Насриддин Шераҳмедов 1908 йили Тошкентнинг “Қорёғди” маҳалласида, таниқли савдогар Ҳожиаҳмадбой Шераҳмадбой ўғли хонадонида дунёга келган. Аввал жадид, рус-тузем мактабларида, сўнг Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Намуна”, Саид Аҳрорийнинг “Ватан” мактабларида ўқийди. 1922 йилнинг кузида Насриддин Шераҳмедов қардошлари Саида ва Фузайллар билан “Кўмак” ташкилоти томонидан Германияда таҳсил олишга жўнатилади. Берлинда тезкор немис тили курсини ўқиб тугатиши билан Саида Дармштадтга, Фузайл Штрейлицга ўқишга кетади.
Насриддин Шераҳмедов 1924-1925 йиллари Берлиндаги олий савдо мактабида ўқийди. 1925 йили Гейдельберг университетига ўқишга қабул қилинади. Бироқ 1926 йил январда Тошкентга келганида унинг паспорти олиб қўйилиб, ўқишга қайтишига рухсат берилмайди. Насриддин бунга чидай олмай ўзини отиб қўяди. Фақат бахтли тасодиф билангина тирик қолган Насриддин 1927 йили Батуми орқали Германияга чиқиб кетмоқчи бўлади, чегарада қўлга олинади. 7 ой ҳибсда сақланади. Уни ГПУ ўзига “ёллаб”, кейингина озодликка чиқаради.
Насриддин Шераҳмедов 1928–1930 йиллари Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)нинг иқтисодиёт факультетида таҳсил олади. У 1930–1936 йиллари Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида молия соҳасида иш олиб боради. 1933 йили иккинчи маротаба Керки орқали қочишга ҳаракат қилган, деган айблов билан яна қамоққа олинади. Бир муддат ҳибсда бўлгач, далиллар етмаганлиги туфайли қамоқдан қутилади. Бироқ давлат идораларига ишга кира олмайди. Шундан сўнг тиббиёт билим юртига кириб, тиш шифокори йўналишида ўқий бошлайди.
Насриддин Шераҳмедов 1937 йил 2 январь куни Тошкент шаҳри 1-Май кўчаси 80-уйдан қамоққа олинади. 3 январда унинг уйида ўтказилган тинтувда паспорти, ҳарбий билети, 30 номдаги немис тилидаги китоблари, откриткалар, 5 та немисча журнал ва 29 номдаги газета хатланиб, ўзи билан олиб кетилади. Унинг ортида 72 ёшли отаси Ҳожиаҳмад Шераҳмедов, 56 ёшли онаси Ҳамидабону, 29 ёшли турмуш ўртоғи Маҳфуза Орифхўжа қизи, қизлари 10 ёшли Адибахон ҳамда 6 ёшли Альфиялар қон йиғлаб қоладилар.
1937 йил 4 январь куни илк сўроқда тинтувда тортиб олинган китоблари ҳақида суриштиришади. 5 январь кунги сўроқ Берлиндаги “Туркистонлик талабалар уюшмаси” фаолияти ҳақида бўлади. Насриддин талабалар асосий вақтини илм олишга сарфлагани ва ҳеч қандай сиёсий ёки жосуслик фаолияти билан шуғулланишмаганини таъкидлайди. Бироқ, сўроқларда кун сайин жисмоний қийноқ ва таҳқирлар орттириб борилади.
1937 йил 17 январда “Сиз ўзингизни айбдор деб биласизми?” деган саволга Насриддин 1928 йил февраль ойида ГПУга ёлланганман, дўстларимнинг йўқ қилинишидан қўрқиб, бирорта ахборот бермаган бўлсам-да, ҳеч қачон ватанимга хоинлик қилмаганман, дейди. 1937 йил 2 февраль кунги сўроқда у 1936 йил сентябрдаги Саттор Жаббор билан қилган суҳбатида “Ўзбеклар эски шаҳарга тиқилиб қолган. Тошкент русларнинг шаҳрига айланиб боряпти, ўзбеклар учун янги шаҳардан уй беришмаяпти” каби сўзларни айтганига жавоб беради. Шундан сўнг ишга 1934 йил 3 октябрдаги Асқархон Полвоновнинг “Андҳўй вилоятида тошкентлик Шокирқори ва Шароф қорилар яшайди, улар олмос савдоси билан шуғулланади. Насриддин Тошкентдан уларнинг мол олиб сотишида воситачилик қилади. Ўзим Тошкентда эски Қуръонларни сотиб олганимда, Насриддин улардан бирини 500 сўмга мендан сотиб олган эди” деган кўрсатмаси, 1937 йил 26 январдаги Мирза Бобомуҳаммедовнинг Насриддин Шераҳмедовга қарши кўрсатмалари тикилади.
Насриддин Шераҳмедов терговни тезлаштиришни талаб этиб очлик эълон қилгач, сиқувни янада кучайтирадилар. 1938 йил 26 сентябрь куни бошқа ҳеч нарсани қўшимча қила олмаслигини айтиб, ортиқ сўроқ беришни қатъиян рад этади. 1938 йил 30 сентябрда Тўлаган Мўмин билан юзлаштирилади ва Насриддин томонидан айтилган гаплар ўқилганида Тўлаган ўзига қўйилган барча туҳматларни қатъиян рад этади ва “мен ҳеч қачон, ҳеч қандай аксилсовет ташкилотини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман” дейди. Шундан сўнг юзлаштиришлар тўхтатилади.
Гайнитдинов, Акжигитов ва Лисицинлар томонидан тайёрланган айблов баённомасида Насриддин Шераҳмедов троцкийчи, 1924 йилдан Тоҳир Шокир томонидан жосусликка ёлланган, 1922–1926 йиллар давомида Берлинда Мустафо Чўқай билан ҳамкорликда аксилсовет тадбирлар ўтказган деб ЎзССР ЖКнинг 62, 64, 67-моддалари билан айбланади. 1938 йил 9 октябрь куни машъум “учлик” йиғини соат 10:00 дан 10:20 гача давом этиб, Насриддин Шераҳмедовни отувга ҳукм этди ва ҳукм ўша куниёқ ижро этилди.
Шу ўринда Насриддиннинг турмуш ўртоғи Маҳфуза Шераҳмедова ҳақида ҳам эслаб ўтсак. Маҳфуза 1905 йили Тошкент шаҳрида давлатманд савдогар Орифхўжабой хонадонида дунёга келган. У болалигидан яхши таълим-тарбия олиб улғаяди. Орифхўжабой хонадони Туркистон тараққийпарварлари жамланадиган ўчоқлардан бири эди.
Жуда ёш бўлишига қарамай отаси Маҳфузани Тошкентга келган турк ҳарбий асир зобитларидан (субай) Ҳайдар Шавқийбейга никоҳлаб беради. Ҳайдар Шавқий ўша вақтда кўпчилик тараққийпарвар ёшларнинг энг севимли устозига айланган эди – ёшларга илм берарди. Гўзал Маҳфузанинг 1920–1922 йиллари Ҳайдар Шавқийбей билан кечган ҳаёти унинг энг бахт-саодатга кўмилган даври эди. Ҳайдар Шавқийбей 1922 йили тўсатдан ГПУ томонидан ҳибсга олинади. Маҳфуза турмуш ўртоғининг қамоққа олиниши сабабларини сўраб, унинг ортидан бир неча марта маҳрамлари билан ГПУ идораларига қатнайди. Бироқ, уларни учраштиришга йўл қўйишмайди. Аксинча, унинг Туркияга чиқариб юборилиши ҳақида хабар беришади. Шундан сўнг Ҳайдар Шавқийбей ҳақида на бир хабар, на бир сўз бўлди.
Маҳфуза аёллар тиббиёт билим юртига ўқишга киради. Тақдир тақозоси билан у Тошкентнинг таниқли хонадонларидан бирининг фарзанди Нажмиддин Шераҳмедовнинг назарига тушади. Мунавварқори Абдурашидхонов мажлисларининг доимий иштирокчиси Нажмиддин Шераҳмедов айни вақтда элнинг назарига тушган, саҳий тадбиркор йигитлардан эди. Саидносир Миржалилов ташаббуси билан ташкил этилган “Туркистон” ўртоқлик жамиятида фаолият бошлаган Нажмиддин Германияда таҳсил олаётган синглиси Саодат, укалари Насриддин ва Фузайлнинг Москва, Петербург ҳамда Боку шаҳарларида ўқиётган юзлаб ўзбек ёшларининг ётоқ ва иқтисодий муаммоларини ҳал этар, уларнинг емак ва кийинишларига кўмаклашарди. Ота касби савдогарлик юзасидан Москва ва Россиянинг кўплаб ички шаҳарлари билан савдо алоқаларига эга эди.
Нажмиддин ва Маҳфузалар оиласида 1925 йили қизи Адиба туғилади. 1926 йилдан тараққийпарварларнинг ҳомийси сифатида Нажмиддин ҳам таъқиб ва тазйиқларга учрай бошлайди. “Туркистон” ўртоқлик жамияти фаолиятига чек қўйилади – дўконлари, омборлари моллари билан мусодара этилиб, барча аъзолари ишсиз қолдирилади.
Нажмиддин Шераҳмедов 1929 йилнинг ноябрида Мунавварқори Абдурашидхонов иши ёки “Миллий иттиҳод” деган бўҳтон асосида ҳибсга олинади. Шундай ташвишли онларда – 1930 йили иккинчи қизи Альфия туғилиб, Маҳфуза бироз чалғийди. Кўп ўтмай эл орасида Нажмиддин Шераҳмедовнинг олий жазога ҳукм этилгани тўғрисида хабар тарқалади. Тақдирга тан берган Маҳфуза Тошкентдаги 2-аптекада сотувчи бўлиб ишлай бошлайди.
1934 йили Насриддин отаси Шераҳмадбойнинг маслаҳати билан акасининг беваси Маҳфузага уйланиб, унинг фарзандларига оталик қилади. Маҳфузанинг тавсияси билан тиш шифокорлиги билим юртига ўқишга кириб, шу йўналишда фаолиятга киришади. Бироқ, 1937 йил 5 январда Насриддин Шераҳмедов, 1937 йил 29 сентябрь куни Маҳфуза Шераҳмедова қамоққа олинади. Унинг икки гўдаги – 12 ёшли Адиба ва эндигина 7 ёшга кирган Альфия тўғри болалар уйига йўлланади. Узоқ вақт Маҳфуза билан гаплашишга ҳеч кимни қўйишмайди. У нимага ҳибсда тутиб турилганини ҳам билмас эди. Ягона сўроқда отаси Тошкентнинг 4-мавзесида 20 дан ортиқ уй ва мулкларга эга 1-Гилдия савдогари бўлгани, ўзининг машъум қисмати ҳақида ҳикоя қилади. Сўнг учинчи эри бўлган Насриддиннинг аксилинқилобий фаолияти ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини таъкидлайди. Ҳақиқатан, аслида Насриддиннинг ҳам ҳеч қандай айби йўқ эди. Маҳфузанинг қамоқхонада сақланиши Насриддин учун гаров эди, холос. Манфур тузум яратган малъун нусхалар ҳар қайси инсонни маҳв этиш учун ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида ноинсоний қийноқларни қўллашга, ҳар қандай тубанликларга боришга тайёр эдилар.
Насриддин Шераҳмедов 1938 йил 9 октябрь куни отиб ташлангач, гаровда бўлган Маҳфузага нисбатан айблов эълон қилинди. 1938 йил 21 декабрь куни унга ЎзССР ЖКнинг 68-моддасини қўллаб, эрининг “Туркистон” аксилинқилобий жамияти аъзоси эканлигини билган ҳолда, унинг жиноятларини яширган деган айб қўйилади. Иш 1939 йил 3 январь куни кўриб чиқилади ва жиноят таркиби мавжуд эмас, деб топилади. 1939 йил 25 январь куни Маҳфузага озодликка чиқиши тўғрисида маълум қилинади ва турмада кечган сўроқлар, қийноқ усуллари ҳақида ҳеч қачон, ҳеч кимга миқ этмаслик ҳақида ёзма кўрсатма олиниб, имзолатилади. Маҳфузани озодликка чиқаришга шундан сўнг ҳам шошилишмади. 1939 йил 3 февралга келиб соғлиғи, гўзаллиги ва инсоний қадр-қиммати топталган Маҳфуза шўро дўзахи ҳисобланган турмадан қутилиб чиқишга муваффақ бўлади.
Насриддин Шераҳмедов иши қайта кўрилганида ишда жиноий асос сифатида кўрсатилган ҳолатларнинг бирортаси тасдиқланмади. Жумладан, Бобомуҳаммедов, “савдогар” Солиҳ Мирзаев, Исоқ Алимов, Полвонов номли кимсаларнинг бирортаси топилмади. Насриддиннинг 1933 йили Керкига бориб чегарадан қочмоқчи бўлгани воқеаларини текшириш мақсадида 1956 йил 13 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги кабель заводи ишчиси Абдуқодир Муҳаммедов қайта сўроқ қилинади. У сўроқда ўзининг ҳеч қачон Керкига бормагани ва Насриддин Шераҳмедовни умуман танимаслигини айтади.
Насриддин Шераҳмедов 1957 йил 3 октябрда СССР Олий суди томонидан оқланди. Хушхабар 1957 йилнинг 14 октябрида Тошкент шаҳри, Гоголь кўчаси, 3-уй, 24-хонадонда яшовчи унинг турмуш ўртоғи Маҳфуза Шераҳмедовага етказилади. 1957 йил 27 ноябрда Маҳфуза аяга яна бир қоғозга имзо чектиришади. Унда Маҳфузанинг совет давлатига ҳеч қандай мулкий ва маънавий даъвоси йўқлиги ёзилган эди...
Чап тарафда Убайдулла Хўжаев, ўнгда Олимжон Идрисий, ўртада Шераҳмадбой уйида хизматда бўлган татар қизлар, олдинда ўтирганлар Насриддин, Саодатхоним ва Фузайл Шераҳмедовлар.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ