонлари қурултойида “Шўрои Исломия” ва “Шўрои Уламо”, “Турон” ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш асосида “Иттифоқи муслимин” номли сиёсий партияни тузишга киришилди.
Туркистоннни бошқариш шакли тўғрисидаги масала 1917 йил 26–28 ноябрь (янги ҳисоб билан 9–11 декабрь)да Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойининг диққат марказида турди. Қурултойда мухторият ва мустақиллик эълон қилиш фикрини ҳамма қўллаб-қувватлади. 1917 йил 26–30 декабрда (янги ҳисоб билан 1918 йил 8–12 январда) Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган ерли ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари I фавқулодда қурултойи вакиллари томонидан Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советига ишончсизлик билдириш тўғрисида резолюция қабул қилиндики, бу ҳол қатнашчилар сиёсий онги анча юксаклигидан нишона эди. Айнан мана шу анжуманда Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинди. Қурултой Туркистон ўлкасини Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилди. Қурултойда Таъсис Мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимият Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Миллий Мажлис (Миллат Мажлиси) қўлида бўлиши керак деб ҳисобланди.
Миллий Мажлис таркибига 32 нафар киши сайланди: Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев), Мустафо Чўқаев (Мустафо Чўқай), Тошпўлатбек Норбўтабеков, Садриддинхон Шарифхўжаев, Қўнғирхўжа Ҳожинов, Исматулла Убайдуллин, Саидносир Миржалилов, Шерали (Серали) Лапин, Саид Жаъфарбой Саидов, Ислом Султон Шоахмедов, Абдураҳмонбек Ўразаев, Ҳидоятбек Юрали Агаев, Носирхон Тўра (Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли), Миродил Мирзааҳмедов, Тошхўжа Ашурхўжаев, Абдулқодир Қушбегиев, Обиджон Маҳмудов, Жамшидбой Қорабеков, Соломон Абрамович Герцфельд, Абдусамад Абдусалимов, Убайдулла Дербисалин, Муса Акчурин, Мустафо Мансуров, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Иброҳим Далшин, Муҳаммаджон Тинишбоев, Халил Ширинский, Толибжон Мусабоев, Камол Раҳмонбердиев (Камол қози), Олимхонтўра Шокирхонтўраев, Собиржон Юсупов, Одилжон Умаров ва бошқалар. Бироқ Миллий Мажлис раиси лавозимига номзоди кўрсатилган Шерали Лапин бу таклифни рад этгач, мазкур лавозимга қурултойда бошқа киши сайланмади.
Шубҳасиз, миллат фидойиларининг ушбу саъй-ҳаракатлари большевикларни саросимага солди. Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети Туркистон Мухториятини тугатиш учун 1918 йил 30 январдаёқ ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Советлар 31 январда Скобелев (ҳозирги Фарғона), Андижон, кейинчалик Перовск (ҳозирги Қизилўрда) шаҳарларидан 200 нафардан ортиқ аскарларни Қўқонга ташлади. Дастлабки жангда мухториятнинг тахминан 1000 кишидан иборат миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашди. Асосан болта, чўкич, кетмон, ўроқ, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10 000 кишига етди. Қурол-аслаҳасиз шаҳар аҳли қизилларнинг ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. 1918 йил 19 февралга ўтар кечаси Тошкентдан Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е.Перфильев бошчилигидаги пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат яна 11 та эшелондан иборат қўшин етиб келди. 19 февралдан бошлаб 3 кун давомида қизиллар шаҳар устига тўплардан снарядлар ёғдиришди. Қўқон бутунлай вайрон бўлди ва ўт-олов ичида қолди. Уч кун давомида 10 000 нафардан зиёд киши қирғин этилди.
“Улуғ Туркистон” газетаси чуқур қайғу билан хабар берганидек, “20 (7) февраль куни Ҳўқанд (Қўқон) тарихининг энг даҳшатли куни эди. Бунда арманилар айрича фаолият кўрсатганлар…” Газетадаги ушбу мақола “Ҳўқанд – ҳозир ўликлар шаҳри” деган даҳшатли ибора билан тугайди. Ниҳоят, 1918 йил 22 февралда Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган “тинчлик шартномаси” имзоланди. Ушбу шартноманинг иккинчи моддасида “Аҳоли ўлка Халқ Комиссарлари Совети ҳокимияти ва барча маҳаллий совет ташкилотларини тан олади”, деб ёзилган эди. Ҳа, ўққа тутилган, ўлдирилган, таланган ва таҳқир этилган қўқонликларнинг тирик қолган қисми совет ҳокимиятини тан олмасдан қаёққа борарди?
1918 йил 30 апрелда Туркистон ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг V съездида РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (баъзи манбаларда Туркистон Совет Республикаси) тузилганлиги эълон қилинди. Гўёки совет ҳокимияти Туркистонда яшовчи маҳаллий халқларга совет автономияси бошқарувидаги “миллий давлатчилик” ва “мухторият”ни “ҳадя этганди”.
Мухторият ҳукумати вазирлари кимлар эди?
Шу ўринда Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзоларининг ҳаёти ва фаолияти ҳамда кейинги тақдири тўғрисида тўхталиб ўтамиз:
Муҳаммаджон Тинишбоев
Муҳаммаджон Тинишбоев (Мухамеджан Тинишпаев. 1879–1939) – давлат ва жамоат арбоби, тарихчи олим.
Еттисув вилояти Лепсинск уезди Садир волостида 1879 йил 12 майда туғилган. Миллати қозоқ. У 1889–1900 йилларда Верний эркаклар гимназияси, 1900–1906 йилларда Санкт-Петербург Императорлик институти – Александр I номидаги темир йўл транспорти инженерлар институтида ўқиди.
1907 йили II чақириқ Россия Давлат думаси депутати қилиб сайланди. 1917 йил апрелда Россияда тузилган Муваққат ҳукуматнинг Туркистон комитети аъзоси, Туркистон Мухторияти Бош вазири ва ички ишлар вазири (1917 йил ноябрь-декабрь), Алаш Ўрда ҳукуматида ички ишлар вазири (1917 йил декабрь–1920 йил март) ва кейинчалик Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлади. У кейинчалик Туркистон АССР ва Қозоғистон АССРда турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Туркий халқлар тарихи ва этнографиясига оид асарлар ёзган, уларнинг айримлари ўша пайтда рус тилида Тошкентда нашр қилинган.
Совет ҳокимияти томонидан М.Тинишбоев биринчи марта 1930 йил 3 августда қамоққа олинди ва беш йилга РСФСРнинг Марказий қоратупроқ ҳудуди (ҳозирги Воронеж области)га сургун қилинди (1930–1935). Кейинчалик Тошкентда НКВД томонидан 1937 йил 21 ноябрда қайта қамоққа олинди ҳамда Тошкент турмасидаги касалхонада 1939 йил 3 июлда 60 ёшида вафот этди. М.Тинишбоевнинг асарлари Алматида 1991 йилдан кейин нашр этилди. СССР тарқалгач, Қозоғистонда унинг хотирасига бағишлаб ҳайкаллар ўрнатилди. Қозоғистонда Муҳаммаджон Тинишбоев номли махсус эсдалик медали таъсис этилган.
***
Мустафо Чўқай
Мустафо Чўқай (1890–1941) – таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳамда Туркистон халқлари мустақиллиги учун изчил курашчи.
Сирдарё области Перовск уезди Жопек волостидаги Авлиётаранғил овулида 1890 йил 25 декабрда (янги ҳисоб билан 1891 йил 7 январда) туғилган. Отаси Чўқайбей Тўрғай додхоҳ ўғли бўлис (волость) бошлиғи, қозоқларнинг қипчоқ уруғи аслзодаларидан бўлган, онасининг аждодлари Хива хонларига бориб тақалган. Мустафо Чўқай таржимаи ҳолида ўзини қипчоқ деб ҳисоблаган.
Мустафо Чўқай бошланғич таълимни Оқмачитда олгач, Тошкентдаги эркаклар гимназиясида ўқиди (1902–1910). Санкт-Петербург университетининг юридик факультетини тугатган (1914). Мустафо Чўқай 1916-1917 йилларда Россия IV Давлат думасининг мусулмонлар фракциясида котиб ва таржимон бўлиб ишлайди.
1917 йил апрелда Мустафо Чўқай Петрограддан Тошкентга қайтди ва Туркистондаги сиёсий жараёнлар марказида турди. 1917 йил баҳоридан бошлаб “Бирлик туғи” ва “Свободный Туркестан” газеталарини чоп эта бошлади. Ўша йили 16–23 апрелда Тошкентда ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг I қурултойида Мустафо Чўқай раислигида Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Краймуссовет), яъни Миллий Марказ ташкил қилинди. Оренбургда 21–28 июлда бўлиб ўтган Бутунқирғиз (Бутунқозоқ) I съездида қатнашди. Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзоси (1917 йил августдан). Тошкентда большевиклар томонидан зўравонлик билан ҳокимият эгаллаб олингач, Мустафо Чўқай бошчилигидаги Миллий Марказ ноябрь ойи бошларида Қўқонга кўчиб борди.
1917 йил 12 декабрдан бошлаб Мустафо Чўқай Туркистон Мухторияти ҳукуматининг Бош вазири бўлди. Айни пайтда Мустафо Чўқай Оренбургда 1917 йил 5–13 декабрда (янги ҳисобда 18–26 декабр) бўлиб ўтган Бутунқирғиз (Бутунқозоқ) вакилларининг I съездида ташкил қилинган Алаш Ўрда ҳукуматининг ҳам ташқи ишлар вазири бўлган.
Ёшлигидан туркчилик ғоялари билан тарбияланган Мустафо Чўқай ягона ва бўлинмас Туркистон тузиш тарафдори эди. У қозоқ элатдошлари бўлган “Алаш” партияси аъзоларига алоҳида автоном ҳукумат тузиш зарур эмаслигини, улар Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига махсус вилоят сифатида киришлари мумкинлигини билдиради. Келажакда бу мухториятга Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ҳудудларини ҳам қўшиб олган ҳолда мустақил Туркистон давлатини (Ўзбекистон ёки Қозоғистон эмас!) тузиш имконияти вужудга келар эди. Бироқ Мустафо Чўқай, Беҳбудий, Мунаввар Қори, Убайдулла Хўжаев, Файзулла Хўжаев каби миллат етакчиларининг бундай геосиёсий қарашлари айрим кишиларга ёқмайди.
Мустафо Чўқай 1919 йил февралда Европа давлатларига махсус меморандум билан мурожаат қилиб, Туркистондаги истиқлолчиларнинг большевикларга қарши курашини қўллаб-қувватлашга, совет режимини ағдариб ташлашга чақирди.
1919 йил баҳорида қозоқ даштлари ва Каспий денгизи орқали аввал Боку, сўнгра Тифлис (Тбилиси) шаҳрига боради. Бу ерда у “Yeni Dünya” ва “Şafak” газеталари, “На рубеже” журналига муҳаррирлик қилди. Қизил армия Тифлисни босиб олгач, Мустафо Чўқай муҳожирликка жўнаб кетишга мажбур бўлди ҳамда Истанбулга етиб келди. Мустафо Чўқай 1921 йил ёзида Парижга келди. У 20 йил муҳожирликда яшади. 1929 йилдан бошлаб Туркистон Миллий Бирлиги Марказий Қўмитасининг раиси бўлди. 1929–1939 йилларда чиққан “Yaş Türkistan” журналига муҳаррирлик қилди. Журнал Парижда тайёрланиб, Берлинда нашр қилинган (унинг 117 та сони чоп этилган).
Мустафо Чўқай муҳожирликда яшаб, Ўрта Осиё республикаларида совет режимига қарши давом этаётган қуролли истиқлолчилик ҳаракати (большевиклар “босмачилик” ҳаракати деб атаган) тўғрисида “О басмачестве” мақоласида шундай ёзган эди: “Туркистон – Совет Иттифоқининг қўзғолончилар ҳозиргача ўз ҳаракатини тўхтатмаган ягона қисми. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчидан, Москва зулмидан қутулиш учун мамлакатни курашга олиб келган миллий туйғунинг кучлилиги. Бу умумий ҳолатнинг сабаби ҳисобланади. Иккинчидан, маҳаллий хусусиятга молик сабаб ҳам бор. Бу совет миллий сиёсатининг фақат Туркистонга хос алоҳида хусусиятидир.”
Германия СССРга ҳужум қилган 1941 йил 22 июнь куни нацистлар Париж атрофидаги Ножан шаҳарчасида яшаётган Мустафо Чўқайни қамоққа олишди. У 13 июлгача Компьен ҳарбий лагерида ҳибсда сақланди. Мустафо Чўқай 1941 йил сентябрь–декабрь ойларида совет ҳарбий асирлари сақланаётган Сувалки, Вустрау ва Ченстохова концлагерларида бўлиб, асир тушган туркистонликларни омон сақлаш йўлларини излади. Мустафо Чўқай ва тошкентлик ўзбек Вали Қаюмхон туркистонликлардан Туркистон легиони тузишни режалаштирдилар. Бироқ Мустафо Чўқай концлагерларда юқумли тепкили терлама (тиф) касаллигини юқтириб, 1941 йил 27 декабрда вафот этди.
Мустафо Чўқай рус, ўзбек, қозоқ, турк, француз, инглиз, немис, поляк тилларида Туркистоннинг XX аср тарихига оид кўплаб мақолалар ва китоблар ёзди. “1917 йил хотира парчалари” (Берлин, 1937; ўзбек тилида) китоби катта шуҳрат қозонди. Бу асар турк (Анқара, 1988), рус (Германия, 1989; Токио-Москва, 2001), ўзбек (Тошкент, 1992) тилларида алоҳида китоб бўлиб нашр қилинди. Унинг 2 жилдли “Танланган асарлар” китоби (Алмати, 1998-1999) қозоқ ва қисман рус тилларида босилиб чиқди.
СССР тарқалгач, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Мустафо Чўқайнинг асарлари чоп этилди. Таниқли тарихчи олим профессор Кушим Есмағамбетов бошчилигида Алматида Мустафо Чўқайнинг 12 жилдлик асарлар тўплами нашрдан чиқди. Қозоғистонда Мустафо Чўқай ҳақида бадиий асарлар яратилди, кинофильмлар суратга олинди, унинг хотирасига атаб ҳайкаллар ўрнатилди.
***
Ислом Султон Шоахмедов
Ислом Султон Шоахмедов (Шоҳислом Шагисултонович Шагиахметов. 1882–1922) – таниқли мусулмон жамоат ва сиёсат арбоби.
1882 йил 21 ноябрда Оренбургда татар-бошқирд оиласида туғилган. И.Шоахмедовнинг дунёқараши асосан Оренбург татарлари ўртасида шаклланган. И.Шоахмедов Оренбург эркаклар гимназиясини тугатгач (1905), Санкт-Петербург университетининг аввал шарқшунослик, сўнгра юридик факультетида ўқийди (1905–1910). Туркий ва рус тилларидан ташқари инглиз, француз, немис тилларини яхши билган. Талабалик пайтида у Россиядаги социал-демократик ҳаракатга қизиқиб, 1907 йилда Тошкент гарнизони солдатлари ўртасида ташвиқот ишларини олиб борган. Петроградда 1917 йил ёзда ташкил қилинган Бутунроссия мусулмонлари Шўроси Ижроия Комитети аъзоси ва секретари.
У Петербургда 1912 йил октябрда чиққан “Мусульманской газеты”нинг муҳаррири бўлди. Бир қатор суд ишларида меньшевиклар партияси вакилларини ҳимоя қилади. И.Шоахмедов Россия империясидаги мусулмон аҳолиси ҳуқуқлари учун курашган. 1915 йил бошларида Қўқонга келган. И.Шоахмедов Скобелев округ судида терговчи адвокат ўринбосари сифатида ўз фаолиятини бошлайди. Бу ерда у “Садои Фарғона” газетасини чиқаришда муҳим роль ўйнайди. 1916 йилда “Ғайрат” жамиятини тузиб, “Туркестанский край” газетаси нашрини йўлга қўяди ва унга муҳаррирлик қилади. 1916 йил Фарғона водийсида кўтарилган мардикорчилик қўзғолонини қўллаб-қувватлайди.
Туркистон Мухторияти ҳукуматида Бош вазир ўринбосари, кейинчалик молия вазири бўлди. Туркистон Мухторияти Конституцияси лойиҳасининг муаллифи. Мухторият ҳукумати тугатилган пайтда Қўқон қўрғони ичида большевиклар томонидан қўлга олинган (1918 йил февраль). 1918 йил баҳорида “Улуғ Туркистон” газетасида ёзилишича, у Тошкентдаги қамоқхонада қийноқлар натижасида ақлдан озган ва турма лазаретига кўчирилган. 1918 йил майда большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тирик қолган аъзолари афв қилингач, қамоқдан чиққан.
1919-1920 йилларда И.Шоахмедов большевиклар билан ҳамкорлик қилган. 1920 йил охирида у яширин равишда Маньчжурияга жўнаб кетган. 1921 йил бошларида у Британия Ҳиндистонига қарашли Пешовардаги рус қочоқлари жойлашган лагерга тушиб қолган. И.Шоахмедов қариндоши бадавлат савдогар Агафуров оиласининг моддий кўмагида 1921 йил августда Владивостокка келади. Орадан кўп ўтмай И.Шоахмедов қаттиқ касалланган ва Владивостокдаги қариндошлари ҳузурида қолиб кетган. У 1922 йил охири ёки ундан кейин, 40 ёшларда вафот этган.
***
Убайдулла Хўжаев
Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев; Убайдулла Асаддуллаевич Хўжаев. 1886–1942) – таниқли давлат ва жамоат арбоби, ўзбек матбуотининг ташкилотчиларидан бири.
1886 йили Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. Саратовдаги ҳуқуқшунослик институтида ўқиган (1908–1912). Талабалик йилларидаёқ машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой билан ёзишмалар олиб борди (1909). Тошкент округ судида 1913 йилдан хусусий адвокат бўлиб ишлади. Тез орада жадидчилик ҳаракатининг раҳбарларидан бирига айланди. У Тошкентда 1914 йил апрелдан “Садои Туркистон” газетасини чиқариб, унга муҳаррирлик қилди. Ўз атрофига ёшларни тўплаб, “Умид” яширин жамиятини тузди. Кейинчалик бу ташкилот “Тараққийпарвар” деб номланиб Туркистон жадидларининг етакчи ташкилотига айланди. Чор маъмурлари томонидан “Садои Туркистон” ёпилгач, у Андижонга келди ва рус тилида “Туркестанский голос” газетасини нашр қилдирди.
Мардикорчилик ҳақидаги император Николай II фармонини бекор қилдириш учун маҳаллий сармоядор Миркомилбой Мирмўминбоев билан бирга Петроградга йўл олади. Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Миллий Марказ) котиби ва аъзоси (1917 йил апрель), Бутунроссия мусулмонлар Шўроси Ижроия Комитети аъзоси (1917 йил май), Тошкентда 1917 йил март ойида тузилган “Шўрои Исломия” ташкилоти раиси, Mухториятчилик ҳаракати ташаббускорларидан бири, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ҳарбий ишлар вазири (1917 йил ноябрь–1918 йил февраль) бўлган.
Убайдулла Хўжаев 1918 йил февралда ҳукумат топшириғи билан Кавказга борди ва Туркистонга ғалла келтириш масаласини ҳал қилди. Мухторият тугатилгач, у Ашхобод–Самарқанд темир йўлида большевиклар қўлига тушиб қолди. Совет ҳокимияти томонидан 1918 йил майда афв этилгач, Оренбургга боради ва Бошқирдистон Мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади.
Убайдулла Хўжаев бир неча марта (1918, 1929, 1931, 1938) қамоққа олинган. Озодликка чиққач, Тошкентда синглисининг уйида муҳтожликда яшаган. Инглиз ёзувчиси Ж.Р.Киплингнинг машҳур “Маугли” асарини ўзбекчага таржима қилган. Охирги марта 1938 йил 20 февралда Тошкентда ҳибсга олиниб, СССР НКВД махсус кенгашининг қарори билан 1939 йил 14 майда 8 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинган. 1942 йил 31 октябрда қамоқхонада ҳалок бўлган.
Убайдулла Хўжаев синглисининг ўғли, яъни жияни бўлган Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло (1921–2020) “Тирик руҳлар” (1999) романида Убайдулла Хўжаев фаолиятини ҳамда “Кафансиз кўмилганлар” (1990) хотира-қиссасида қатағон қилинган юртдошларимиз қисматини ёритган.
***
Обиджон Маҳмудов
Обиджон Абдухолиқович Маҳмудов (Обид чатоқ. 1871–1936) – давлат ва жамоат арбоби, йирик сармоядор ва ношир.
1871 йил 12 майда Марғилонда туғилган. Отаси Абдухолиқ тўпчи асли бухоролик бўлган. Обиджон Маҳмудов Қўқонга кўчиб келиб, мадраса таълимини олди. У Каспий денгизидаги Челекен ярим оролига бориб, нефть қазиб олиш билан шуғулланади ва бойиб кетади.
Санкт-Петербург университетининг тоғ-кон муҳандислиги факультетини тугатган. Фарғона водийсида кўплаб нефть конларини очишда иштирок этган. У Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. 1914 йили босмахона ташкил қилган. “Садои Фарғона” (1914), “Тирик сўз” (1917) ва рус тилида чиққан “Ферганское эхо” (1914) газеталарининг муҳаррири ва ношири.
О.Маҳмудов 1917 йилда Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари этиб сайланди. Мустафо Чўқай бошчилигидаги Миллий Марказ 1917 йил ноябрь ойи бошларида Тошкентдан Қўқонга кўчиб келгач, унинг ҳовлисида жойлашганлар. О.Маҳмудов Бутунтуркистон мусулмонлари фавқулодда IV қурултойи чақирилиши ҳамда Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинишида катта роль ўйнади. У ҳукуматда озиқ-овқат вазири лавозимида фаолият кўрсатди. Кейинчалик юстиция вазири лавозимини эгаллади. Обиджон Маҳмудов совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинган. Қамоқда орттирган оғир хасталиклар туфайли 1936 йил 21 ноябрда 65 ёшида вафот этган.
***
Абдураҳмонбек Ўразаев
Абдураҳмонбек Ўразаев (1888–1937) – таниқли давлат ва жамоат арбоби.
1888 йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрида амалдор оиласида туғилган. Абдураҳмонбек ота томондан қозоқларнинг қипчоқ уруғига бориб тақалади. Отаси – Муҳаммад Ўразаев (1898 йил 10 майда вафот этган) Ўрта жуздаги аслзодалардан бири бўлиб, 2-Оренбург кадет корпусини тугатган ҳамда Марғилон уезди бошқармасида таржимон ва котиб бўлиб ишлаган. Онаси – Ниёзжон Бибихоним Фарғона вилояти Янги Марғилон уезди Аввал қишлоғида туғилган ўзбек аёли бўлиб, у эрининг вафотидан сўнг ўқитувчилик қилган.
А.Ўразаев Скобелев гимназияси (1910) ва Москва университетининг юридик факультетини (1915) тугатган. Фарғона сайлов округидан Бутунроссия Таъсис Мажлиси аъзоси (1917) қилиб сайланди. Туркистон Мухторияти ҳукуматида ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳамда Миллий Мажлис аъзоси бўлди. Сўнгра ички ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатди.
Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач, 1918 йил февраль ойи охирида А.Ўразаев большевиклар қўлига тушиб қолган. У 1918 йил май ойида дастлаб амнистия қилинди ҳамда совет ҳокимияти идораларида турли лавозимларда ишлади. А.Ўразаев кейинчалик Сибирга сургун қилинди. У ерда сил касали билан қаттиқ оғриб қолгач, Тошкентдаги қариндошлари (синглиси) оиласига қайтишга рухсат берилди. Бўлғуси атоқли олим, куёви Қори Ниёзий хонадонида яшади. Тошкентда бир муддат истиқомат қилди, 1937 йилда вафот этди.
А.Ўразаевнинг синглиси – Ойшахоним Ўразаева (1897 йил 2 сентябрь–1988 йил 31 январь) онаси сингари совет мактабларида ишлаган. Туркистонда дастлабки аёл ўқитувчилардан бири бўлган. У Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳридаги аёллар гимназиясини тугатиб, Намангандаги рус-тузем мактабида рус тилидан дарс берган. Сўнгра Скобелевдаги совет мактабида фаолият кўрсатди. У кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси академиги ва биринчи президенти Тошмуҳаммад Ниёзович Қори-Ниёзийга турмушга чиққан.
***
Носирхон Тўра
Носирхон Тўра (Носирхонтўра Саид Камолхонтўра ўғли. 1873–1931) – истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳбарларидан бири, машҳур уламо.
1873 йили Наманганда ўзбек уламоси оиласида туғилган. Бухорода, сўнгра Кобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида таҳсил олган. Туркистонга қайтгач, 1912 йили Наманган шаҳрига қози бўлган. 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. “Шўрои Исломия” ташкилотининг Наманган шуъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси (1917).
Бутунтуркистон мусулмонлари фавқулодда IV қурултойини 1917 йил 26–28 ноябрда Қўқон шаҳрида ўтказишда жонбозлик кўрсатди. Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига маориф вазири сифатида киритилди. 1919 йили Косонсойда “Миллий иттиҳод” ташкилоти ячейкасини ташкил қилган. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинади. Оренбургда сургунда бўлган (1925–1928). Сургундан қайтгач, мавжуд тузумга қарши фаол курашни давом эттирган.
ОГПУ махсус учлигининг 1930 йил 27 октябрдаги йиғилишида 5054-иш, яъни Носирхон Тўра ва унинг сафдошлари (жами 92 нафар киши) иши кўриб чиқилган ҳамда уларга ҳукм чиқарилган. Носирхон Тўра ва сафдошларидан 12 нафари ўлим жазосига, қолганлари эса турли муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Архив манбаларида кўрсатилишича, қатағон қилинган Носирхон Тўра 1931 йил 13 апрелда Тошкент шаҳрида 55 ёшида отиб ташланган. Носирхон Тўранинг “Тарихи Туркистон” (15 бўлимдан иборат), “Оренбург мактублари” эсдалиги ва бошқа асарлари мавжуд.
2021 йил 25 августда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий суди мажлисида Носирхон Тўра ва бошқаларга оид 92 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бекор қилиниб, улар ўлимидан сўнг оқланди.
***
Саидносир Миржалилов
Саидносир Миржалилов (1884–1937) – маърифатпарвар ва давлат арбоби.
1884 йили Туркистон шаҳрида ўзбек оиласида туғилган. Деҳқончилик ва савдо ишлари билан шуғулланиб, Туркистоннинг йирик сармоядорларидан бирига айланган. Туркистон шаҳрида пахта тозалаш заводи қуриб, жадид мактабини очган (1914). Давлат Думаси мусулмон шуъбасининг Петербургда бўлиб ўтган йиғилишида қатнашган (1914). У 1917 йили Тошкентга кўчиб келган ва шаҳар Думасига аъзо бўлган. “Шўрои Ислом” ташкилотининг аъзоси сифатида Туркистон Мухторияти ҳукуматининг 1917 йил ноябрда ташкил этилишида фаол қатнашган ва ҳукуматнинг ғазначиси бўлган.
Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдариб ташлангач, С.Миржалилов аввал Самара ва Тифлисга боради, сўнгра бир муддат Туркияда яшайди. У 1921 йилда Тошкентга қайтиб, “Туркистон” савдо-саноат ширкатини ташкил қилиб, ундан тушган даромад ҳисобига “Миллий иттиҳод” ташкилотини қўллаб-қўвватлаган ҳамда Германияга ўқишга юборилган айрим талабаларни нафақа билан таъминлаган, уларга моддий ёрдам кўрсатган. У “Нашри маориф” маърифий ташкилоти ва “Кўмак” жамиятининг асосчиларидан бири (1923–1925). С.Миржалилов Ҳамза ва Чўлпон, ёзувчи Абдулла Қодирийни моддий жиҳатдан қувватлаб турган.
Совет режими томонидан у бир неча марта (1925, 1932, 1937) қамоққа олинган. Соловки оролларидаги қамоқхонага ташланган (1925–1928). С.Миржалилов 1937 йил 21 июлда Тошкентда учинчи марта қамоққа олиниб, 1937 йил 9 октябрда отиб ташланган. С.Миржалиловнинг қизи Зарифа Саидносирова (1908–1986) кимёгар олима, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968) ҳамда биринчи ўзбек аёл рассоми бўлиб, у таниқли ёзувчи Ойбек (1905–1968)нинг рафиқасидир. З.Саидносированинг “Ойбегим менинг” хотиралар китоби нашр қилинган.
Қаҳрамон РАЖАБОВ,
тарих фанлари доктори, профессор,
Тарих институти бош илмий ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ