Азизлар, мамлакатимизнинг дунёвий шаъни ва маърифат шамини юксак тутган фидойиларимиз ҳақида қатор ҳикоялар тайёрлаб эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Бугун навбат Карим Абдуллаевга.
Карим Абдуллаев 1905 йил Туркистоннинг Отабой қишлоғида ўртаҳол деҳқон оиласида дунёга келган. У аввал ўз қишлоғида савод чиқаради. Сўнг таҳсилни давом эттириш учун Тошкентга йўл олади. Карим Абдуллаев 1922 йил Беглар Жунаев, Зиёвуддин Қурбонов, Исо Аҳмедов, Наби Юлдашев ва бошқа дўстлари билан Тошкентга келади. Уларнинг аксари Ўзбек маориф институти ва ишчи факультетларига ўқишга кирадилар. Айни пайтда Тошкентда иқтидорли ёшларнинг ташаббуси билан тузилган “Кўмак” жамиятига тортилади. Улар Саййид Алихўжа, Аҳмад Шукурий, Тўлаган Мўмин, Боту ва Носир Саидлар тавсияси билан Тошкент вилояти, Фарғона водийси шаҳар ва қишлоқларига йўл олиб, “Кўмак” жамияти фойдасига аҳолидан пул маблағлари жамлаб қайтадилар.
Карим Абдуллаев 1926 йилгача олий таълимда таҳсил олди. Сўнг ЎзССР Маориф халқ комиссарлигида меҳнат фаолиятини бошлайди. У 1932–1936 йилларда Самарқанддаги Педакадемия директори, 1936 йилдан ЎзССР Соғлиқни сақлаш халқ комиссари лавозимларида фаолият олиб боради. Карим Абдуллаев 1936 йил 2 декабрь куни ЎзССР СНК мажлисида соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд улкан жиноятлар ҳақида маъруза қилади. Унда дори-дармон, кадрлар сиёсатидаги ноҳақликлар, айниқса қурилиш борасида давлатнинг мислсиз бойликлари ўмарилаётганини фош этади. Жумладан, қурилиш ишлари муҳандиси Кузнецов ва Карасовларнинг ишини ЎзССР Прокуратурасига оширади, Рудометкин ва унинг ўринбосари Карасевларнинг йўл қўйган хатоларини, жиноятларини санаб, уларнинг ўрнига лойиқ инсонлар тайинланишини талаб қилади. Дарҳақиқат, Карим Абдуллаев соҳада улкан ишларни амалга оширишга эришди. Унинг ташаббуси билан вилоятларда қисқа муддатда маҳаллий кадрлар тайёрлаш мақсадида бир нечта тиббиёт билим юртлари очилди. Энг узоқ қишлоқларда аҳолининг соғлиғини текшириш мақсадида кўплаб сайёр қабулхоналар ташкил этилди. Мамлакатнинг қатор қишлоқ ва туманларида янги шифохоналар иш бошлади. У қисқа муддатда ҳақиқий афсонавий раҳбарга айланади...
1937 йил 5 август куни Карим Абдуллаев “Миллий истиқлол” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, Педакадемия (ЎзДУ) директори ва Соғлиқни сақлаш халқ комиссари вақтида миллатчиларни ўз ҳимоясига олган шахс сифатида ЎзССР ЖК нинг 60-, 67-моддалари билан айбланиб, қамоққа олишга қарор чиқарилди. 1937 йил 27 август куни битилган ордер асосида Тошкент шаҳри Гоголь кўчаси 2-уйдан қамоққа олинди. Карим Абдуллаевнинг шахсий анкетасига биноан оила аъзолари турмуш ўртоғи Алияхон Абдуллаева, қизи Мария ва ўғли Тельманлардан иборат эди. Унинг онаси Хонима ая ҳамда ака-укалари Саидаҳмад ва Юлдош Абдуллаевлар Туркистонда Отабой қишлоғида яшар эдилар.
Карим Абдуллаев 1937 йил 28 август кунги илк сўроқда ўзининг “Миллий истиқлол” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси бўлганини рад этди. Бироқ, 1937 йил 7 октябрь кунги сўроқда жисмоний қийноқ ва таҳқирлар остида бир неча варақдан иборат сўроқ баённомасига имзо чекишга мажбур этилди. Сўроқ баённомасидаги кўплаб нуқталар бизга шундай хулоса чиқаришимиз учун дастак беради. Жумладан, ЎзДУ ректори Ҳикмат Файзуллаев, ижтимоий факультет декани Назир Иноятов, Биология факультети декани Магди Бурнашев, аспирант Ҳайдар Ашрафий ва бошқаларни аксилинқилобий ташкилот аъзолари сифатида тилга олади. Ташкилотнинг мақсадини баён қилиб: биз таълимда ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, талабаларда миллий руҳни тарбиялаш ва юксалтириш, руслаштиришга қарши жиддий курашиш, миллий антагонизмни шакллантириш, маҳаллий тилда китобларни кўпайтириш, илмий терминларни миллийлаштириш, миллий истиқлол учун интилиш, русларнинг инқилобни амалга оширишдаги қаҳрамонликларига нисбатан уларнинг минтақадаги босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсатларига кўпроқ тўхталиш йўлидан бордик. Босит Қориев театр имкониятларидан миллийликни ривожлантириш учун кўпроқ фойдаланди. Мен Соғлиқни сақлаш халқ комиссари бўлган давримда дориларнинг сифатини пасайтириб, малерея касаллигини тарқатиб юбордим, дейди. Ваҳоланки, бу иддаоларнинг барчаси К.Абдуллаевга нисбатан айбловдан тўлиқ кўчириб олинган эди.
Акжигитов ўз муваффақиятини қоғозга муҳрлаб қўйиш мақсадида 1937 йил 20 декабрь куни янги бир қарорга имзо чекди. Унга биноан Карим Абдуллаев энди “ўнг троцкийчи”ликда ҳам айбланиб, ЎЗССР ЖК нинг 57-, 63-, 67-моддалари билан айбдор деб топилади.
1937 йил 22 декабрь куни Карим Абдуллаевга унинг жиноий иши кўрсатилди. У ҳеч қандай қўшимча маълумот бера олмаслигини айтиб, терговни тўхтатишларини сўради. Шўро адолатидан кўнглини бутунлай узган Карим Абдуллаев ҳар қандай чорага розиман, деб ёзиб имзо қўйди.
Карим Абдуллаев ишини янада “ишончлироқ” далиллар билан тўлдириш мақсада ишга уни яқиндан билган Ўзбекистон ҳукуматининг масъул ходимлари Акмал Икромов, Мирмуслим Шермуҳаммедов, Қосим Сорокин ва Кучабовларнинг сўроқ баённомаларидан парчалар тикилди. Шунингдек, хизмат давомида К.Абдуллаев йўл қўйган хато ва камчиликларини аниқлаш мақсадида ташкил этилган махсус комиссия томонидан тайёрланган хулосалар олинди.
Шу ўринда бир неча гувоҳликлардан парчалар келтириб ўтишимиз мумкин. Жумладан, 1938 йил 19 март куни сўроқда Магди Бурнашев “Карим Абдуллаевни 1933 йилдан бери танийман. Буржуа националист, асосан маҳаллий миллатлардан кадрлар тайёрлашга эътибор беради. У ўзбеклар ўзининг алоҳида миллат сифатидаги қиёфасини, ўз мавқеини йўқотиб бормоқда. Ёшларни миллий руҳда тарбиялаш зарур. Ўзбекистонни СССР дан ажратиб олиш учун чет эллар, масалан, Англиядан ёрдам олиш лозим дерди” деб ёзса, яна бир иқонлик дўсти Сафо Рисмуҳаммедович Муротов 1938 йил 7 июл куни “1923 йил Ўзбек маориф институтига ўқишга кирганман. Айни пайтда туркистонлик ёшлар Карим Абдуллаев, Атахон Норқўзиев, Зиёвуддин Қурбонов, Алихон Норов, Беглар Жунаев, Исо Аҳмедов, Ҳабибулло Ёқубов ва бошқалар “Кўмак”да ишлаб, аҳолидан пул йиғиб ё Берлинга ёки бошқа шаҳарлардаги ўзбек талабаларига йўллар эдик”, дейди.
Бир вақтлар Карим Абдуллаев билан Туркистоннинг Иқон қишлоғидан Тошкентга келган Муҳаммадрасул Заманбоев 1925-1926 йилларда Чимкент округ суди раиси, кўп йиллар қишлоқ хўжалиги бўлимида, сўнг жиноят – суд бўлимида ишлайди. 1935–1937 йиллар қулоқлар ва диндорларни озод этиб, уларнинг ўрнига қашшоқларни қамаган деган айблов билан ЎзССР Бош Прокурори ёрдамчиси Муҳаммадрасул Заманбоев ҳам қамоққа олинган эди. У 1938 йил 17–19 март кунлари сўроқда аксилинқилобий ташкилот фаолиятини Султонбек Ходжанов Москвадан қайтиб келгач қайта йўлга қўйганини айтади.
1938 йил 29 март куни Беглар Жунаев “1936 йил К.Абдуллаев мени Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги ҳузуридаги ўқув бўлими бошлиғи лавозимига ишга олди. Аксилинқилобий ташкилот мавжуд ва унга Акмал Икромов, Султонбек Хўжановлар раҳбарлик қилади” деса, 1938 йил 4 июль куни иқонлик Азиз Аҳмедов “1936 йил январдан Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигида ёрдамчи хўжаликларнинг бошқаруви бошлиғи бўлиб, 1937 йил мартгача соҳадаги кўплаб жиноятларни очиб ташладим. 1937 йил Муҳаммадрасул Заманбоев тавсияси билан Тошкентнинг Киров туманига халқ терговчиси, ундан сўнг Қаршига прокурор этиб йўлланганман. Биз барчамиз Султонбек Ходжановнинг шогирдларимиз” деб гувоҳлик беради.
1938 йил 31 август куни ЎзССР Прокуратураси терговчиси Фирсов Карим Абдуллаев ишга келгунига қадар вазирликдаги масъул инсонлар томонидан амалга оширилган жиноятларни бўйнига олишини талаб қилади. К.Абдуллаев бу талабга асло рози бўлмаслигини маълум қилади. Бироқ, 1938 йил 1 октябрь куни Карим Абдуллаевни яна ҳамма айбловларга розиман, бошқа қўшимча қилмайман, ҳеч кимга эътирозим йўқ, деб ёзиб, имзо чекишга мажбур этишади.
К.Абдуллаевнинг айблов баённомасида ЎзДУ ректори бўлганида Абдурауф Фитрат, Бекир Чўпонзода, Ғози Олим Юнусов, Мусо Саиджонов, Бўлод Солиев, Назрулла Иноятов каби олимларни қўллаб қувватлаган. Иқонлик мулланинг ўғли Рауф Бойжоновни Ленинградга ўқишга юборган ва уни стипендия билан таъминлаб турган. Соғлиқни сақлаш комиссарлиги даврида детдомлар қурмай қастдан касалларни кўпайтириб юборган, ўнг марказчи, троцкийчи, миллатчи террорчилик ташкилоти аъзоси каби узундан узоқ мантиқсиз айбловлар билан ЎзССР ЖК нинг 58-, 64-, 63-, 67-моддалари қўлланди.
Карим Абдуллаев иши 1938 йил 4 октябрь куни соат 11:35 дан 11:55 гача машъум “учлик” томонидан кўриб чиқилган. У ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасини ҳам тан олмади. Бироқ, “учлик” қандайдир кимсаларнинг ғаразли кўрсатмалари ёхуд терговчилар томонидан уриб-сўкиб, таҳқирлаб, қийнаб олинган имзолар асосида уни олий жазога маҳкум этади. Ноҳақ жазо шу куннинг ўзидаёқ ижро қилинди.
Карим Абдуллаев иши 1957 йил 1 август куни СССР Олий Суди Ҳарбий коллегаси томонидан оқланди. Гарчи турмуш ўртоғи Ўзбек тили ва адабиёти илмий текшириш институти аспиранти Алияхон Абдуллаева катта олим бўлиб етишмаса-да, уларнинг умид учқунлари, қизи Маҳбуба Абдуллаева ўзбек аёллари орасидан етишиб чиққан физика фани билимдони, профессор бўлди. Унинг илмий назариялари шўролар давридаёқ социалистик чегараларни ёриб чиқиб Буюк Британиянинг нуфузли нашрларида чоп этилди. Ўғли Телман Абдуллаев эса қурилиш муҳандиси сифатида Тошкентнинг янги қиёфа касб этишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Ҳукумат раҳбари Шароф Рашидовнинг қурилиш соҳасини ишониб топшира оладиган саноқли одамларидан бирига айланди.
Карим Абдуллаев оқлангани ҳақидаги хушхабар Тошкент шаҳар К.Маркс кўчаси 57/9 хонадонда яшовчи қизи Маҳбуба Абдуллаевага етказилди. У хатни ўқир экан отасининг “халқ душмани” бўлганига ҳеч қачон ишонмагани ва унинг орадан йигирма йил ўтиб ҳақ эканлиги исботини кўриб кўзидан шашқатор ёш тинмади. У бир энлик хат орқали суюкли дадажонини кўргандай, уни бағрига босгандай сезди ўзини. Хабарчининг моддий даъво ҳақидаги ғулдирашига эса қулоқ ҳам солмади. Аксинча, на 32 ёшида беайб-бегуноҳ маҳв этилган отаси учун, на ўзларининг вайрон бўлган болалиги учун давлатдан бир сўм ҳам талаб қилмаслигини ёзиб имзо чекади. Ҳа, англаган инсонлар учун бу таҳқирлар баҳосининг қиймати йўқ. Аксинча, дунёнинг пулини айтганида ҳам ўз қадрини ерга ургани қолишини яхши англайдилар...
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ