Жадидларнинг миллий давлатчилик концепциялари қандай бўлган? – Саййид Носирхон тўранинг “Давлат назарияси” рисоласидан парчалар


Сақлаш
17:10 / 09.09.2022 802 0

Азизлар! Қуйида юртимиздан етишиб чиққан ислом уламоларининг сардори Саййид Носирхон Тўра Саййид Камолхонтўра ўғлининг давлат ҳақидаги назариялари битилган рисоласидан парчалар келтираяпман. Албатта, бу бир тарихий манбадир ва жадид боболаримизнинг миллий давлатчилик концепциялари ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитиш учун хизмат қилади.

 

“Ҳар бир миллат ўз хоҳиш-иродаси, мақсадига эга ва курраи заминнинг пешонасига битган кунжагида ўз дини ва анъаналарига мувофиқ миллат ватани фаровонлиги ва бошқа миллатлар сиёсати ҳукмронлигидан озод бўлиши учун уларни рўёбга чиқаришга интилади.

 

Бу интилиш ҳамма учун бутпарастлар учун ҳам, яҳудийлар учун ҳам, насронийлар учун ҳам; бир сўз билан айтганда, илоҳий китобга эга барча халқлар, уларга эга бўлмаганлар учун ҳам, Африка ва Америкадаги ярим ёввойи халқ учун ҳам умумийдир. Айниқса олийжаноб ислом халқлари, муқаддас ислом дини тарафдорлари, илоҳий қонун-қоидалар битилган ва фоний ва боқий дунёда фаровонликка эришиш йўлларини кўрсатиб берувчи муқаддас китоб – Қуръон эгалари ҳамиша ушбу улуғ ва муқаддас қонун соясида яшашга интиладилар. Ушбу қонун моҳиятан халқ фаровонлигини мақсад этган, шу боис ҳар бир инсоннинг бу ва нариги дунёдаги фаровонлигига ушбу қонун кўрсатмаси билангина эришилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу қонунни бутун инсоният фаровонлиги учун Худодан бизга етказди; ер юзида жаҳолат ҳукмронлик қилган пайтда 23 йил бу қонун қуёшдай порлаб, бутун ер юзига фаровонлик, адолат, бирдамлик, мурувват, эзгулик, бойлик, бир сўз билан айтганда, яхшилик уруғларин сочди; шу туфайли ислом минг йил давомида гуллаб-яшнади, бутун дунёда тантана қилди. Маданият бобида мусулмонлар мисрликлар, эронликлар, юнонлар ва бошқалардан бир неча чандон устун бўлиб, бетараф европалик муаррихлар ҳам буни тасдиқлайдилар.

 

Европа халқларининг замонавий маданияти бу маданиятга қарши туролмайди, ҳатто Америка маданияти ҳам ноёб ислом маданиятидан тўлиқ ўзлаштирилган. Бу исботланган далил, бу ҳақда баҳсларга ўрин йўқ.

 

Қисқа қилиб айтганда, ислом дини тарафдорлари вақт ўтиши билан ислом қонунларини суъистеъмол қиладиган бўлишди, улардан чекиндилар ва охир-оқибат ҳалокатга юз тутди, заифлашди, аввалги мавқеларини йўқотдилар, қудрати ва буюклигини йўқотди.

 

Юқорида айтилганидек, бунинг асосий сабаби шундаки, улар ўз динининг асосий қонунини буздилар, уларга риоя этмай қўйдилар.

 

Албатта, ҳар бир онгли инсон, ислом тарафдори аввалги мавқеини тиклашга ҳаракат қилиши керак. Аммо бу инсонлар қўлдан бой берилган иззат, ҳурмат, бахт ва фаровонликни қандай қайтаришни, бу улуғ дин ва шариат эркинлигига қандай эришиш мумкинлигини билишмайди. Бу жуда мураккаб масала. Дунё олимлари бу борада турли-туман фикрлар билдирганлар, аммо ниҳоятда мураккаб ва тушунтириш мушкул бўлган бу масала ечими диннинг ўзи ва Қуръонда кўзда тутилган, уни ҳал қилишнинг қисқа йўли кўрсатиб ўтилган. Ушбу муқаддимада яхши хабарларни эълон қилиб, айрим нуқталарни айтиб ўтмоқчимиз, улар муқаддимада ҳам, баённинг ўзида ҳам, сўнгсўзда ҳам батафсил ёритилади.

 

... Иттиҳод нима дегани?

 

Ҳар бир эътиқодли мусулмон ўз ватандоши, диндоши билан бирлашиб, бир тану жон бўлмоғи, у билан фойдаю йўқотишларни баҳам кўриши керак. Бу иттиҳод – фарз. Муқаддас Қуръон мусулмонлардан адоват ва ихтилофларни бартараф этишни талаб қилади.

 

Қуръон одамлар қурбон бўлса-да, моддий зарар келтирилса-да, мусулмонларни ўз сирини ташқарига чиқармасликларига даъват этади.

 

Қуръон дин йўлида бойликни ҳам, ҳаётни ҳам аямасликка ундайди. Муқаддас Қуръон жасорат, мардлик ва адолатга чақиради.

 

Қуръон ёлғон сўзлаш, мақтаниш, жиноят қилиш, умуман олганда, барча қабиҳликларни ман этади.

 

Қуръон ер юзидаги касб-ҳунар, маърифат, маданият соҳасидаги барча ютуқлар, барча даврлардаги қуролларга эгалик қилишни таклиф этади.

 

Бир сўз билан айтганда, Қуръон барча яхшиликларни тарғиб этиб, ёвузликларни ман этади. Айтилганларнинг барчасига диққат билан разм солинса, барча мусибатлардан қутулишнинг йўли ҳам Қуръонда кўрсатилганлиги аён бўлади.

 

Иттиҳодга чорловчи биринчи қонун бажарилса; олиму мутафаккирлар, бойлар, жасурлар бирлашиб, бир тану бир жон бўлиб миллат ва шариат саодати учун биргаликда ҳаракат қилса, яъни маслаҳат керак бўлганда, мутафаккирлар ақли билан ёрдам берса, олимлар эса халқни уйғотиб, ёвузлик қилишни ман қилиб, фақат эзгу амалларни қилишни буюрса, мулкдорлар миллат учун ўз бойлигини, ёки унинг бир қисмини қурбон қилса, мард ва жасурлар (шу мақсадда) ўз жонидан воз кечса.

 

Табақалар ўртасида зиддиятлар тўла барҳам топса, низолар ўрнини мулоқот эгалласа, ихтилоф ўрнини якдиллик эгалласа;

 

Агарда улар орасида маълум қоидаларга бўйсунувчи махфий мажлис бўлса, бу мажлис сирлари бегоналар, нодонлар, миллат ва ватан манфаатларини ўйламайдиганлар орасига ёйилмаса;

 

Агар мусулмон дин учун ўз мулкини қурбон қилса;

 

Агарда ёш, кучли, жасур ватанпарварлар, ватаннинг ҳалол фарзандлари ҳеч иккиланмай давлати тикланиши учун жонини фидо қилса, диний-тарихий анъаналарини сақлаш йўлида жасорат кўрсатса;

 

Агарда улар орасида жиноят, ёлғон, разолат, мунофиқлик ва бошқаларга барҳам берилса;

 

Агарда барча мусулмонлар илм-фан ва техниканинг барча соҳаларин кенг қўлласа, ер юзининг ҳар бир бурчагидаги янги сиёсий-иқтисодий янгиланишлар, барча янги фикрлар одамларни у ерларга жўнатиш ёки муаллимлар ёрдамида ватандош мусулмонлар орасида кенг тарғиб этилса;

 

Агарда адолат ўрнатиш ва мусулмонлар ҳамда бошқа миллатларга нисбатан зулмни йўқ қилиш уларнинг шиорига айланса;

 

Агарда худодан қўрқиш, иймон, ҳалоллик ва тўғрилик уларнинг (мусулмонларнинг) асосий хислатига айланса;

 

Сабр-бардош ва иродалилик уларнинг фазилатига айланиб, барча амаллари уларга асосланса.

 

Юқорида санаб ўтилган ўнта ислом белгиси ҳар томонлама ва чуқур ўйлаб кўрилса, мусулмонлар заҳарланган оғуга қарши восита эканлиги аёнлашади. Мана шу ўнта қонун бу оғудан қутулишнинг амалий йўлини кўрсатиб бермоқда.

 

Шу муносабат билан санаб ўтилган ўнта диний қоидадан ҳозирги аҳволимизга жавоб берадиганлар бир қанча қоида саралаб олиниб, диндошларимизга қўлланма учун тақдим этилмоқда; улар ўз миллатини севган ҳар бир оқил мусулмон учун мажбурий бўлиши даркор. Бу қоидаларнинг айримлари махфий мажлис низоми, аъзоликка қабул қилиш тартиби, мажлис бўлимлари ва бу бўлимларнинг вазифалари ҳақида маълумот беради.

 

А. Махфий мажлис ва унинг вазифалари

 

Махфий мажлис – ўз миллатини мустабид зулмидан халос қилиш ва ўз мамлакатини бошқариш учун тузилган, мусулмонлар бирлашмаси ва ташкилоти. Мустабид зулми, қуллик, зулмдан халос бўлган мусулмонлар ҳаёт неъматларига эга бўлиб, хўрлик ва мусибатдан, айниқса мол-мулк ва аёлларни умумий қилиш каби ҳозирги фалокатдан қутулади.

 

Мажлис аъзолари ўз ҳамфикрларини ўз ота-онасидек билиб, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилади.

...

 

Б. Махфий мажлис низоми ва тузилиши.

 

1. Мажлий ўта хуфиёнадир.

 

2. Мажлис катта эҳтиёткорлик билан тузилади.

 

3. Мажлис ўз тартибига эга.

 

4. Энг оқил ва қобилиятли инсон мажлис раиси этиб тайинланади.

 

5. Барча бўлимлар вакиллари иштирокидагина мажлис ўз йиғилишларини бошлайди.

 

6. Раҳбарлар тушунган, ақлли ва ҳозирги давр воқеаларидан хабардор бўлиши керак.

 

7. Мажлис фақатгина бир синф вакиллари, масалан, руҳонийлар ёки бойлардан иборат бўлмаслиги керак, бутун мусулмон аҳли вакиллари бўлиши керак (агарда улар юқоридаги талабга жавоб берса).

 

1. Шаҳар ва қишлоқларда “ички ишлар ва саодат бошқармаси” номли бошқармалардан иборат мажлислар тузилади, улар юқоридаги бошқармаларга бўйсунади.

 

Бўйсуниш тартиби қуйидан юқорига қараб, яъни бошқарма бевосита ҳоким ёки сардорга бўйсунади, улар эса губернаторга.

 

Агарда битта губернаторга 5 та ҳоким бўйсуниб, уларнинг ҳар бири 510 та қишлоқ ёки шаҳарни бошқарса, уларнинг ҳар бирида ҳокимга бўйсунувчи алоҳида мажлис бўлиши керак.

 

2. Мажлис раиси мажлис ташкил этилган шаҳар ёки қишлоқ раҳбари бўлиши керак, унинг котиби бир вақтнинг ўзида мажлис котиби ҳам саналади.

 

3. Уезд ёки ундан йирикроқ ҳар бир мажлис ўз ташаббуси билан, керакли ҳолатларда, ҳар ҳафта ёки ҳар ойда йиғилишларни чақиради.

 

4. Мажлис йиғилишларида манманлик ёки мутаассибликка йўл қўйилмайди. Дунёвий ва охиратдаги ҳаёт учун фойдали ва ёлғондан холи масалалар муҳокама қилинади.

 

В. Махфий мажлис аъзолигига қабул қилиш шартлари

 

1) Мажлис аъзолигига қабул қилинаётган шахс диндор, миллатпарвар, ватанпарвар бўлиши ва ватан учун бор-будини беришга тайёр шахс бўлиши керак.

 

2) У жанговар, ҳалол ва фаол курашчи бўлиши керак.

 

3) Сўзи билан амали бир бўлиши керак.

 

4) Дин ва ватан обрўини билиш керак ва керак бўлса ўз жони ва мулкини дин ва ватан учун қурбон қилишга сўз бериши керак.

 

5) Мажлис кўрсатмаларини бузмаслиги керак, агарда бузса, бунинг учун жазо олишига ваъда бериши керак;

 

6) Мажлис сирларини сақлашга қодир бўлиши керак.

 

7) Аъзоликка қабул қилиш учун барча аъзолар рози бўлиши керак.

 

8) Қабул қилинаётган қўрқоқ, субутсиз ёки енгилтабиат бўлмаслиги керак.

 

9) Қабул қилинаётган жосус бўлиб ишламаган, ўз лавозимини суъистемол қилишда айбланмаган, ваъдасини бажармаган одам бўлмаслиги керак, бизга зулм кўрсатаётган ҳукуматдан маош олмаётган бўлиши керак.

 

10) Шахсий манфаатлари мусулмон халқи манфаатларидан устун бўлмаслиги керак; мажлис топшириқларини бажаришда аъзоликка қабул қилинган шахсий манфаатларидан воз кечиши керак.

 

11) Мажлисга қабул қилинган ташвиқот ва тарғибот ишлари орқали унга бошқаларни жалб этиши керак, бу унинг фазилатига айланиши керак.

 

12) Ҳеч кимга, на ота-онага, на хотинга, на болаларга, умуман, мажлисга бегона шахсларга унинг сирларини айтиш мумкин эмас.

 

Махфий мажлис бўлимлари

 

Олий мусулмон давлати бошқаруви 12 та бошқарма-вазирликдан иборат.

 

Бош бошқарма – бошқа барча бошқармаларни бошқаради...

 

Сиёсий бошқарма – барча сиёсий бўлимларни бошқаради.

 

Молия вазирлиги – молия ишларини бошқаради.

 

Ҳарбий вазирлик – қўшинга чақиради, қўшинда тарбиявий ишларни олиб боради.

 

Маориф вазирлиги – унга қуйидаги вазифалар киради: мадрасани ислоҳ қилиш, илм ва билимни тарқатиш ва ҳакозо.

 

Адлия вазирлиги – қозилик ишларини бошқаради.

 

Ички ишлар вазирлиги – давлатнинг аҳволини яхшилаш ишларини олиб боради.

 

Ташқи ишлар вазирлиги – хорижий давлатлар билан алоқаларни олиб боради.

 

Деҳқончилик раҳбари.

 

Металл саноати ва кончилик раҳбари.

 

Алоқа йўллари: почта телеграф ишлари раҳбари.

 

Денгиз йўллари вазирлиги крейсер, кема ва денгиз савдоси ишларини бошқаради.

...

 

Сиёсий бошқарма вазифалари

 

Бу бошқарма мусулмонларни ҳар қандай зиёндан ҳимоя қилади. Ички ва ташқи душман ҳаракатларини бартараф этиш учун ҳамма жойга жосусларини юборади, айбдорлар ва шубҳали шахсларни ҳибсга олади, уларнинг ишларини тергов қилади ва тегишли ҳукм чиқаради, жумладан олий ҳукм. Айбсизларни озод қилади. Ўз фаолиятида қўшин билан алоқа қилади. Душманга қарши жанг сиёсий бошқарма фатвоси билан олиб борилади.

 

Айрим айбдор шахсларни Сиёсий бошқарма шайхлар бўлими ёки бошқа тегишли органларга жўнатади.

 

Сиёсий бошқарма низоми – алоҳида китобда.

...

 

Ҳарбий ишлар вазирлиги вазифалари

 

Фуқароларини қўшинга сафарбар этиш, янги қуролларни тайёрлаш, бутун қўшинни қуроллантириш, кейинчалик барча мусулмонларни қуроллантириш.

 

Мутахассислар ва умуман мусулмон аёлларни ғазотга тайёрлаш шу вазирлик вазифасига киради.

 

Бу Бошқарма алоҳида низомга эга.

 

Маориф вазирлиги вазифалари

 

Мадраса, мактаб ва масжидлар фаолиятини ислоҳ қилиш, вақфларни ислоҳ қилиш, ҳалол ва улуғ ёшли мударрис ва ўқитувчиларни тайинлаш, таълим олаётганларга шариат ва дунёвий билимларни бериш, турли газеталарни чиқариш ва уларни тарқатиш, аҳлоқсизлик, бидъат ва мутаассибликни йўқ қилиш, фан ва илмни ривожлантириш – буларнинг бари ушбу вазирлик вазифасига киради.

 

Маориф вазирлигининг тўлиқ низоми шариат китобида баён этилган.

 

Адлия вазирлиги вазифалари

 

Мусулмон қозиларни тайинлайди, шариат қонунларини амалга киритади, фатво (шариат қонунларини чиқарувчи жой) учун жой тайёрлайди. Ўқитувчи-мударрислар, қозиларни имтиҳон қилади, ишни яхши олиб борганларни мукофотлайди, шариатни бузганларни жазолайди.

 

Ички ишлар вазирлиги вазифалари

 

Давлатнинг ички ишларини бошқаради, тартиб ва жамият осойишталигини назорат қилади, шифохоналар, кўприклар, етимхоналар қурилишини олиб боради, шаҳар ва қишлоқлар фаровонлигини таъминлайди.

 

Бу вазирлик ҳам алоҳида низомга эга.

 

Ташқи ишлар вазирлиги вазифалари

 

Ислом давлатига душман ёки дўстона муносабатда бўлишидан қатъи назар хорижий давлатлар билан муносабатларни олиб боради. Улар билан дўстона алоқаларни тиклайди, ислом элчилари ва вакилларини тайинлайди. Хорижий давлатларнинг махфий ишларидан хабардор қилувчи махфий ходимларга эга. Хориждан келган элчиларни жойлаштиради, уларнинг бошқа бошқармаларга тегишли ишларини ҳал қилади, умуман олганда, хорижий давлатлар билан боғлиқ ишларни юритади.

 

Бу вазирлик ҳам ўз низомига эга.

 

Деҳқончилик бошқармаси – озиқ-овқат қўмитаси вазифалари

 

Ушбу бошқарма фаолияти катта аҳамиятга эга. Одамлар озиқ-овқатсиз яшай олмайди; қўшин ва бошқалар унга муҳтож. Бу бошқарма ер-сув масалаларини тартибга солади, деҳқонлар ҳаётини енгиллаштиради, суғорилмайдиган ерларни сув билан таъминлайди, экин экиш, ариқ ва сойларни тозалаш ва бошқа ишларни бошқаради. Бир сўз билан айтганда, мамлакат ҳосилдорлигини ошириш чораларини кўради.

 

Бу бошқарманинг низоми “Китобул музария” (“Деҳқончилик китоби”, “Ихъя ул-маут” (Ўлик ерларни кўтариш китоби), “Маваода” (Муалиф исми) – “Ал аҳкомил султония” (Деҳқончилик бўйича умумий китоб)да баён этилган.

 

Кончилик саноати раҳбари вазифалари

 

Конлар, шахталар ва кончилик ишларини бошқаради. Олтин, кумуш, қўрғошин, мис, кўмир, ермой (нефт) ва бошқаларни қазиш ишларини бошқаради. Тоғ, ўрмон бойликларидан фойдаланиш, ёввойи паррандалардан келиб тушадиган даромадни назорат қилади. Бу мақсадларда ташқи ишлар вазирлиги орқали бошқа давлатлардан мутахассислар: геолог, минерологларни чақиради, мусулмонлар жамияти ва давлати муҳофазаси учун зарур бўлган бу фанларни ўрганиш учун ўрта ва олий мактабларни очади.

 

Ислом оламида бу масала юзасидан кўплаб фойдали китоблар мавжуд.

 

Почта-телеграф ишлари раҳбари вазифалари

 

Темирйўлларни қуриш, улардан барча давлатларнинг фойдаланишини таъминлаш, почта хизматини мамлакатнинг тинч маданий ҳаётини таъминлашга бўйсундириш, мадраса, мактаб ва бошқа олий таълим муассасалари орқали янги ва эски ихтироларни тарғиб қилиш.

 

Бу масала бўйича ҳам алоҳида низом бор...”

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//