Япон олимининг Мирзо Бобурга мактуби


Сақлаш
14:03 / 21.09.2021 983 0

 

Ўн олтинчи асрнинг биринчи ярмида Ҳиндистонда буюк империяга асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунё тарихида инсонпарварлиги билан ном қозонган шахслардан бири. Улуғ шоир, файласуф ва олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур саркарда ва давлат арбоби, буюк бобоси Амир Темурнинг муносиб ворисидир. Бобур ўзбек адабиёти ривожи ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган беназир шоир ва мутафаккир саналади.

Узоқни кўра оладиган давлат арбоби ва саркарда бўлган Бобур “Бобурнома” деб аталган, янада аниқроғи, “Вақое” ёки “Воқеалар баёни” номли ажойиб хотираномасини мерос қолдирган.  Бобурнинг ижод йўли равон ва аниқ. Бу асарни ҳеч иккиланмасдан туркий адабиётнинг шоҳ асарларидан бири десак муболаға бўлмайди. Бетакрор адабий қиймати билан биргаликда “Бобурнома” ноёб тарихий манба сифатида тахминан XV-XVI асрлардаги Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон ҳаётига доир кўплаб маълумотларни ўз ичига олади. Бевосита мазкур асар таъсирида Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий”, Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”си каби бир қанча тарихий асарлар битилган.

Ҳозирги кунда Японияда Бобур ижоди ва “Бобурнома” устида тадқиқот олиб бораётган ягона олим бўлганлигим сабабли Бобур шахси ва “Бобурнома”га қизиққан япониялик тадқиқотчилар камлигидан жуда афсусланаман. Аслида улар жуда кўп бўлиши керак. “Султон Бобур – буюк салтанат асосчиси” деб номланган биринчи мақолани япониялик олим Кейкичи Ҳуказава ёзган бўлиб, бу мақола “Shigaku – Zasshi” ва “Journal of History” журналларида 1910-11 йилларда қайта-қайта чоп этилган. Унинг ҳажми жуда катта, яъни жами 237 саҳифани ташкил этган.  Ўз вақтида жуда катта эътибор қозонган ушбу мақолада Бобурнинг Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистондаги ҳарбий ҳаракатлари таҳлил қилинган. Умуман олганда, бир қанча камчилик ва хатоларига қарамай, унинг Бобур шахси ва ҳаётига бағишланган мақолалари йиғилиб китоб ҳолида чоп этилганда, Бобурнинг номи Японияда янада машҳур бўлар эди. Афсуски, чоп этилмади. Ҳуказаванинг мазкур мақоласидан кейин мамлакатда эллик йил мобайнида Бобур шахси ва ҳаётига оид тадқиқотлар тўхтаб қолди. Тошиюки Етани 1962 йилда “Ҳиндистон Бобур нигоҳида” номли мухтасар мақоласини эълон қилиб, унда Бобурнинг “Бобурнома”да келтирилган Ҳиндистон тўғрисидаги қарашларини таҳлил қилди. Етани ўз мақоласида Бобурнинг Кобулдаги қабрини зиёрат қилгани тўғрисидаги маълумотларни ҳам келтириб ўтади. Яна бир олим Кюзо Като 1978–83 йилларда Бобурнинг ҳаётига бағишланган иккита кичик мақоласини рус тилидаги тадқиқотларга асосланган ҳолда ёзди. Шунингдек, олим 1995 йилда “Марказий Осиёнинг тарихий ўзлиги” номли китобини нашрдан чиқариб, унда Бобур фаолиятига тўхталди. У ўз китобида Бобурнинг рус тилига ўгирилган кўплаб шеърларини япон тилига таржима қилган. Илмий нуқтаи назардан юқорида таъкидланган тўрт мақола ва бир китобни асосий манба, муҳим ва қизиқарли маълумотларга бой деб бўлмайди.

Шахсан ўзимга келсак, Японияда Бобур ижодини илмий ўрганишга киришиб, бу тўғридаги мақолаларни 1981 йилдан бошлаб нашр эттира бошладим. Мана шунга ҳам ўттиз йилдан ошди. “Бобур ва Ҳирот” деб номланган биринчи мақоламдан кейин 1983-84 йилларда “Бобурнома”нинг Фарғона ва Кобул тўғрисидаги бўлимларининг японча таржималарини нашрга тайёрладим. Бобур ва “Бобурнома” тўғрисидаги тадқиқотларимни давом эттириб, бу шахс ҳақида маълумотларни йиғиш ва “Бобурнома”нинг чиғатой ва форс тилларидаги қўлёзмаларидан нусхалар олиш учун Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Англия, Шотландия, Франция ва  Россия каби мамлакатларга саёҳатлар уюштирдим. Бу асарнинг қўлёзма нусхаларидан фойдаланиб, 1995 йилда “Бобурнома”нинг араб ёзувидаги нусхасига таҳлилий  хулосамни ёздим. Бу “Бобурнома” юзасидан мунтазам изланишларимнинг биринчи марта китоб ҳолидаги нашри бўлиб қолди. Ушбу китоб халқаро Бобур фонди мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, атоқли ўзбек олимлари томонидан китобим яхши баҳоланганидан жуда мамнунман. Бу ишимни 1960 йилда П.Шамсиев ва С.Мирзаев чоп эттирган ўзбек тилидаги нашрга сўзма-сўз таққослаб чиқишди. Шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 2002 йили Тошкентда “Бобурнома”нинг янги нашри пайдо бўлди. Янги нашр асосида 2008 йилда “Бобурнома”нинг ўзбек ва рус тилларидаги нусхалари чоп этилди.

Шундан сўнг танқидий матн сифатида 1996 йили “Бобурнома” бўйича изланишларимнинг икки жилдлигини чоп қилдирдим. Бу жилдда изоҳлар алфавит тартибида жойлаштирилган эди. 1998 йилда “Бобурнома”нинг кенг қамровли аннотацияси ва қўлёзма нусхалар рўйхатини ўз ичига олган 3-жилдини нашр қилдирдим. Бу жилд ўта илмий тилда ёзилгани сабабли оддий япониялик уни осонликча ўқий олмайди. Шунга қарамасдан у ҳануз сотувда.

Ниҳоят, 2001 йилда “Бобур ва у яшаб ижод этган давр” деб номланган 4-жилд нашрдан чиқди. Бу жилдга XIV–XVI асрлардаги Марказий Осиё ҳақида мақолаларни киритдим. Бу жилд Япония академик мукофотига сазовор бўлди. Шундан кейин танқидий нашримнинг қўшимча ўзгартиришлар киритилган иккинчи нашрини оммага ҳавола этдим. Бу китоб ҳали ҳам севиб ўқилмоқда. Яқинда “Бобурнома”нинг асл нусхасини ўргандим ва япон тилида мақола ёздим. Шундан кейин Хожа Аҳрорнинг форсча “Волидия” деб номланган асари ҳақида ҳам мақола ёздим. Бу асарни Бобур ўзбек тилига таржима қилган.

Юқорида келтириб ўтилган барча китоб ва мақолаларим илмий изланишларга асосланган, лекин унинг тили оддий аҳоли учун мураккабдир. 

Яна айтиб ўтишим жоизки, 2013 йилда “Бобур – буюк салтанат асосчиси” номли мўъжаз китобимни нашр эттирдим. Бу китоб мухтасар шаклда бўлса ҳам, Япониянинг оддий аҳолиси учун Бобур ҳақида ёзилган биринчи китобдир. Китоб шарҳида ёш япон олими Жуничи Нишимура “ушбу асар профессор Манонинг Бобурга ёзган мактубига ўхшайди” деган яхши фикрни билдирган. Мен бу фикрга қўшиламан, чунки мен Бобурни қадрлайман ва мазкур китобда Бобурни кўкларга кўтарганман.

Ҳозирги кунда япон халқи учун “Бобурнома”нинг янги таржимасини чоп эттиришни режалаштираяпман. Таржима уч жилд ҳажмида шу йилнинг кузида нашрдан чиқади. Бу китоблар унчалик қиммат бўлмаганлиги сабабли уларни сотиб олиш аҳолига қийинчилик туғдирмайди. Мен жудаям мамнунманки, япон халқи Бобурнинг қизиқарли ва жозибали мемуар асарини тўлалигича ўқиш имкониятига эга бўлади. Умид қиламанки, “Бобур” номли бу китобим ва янги таржимам (“Бобурнома”) япон халқига Бобурнинг ажойиб шахсиятини очиб беради ва нафақат Бобурга, балки Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширади. Агар японияликлар Бобурни яхшироқ ва яқиндан билишса, унинг ажойиб ва жозибали шахсиятига мафтун бўлишлари аниқ.

Эйжи МАНО,

Япониянинг Кийото университети профессори;

Холида Абилова таржимаси

 

“Маънавий ҳаёт” журнали 2014 йил 2-сон

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10435
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//