Истак меним гул-фариштам, хаёлимнинг аршидир,
Қанот қоқиб кеча-кундуз талпинаман, учаман.
Юксак руҳим юрагимнинг жон озиғи, шоҳидир,
Етай-етмай бори-бирдир даргоҳига бораман.
Йўлларимда тўсиқ кўпдир, локин сира қўрқмайман,
Барчасини ботирларча уруб-йиқиб ўтарман.
Меним кўнглим денгиз каби, кўклар каби эркиндир,
Аччиқ алам, ғурбатларни, билдирмасдан ютарман.
Улуғ истак борлиғимнинг оби ҳаёт чашмаси,
Сенга етсам сўнгра учса майли руҳим қушчаси!...
Шокир Сулаймон. Ўқуғувчи товуши // Туркистон газетаси.
1923 йил 21 январь.
1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Бухоро Халқ Республикаси томонидан йўлланган 55 талаба орасида Баҳовуддин Аминжонов ҳам бор эди.
Баҳовуддин 1904 йил Бухоро шаҳрида мударрис хонадонида таваллуд топган. Отаси Аминжон Зиёвуддинов “Ёш бухороликлар” партиясининг фаолларидан бўлиб, Бухоро тарихига оид китоблар билимдони эди. 1914 йил ёш тарихчи олим Аҳмад Заки Валидий Тўғон Бухоро ҳудудига илк маротаба келганида унинг уйида яшаб, маслаҳатлар олган эди. Аминжон Зиёвуддинов 1920 йил амирликнинг ағдарилиши натижасида вужудга келган Бухоро Халқ Республикасида қатор нуфузли вазифаларда ишлаган. 1921 йил сиёсий мақсадда Бухоро заминига келган Заки Валидий яна Аминжон Зиёвуддинов хонадонида меҳмон бўлади. Бу эса унинг Бухоро сиёсий ҳаётидаги юқори мавқеидан дарак беради. Баҳовуддин дастлаб жадид мактабида савод чиқарди, сўнг мадраса таълимини олиб форс, араб тилларини мукаммал ўрганди.
1922 йилнинг кузида Аминжон Зиёвуддинов ўғли Баҳовуддинни Германияга таҳсил олишга юборади. Бухоро ҳукумати томонидан Германияга йўлланган талабалар учун масъул этиб тайинланган Олимжон Идрисийнинг маълумотига кўра, табиатан нозик Баҳовуддин Германияда бир қанча вақт даволанишга мажбур бўлади ва ўзи билан борган ўқувчилар ўртасида ўта иқтидорлилиги билан ажралиб туради.
У аввал Азиз Хўжа, Саттор Жаббор, Вали Қаюмлар билан Доктор Феккельманнинг хусусий ўрта мактабида таълим олган. Шундан сўнг тиббиёт соҳасида таълим олишга киришади ва Берлин университетининг тиббиёт факультетида ўқишни давом эттиради. Баҳовуддин талабалик йилларида фақат мутахассислиги юзасидан илм олиш ва тажриба орттириш билан чекланмаган. Ўзбекистон партия раҳбариятига тайёрланган ахборотда ёзилишича, у талабалар ўртасида қилган маърузаларида совет ҳукуматининг Ўзбекистонда олиб бораётган ер ислоҳоти, туманлаштириш, “Ҳужум” каби тадбирлари ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган анъанавий турмуш тарзи ҳамда қадриятларига қарши йўналтирилганлигини исботлашга интилади. Баҳовуддин Ватанда мавжуд оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволдан жуда яхши хабардор эди. Айниқса, ўша вақтларда минтақада сил ва шу каби юқумли касалликлар авж олиб кетгани, совет давлатида эса унга қарши кураш учун на пул, на тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари ва на бир тайинли сиёсат йўқ эди. Шунинг учун, Баҳовуддин Туркистон матбуотининг тўнғичларидан бўлган “Ер юзи” журналидаги ўз чиқишларида инсон соғлиғи учун энг зарур ва энг камхарж йўл сифатида жисмоний тарбия масаласини илгари суради. У халққа мурожаат этиб: “... Соғлиқни сақлаш илми бизга айтадир-ким, одамнинг соғлиғини сақлаш учун кўп ва яхши ҳаракат қилиш, баданга фойдалик овқатлар олиш, фойдалиқ материаллардан кийим кийиш, уй-жойни ёруғ ва тоза ҳаволиқ қилиш керак.
Бизнинг бутун танимизнинг оғирлиғи, туғулғондан тамоман катта бўлгунча йигирма бир маротаба оғир бўладир... Яъни, бола туғилғон вақтида унинг тамом оғирлиғи беш қадоқ бўлса, бундан тақрибан икки қадоғи азала (мускул)лардир. Бу бола ўсиб бир юз беш қадоқ оғир бўлғонда, унинг ёлғиз азалалари етмиш саккиз қадоқ бўладир. Мана бунга қараганда, азалаларнинг бошқа тан аъзоларига қараганда қанча кўп ўсишга муҳтож бўлгони кўриладир.
Азалаларни ҳаракат қилдирмасак, ҳаракатнинг озлиғи ва бадан ҳаракатларидан қочиш юзасидан бизнинг ақлимиз ва табиатимизнинг кучи озаядир, ҳам биз ҳаётнинг яхшилиқларини кўра олмаймиз. Азалаларни яхши, ўзини кучлик ва мунтазам ҳаракат қилдириш юзасидан бизга тозалиқ, кучлик, куч ва шодлиқ келадир. Лекин, бир шарт бор: бадан тарбияси билан амалий суратда машғул бўлмоқ керак” дейди. Кейинги мақоласида амалий тавсияларга ўтади ва: “Тан ҳаракатларининг бизга тегадургон фойдаларидан бири ва муҳими инсоннинг нафас олиш аппарати (ўпка, юрак)га, умуман нафас олишға ва қон юришига бўлғон таъсиридир. Биз тан ҳаракатлари қилиб аъзоларимизни ишлаттирганимизда уларга кўпрак ҳаво, тўғрироқ айтганда, ҳавонинг 5 дан бир бўлаги бўлган “муваллид ул-ҳамуза” (кислород) ғози (гази) керак бўладир ва буни эса биз ўпкамиз орқали оламиз. Биз қанча кўп тан ҳаракати, испурт қилсак шунча кўп нафас оламиз. Бу эса бизнинг фойдамиздир. Биз томошаға чиқиб бир икки чақирим юрсак, нафас олишимиз одатдагидан икки ярим мисли ортадир. Узоқроқ вақт, бир, икки соат юрсак, тўрт-беш мисли, агар тоғларга чиқсак олти мисли, тез чопсак 12 мисли ортадир... Юриш, чопиш, тоққа чиқиш каби ҳаракатлар билан ихтиёрсиз кўпроқ нафас олиш ўрнига, ўзимиз уйдан ташқарига чиқиб қаттиқ-қаттиқ нафас олсоқ ҳам бўлади... Ўпкамиз кучлик бўлса, ҳар хил ёмон касалликларнинг микроблари (қурт) ўпкамизга кирганда унда жон ола олмайдир ва ўпкамиз бу микрўблар билан муваффақиятлик суратда курашадир. Бу касалликларнинг бири ва энг ёмони тубиркулўз (сил)дир. Ўпка кучлик ва соғ бўлганида бу микрўблар ҳеч нарса қила олмайдирлар ва биз соғ қоламиз. Мана, тан ҳаракатлари вужудни, ўпкаларимизни соғлом қиладир, ҳар хил касалларга муқобала қилишда қуролланган бўладир” дейди. Юқоридаги мақолалардан яна бир нарсани англаш мумкинки, Баҳовуддин туркистонлик бошқа талабалар қаторида она тилини ёт сўзлардан ҳам имкон қадар ҳимоя қилишга тиришади. Мақолаларида бирор марта русча, немисча ёки латинча, умуман Оврўпа сўзларини киритмайди. Аксинча, фикрини соф ўзбек тили имкониятлари доирасида уқтиришга интилади.
1928 йил совет ҳукумати Баҳовуддинга ўқиш учун стипендия беришни тўхтатади. У мавжуд вазиятда туркистонлик талабаларнинг етакчилари Аҳмад Наим, Саттор Жаббор, Саид Али Хўжаларга маслаҳат солади. Улар таҳсилни тугаллаш мақсадида маблағ топиш имкониятларини қидира бошлайдилар. Шундан сўнг Аҳмад Наим Польша элчихонасига бориб, Баҳовуддин Аминжоновга ўқишини тугатиши учун ёрдам сўрайди. Улар буни СССРнинг Германиядаги ваколатхонасидан яширишга қарор қиладилар. Чунки, бу пайтда СССР ваколатхонаси талабаларнинг ҳамма ҳаракатларини кузатувга олиб, уларнинг таълимни тугатмасдан қайтариб юбориш учун барча чораларни кўраётган эди. Баҳовуддин 1929 йил январь-феврал ойларида Варшавада бўлиб, Польша ҳукуматидан ёрдам олишга эришади. У қувончли хабар билан Берлинга келади, бироқ воқеалардан хабар топган совет маъмурлари уни куч билан Ватанга қайтариб юборади. СССРга келган Баҳовуддин 1931 йил Ўрта Осиё Медицина институтида ўқишини якунлади ва дипломни олиши билан ишга Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясига йўлланма олади. 1932 йилдан Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясида бош шифокор бўлган Баҳовуддин ўзининг илми, раҳбарлик салоҳияти билан бутун жамоанинг ҳурматини қозонади. 1935 йил охирида Москвага илмий конференцияга борган ёш олим Баҳовуддин Аминжонов 1936 йилнинг февралида санаторияга қайтади. Бироқ, унинг ортидан бошқа хат келиб, ишдан олинади ва Тошкентга юборилади. У Тошкентга келиб Республика тубдиспансерида иш бошлайди. Қисқа вақтда бу жамоада ҳам катта ҳурмат қозониб улгуради. Баҳовуддин эндигина 33 ёшни қаршилаган онларида – 1937 йилнинг январида уни шўро жаллодлари йўқлаб келадилар.
1937 йил 24 январь куни Баҳовуддин Аминжонов 1922–1929 йилларда Германия ва Польшада ўқиган, “Мустақил Туркистон” аксилсовет ташкилотининг аъзоси, Польшанинг разветкасига жосуслик мақсадида ёлланган деган туҳматлар асосида қамоққа олинади. Унинг ортидан турмуш ўртоғи Танзила ва 3 ёшли қизи Суриялар қон йиғлаб қолади.
Дастлабки сўроқданоқ унинг таҳсилни тамомлаш мақсадида пул топиш учун Польшага бориши воқеаси зўр аксилсовет фаолият сифатида кўрилди. НКВД “ижодкор”лари томонидан тайёрланган сўроқ баённомасига кўра “Мустақил Туркистон” аксилсовет ташкилоти 1928 ёки 1929 йилнинг бошларида талабалар Аҳмад Наим, Саид Али Хўжа, Саттор Жаббор, Аҳмаджон Иброҳимов, Баҳовуддин Аминжонов, Афзал Абусаидовлар томонидан тузилган. Унинг аъзоларининг мажбуриятларини Афзал Абусаидов айтиб турган ва Саттор Жаббор ўз қўли билан ёзиб чиққан. Ташкилот устави тайёр бўлгач барча талабаларга етказилган ва улар ўзларини ташкилот аъзоси сифатида тан оладилар ва ўз ҳаётларини Ватан озодлиги учун бахш этишга қасамёд этадилар. Сўроқлар давомида унинг Берлин шаҳри Шенеберг тумани Хауптштрассе кўчаси № 96-уйда яшовчи Артур Меркшга қўнғироқ қилгани, Германияда ўқиётган дўсти Афзал Абдусаидга хат ёзгани, 1931 йил Саттор Жаббор Германиядан келиб, биринчи бўлиб Баҳовуддиннинг уйига боргани каби ҳолатлар жосуслик фаолияти сифатида талқин этилди. Ваҳоланки, Баҳовуддин Саид Али Хўжа, Аҳмад Наим, Афзал Абдусаидлар билан 1922–1925 йиллар суғурта жамияти раҳбари Меркшнинг уйида ижарада турганлар. Улар йиллар давомида яқин дўст бўлиб кетган ва Артур Меркш Баҳовуддинга уйингга эсон-омон етиб борсанг, албатта қўнғироқ қилиб қўй, деб тайинлагани учун бир марта қўнғироқ қилган эди. 1937 йил 26 июнь куни Б.Аминжонов Тоштурма касалхонасидан СССР НКВД Генерал Комиссари Ежов номига ариза йўллайди. Унда ҳеч бир айби йўқ ҳолда 1937 йил 23 январдан қамоққа олингани, терговлар ноқонуний тарзда, тўлиқ зулм остида олиб борилганини ёзади. Натижа 1937 йил 29 апрелдан буён туберклознинг ўта оғир формаси билан касалланиб, икки ойдан буён турма касалхонасида ётганини, бу ерда кун сайин ўлими яқинлашаётганини маълум қилади. У ёшлиги ва келажакда ватан учун хизмат қилиши мумкинлигини айтиб, ўзининг тиббиёт ходими экани ва туб диспансерда даволанишга рухсат сўрайди. Турма касалхонасида ҳеч бир шароит, на врач, на дорининг йўқлигини айтади. Афсуски, ёлворишлар ҳавога кетди, ариза ҳеч жойга чиқмасдан ишга тикилди. Б.Аминжоновнинг айблов баённомасида ЎзССР ЖК нинг 57-моддаси I қисми (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 58 (қуролли қўзғолонга ҳаракат), 64 (Совет давлатига қарши теракт) ва 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик)-моддалари билан айбдор деб топилди. 1938 йил 9 октябрь куни бўлган “учлик” суди соат 8:10 дан 8:25 гача давом этди. Баҳовуддин Аминжоновга олий жазо тайинланди ва нохолис ҳукм ўша куниёқ ижро этилди.
Баҳовуддин Аминжонов иши унинг турмуш ўртоғи Танзиля Исмаиловнанинг аризаси асосида қайта кўриб чиқилди. 1961 йил 9 январь куни, – бу пайтда Самарқанд шаҳридаги фабрикада ишлаган Танзиля Исмаиловна сўроққа чақирилади. У 1932–1936 йилларда эри Б.Аминжонов билан Ялтада яшагани, НКВД ходимлари томонидан 1937 йил январда эрининг қамоққа олингани ва орадан 9 ой ўтгач уни ҳам қамоққа олишганларини айтади. Ўзининг ҳеч бир айби ва сабаби кўрсатилмаган ҳолда 18 ой давомида қамоқда сақланганини билдиради. “Бирор марта сўроқ-савол бўлмади, фақат узоқдан икки марта мени Баҳовуддинга кўрсатишди, аммо сўзлашишга имкон беришмади. Кейин қамоқдан чиқариб юборишдилар”, дейди. Бу совет терговчиларининг айбланувчиларнинг керакли баённомаларга имзо чекиши учун қўллаган “самарали” усули эди. Баҳовуддин Аминжонов ҳақида, “у ўта илмли, виждонли ва маданиятли инсон эди. Унинг ҳалоллиги ҳақида барча танишларидан сўранглар, ахир, улар орасида тириклари бор-ку!” деб жавоб беради.
1961 йил 17 январда сўроқда Республика тубдиспансерининг директори тиббиёт фанлари доктори, профессор Алимов Шокир Аминович: 1936-1937 йилларда Республика тубдиспансерида ординатурада бўлган эдим. Ўшанда Б.Аминжоновни кўрганман. Мен бундай билимдон, масъулиятли, талабчан, ғайратли ва меҳрибон инсонни ҳеч қачон кўрмаганман. У қисқа вақтда бутун жамоанинг ҳурматини қозониб улгурган эди. Бундай яхши одам кам бўлади”, дейди.
1961 йил 18 апрелда Москвада СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси Баҳовуддин Аминжоновни асоссиз айбланган, деб топади. У 1961 йил 26 июлда тўлиқ оқланади.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ