Азизлар, анчадан буён 1914 йилда тайёрланган “Ёш бухороликлар”нинг ислоҳот дастурини эътиборларингизга тақдим этиш ниятида юрардим. Аммо вақт топиб ўгиришга ҳафсала қилмаётган эдим. Бугун юртимизда жадид боболаримизнинг даври ва фаолиятига қизиқиш кескин ортиб бораётгани кишини қувонтиради. Уларнинг ислоҳот дастурининг дастлабки саҳифаларини улашяпман (эҳтимол, бу ҳам илк маротабадир). Агар ўша вақтдаги сиёсий ҳолат, ижтимоий-иқтисодий шароитларни инобатга олиб ўқисангиз, ислоҳот дастури нақадар пухта тайёрлангани ҳамда муаллифларнинг қанчалик узоқни кўра билган доно инсонлар эканлигига гувоҳ бўласиз (ҳозирги неожадид ёшларимиздан ҳам фаразий ислоҳот дастурларини кутиб қоламиз). “Ёш бухороликлар” ислоҳот дастурининг давомини ҳам oyina.uz порталида эълон қилиб борамиз.
Баҳром ИРЗАЕВ,
Қатағон қурбонлари давлат музейи бош илмий ходими
“Ёш бухороликлар” партиясининг ислоҳот дастури
Бухорода бутун ерлар уч турли бўлсин:
1. Вақф ерлари;
2. Мулк ҳур ерлари;
3. Мулк хирож ерлари.
Мулк, мулк хирож ерларининг барчаси “хирож” ерлари бўлсин. Бухорода мулк ҳур ерлар қанча бўлса ўз ҳолинда қолсин. Вақф ерлари учун айри бир идора ясалсин. Мулк хирож бўлган ерларнинг сони дафтарларга ўткарилсин. Ҳар таноб учун икки ё уч сўм солиқ солинсин. Ҳар вилоят беш ўн оқсоқоллиқға ажралиб, ҳар оқсоқоллиқға инсофли, онгли бир оқсоқол сайлансин. Ҳар оқсоқол ўз қўл остидағи ерларнинг сонини сақлоғувчи дафтар сақласин. Йил бошида солиқларни шул дафтар юзиндан бекликка мина дафтар юзидан топширсин. Беклар яна дафтар юзидан ўз ҳисобларини ҳукумат хазинасиға ўтказсинлар.
Солиқ бермак учун экинган ва экинмаган ернинг фарқи қолмасин. Масалан, бир кишининг тўрт таноб ери бор, шу киши тўрт таноб ери учун икки сўмдан саккиз ва уч сўмдан ўн икки сўм берсин. Ерни экса ҳам берсин, экмаса ҳам берсин. Ҳозирда экинмаган ердан ҳеч нарса олинмайдир. Лекин бу иш зарарлидир. Кўп кишилар солиқдан қутулмоқ учун ерларини экмайин кўп ерлар мита бўлиб қоладир. Лекин иш биз айтгандек бўлса, солиқ берган кишилар солиқ берганидан кейин ерларимизни нечун экмай қўяйлик деб бутун ерларини экарлар. Аммо “лалми” бу қонундан ташқаридадирлар. Лалми ерлардан экилган чоғда олиниб, экилмаганда олинмас. Ва ҳам уларнинг солиқлари танобдан ўлчаниб, масалан, бир ботмон тухум экилатурғон ерлардан белгилук, бир оз ақча олинур ва ҳам уларнинг солиқлари мулк хирож солиқлардан оз ва енгилроқ бўлур. Чоб моли, ускуна пули дейилган солиқлар бутун кўтарилсун. Экинчиларимиз кафсан, от еми ва бунга ўхшаш турли-турли талонлардан қутилсинлар.
Сув ишлари ҳам яхши ва тўғри бир йўлға кирсин. Мироблар сувни ҳар кимга сотолмасинлар. Ҳар кимнинг сув ҳаққи белгилик бўлсин, ҳар ким ўз улушини олсин. Ҳашар тўғрисида “катра бақи” таомили битирилсин. Подшоҳлик ерлари, боғлар, иморатлар хизмати учун ҳашарчи чақирилмасин. Балки ёлғиз сув ишлари учун чақирилсин. Ҳашар устидаги маъмурларнинг харжи ҳукуматдан бўлсин. Ҳашарчилардан харажат пули деб оқча олинмасин ва “қатра бақи” ман қилинсин. Ҳашарда келмаган ишчилардан келмаган куни учун жазайи нақди олинсин. Сўнгра Бухорода сув озлиғи масаласи бордир. Мунга бир чора қарамоқ керак. Белгиликдирки, Бухоро хонлиқининг суви Самарқанддан келадир. Илгари замонларда Самарқанднинг учдан икки улуши Бухороға келар экан. Самарқанд вилояти Руссия ҳукуматига киргач мамлакат тараққий қилди, обод бўлди, экин ерлари кўпайди.
Сувнинг учдан бири Самарқандга озлиқ қилди ярмини сақладилар, ярмини ҳам куч билан бизга бердилар. Бу кунларда ярмиси ҳам озлик қилди, уни ҳам бермайдилар. Бухоро ҳукумати кўп оқча сарф қилиб куч билан Самарқанд сувининг юздан йигирмасини ола билди. Бухоро сувининг озлиғиға биринчи сабаб шудир. Лекин бу ҳам мундай қолмас, Самарқанд вилояти кундан кун обод бўлур, экин ерлари кўпаюр, эҳтимолки, яна сувлари озлиқ қилур. Ул вақт юздан йигирмасини ҳам бизга бермаслар, у чоғда ишимиз кучлашур. Экин ерларимиз сувсиз қолар. Бунинг йўлларини ахтармоқ ҳукуматга қарздур. Бунинг чораси: Зарафшондан бошқа бирон дарёдан сув келтирмоқдир. Хазинадан оқча берилсин, Амударёдан Бухороға сув йўли очилсин. Бухоро сувсизлиқ балосидан қутқарилсин. Экин ишлари учун керак бўлган хизматлар мундан бошқа ҳам кўпдир. Мамлакатимиздаги фойдахўрлиқ одати макҳусиси деҳқонларимизни хароб қилдиғи белгиликдир. Экинчиларимизни шу балодан ҳам қутқармоқ керакдир. Экинчиларимизни судхўрлар балосиндан қутқармоқ судхўрларни ялғизғина ман этмак билан бўлмас. Экинчиларимизга керак бўлатурғон оқчани топиб бермак керакдир. Бунинг учун Бухорода бир зироат банки ачилсин. Вилоятларнинг ҳар бирисинда шул зироат банкининг бир шўбаси – бир қўли бўлсин. Йилда икки-уч сўм ижара билан деҳқонга экин ишлари учун керак бўлатурғон ақчани шундан олаберсин. Мана ундан сўнг мандатлар ва судхўр мусулмонларнинг фойдахўрлиқлари манъ қилинсин. Булардан бошқа яна иш кўпдир.
Биламизки, ош пиширмак, юк тортмоқ, йўл юрмак, кийим тикмак учун машиналар чиқди. Шул машиналар билан ул ишлар кўп қулай ва енгил бўлиб қолди. Шунинг каби экин ишлари учун ҳам машиналар чиққан. Шул ишларни қулайлашдирғондир. Шул машиналардан Бухороға келтирилсин. Деҳқонларимизға пайлаб берилсин ва бу машиналарни ишлата оладиган экинчиларимизга ишлатув йўлларини ўргатсин. Ҳокимлар, амлакдорлар, фойдахўрлар жафосиндан еридан, уйидан ажралиб ўрамларда, кўчаларда тўсиб қолган ерсиз, уйсиз деҳқонларимиз кўпдир. Золим шумлиғи билан мита бўлиб эгасиз қолган ерларимиз ҳам кўпдир.
Яна Амударёдан Бухорога сув келтирганда сув йўлларининг икки тумандан кўп ерлар қобили зироат бўлур. Мана шул ерларни ҳукуматимиз ерсиз фуқаросиға берсин, экин ишларини кўрарга керак бўлғон ақчаларнинг фойдасини берсин. Булар у ерларни эксинлар, олдиқлари ҳосилдан бир бўлакини ҳукуматдан олдиқлари баржага берсинлар, бошқасини ўзлари учун сақласинлар. Ҳукуматга кўп қатори солиқ берсунлар. Мамлакатимизнинг ҳар ёқинда экинчилиқ мактаблари очилсин. Халққа экинчилик илмларин ўргатсин. Мамлакатимизни бу хароблиқлардан қутқармоқ йўли шудир. Мунча ишни ёлғизғина бир Қушбеги бажара олмайдир. Бухоро ҳукуматининг шу ишлари учун бир экинчилик нозирлиги очилсин. Онгли, билимли бир киши экинчилик вазири бўлсин. Мана шул ишларини шу экинчилик вазири кўрсин.
Вақф ерлари
Юқори вақф ерлари учун айри бир идора очилсин деган эдик. Илм йўлинда тайин қилинғон вақф ерлари билан Бухоро ўлкаси илм ва маориф юзиндан Оврупонинг буюк шаҳарлариндан ортиқроқ тарққий қилур. Лекин эссиз афсуски, ҳозирда бузғун, тузуксиз, исрофли ишларимизнинг каттаси вақфлар ишларидир. Вақфларимиз мутулилар, ижарадорлар қўлинда турадир. Орамизда билмаган йўқдирки, ҳозирда Бухорода ижарадорлиқдан бузуқрак, асқилироқ бир касб йўқдир. Очиқ ва қисқа қилиб дегандан вақфларимиздан йилда ярмиси шул ижарадор ва мутулиларимизнинг қопчиқлариға келиб кетадир. Мунинг ислоҳисини айламак ҳимматли мусулмон учун фарздир. Бухорода бир вақфлар вазирлиги очилсин – бутун вақф ишлари шунга топширилсин. Онгли, билимли бир киши вақфлар вазири бўлсин.
Бугунги ҳукумат хазинасиға кирган мазадалар ботил бўлган кутубхоналар, таҳоратхоналар, ошхоналарнинг вақфлари қайтарилсин. Вақфлар вазири шул вақфларини шаърий йўсундан тартибга солиб, шаръий ерларда сарф қилсин. Вақфлар хазинаси очилсин. Шул ақчалар билан тижорат қилсин, буюк ишлар учун қилғон фойдасидан мактаб, мадраса солсин. Кутубхона, етимхона, фақирлар учун касалхона, ошхона очсин. Йилда бир йўла ҳисобларини қўлиндоғи дафтар юзиндан очиқ қилиб халққа кўрсатсин. Жорий вақфлар ҳам шул вазирнинг назоратида бўлсин. Вақфлар вазири бу вақфларини муттули ва ижарадорлар йиғилмасиндан муҳофаза этсин. Одилона бир суратда деҳқонларнинг ўзларига ижара билан тарқотсин. Жорий вақфлар кейларини шарт вақф бўйинча масорифига сарф қилсин. Вақф ерлардан ҳам бошқа дўконлар, вақф ерлар шунга топширилсин.
Аскарлик
Эски Бухоро ҳукумати билан орамиздаги муоҳидаға кўра, Бухоро ҳукумати ўн икки минг аскар тутарға эркли эди. Аммо, ҳозирда Бухоро аскари тўрт-беш мингдан ортиқ эмасдир. Бухоро ҳукумати шул мааҳидадан фойдаланиб, бу кунгача аскарини орттира билар эди. Лекин иш бошида турғувчиларимиз муни тушунмайдирлар. Энди эса шул мааҳидадан фойдаланиб Бухоро ҳукумати ўз қўшинини 12 мингга чиқарсин. Лекин одамларни туҳмат билан, бўҳтон билан аскарликка олмасин. Балки аскарлик хизматини умумий қилсин. Шаҳзода ва таҳсил илми қилатурғонлардан бошқа бутун Бухоро хонлиғидағи кишилардан йигирма икки ёшдағиларни аскарликка чақирсин. Шундан қилғонда кўп киши йиғиладир. Доктурлар таъйин қилиб, бунларни кўрсатсин. Касал ва майибларини қўйуб, ораларидан териб олсун.
Аскарлик муддатини икки йил қилсин. Олғон аскарини шул икки йилда машқ қилдирсин. Илгарига юборсин, қоровул қилсин. Икки йилдан кейин эски хизмат қилганларни қўяберсин. Ўз ишларига қайтарсин. Ерларинда юқорида ёздиғимиз йўл билан ҳар йил яна керакли бўлған аскарини чақириб олсин. Бухорода ва бошқа шаҳарларда аскар учун буюк бошли, яхши казармалар солсин, казарма ёнида бир масжид, бир мактаб солсин. Масжид ва мактабларда имомлар, сўфилар, муаллимлар таълим этсин. Икки йил аскарлик муддатинда саводсиз аскарлар ўқиб хат ва савод чиқарсинлар. Дин буйруқларини, ибодат йўлларини ўрганиб қолсинлар. Аскарга йилда икки йўла яхши кийимлар берилсин.
Аскар устида ўқиғон аскарлик илимларини билган юзбоши қўйилсин. Мундай юзбошиларни Русияли мусулмон офитсерларидан келтирмак керактир. Ундан кейин Бухорода бир аскарий мактаб очилсин. Муаллимлигини мусулмон офицерларга берилсин. Бу мактабда бухороликлар болаларини киргазиб ўқита берсак, оз вақтда ўқиғон юзбошилар ўзимиздан етишиб қолар. Аскар учун дўхтурлар, касалхоналар, қоровуллиқ ерлар, қоровулхоналар керакдир. Суворий аскар учун от емлари дохи ҳукумат томонидан берилсин. Аскарнинг эрта, кундуз, оқшом емакларини ҳукумат берсин. Мундан бошқа чой пули деган, ойда бир оз оқча дохи берилсин. Шунлар ва шунлар каби бутун қўшин ишларини кўриб турмоқ учун бир қўшин вазирлиги очилсин. Онгли, билимли бир киши “Қўшин вазири” бўлсин.
Молия ишлари
Дунёда Бухоро хазинасидек бузуқ ва тартибсиз нарса йўқдир. Хазинада қайси ердан қайси йўллар билан оқча келадир, қайси йўллар билан чиқадир. Кимлар оламайин, кимлар оладир – ҳеч ким билмайдир. Хусусан, сўнг замонларда хазина ишлари кўп расво бўлиб қолди. Хазина ишларини бир низомга солмоқ керакдир. Бухорода бир “Молия вазирлиги” очилсин. Бир молия вазири таъйин бўлсин. Юқорида экин ерларидан олинатурғон солиқларини ёзғон эдик. Мана шулар молия вазирининг қўлиға келиб кирсин. Закот ишлари дохи шул молия вазирига топширилсин. Ҳар шаҳарга закотчилар қўйилсин. Сув айини закоти дохи ислоҳ ҳудудинда этилсин. Тижорат қилғувчи бойларимиздан ҳар келтирилган молларидан закот олинмасин. Балки мамлакат ичида тижорат қилатурғон тижоратчилардан бир йилда қанча тижорат қилмоқларини таҳмин қилиб бир нарса закот олинсин. Қўлларида закот хати берилсин. Мундан бошқа бир хазина “хос мудири” амирга бўлатурғон харажатларни кўрсин. Ҳисобини кўрсатиб, молия вазирлиги томонидан тасдиқлансин. Масорифларнинг тўлиқ ҳисоби халққа билдирилсин.
Дохилий ишлар
Мамлакатнинг дохилий ишларини идора этмак учун бир “Дохилия вазири” таъйин бўлсин. Мамлакатни тартибли бир суратда тақсим этсин. Масалан, Бухоро хонлиғи ўн қўрғонға бўлинсин. Ҳар қўрғонға бир қўрғонбеги қўйилсин. Ҳар қўрғонбегилик ўн элбегилигига тақсим қилиниб, ҳар биринга бир элбеги қўйилсин. Ҳар туманбегининг қўл остиндоғи халқнинг ишини оқсоқоллар ва имомлар кўрсинлар.
Қўрғонбегилар, элбегилар, туманбегиларни Дохилия вазири Амирга арз этиб қўйдирсин. Қўрғон ва туманларда полис мудирларини, миршабларни ҳам Дохилия вазири таъйин этсин. Оқсоқолларини туманбеги халқнинг сайлови билан қўйсинлар. Дохилия вазири қўрғонбеги, элбеги, туманбегилардан биронтаси шаърий маҳкамаларға қатнашмасинлар. Ёлғиз шаърий маҳкамалардан чиққан маҳкамаларни юрутмак уларнинг иши бўлсин. Ҳукумат буйруқларини дохилия вазири қўрғонбегиларга, унлар элбегиларга, унлар туманбегиларга, унлар оқсоқолларга айтиб халққа билдирсинлар.
Шаърий маҳкамалар
Бухоро фақҳий шаърий қонунларни билатурғон бир кимса вазир мақоми билан “қози калон” бўлсин. Қози калоннинг расмий оти “Адлия вазири” бўлсин, марофъе сўрамасин. Бухоро шаҳрига икки ё уч қози бўлсин. Марофъэ сўрамоқ шуларнинг иши бўлсин. Қўрғонлар, элбегилар, туманларға қози тайин қилмоқ шул Адлия вазирининг иши бўлсин. Ҳар қозининг ёнида икки муфтидан иборат бир маҳкама сорилсин. Шаърий маҳкаманинг устида бир “устинаф” маҳкамаси очилсин. Мунинг аъзоси бир аълам ва бир муфти бўлсин. Мудои ва мудаи олиядан биронтаси шаърий маҳкаманинг ҳукмидан рози бўлмағонда шул истиноф маҳкамасига ариза берсинлар. Истиноф маҳкамаси унинг давоъсини қайта бошидан сўрсин. Қозилар, Адлия вазири хазинадан ойлиқ олсинлар. Хизматчилариға ойлиқ берсинлар. Қозилар йигирма-ўттиз мулозим сақламасинлар. Киши маҳкамага чақирғанда мактуб билан – эътироз хати билан чақирсинлар. Васиқалардан раст маҳгаздан ва бошқа қозихона хатларининг ҳар бири учун белгилик бир оз оқча олсинлар. Лекин бу оқчадан бир пули олмай, хиёнат қилмай ҳисоблари билан ҳукумат хазинасига топширсинлар...
Сабтия ишлари
Бухоро миршаби дохи вазирлик мартабасини олсин, унвони “Сабтия вазири” бўлсин. Шаҳарга полислар чиқармоқ тинчликни сақламоқ – бунинг иши бўлсин...
Йўллар ва маъданлар
Йўлларни тузатмоқ мамлакатнинг ҳар ёниға автомобил ва темир йўллар очдирмоқ. Мамлакатдаги темир ва олтин, ер ёғи, тош-кўмир, бошқа маъданларни очдириб, ишлатмак учун бир йўллар ва маъданлар вазири бўлсин...
Хорижий ишлар
Россия давлати ва бошқа давлатлар билан бўлатурғон муносабат ва ишларимизни кўрмак учун бир Хорижия вазири бўлсин. Шу хорижия вазири бутун вазирларнинг буюги раиси бўлсин...
Маориф ишлари
Халқни ўқитмоқ учун мамлакатимизнинг ҳар ерида хазина оқчасидан ибтидоий, олий мактаблар очмоқ, мактабларга муаллимлар қўймоқ, мактабларнинг программаларини тафтиш этмак. Хулоса бутун хазина тарафиндан ажралатурғон мактаблар ишларини кўрмак учун бир “Маориф вазири” бўлсин. Маориф, вақф вазирлигини қўл остиларидоғи мактаблардан бошқа ҳар ким истаса мактаб оча билсин ва ҳеч ким манъ эта олмасин. Бу мактаб ва мадрасалардан акмал таҳсил этиб чиқатурғон зотларға маориф вазири ҳайъати таълимия иштирокила лаёқатлариға кўра қўллариға шаҳодатнома берсин. Масалан, имомлиқ, муаллимлик, мударрислик, муфтилий, қозилиққа лойиқ эканликлари шул шаҳодатномадан белгилик бўлсин...
Вазирлар мажлиси
Сайдиғимиз вазирлар ўн вазир бўлди. Зироат вазири, вақфлар вазири, қўшин вазири, молия вазири, дохлия вазири, адлия вазири, сабтия вазири, йўллар ва маъданлар вазири, маориф вазири ва бош вазир бўлғон хорижия вазири – шул вазирлардан ҳар бирининг ёнида ўзимиздан мутахассис кишилар етишгунча ўқиғон ва маданий мусулмонлардан бир кенгашчи келтирилсин. Мана шул ўн вазирнинг барчасиға бирдан “вазирлар тўдаси” деяйлик. Шул вазирлар тўдаси кенгаш мажлислар тузиб, ўз ишларини кенгашиб қарор бериб қилсинлар. Бирон вазир вазирлар тўдасининг қарор ва иттифоқидан ташқари иш қилмасин. Вазирлар билан иттифоқ қилиб иш кўрсин. Иттифоқ эта олмаса, вазирликни ташласин. Бош вазир унинг еринда бошқа бирисини кўрсатиб амирдан ёрлиғини олиб берсин...
Баладия мажлислари
Ҳар шаҳарнинг кўчалари, йўллари, нарх ва наволарини кўриб турмоқ учун халқнинг сайлови билан сайланган вакиллардан иборат баладия мажлислари очилсин...
Тергов этмак ишлари
Эмди бу ишларини ўз қўлларига олган вазирларни тергов этиб турмоқ керакдир. Бунларни хато йўллардан сақламоқ, хиёнатдан манъ этмак керакдир. Бу тергов ишлари учун мамлакатда икки куч бўлсин. Бириси хусусий, бириси умумий.
Хусусий куч йигирма кишилик бир тергов мажлиси бўлсин. Бул йигирма кишидан ўнтасини иш билатурғон ҳуқуқшунос Россия ва Кавказия мусулмонларидан ерли жамиятларининг кўрсатишлари бўйинча кетирсинлар. Қолган ўн кишини Бухоро ҳукумати Бухородоғи ҳол-аҳвол, замондан воқиф зотлардан тайин қилинсин. Ҳар вазир қўл остидоғи ишлари учун олдидоғи йилда қанча харажат қилса ва қилғон бўлса шу харажатни ерлари билан очиқ ёзсин. Вазирлар тўдаси мажлисига келиб кўрсатсин. Кенгашиб қарор бергандан кейин бош вазир билан шул ҳисобни кўрсатган вазир шул ҳисобда қўл қўйиб, тергов мажлисига келтирсин. Тергов мажлиси музокара қилиб ва қабул этгандан сўнг Амирга қўл қўйдириб олсинлар. Сўнгра шул вазир шул ҳисобдаги оқчани молия вазиридан олиб харажат қилсин.
Иккинчи куч умумий кучдир. Бу халқ кучидир. Матбуотдир, газеталардир. Бухорода ҳар ким истаса, газета чиқара билсин. Ҳар ким истаса, китоблар ёзиб тарқата билсин. Мана шул газета ва китоб чиқаратурғонлар ҳукуматнинг, вазирларнинг яхши ишларини, ёмон ишларини, тўғриларини, хатоларини, хиёнатларини ҳеч кимдан қўрқмасдан очиқ қилиб ёзиб турсинлар. Токи ҳам халқ ва ҳам тергов мажлиси вазирларнинг ишларини англаб турсинлар...
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ