Олмонияга юборилаётган талабалар Амир Темур қабри ёнида нималарга қасам ичган?


Сақлаш
17:50 / 30.08.2022 1278 0

Хорижда таҳсил олиб, эндигина ватани – Бухорои шарифга қайтган Фитрат “Ойина” журналининг янги сонини кўриб чеҳраси ёришиб кетди. Бу сонда Беҳбудийнинг “Аъмолимиз ва муродимиз” деган мақоласи босилган эди. У устознинг мажалла нашр эта бошлаганидан хабар топиб, Самарқанд шаҳри яна Шарқнинг маърифат ўчоқларидан бирига айланиши ва катта довруқ қозонишига умид боғлаган эди. Мақола умидига умид қўшгандек бўлди. Беҳбудий ўткинчи тўю маърака, ҳою ҳавасларга сарфланаётган жарақ-жарақ пулларнинг бир ҳовучи, атиги бир ҳовучи ҳисобига болаларни Шарқу Ғарб мамлакатларига ўқишга юбориш лозимлигини ёзган эди. 1910 йиллар Самарқандда “бисмилло” деб калишини ечиб, поездга чиққан, сўнг Когондан уйига маҳсичан кетишга мажбур бўлган оми юртдошларини кўрганда Фитратнинг хаёлидан ҳам шундай фикр ўтган эди. Қани энди, бухоролик, самарқандлик, тошкандлик ёшлар нафақат Миср ва Туркия, балки Олмония, Франция, Англия сингари мамлакатлардаги машҳур дорилфунунларда билим олиб, маърифатли, маданиятли кишилар бўлиб келса!.. Ўзбек халқидан ҳам фан ва техниканинг турфа соҳалари бўйича олий маълумотли ёшлар етишиб чиқса!.. Қани энди, уларнинг саъй-ҳаракати билан бу диёр Ер юзидаги илғор мамлакатлар сафига қўшилса!..

 

Фитрат Бухоро халқ республикаси таъсис этилиб, ўзи янги ҳукумат раиси ўринбосари ва маориф халқ комиссари этиб тасдиқланган кунларда Беҳбудийнинг ўша мақоласини эслади. У эгаллаган лавозимлар хаёлий орзунинг ҳаётга кўчишига имкон берибгина қолмай, ундан шу эзгу ишга раҳбарлик қилишни ҳам талаб этаётгандек эди. У ҳукумат раиси Файзулла Хўжаевга шу масаланинг учини чиқарганида раҳбар уни қўллаб-қувватлади. Бунинг учун амирлик хазинасидаги ўғирланмай қолган тилладан фойдаланиш мумкинлигини айтди.

 

– Ўзинг яхши биласан, – деди у одати бўйича Фитратни сенсираб, – отам Убайдуллахўжанинг ҳам, номи етти иқлимга кетган бухоролик бошқа бойларнинг ҳам Англия, Олмония ва Францияда дўконлари бўлган. Улар Овруподаги мутараққий юртлар тажрибасини ўрганиш муҳим эканини яхши билар эди. Алалхусус, отам раҳматлининг бирдан-бир орзуси мени Олмонияда ўқитиш эди. Тақдир экан, орзуси ушалмади. Энди, нокамтарлик бўлса ҳам айтай, сен билан мен – бухоролик ёшларнинг отаси бўламиз. Бу болаларнинг аксар ота-боболаридек оми бўлиб қолишига ҳам, Ибн Сино, Берунийдек улуғ алломалар бўлиб улғайишига ҳам Яратганнинг олдида биз жавобгармиз. Бугундан бошлаб менинг ҳам орзум, сенинг ҳам орзунг ёшларимизни Оврупонинг энг илғор мамлакатларида ўқитиш бўлсин.

 

– Франция билан Англияни билмадим-у, аммо Олмония шу кеча-кундузда илму фани ила бошқа давлатлардан ўзиб кетган, – дея суҳбат улоғини олишга уринди Фитрат. – Замон биринчи галда тиббиёт, саноат ва қишлоқ хўжалиги бўйича зўр мутахассислар етиштиришни тақозо этаётир. Қутлуғ ишни пайсалга солмай, шу йилдан бухоролик ёшларни Олмонияга ўқишга юборсак, айни муддао бўлур эди.

 

– Бу – оғир масала, – деди Файзулла Хўжаев нечундир узоқ ўйланиб. – Минг бир мураккаб томони бор-да. Майли, мен ташкилий ишларни бўйнимга олай. Сен эса бухоролик қобилиятли, зеҳнли-уқувли ёшларнинг рўйхатини туз.

 

Файзулла Хўжаев гап тамом дегандек қўлидаги қизил қаламни столга “тақ” этиб урди-да, ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо Фитрат масаланинг яна бир муҳим жиҳати  борлигини айтиб, уни ўтиришга мажбур қилди: 

 

– Файзуллохон, – деди у салмоқланиб, – тошкандлик зиёлиларнинг “Кўмак” деган жамияти бор. Билишимча, Ўзбек билим ҳайъати ҳам шу масала билан шуғулланишни мўлжаллаб турибди. Агар шу идоралар билан алоқа боғлаб, Оврупога фақат бухоролик болаларимизни эмас, барча туркистонлик ёшларни юборсак, узоқни кўзлаб иш тутган бўлардик...

 

Файзулла Хўжаев маъқул деган маънода бош ирғади.

 

– Ўрта Осиё аҳолисининг катта қисми ўзбеклардир, – дея сўзида давом этди Фитрат. – Бу улуғ миллат бугун бўлмаса, эртага алоҳида жумҳурият бўлиб Русия таркибидан ажралиб чиқиши тайин. Бинобарин, туркистонлик ва хоразмлик ёшлар орасидан ҳам бўлажак алломаларни топиб, Оврупога ўқишга юборсак, шаҳару қишлоқ, тоғу даштларда сочилиб яшаётган халқнинг бошини қовуштириш имкони туғилар эди...

 

– Тўғри айтасан, Бухоронинг Афлотуни! – деди Файзулла Хўжаев нимтабассум билан. Қўлидаги қаламни бармоқлари орасида айлантира туриб, давом этди: – Дарҳақиқат, бу хайрли ишни биз бошламасак, ким бошлайди?! Мустамлакачилар мудом халқларни бўлиб ташлашга уринган. Бирини ўзбек, бирини қозоқ, бирини сунний, бирини шиа деб. Кейин уларни бир-бирига қарши гижгижлаган. Тарих бизнинг зиммамизга улуғ вазифа юклади. Энди биз бир бобокалондан дунёга келган, аммо қилич ила бўлиб ташланган элатларни бирлаштиришимиз, улар ўртасидаги қондошлик ришталарини тиклашимиз даркор. Бир муштга дўниб, илм-фан, маданият ва техника чўққиларини эгаллабгина юртни илғорлар қаторига олиб чиқиш мумкин, ахир!

 

– Боракалло, Файзуллохон! Бухоронинг бахтига, менинг бахтимга, омон бўл-э!.. Сенга қасд қилганлар паст бўлсин!

 

– Хайрихоҳлигинг учун ташаккур. Аммо билиб қўй, сенга бир ой муҳлат. Бир ойдан кейин Оврупога ўқишга борувчилар рўйхати қўлимда бўлсин. Рўйхат қанча катта бўлса, шунча яхши! Билдинг-а, Афлотуним!

 

Шу суҳбатдан сўнг Фитрат Тошкентга қўнғироқ қилиб, Туркистон маориф халқ комиссарлиги билан боғланди. Комиссарлик рўйхат тайёрлашни Ўзбек билим ҳайъатига топширди.

 

Фитрат Бухоро мадрасаларини битирган ҳамшаҳарларини йиғиб, кенгаш ўтказди, Оврупода таҳсил олиш хусусида сўзлади. Зарур ҳолларда жума ё шанба демай, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, Бухоро жумҳурияти зийрак қоракўзларни ўқитмоқчи эканини ота-оналарга тушунтирди...

 

Ниҳоят, зўр машаққатлардан сўнг, бир ой эмас, икки ой деганда рўйхат тайёр бўлди.

 

Энди Масковнинг розилигини олиш қолган эди...

 

...1922 йил ёзида Файзулла Хўжаевни “бурга тепди”. Шифокорлар унга Олмонияда даволанмоқни маслаҳат берди. Ҳукумат раиси олис сафар олдидан Масковга бориб, муҳим масалалар, жумладан, ёшларни хорижда ўқитиш юзасидан музокара ўтказди. Ўша йилнинг 6 сентябрида Масковдан – Файзулла Хўжаевдан Бухоро халқ шўро жумҳурияти Нозирлар кенгашига телеграмма келди. Номада бундай дейилган эди: “Бугун Абдуқодир Муҳиддинов ва савдо бўлимининг докладини эшитдим. Жами бўлиб олтин ҳисобида бир миллион сўмлик мол сотилган, уч юз минг сўмлик газлама, темир, қанд, ёғоч, резина сотиб олиниб, Бухорога жўнатилган. Қолган пулга савдо-саноат нозирлиги топшириғига биноан мол харид қилиш, бундан ташқари, 200 ўринли шифохона учун Олмониядан тўла жиҳоз ва дори-дармон сотиб олиш... ҳақида буйруқ бердим...”

 

Файзулла Хўжаев ёшларнинг чет элда таҳсили хусусида қуйидагиларни маълум қилган эди: “Кеча Ташқи ишлар халқ комиссари ўринбосари Карахан билан учрашиб гаплашдим. Бухоролик болаларнинг Олмонияга ўқишга боришига розилик олдим. Олмония, шунингдек, Масковда ўқиши керак бўлган болаларнинг етиб келишини кутаётирмиз...”

 

Бу орада Фитрат туркистонлик талабаларнинг бир гуруҳини Самарқандга олиб борган эди.

 

Мусулмон одатига кўра, ҳар бир фарзанд олис йўлга чиқишдан аввал ота-онасининг дуосини олади, агар улар вафот этган бўлса, қабрларини зиёрат қилади. Фитрат назарида, Амир Темур бу ёшларнинг бобокалони эди. Туркистонлик ёшлар унинг истаги билан Самарқандга бориб, Гўри Мирни зиёрат қилдилар. Жаҳонгирнинг сағанаси хароб аҳволда эди. Фитрат ёшларга Амир Темурнинг миллат тарихидаги улуғ хизматлари тўғрисида шундай жўшиб-тошиб сўзлаб бердики, улар хаёлида, Соҳибқироннинг уйғоқ руҳи ўша дақиқаларда сағана атрофида кезиб юргандек эди. Қуръон тиловатидан сўнг Фитрат ёшларга қасам сўзларини айтиб турди. Бўлажак талабалар бу сўзларни ихлос ва ҳаяжон ила такрорладилар.

 

Шу куни туркистонлик ёшлар Гёте ва Бетховен ватанида “аъло” баҳоларга ўқиб, танлаган соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб келишга, она Ватан ҳурлиги ва ободлиги йўлида фидойиларча хизмат қилишга онт ичдилар. Бу оддий қасам эмас, балки Амир Темурнинг барҳаёт руҳи олдида, Оллоҳнинг гувоҳлигида ичилган ва ҳар бир калимаси юракларга ўйилган қасам эди...

 

Ёшлар зиёратдан сўнг ҳам устоз атрофида гирдикапалак бўлдилар. Фитрат талабаларга Мир Араб мадрасасини тугатиб Туркияга ўқишга борганию у ерда кўрган-кечирганларидан бир-икки шингилини ҳикоя қилиб берди. Ёшлардан бири:

 

– Устоз, туркиялик тенгқурларингиз билан учрашув сизда қандай таассурот қолдирди? Улардан бирортаси билан дўстлашганмисиз? – деб Фитратнинг хаёлига ҳам келмаган саволни бериб қолди.

 

Фитрат андак ўйланиб, бундай деди:

 

– Ўша йиллари Туркияда ҳам билимга чанқоқ ёшлар кўп эди. Уларнинг бир қисми, эшитишимча, ҳозир Овруподаги дорилфунунлар, кутубхоналар, саноат корхоналарида хизмат қилмоқда. Аммо хаёлим кечаю кундуз ўқиш ва янги асарлар ёзишда бўлгани боис биров билан дўстлашмаганман. Ошно тутинган киши дўсти билан тез-тез дийдорлашиб турмоғи лозим-да. Менинг эса бунга фурсатим йўқ эди. Юртга билим олибгина эмас, тенгдошларимнинг маънавий уйғонишига кўмак берадиган асарлар ҳам ёзиб келишим зарур эди. Туркияда битган “Мунозара”, “Ҳинд сайёҳи”, “Сайҳа” каби асарларим ёш ватандошларимнинг мудроқ кўзларини очганидан ҳали-ҳануз ғурурланиб юраман...

 

– Устоз, наҳотки, турк ёшларидан бирортаси ақл-заковати ва маданияти билан қалбингизда ҳавас ё ҳасад уйғотмаган бўлса? – деб сўради бир қиз.

 

– Ҳасад эмас, ҳавас уйғотган, – дея дарҳол жавоб берди Фитрат. – Турк эмас, япон йигити. Ҳозир ҳам кечагидек эсимда... Бир япон йигити Ер юзини “шайтонарава”да айланиб чиқишга бел боғлайди. Ўша йилларда бу сингари жаҳонгашталик эндигина урф бўлаётган эди. Йигитча Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистонни икки ғилдиракли “арава”сида кезиб, ниҳоят, Истанбулга етиб келади. Бу – 1912 ёки 1913 йилнинг гапи. У даврда ёлғиз одамнинг дунё бўйлаб бундай ажабтовур сафарга чиқиши ноёб ҳодиса эди. Шу боис ҳам япон йигитининг Истанбулга “шайтонарава”да етиб келиши роса шов-шув бўлди. Мен ҳам унинг журъату жасоратига қойил қолдим. Мамлакатма-мамлакат кезган одам – ғилдиракнинг бузилиши, маркабнинг ишдан чиқиши, ўзининг хаста бўлиб, ақчасиз қолиши бор – ё эсипаст, ё ўз олдига катта мақсадни қўйган метин иродали киши бўлади. Менда сайёҳ йигит билан албатта танишиб, суҳбатлашиш истаги туғилди. Унинг “Истанбул” меҳмонхонасига қўнганини эшитган эдим. Бир дўстим билан уни ахтариб бордим. Исми Но Камо экан. Балки бошқачароқдир, аммо у бизга ўзини шундай деб таништирган. 26 ёшлардаги сайёҳ курсида ўтириб, кимгадир хат ёзаётган экан. Хонада, унинг ёнида, икки ғилдиракли “шайтонарава”си турарди. У уч йил асносида шу аравада талай мамлакатларни айланиб чиққан ва энди Фарангистонга кетишга шайланаётган экан. У бизни хушҳол қаршилади. Ўтирдик. Шарқ мамлакатларида кўрган-эшитган ажойиботларини сўзлаб берди. Суҳбат чоғи қизиқиб сўрадим: “Биродар, бепул, беаслаҳа, ёлғиз шу икки чархли араванг билан Арабистоннинг жонни куйдирувчи чўлларидан қандай ўтдинг? Фараз қилдикки, ўзингга таом топиб единг, ётаржой ҳам, лекин чумчуқни ҳам соғ қўймайдиган саҳрои араб чангалидан қандай халос бўлдинг?” Шу ерда айтиб қўяй, унинг “шайтонарава”сига Япон давлатининг кафолати бўлган байроқча илинган эди. Йигит менга қараб кулди-да, ўша байроқчани кўрсатиб:

 

– Шу байроқча мени сиз айтаётган хавф-хатардан, мушкулотлардан муҳофаза қилди! – деди.

 

Йигитнинг ўзига ишончи ва қатъиятидан титраб кетдим. Бир лаҳза сукут сақладим, лекин унинг жавоби негадир менга оғир ботди. Қалбимда бир интиқом туйиб, йигитни гапнинг зўри билан мағлуб қилиш ниятида дедим:

 

– Биродар, аҳли ислом табиатан меҳмондўст ва мусофирпарвар бўлади. Сени ҳурмат қилгани боиси – шу. Лекин бу гал Фарангистонга отланибсан. У ерда ҳолинг мушкул кечмаса эди. Зеро, овруполиклар мусофирнинг бошини силаб ўтирмайди.

 

– Миллатимнинг шарафли номи, – деди Но Камо хотиржам алфозда, – бутун Ер юзига таралган. Япон давлати вакиллари дунёнинг бирор нуқтасида мушкулотга дучор бўлмайди. Мен шундай қавм орасида бўлдимки, улар япон миллатидан ўзга ажнабий миллатни эшитмаган. Яна айрим эллар бизни арабларданда кўпроқ ҳурмат қилади.

 

Мен “шайтонарава”сига ўз давлатининг байроғини илиб, унга доғ туширмаган, япон миллати вакили эканидан айрича ғурур туйган йигитга ҳавас-ла боқдим...

 

Сизлар ҳам, азиз фарзандларим, ўқиб, ишлаб, камол топиб, ўзбек миллатининг шон-шавкатини оламга ёйинг, токи келажакда дунёга келадиган фарзандларингиз шу миллатга мансуб эканидан япон йигити каби ғурурланиб яшасин.

 

Оқ йўл сизларга, азиз жигарларим!..

 

Жигарбандларига оқ фотиҳа бераркан, Фитратнинг кўзлари намланди. Олис сафарга отланган йигит-қизлар ҳам алланечук маҳзун бўлиб қолдилар...

 

Афсуски, Фитратнинг бу улуғ орзуси рўёбга чиқмади. Мустабид салтанат 1924 йилдаёқ Олмониядаги талабалардан СССРга қайтишни талаб қилди. Ватанга қайтганларнинг аксари кейинроқ – 1937 йилда “жосус” сифатида отиб ташланди. Шундай қисмат кутаётганини сезган бир қисм ёшлар эса Туркия ва Оврупо мамлакатларидан паноҳ топишга мажбур бўлди...

 

Наим КАРИМОВ

 

Tafakkur” журнали, 2016 йил 2-сон.

Қасамёд” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//