“Таҳқир, ноҳақлик ва азоблар ортида маънан ўлдирилганман” – 11 ёшида Германияга ўқишга юборилган Усмон Омон тақдири


Сақлаш
17:40 / 25.08.2022 1338 0

Усмон 1910 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Отаси Қосим Омон ўғли аввал Бухоро Амирининг котиби, кейин қаровулбеги ва Шаҳрисабз беги саройида мулозим лавозимларида ишлаган. Қосим 1918 йил “Ёш бухоролик”лар партияси аъзоси деган айблов билан Шаҳрисабзда қатл этилган. Эндигина 8 ёшга кирган Усмонни бобоси Бухорога олиб келади. 1920 йил Бухорода амир салтанати ағдарилиб, Бухоро Халқ Республикаси ташкил этилди. Усмон ҳам бошқа шаҳидларнинг фарзандлари қаторида “Авлоди шуҳадо” интернат-мактабига кириб, тиришқоқлик билан ўқий бошлайди.

 

1922 йил БХСР ҳукумати ўлкага Европа илм-фани ютуқларини жорий этиш мақсадида 60 дан ортиқ ёшларни Германияга таҳсил олиш учун йўллайди. Улар орасида 11 ёшли Усмон Қосим ўғли ҳам бор эди. Усмон ўз гуруҳида Бухородан Москвага, ундан Ленинградга бориб, денгиз орқали Германиянинг пойтахти Берлин шаҳрига етиб келди. Бу ерда ёшлар бир муддат иқлимга мослаштирилгач, ёш ва қизиқишларига қараб турли шаҳарларга тақсимланди. Усмон Омон ўзи каби кичик ёшдаги Неъмат Нарзулло, Ҳамро Абдулла, Абдулла Абдураҳимлар билан жами 18 киши Кёслинг шаҳридаги мактаб-интернатга жойлаштирилади. Олимжон Идрисий, доктор Бадри Камол Сайфулмулклар, бухоролик ёшларнинг етакчилари Аҳмад Наим ва Афзал Абусаидлар келиб хабар олиб турганлар. Афзал Абусаид ва доктор Бадрилар баъзан бу ерда 1015 кун қолиб, болаларни экскурцияларга олиб чиқар эди. Аҳмад Наим ўз суҳбатларида ёшларга “Чор ва совет тузуми она юртимизни мустамлакага айлантирди. Бизнинг буюк мақсадимиз миллатимизга хизмат қилишдир. Бизнинг вазифамиз юртимизни мустамлака қилиш учун келганлардан озод этиш, Ватанни мустақил давлат сифатида кўришдир. Миллат учун яшанг, фидоий бўлинг...” деб уқтирарди.

 

1925 йил ЎзССР тузилгач, шўро ҳукумати Олмонияда таҳсил олаётган ўзбек ёшларини қайтариш масаласини талаб қила бошлайди. Ҳатто, вазиятни текшириш учун Тошкентдан Мейерсон раҳбарлигида махсус комиссия йўллайди. Ҳайъат бир муддат текширган бўлиб, барчани СССРга қайтариш кераклигини талаб қилади. О.Идрисий ёши катта талабаларни тўплаб мажлис ўтказади. У комиссиянинг холис эканлигига шубҳа билдириб, талабаларнинг ўқишни тугатмасдан Ватанга қайтарилишига қарши чиқади.

 

Мейерсон гўёки охирги хулосасини айтиш учун барча ёшларни Берлинга тўплайди. “Пансион ЙОЗ” меҳмонхонасида бўлган йиғилишда Мейерсон хорижий таълимнинг аксилинқилобий характеридан гап бошлаб, дағдаға билан ҳаммани СССРга қайтаришни талаб қила бошлайди. Талабалар унинг сўзларидан таъсирланиб ғала-ғовур кўтаради ва комиссиянинг талабаларни дипломни қўлга киритмасидан қайтариш қарорини рад этадилар. Фавқулодда тошкентлик Аҳмад Шукрий баланд овозда гап бошлаб, сўнг қўлидаги тўппанчасидан Мейерсонга қарата ўқ узади. Комиссия аъзолари бирдан мажлисни ҳам якунламай қочиб кетишади. Шу топда полиция етиб келиб, Шукрийни қамоққа олади. Шўролар бундан фойдаланиб, ёшларни алдов ва қўрқитув йўллари билан ортга қайтаришга киришадилар. Дастлаб, Асрор Аброр, Абдурашид Бурҳон, Искандар Чори, Холмурод Ҳожи ўғли, Сафар Ҳаким, Кивам Кирам каби саккиз нафар ўқувчини СССРга қайтаради. Шундан сўнг Олимжон Идрисий, Аҳмад Наим ва бошқа фаоллар билан яширин йиғилиш ўтказиб, айрим ёшларни Туркияга чиқариб юборишга қарор қиладилар. Улар бунинг жуда хавфли иш эканлигини англаган ҳолда аввал Очилбеги Муқим, Жўра Ҳалим, Раҳимқули Рўзи, Ҳазратқул Очил каби жами 14 нафар ёшлардан иборат биринчи гуруҳни Туркияга ўтказиб юборишга келишадилар. Гуруҳ СССРга Полша орқали кетаётгандек қилиб, Варшавага келтирилади. Бу ердаги турк элчихонасидан керакли ҳужжат ва паспортлар тўғриланиб, Туркияга ўтказиб юборилиши керак эди. Бироқ, Усмон Омон, Абдулла Бадеъ, Неъмат Назрулла, Аловуддин Исомиддинларнинг ҳужжатларидаги камчилик туфайли яна Олмонияга қайтарилади. Шундан сўнг шўро хуфялари томонидан Туркияга боришнинг барча йўллари ёпиб қўйилди ва бу борада қаттиқ назорат ўрнатилди.

 

Ёшлар Германияда ўқишни давом эттиришга киришадилар. Неъмат Нарзулла, Раҳматжон Авазжон ва Бешим Солиҳлар Зараудаги текстил институтига киради. Муҳаммаджон Авазжонов ва Аловиддин Исомиддинлар Коттибус шаҳридаги текстил Олий мактабига киришга муваффақ бўладилар. СССРга қайтишдан бош тортган Усмон Омон ва Абдураҳим Бурҳонлар Кёслингда ўқишни давом эттиришга кетади.

 

1925 йилдан совет ҳукумати ёшларга пул юборишни бутунлай тўхтатиб қўйди. 1925 йил февралда эндигина 15 ёшга кирган Усмон дўсти Абдураҳим Бурҳонов билан мажбуран қайтарилди. Мажбуран дейишимизга сабаб Усмонга ижарадаги уйидан Кёслинг гимназиясидан олган шаҳодатномасини олишга ҳам имкон беришмади.

 

1925 йил бошида Ватанга қайтган Усмон аввал Бухоро шаҳри, Говкушон гузарида поччаси Файзулла Комиловнинг қарамоғида яшайди. Боиси унинг ота уйлари аллақачон советлар томонидан тортиб олинган, ўзи ҳам “душман” синф вакили сифатида қора рўйхатга тушиб қолган эди. Беш-олти ой давомида иш топа олмай, охири Бухоро электростанциясида шогирд бўлиб ишга киради. Бироқ, бу жойда ҳам қўним топа олмади. Кўп ўтмай “ижтимоий бегона қатлам” вакили сифатида ишдан ҳайдашадилар. Усмон Омон Тошкентга бориб, К.Маркс номидаги педагогика билим юртига киради. 1931 йил билим юртини тугатиб, шаҳодатнома олади. Усмон 1932 йил сўнгида Бухоро шаҳрига келиб, мактабда олмон тилидан дарс бера бошлайди.

 

Усмон Омон 1934 йил июлда яна Тошкентга йўл олиб, Тошкент медицина институти тайёрлов курсига киради. Бироқ, уни мажбуран Хоразмга немс тили ўқитувчи сифатида йўллашади. 1935 йил Бухорога келиб, Бухоро Педагогика институтида олмон тилидан дарс бера бошлайди.

 

1938 йил 12 январь куни ИИХК Самарқанд бошқармаси Абдулла Бадеъ иши доирасида Бухоро педагогика институти ўқитувчиси Усмон Қосимович Омоновни 1936 йилдан Бухорода Гестапога хизмат қилувчи террорчилик ташкилоти аъзоси деган айблов билан қамоққа олишга қарор қилади. Шу куни ордер берилиб, Бухоро шаҳри Регистон майдонида жойлашган нашриётга тегишли Усмоннинг ётоқхонасида тинтув ўтказилади.

 

1938 йил 1528 январь кунлари давом этган даҳшатли қийноқлар асосида аввалдан тайёрлаб қўйилган бир нечта сўроқ баённомаларига Усмон Омоннинг имзоси олинди. Бу қоғозларда унинг Олмонияда бирга ўқиган дўстлари ва улар билан алоқалари акс эттирилди. Шундан сўнг ўзининг аксилинқилобий фаолияти, жумладан, 1926 йил Бухорога қайтгач Лаби Ҳовуз атрофида колбаса ясовчи Курт Вилли ва шу ердаги дўконлардан бирида сабзавот билан савдо қилувчи олмон миллатига мансуб кишилар билан алоқа боғлаганини, дўстлари Ҳамро Абдулла ва Неъмат Назруллалар ҳам жосус экани, улар келажакда кутилаётган урушнинг даҳшатли бўлиши, шу вақтда қуролли гуруҳ тузиб аҳолини талаш ҳамда террор билан шуғулланишга келишиб олганларини “ёзган” эди.

 

1938 йил 22 декабрь ИИХК Самарқанд бошқармаси бошлиғи Калмиков Усмон Омонни 1925 йилдан “Озод Туркистон” аъзоси, 1926 йил Ватанга жосус сифатида қайтган, 1936 йилдан Бухородаги Гестапо вакили Ҳамро Абдуллаевга хизмат қилган деб қарор чиқаради. Бироқ, шу орада Самарқанд ИИХК бир гуруҳ ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Жумладан, раҳбар Калмиков ЎзССР депутати бўлгани туфайлигина отилмай қолди. Ходимларнинг сўроқ жараёнида кўплаб беайб кишиларни ноҳақ қамагани, маҳкумларни зўрлагани, хўрлаш ва ёлғон айбловлар тўқигани исботланиб, Иван Филипович Смольников 10 йилга, Ҳаким Ҳакмулович Шайдулин 3 йилга МТЛга ҳукм қилинди. Шундан сўнг тергов жараёни бирмунча енгиллашди.

 

Шунга қарамай ЎзССР ИИХК Саджая 1939 йил 21 февраль куни Усмон Омонни амир амалдорининг ўғли, “Озод Туркистон” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, 1927 йилдан жосус Курт Виллига ишлаган, 1936 йилдан Гестапо жосуси деб айблаб қарор чиқаради. Бироқ, бирорта исбот бўладиган далил келтирилмади.

 

1939 йил 15 апрель куни сўроқда Усмон Омон Абдулла Бадеъ ва Абдураҳим Бурхоновни танишини, бироқ уларнинг ҳеч бири Германия жосуси эмас, дейди. Бироқ, 1939 йил 19 июль куни ИИХК Самарқанд бошқармаси бошлиғи Мирҳамидов томонидан тайёрланган айблов баённомасида Усмон Омонни яна жосусликда айблайди.

 

1940 йил 13 февралда Усмон Омон иши СССР ИИХК қошидаги “учлик” томонидан кўрилиб, унга 8 йил МТЛ жазоси белгилайди...

 

Усмон Қосимович Омонов 1957 йил 15 октябрь санаси билан Бухоро шаҳри Октябрь кўчаси 7-уйдан СССР Олий советининг Президиуми раиси ўртоқ Климент Ефримович Ворошиловга ариза йўллайди. Унда сўзни ўз ўтмишидан бошлаб: “...1931 йил Тошкентдаги К.Маркс номли педагогика билим юртини тугатдим. 1933–1938 йиллар давомида ўрта мактаб ва Бухоро педагогика институтида олмон тилидан дарс бериб келардим. 1938 йил 13 январь куни тўсатдан иш жойимдан қўлимга кишан солиб, Самарқандга олиб кетдилар. Мени жосус, аксилинқилобий унсур деб тинимсиз дўппослаб, қийноққа солдилар. Саккиз сутка тик оёқда турғазиб, ақлдан озиш даражасигача олиб бориб, ўзлари ёзган қоғозларни имзолатдилар. Уларни имзолашимнинг сабаби мен терговчининг хонасида ўлиб кетишни истамадим. Шундан сўнг ишимни ҳарбий трибуналга йўллашдилар, улар далиллар етишмаяпти деб қайтаргач яна икки йил Самарқанд турмасида ётдим. 1940 йил Москвада менга 8 йиллик меҳнат тузатиш лагери (МТЛ)га йўллаш жазосини белгилашди. Жазони Магадан вилоятидаги Дальстрой лагерида ўтаб, 1946 йил лагердан бўшатилдим. Аммо, тўлиқ озод бўлмадим. Менга ватанимга қайтишга рухсат беришмадилар. Магадан вилояти Дальний Север посёлкасида ишлаб юрдим. 1938–1957 йиллар давомида мен қариндошларим, оиламдан узоқда бўлдим. Ҳозир Бухородаман. Аммо, ёшлигимни, кўплаб қариндошларимни йўқотибман. 20 йил давомида педагогик маҳоратимни ишга сололмадим. Мен 47 ёшдаман. Таҳқир, ноҳақлик ва азоблар ортида маънан ўлдирилганман. Мен ҳам қачонлардир Германияда ўқиган эдим. Ҳозирда яроқсиз бир ногиронга айландим. Қачонлардир ажойиб педагог эдим. Ўртоқ Ворошилов, ўтинаман. Бўйнимдан судланган деган номни олинг. Қисқа вақт бўлса-да ўқитувчи бўлиб Октябрь инқилобининг 40 йиллик байрамини ўқитувчи сифатида кутиб олайин”.

 

Шу ариза ортидан Усмон Омон иши ҳам қайта кўришга топширилди.

 

1958 йил 2 июнь куни Усмон Омон қайта сўроққа чақирилди. Бу вақтда Бухоро шаҳри Красина кўчаси 14-уйда яшаб, ҳамон паспорт ололмаганди. Айни пайтда Бухоро давлат савдога қарашли гастрономда директор ўринбосари бўлган Усмон Омон терговчининг саволларига жавоб берар экан, жумладан, ноҳақ қамоққа олиниб, жазони Колимада ўтагани, ўзининг бошидан кечирган азоб-уқубатларини бирма-бир ҳикоя қилади. “...Мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман. Аммо, терговчилар тинимсиз уриб бўйнимга қўйишди. 1938 йил 28 январь куни имзолаганим сўроқ баённомасидаги ном, иш жойлар меники, аммо фаолият меники эмас. Мен амир амалдори бўлган отам вафот этганида саккиз ёшда эдим. Ўн икки ёшли гўдак ҳолимда Германияга кетганман. Қайтганимда ҳам 15 яшар бола эдим. Қанақадир “Озод Туркистон” ҳақида ҳеч қачон эшитган ҳам эмасман. Олимжон Идрисий билан боғлашди. Тўғри, мен у кишини кўрганман. У киши ҳалол, элсевар, ажойиб инсон эди. Унинг аксилсовет фаолиятидан ҳеч бир хабаримиз бўлмаган. Ишонаманки, Олимжон Идрисий ҳам хоин эмасди. Олмонияда биз кўп миллатли ёшлар эдик. У киши барчамизни тўғри тарбиялаб, илмга сафарбар этарди. Идрисий ҳеч қачон ватанимиз ёки совет давлати ҳақида ёмон гапни айтмаган. Балки, бизнинг қалбимизни яралашдан қўрққандир. Сўроқ баённомасидаги ҳамма туҳматларни терговчилар менинг номимдан ёзиб, сўнг мени уриб, таҳқирлаб имзолаттирган эди” дейди. Терговчининг қанақа қийноқ усулларни қўллаган деган саволига “...Комачков конвеерни қўлларди. Яъни, сувсиз, уйқусиз, овқатсиз тик турғазиб қўйиб сўроқ ўтказар эди. Бу жараёнда ҳам тўхтовсиз савалар эди. Унинг ёрдамчилари эса ҳатто ичи сувга тўлдирилган бутулка билан қийнаш, қиш кунлари бир лунгида ҳовлига олиб чиқиб қўйиш, тиззагача совуқ сувда туришга мажбур этиш, мих билан азоб бериш каби хилма-хил таҳқирларни қўллардилар” дейди.

 

 

                                                (Усмон Омон яшаган хонадон. Бухоро.)

 

Қайта сўроқлар давомида Усмон Омоннинг ҳаёти фақат туҳмат ва бўҳтонлар асосида увол қилингани тўлиқ исботини топди. 1958 йил 4 август куни Туркистон ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан Усмон Омон оқланади ва бу хабар унинг ўзига юборилди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//