Сўнгги 100 йилликнинг энг даҳшатли зилзилалари


Сақлаш
16:26 / 21.02.2023 1008 0

Дунёнинг турли нуқталарида тез-тез зилзилалар содир бўлади. Маълумотларга кўра, охирги 100 йил ичида зарарли оқибатларсиз ўтадиган кам магнитудали зилзилалар билан бир қаторда инсоният 7 ва ундан юқори магнитудали 2000 га яқин кучли зилзилаларга ҳам дуч келган. Хўш, замонавий тарихда инсоният қандай даҳшатли зилзилаларни бошидан кечирди? Oyina.uz мазкур мавзуга тўхталди.

 

Хитой (1920 йил)

 

 

Ўша йилларда Ганьсу провинцияси таркибига кирган Хитойнинг Хайюан ҳудудида 1920 йил 16 декабрда содир бўлган зилзила 270 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Ер плиталарининг ҳаракати кўплаб ёриқлар ва кўчкиларни келтириб чиқарди. Зарбалар кучи 7,8 балл ва ундан юқорини кўрсатган. Биринчи кучли зарбадан кейин яна ва яна кучлилари содир бўлди, улар шунчалик қудратли эдики, катта вайронагарчилик 3,8 минг квадрат километрни қамраб олди. Ушбу зилзиладан келиб чиққан сейсмик тебранишлар 4 миллион квадрат километрдан ортиқ майдонда сезилган.

 

Мазкур табиий офат оқибатида энг кўп жабр кўрган ҳудудлар Хитойнинг марказий Ганьсу ва Шэньси провинциялари эди. Энг ачинарлиси эса, 20 мингдан ортиқ одам зилзиладан кейинги совуқдан вафот этган, чунки улар уйларини йўқотганди. Офат натижасида юзага келган кўчки бутун Суцзяхэ қишлоғининг йўқ бўлишига сабаб бўлди. Мазкур зилзила тарихдаги энг ҳалокатлиси деб тан олинган.

 

 

Афсуски, орадан кўп ўтмай, яъни 1976 йил 28 июлда Хитойда яна қурбонлар ва вайронагарчиликлар сони бўйича катта миқёсдаги зилзила содир бўлди. Норасмий маълумотларга кўра, ўша пайтда 655 мингдан ортиқ одам вафот этган. Ер силкинишининг магнитудаси 7,8 баллни ташкил этган ва у биринчи силкинишнинг ўзида барча биноларнинг 90 фоизи вайрон бўлган.

 

Фожиа кечаси, ҳамма ухлаб ётганда содир бўлди. Шу боис ҳам қурбонлар кўп эди. Табиий офат 1 августгача давом этди ҳамда ҳисоб-китобга кўра, умумий сони 130 тага яқин тебраниш юз бергани тахмин қилинади.

 

Зилзила натижасида шаҳар ер билан текисланди, бутун бир касалхона ва ҳатто йўловчи поезди улкан ёриқларга кириб кетди. Бундай ёриқлар ҳозиргача айрим ҳудудларда сақланиб қолган. Мазкур табиий фалокат XX асрнинг энг катта офатларидан бири бўлган.

 

Япония (1923 йил)

 

 

1923 йил 1 сентабрда Японияда содир бўлган зилзила магнитудаси 8,3 баллни ташкил этган ва бу фалокат Токио ҳамда Ёкогамани деярли вайрон қилган. Зилзила эпицентри Токиодан 90 км узоқликда жойлашган. Табиий офат 174 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди, шунингдек, 524 минг киши бедарак йўқолди. Расмий маълумотларга кўра, 4 миллионга яқин одам жабрланган.

 

Ёкогамада шаҳар биноларининг 25 фоизи деярли қулаб тушган. Устига устак, зилзила вақтида ёнғин бошланиб, кучли шамол туфайли тезда атрофга ёйилган.

 

Токиода кам сонли бинолар қулаб тушган, аммо тез тарқалаётган ёнғин бу шаҳарга ҳам жиддий зарар келтирган. Натижада, шаҳарнинг деярли ярми ёнғин ва ер силкинишидан вайрон бўлган.

 

Японияда бу зилзила энг даҳшатлиси дея баҳоланади.

 

Ашхобод (1948 йил)

 

 

1948 йил 4-6 октябрь кунлари Ашхободда 7,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила ўчоғи шаҳарнинг остида 18 километр чуқурликда жойлашган. Ер силкинишидан Эроннинг қўшни вилоятлари ва шаҳарлари ҳам жабр кўрди. Ушбу фалокат қурбонлари сони аниқ маълум эмас. Турли тахминларга кўра, Ашхобод ва унга яқин ҳудудларда 110 дан 170 минггача одам ҳалок бўлган.

 

Зилзила шаҳарни ер юзидан деярли йўқ қилиб юборган. Фақат бир нечта бинолар қолди, холос. Омон қолган аҳоли 120 та ҳарбий ва фуқаролик самолётлари ёрдамида эвакуация қилинган. Агар зилзила кундуз куни бошланганида қурбонлар сони камроқ бўлиши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. Ер силкиниши бошланганида ярим тун эди. Бу вақтда шаҳар аҳолисининг аксарияти уйқуда бўлган ва нима бўлганини англашга улгурмай, вайроналар остида қолишган.  

 

Чили (1960 йил)

 

Инсоният тарихидаги энг кучли зилзилалардан яна бири 1960 йил 22 майда Чилида юз берди. Унинг магнитудаси 9,5 балл бўлиб, ер силкинишлари 200 минг квадрат километр майдонда сезилган. Япония ва Филиппин қирғоқларигача етиб бориб, 10 метрлик тўлқин цунамига сабаб бўлган.

 

Бироқ қурбонлар сони бошқа шунга ўхшаш офатларга қараганда анча кам эди. Яъни 6 мингга яқин одам ҳалок бўлди. Буни қарангки, қурбонларнинг аксарияти зилзила сабаб эмас, у келтириб чиқарган цунами оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

 

Спитак (1988 йил)

 

 

1988 йил 7 декабрда Арманистоннинг Спитак шаҳрида юз берган табиий офат 25 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди. Зилзила асоратлари Арманистон ҳудудининг деярли 40 фоизини қамраб олди, 140 минг киши жароҳатланди ва ногирон бўлиб қолди, 514 минг киши бошпанасидан айрилди.

 

Спитак 6,8 магнитудали зилзиланинг эпицентрида бўлган. Шаҳар атрофидаги 58 қишлоқ ҳам бутунлай вайронага айланди. Кетма-кет силкинишлар, шунингдек, 321 та шаҳар ва аҳоли пунктига таъсир кўрсатди.

 

Индонезия (2004 йил)

 

 

2004 йил 26 декабрда Ҳинд океанидаги Суматра ороли яқинида содир бўлган зилзила сабаб 300 мингга яқин одам ҳаётдан кўз юмган. Асосий зарар сейсмик фаоллик натижасида кўтарилган цунамидан келиб чиққан. Зилзила магнитудаси 9,1–9,3 балл бўлган ва баландлиги 20 метрдан ошган тўлқинлар 14 давлат қирғоқларигача етиб борган.

 

Цунами шу қадар кучли эдики, тўлқин зилзила марказидан 6,9 минг км узоқликда жойлашган Жанубий Африка қирғоқларига ҳам етиб борган. Бу зилзила кузатувлар тарихидаги энг кучли учта зилзиладан биридир. 

 

Гаити (2010 йил)

 

 

2010 йил 12 январда Гаити Республикасидаги зилзила бир нечта силкинишлар билан содир бўлди. Биринчисининг кучи 7 баллни ташкил этди. Кейинги 15 марта такрорий силкинишлар эса 5 баллдан юқори бўлган. Ушбу табиий офат 222 мингдан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетган бўлса, 311 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. 869 нафар жабрдийда эса бедарак йўқолган. Зилзила эпицентри Порт-о-Пренс шаҳри бўлиб, пойтахтидан 22 км узоқликда, 13 км чуқурликда жойлашган.

 

Табиий офат натижасида минглаб турар-жой бинолари, шифохоналар, офис бинолари вайрон бўлган, 3 миллионга яқин одам бошпанасиз қолган.

 

Туркия ва Сурия (2023 йил)

 

 

2023 йилнинг 6 февралида Туркияда 1939 йилдан бери энг кучли 7,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған 7 кунлик мотам эълон қилди. Бу зилзила бир неча ер силкинишлари билан намоён бўлди. Шу кунгача қурбонлар сони 41 мингдан ошди. Қўшни Сурияда эса 8.5 минг киши ўлими қайд этилган. Рақамлар сони кундан-кун ошиб бормоқда.

 

 

Ер силкинишлари Сурия, Ливан, Кипр, Грузияда сезилган. Италия эса цунами хавфи ҳақида огоҳлантирди.

 

* Ўзбекистон тарихидаги энг даҳшатли зилзила

 

 

Ўзбекистон тарихида ҳам зилзилалар қайд этилган. Уларнинг энг даҳшатлиси эса 1966 йилги Тошкент зилзиласи ҳисобланади. У 1966 йил 26 апрель куни эрталаб соат 5:23 да Тошкент марказийда содир бўлган. Зилзила натижасида пойтахт маркази деярли вайрон бўлган.

 

Хусусан 2 миллион квадрат метрдан ортиқ турар-жой майдони, 236 та маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш объекти, 26 та коммунал хўжалик, 181 та таълим муассасаси, 36 та маданият муассасаси, 185 та тиббиёт ва 245 та ишлаб чиқариш бинолари вайронага айланган, 1,5 миллион аҳолининг 78 минг оила ёки 300 мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолган.

 

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//