Туркистон Мухторияти давлатчилигимиздаги биринчи демократик дунёвий республика(ми)?


Сақлаш
17:20 / 13.02.2023 1479 0

Ўзбекистон тарихининг муаммоли ва баҳсли воқеаларини баён қилишимни сўрашганида немис олими Леопольд фон Ранкенинг тарих ҳақидаги сўзлари эсимга тушади: “Ҳақиқат уйдирмадан анча қизиқроқ”. Афсуски, ўзбек тарихшунослиги уйдирмага жуда ҳам бой. Бунда муаммо манбаларда эмас, балки тадқиқотчи шахсидадир. Бизнинг айрим ҳамкасбларимиз Ранкенинг ўгитларидан ҳам, замонавий тарихшунослик ютуқларидан ҳам фойдаланаётгани йўқ. Жумладан, XX асрнинг энг муаммоли ва кам тадқиқ қилинган мавзуси – Туркистон Мухторияти борасида ҳам.

 

2023 йили Туркистон (Қўқон) Мухторияти большевиклар томонидан тугатилганига 105 йил тўлади. Бу давлат тарихимизда чуқур из қолдирди, лекин, афсуски, кўп яшамади (72 кун). Олимларимиз орасида мазкур мавзуда мунозара йўқ деса ҳам бўлади. Нимагадир ўзбекистонлик тадқиқотчилар асосан совет тарихшунослиги билан баҳслашади. Масалан, шўро даврида Туркистон Мухториятига салбий баҳо берилар ва бойлар мухторияти деган атама ишлатилар эди. Бундай талқин бугун тарихчиларимиз томонидан танқид қилинмоқда. Бироқ берилаётган альтернатив версиялар тарихий ҳақиқатга мос келмайди ва воқеалар узвийлиги, моҳиятини очиб бермайди.

 

Туркистон Мухторияти Саидакбар Агзамхўжаев ва Қаҳрамон Ражабов томонидан атрофлича ўрганилган. Лекин асосий саволлар назардан четда қолиб, жавобларга ўтиб кетилгандек. Тарихшунослигимизда бу масала бўйича асосан қуруқ фактология мавжуд, таҳлил эса жуда оз. Ҳолбуки, фақат таҳлил тарихнинг моҳиятини очиб беради ва ҳар бир воқеага мазмун бағишлайди.

 

Олимларимиз глобал тарих ёки инқилоблар тарихини ёритувчи ёндашувларни ўрганмай туриб мавзуни тадқиқ қилмоқда. Шуни унутиб қўйишмоқдаки, Туркистон Мухторияти жаҳон тарихи билан узвий боғланган ва инқилобий жараённинг бир қисмидир. Биз эса масалани саёз ўрганиб, жуда мафкуралаштириб юбормоқдамиз. Энг мунозарали жиҳат мухторият, демократия, дунёвий ҳамда республика атамалари билан боғлиқ. Чунки ҳозир ҳам бу тушунчалар бўйича жамиятимизда турлича қарашлар мавжуд.

 

Инқилоб, мухторият ва демократия

 

Янги давлат муҳим воқеалар таъсирида вужудга келади, Туркистон Мухторияти ҳам бундан мустасно эмас. Тарихчиларимиз негадир ушбу сиёсий тузилманинг тўлиқ номини ёзишмайди. Яъни, Россия Совет Республикаси таркибида бўлганини эслагилар келмайди. Сиёсий мустақиллик эълон қилинмаган, автономия доирасидаги ҳаракатлар амалга оширилган.

 

Ёдда сақлашимиз керакки, Туркистон Мухторияти 1917 йил Россияда юз берган инқилоблар натижаси эди. Агар Февраль инқилоби бўлмаганида жадидлар ҳаракати маърифий сатҳда қолиб кетаверарди, яқин орада сиёсийлашмасди. Февраль инқилоби ва Октябрь тўнтариши Туркистонда сиёсий партиялар вужудга келишига сабаб бўлди, кейин улар ўша йили ноябрь ойида Мухторият эълон қилинишида катта роль ўйнади.

 

Бунда жадидлар, шубҳасиз, катта жонбозлик кўрсатишди. Хўш, янги сиёсий тузилма оддий аҳоли томонидан қандай қабул қилинган? Бу савол очиқ қолмоқда, чунки тадқиқотлар етарли эмас. Тўғри, тарихчиларимиз 1917 йил декабрида Туркистон шаҳарларида Мухториятни қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинглар ҳақида батафсил ёзишади. Лекин мухторият ва демократия тушунчасини оддий одамлар қандай тушунган экан? Туркистон зиёлилари сиёсийлашишининг аҳолига таъсири пропорционал бўлганми?

 

Биламизки, ўша даврда диндорлар қатлами ҳам жуда кескин сиёсийлашган. Ҳатто «Шўрои Уламо»га (Уламолар партияси) машҳур юрист Шерали Лапин бошчилик қилган. Турли сиёсий кучлар орасида зиддиятни кўрамиз. Якдиллик асло йўқ эди. Очиқдан-очиқ низолар ва курашлар кузатилган. Энг қизиғи, 1917 йилда демократия қандай тушунилган? Бу ҳақида ҳам на тарихчиларимиз, на политологларимиз ёки юристларимиз лом-мим дейишмаяпти. Лекин илмий асарларда бемалол демократия атамаси кенг қўлланилмоқда.

 

Менимча, Туркистон Мухториятини ўрганишда “инқилоб, мухторият ва демократия атамалари тарихий контекстда қандай маъно касб этганини инобатга олмаяпмиз. Аксинча, мазкур тузилманинг сиёсий тарихини уникал деб қабул қилиб, глобал ва интеллектуал тарих ёндашувларидан фойдаланаётганимиз йўқ. Натижада тасаввуримизда идеал Туркистон Мухторияти гавдаланяпти.

 

Айтмоқчиманки, мухторият учун кураш 1917 йилда собиқ империянинг миллий бўлгаларида кечаётган умумий сиёсий жараён эди. Украинадан тортиб Узоқ Шарққача турли автономиялар тузилган. Шу жиҳатдан, глобал тарихшунослик нуқтаи назаридан қаралганда Туркистон Мухторияти уникал ҳодиса эмас, балки Евроосиёда 19171918 йилларда кузатилган сиёсий воқеликнинг бир ҳосиласидир. Туб ерли зиёлилар ва оддий халқнинг бўлаётган сиёсий ҳодисаларга муносабати ҳам турлича эди. Ана шу ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим.

 

Республикачилик, мухторият ва дунёвийлик

 

Ўзбекистон тарихи фанида Туркистон Мухторияти биринчи демократик дунёвий республика деб қабул қилинган. Лекин, афсуски, миллий тарихшунослигимизда республикачилик анъаналарининг шаклланиш жараёни ҳалигача ўрганилмаган. Тўғри, Туркистон Мухторияти сиёсий тизими Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ Мажлисидан иборат эди. Шу нуқтаи назардан республикачиликнинг илк куртаклари мавжуд дейиш мумкин. Лекин нима учун айнан жумҳуриятчилик атамаси учрамайди? Яна саволлар туғилади: туркистонлик оддий халқ республикачилик ғояларини тушунганми? Ахир, минг йиллар давомида монархия тизимида яшаб келинган-ку? Қандай қилиб бир неча ой давомида зиёлилар ва аҳоли республикачилик, эркинлик ғояларини ўзлаштирди?..

 

Дунёвийлик масаласига келсак, тарихчиларимиз томонидан умуман тадқиқ этилмаган. Бир аср аввал дунёвийлик атамаси қандай тушунилган? Бунинг сиёсий тизимга таъсири қандай бўлган? Зиёлиларимиз 1917-1918 йилларда ўзларини дунёвий ҳисоблашганми? Туркистон Мухториятида исломий давлат нормалари мавжуд эдими? Уни тарихимизда европача моделда тузилган биринчи давлат десак бўладими? Кўриниб турибдики, тадқиқ қилинмаган жиҳатлар жуда кўп. Биз ҳали йўлнинг бошидамиз.

 

Туркистон Мухторияти европача давлатмиди?

 

Яна бир гипотеза бор: Туркистон Мухторияти юртимизда европача андазада тузилган биринчи давлат эди. Унда замонавий давлатчиликнинг барча белгиларини кузатишимиз мумкин. Ҳатто республикачилик анъаналарининг айрим белгиларини кўрамиз. Бироқ бу тузилмани биз дунёвий давлат дея олмаймиз. Чунки ҳуқуқий асос керак бўлади, бундай тарихий ҳужжат эса йўқ, ёки шундай тарихий ҳужжатни топишимиз зарур.

 

Асосий муаммо Туркистон Мухториятининг легитимацияси, яъни қонуний тан олинганини исботлашдир. Ҳар қандай янги сиёсий тузилма олдида ўз ҳокимиятини қонунийлаштириш масаласи кўндаланг туради. Тарихчиларимиз матбуот маълумотларига асосланиб, халқ мухториятни қўллаб-қувватлади, деб уқтиришади. Шаҳарларда ўтказилган митинглар ва мажлислар, ҳудудлардан юборилган делегатларга таяниб, бу давлатни “миллий” деб аташади. Яъни, олимларимиз ўзлари билмаган ҳолда инқилобий легитимация версиясини тарғиб қилишяпти.

 

Айтмоқчиманки, 1917 йил инқилоблари натижасида Евроосиё ҳудудида вужудга келган мухториятлар ва бошқа сиёсий бирлашмалар инқилобчасига тафаккур қилган, мулоқот қилган, ҳаракат қилган. Ана шуни унутмасак, тарихни тўғри тушунган бўламиз ва турли мафкуравий талқинларга ружу қўймаймиз. Тарих доимо холис тадқиққа муҳтож ва бундан чиқарилган хулосалар ҳозирги ўткир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муаммоларга жавоб беради.

 

Бахтиёр АЛИМЖОНОВ,

 тарих фанлари номзоди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//