Биринчи ўзбек агрономининг Германиядан йўллаган хати: “Немислар ўзларининг ҳисобсиз душманларини енгмак учун Шарқнинг уйғонмоқлигини истайдирлар”


Сақлаш
15:37 / 19.08.2022 900 1

Абуваҳоб Муродий 1901 йил Тошкентнинг Эгарчи маҳалласида туғилган. 1913 йил “Хоний” ва 1914 йил Мунаввар қорининг “Намуна” мактабларини битирган. Ўзи ҳам дастлаб, 19161917 йилларда Тошкентдаги “Ҳаёт” мактабида дарс беради. 1917–1919 йиллар Озарбойжон пойтахти Боку шаҳридаги зироат билим юртида ўқиган. Тошкентга қайтиб яна ўқитувчиликни давом эттиради ва Эски шаҳар “Муаллимлар жамияти”га етакчилик қилади.

 

1919 йил Абуваҳоб Муродий Тошкент тараққийпарварлари ва “Муаллимлар жамияти” кўмаги билан хорижда таҳсил олиш мақсадида яна сафарга отланади. У Афғонистон, Туркия мамлакатлари орқали Германияга етиб боради. 1921–1926 йилларда Берлиндаги Қишлоқ хўжалиги академиясида ўқиб, Европа таълим муассасасида олий маълумот олган биринчи ўзбек агрономига айланади.

 

1927 йил Ватанга қайтган Абуваҳоб Муродий Шредер номидаги Боғдорчилик илмий-текшириш институтида директор муовини, Ўрта Осиё давлат университети қишлоқ хўжалиги факультетида ўқитувчи вазифаларида ишлай бошлади. Шунингдек, у машҳур қозоқ адиби Мухтор Авезов, академик Боровковлар билан шарқ факультетининг туркийшунослик бўлимида ҳам илмий ходим сифатида ёшларга таълим берган.

 

Абуваҳоб Муродий тинимсиз илмий ва амалий меҳнат фаолияти билан бир пайтди матбуот саҳифаларида ҳам тез-тез ўз мақолалари билан қатнашиб турди. Ўзининг Германиядан келтирган китоблари асосида қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари яратди.

 

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовлар унинг номзодини бир неча марта Ер ишлари комиссарлигига тавсия этади. Бу эса айрим “қизил империя”ча сиёсат тарафдори бўлган кимсаларга ёқмади. Улар ёш ўзбек агрономининг иш жараёнига турли бўҳтон билан қаршилик кўрсатдилар. Шунга қарамай, у қисқа муддатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тажриба станциясида кўпгина иқтидорли шогирдларни етиштирди. Тошкент тумани Аччи овулида ўзининг ташаббуси билан тузилган “Қизил намуна” жамоа хўжалигида Германияда ўрганган илмларини ишга солиб жуда бой жамоа хўжалигини юзага келтиради ва ўз даври учун мисли кўрилмаган иқтисодий ютуқларни қўлга киритади(!).

 

Абуваҳоб Муродий 1930 йил 25 апрелда ОГПУ томонидан қамоққа олинди. Мустабид тузум ҳеч бири ўз исботини топмаган айбловлари билан эндигина 30 ёшни қаршилаган етук мутахассиснинг ҳаётига зомин бўлди...

 

Қуйида Сизнинг эътиборингизга А.Муродийга тегишли суратлар ва унинг томонидан Туркистондаги ватандошларига йўлланган хатларни ҳавола этмоқдаман.

 

Германиядан хат

 

Берлиндан “Кўмак” уюшмасининг бошлиқлари отига қуйидаги хат олинди: Тошкентдан олинган бир хатда Оврупога талабалар юбормоқ учун сизларнинг бир уюшма тузганингизни ўқидим ва теримга сиғмайдирган даражада суюндим. Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман. Илм-маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда. Бошқаларга ҳасад сезгисини уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрлик муборак ташаббусингиз бир йилдан бери кулмаган кўнглимни кулдирди ва руҳимга жон берди.

 

Сиз жон ўртоқларимнинг вазифаси Туркистондан талаба юбормоқ бўлса, бу талабаларни ерлашдирмак ва бу ердан сизга лозим бўлган маълумотларни бермак, албатта, меним вазифамдир. Фақат шуларни ҳам эсимиздан чиқармайликким, бу кунгача бу мақсадга етмак учун жуда кўп уюшмалар, тўдалар тузилганди. Таассуфга қарши ҳеч бири ҳам муваффақ бўла олмасдан йўқ бўлиб кетдилар. Албатта, бунинг учун мазкур уюшмаларнинг бошлиқлари, аъзолари билан замон ва муҳит масъулдир.

 

Шунинг учун “Кўмак” уюшмасига унинг аъзо ва бошлиқларига бирдан-бир тавсиям шулдирким, замон ва муҳитни диққатга олиб ҳар турлик йўқликларга ва йўлимиздан чиққан монеъларга кўкрак кериб қўрқмас бир кўз, титрамас бир иймон, чарчамас бир вужуд билан чолишингиз ва уюшмага тилак (идеал) деб ёпишингиз. Шул доирада иш қилинса, менимча, албатта, мақсадга етмак мумкин бўлур.

 

Берлин зироат академияси талабаларидан

тошкентлик Абдуваҳҳоб МУРОД

 

“Қизил байроқ”. 1922 йил 29 июль.

 

II. Оврупо ва биз (Германиядан хат)

 

Германияга келганимдан сўнг овруполикларни яқиндан танимоққа муваффақ бўлдим. Бутун Оврупода барча ҳукумат одамларининг ва катта бойларнинг қўшилиши билан буюк-буюк жамиятлар тузилгандирким, мақсадлари Шарқни бир умр қоронғулиқда сақламоқдир. Ул жамиятлар бир тарафдан Шарқни текширар. Шарқ тўғрисида китоблар ёзар ва унинг ҳар бир ҳаракатини орқасидан таъқиб этар.

 

Шарқда маориф ва тараққийга бўлган ҳар бир қимирлашни тўхтатмоқ учун бутун кучи билан тиришадир. Ҳар бир воситаға мурожаат қиладир. Фақат ўшал жамиятларни айлантиргувчилар билан кўришиб қолган чоғингизда сизга – сиз Шарқ ўғлига энг мулойим сўзларни айтадир. Сизга энг яқин дўст бўлиб кўринадир. Булар Шарқнинг тарихини текширишга ҳам кўп катта аҳамият берарлар: Мана бунингдек масхарабозлар жамияти ёлғиз Германиядагина йўқдир.

 

Балки, немислар ўзларининг ҳисобсиз душманларини енгмак учун Шарқнинг уйғонмоқлигини истайдирлар. Бу кунгача Шарқ тўғрисида ёзган китоблари бутун бетарафлик билан ёзилмишдир. Фақат илмда, маорифда булар Оврупада устоз саналадирлар. Немисларнинг олий мактабларида юзлаб амриқолик, француз ва инглизларнинг бўлишини ва бу ерда муҳандис тўпламоқ учун бирмунча ҳайъатларнинг келиши меним бу давоимни исбот этадир.

 

Сўнгра бошқа Оврупо давлатларига қараганда энг яқини ҳам шудир. Шўролар ҳукуматининг Германия билан яхши алоқада бўлиши ва Германия билан шўролар Россияси орасида муоҳадалар бизни яна Германияга тортар. Шул сабабларга кўра Оврупога юбориладиган талабаларнинг, энг аввал, Германияга юборилмоғи ҳар тўғридан ақлга мувофиқдир. Бунга муваффақ бўлмоқ ҳам унча қийин эмас. Бизнинг ўз тилагимиз ва шўролар ҳукуматининг бу кунги сиёсати ҳам бу фикрга тўғри келадир.

 

Берлин. Абдуваҳҳоб МУРОДИЙ

 

“Қизил байроқ”. 1922 йил 1 август.

 

III. Германияда ўқиш ва ўқитиш (Германиядан хат)

 

Германияда 21 дорулфунун ва бошқа сонсиз юқори ва ўрта даражалик мактаблар бор. Германия дорулфунунлари мактаб бўлишдан бошқа яна бир кошифлар, ихтиро қилғучилар ётоғидир. Германия дорулфунунларидаги ўргатиш усули ҳеч бир ерда йўқдир. Жуда қисқа қилиб шуни ёзаман. Масалан, мактабда ўқитилмоқда бўлган ҳикмат (физика) дарсини олайлик. Талаба бу дарсни тинглар экан, мударрис (профессор) бутун тажриба қилиб кўрсатиш шарти билан бир соат сўзлар. Икки кундан кейин мударрис томонидан талабаларга бул дарс тўғрисида вазифа берилур. Вазифа бажарилганидан сўнгра бутун тажрибаларни яна талабалар ўз қўли билан қилур. Бутун нозик ерларини таъриф ва исбот этар, татбиқот ясар. Мана шу йўллар билан бир дарс устида талаба мударрис қарамоғида 4 соат чолишар. Дарсни эшитмак билан қолмас. Балки, дарснинг руҳига кириб кетар. Фанни ўзидан йироқ эмас, ўз ичида ҳис этар. Мана шу сурат билан унинг миясида фан туғилур ва яшар. Ихтиро фикри уйғонур. Катта имтиҳон бўлганда ана шул дарсдан ҳам сўз, ҳам ёзув билан имтиҳон берур. Сўнгра шул фан тўғрисида бир китоб ёзар. Ул китоб мударрислар орасида ўқилур. Улар танқид этарлар. Талаба исбот қилур. Шул йўл билан талабанинг фаннинг ҳар нуқтасига етишганлиги билингач қўлига шаҳодатнома берилур. Бу шаҳодатномани олган талабага ҳар қандай иш топширилур. Талаба бир назариётчи бўлиб эмас, балки, ҳақиқий бир фан олими бўлиб етишар. Сўнгра яна жуда кўп бўлган Дорул масоиларга давом этиб, мударрис даражасига етиша билур.

 

Дорулфунун мударрислари эса мамлакатнинг энг мумтоз сиймоларидир. Немис мударриси бир олим, бир ижодчи, бир кошифдир. У яхши билар ва билганини ҳам яхшилаб тушунтирар. Бу мамлакатда мударрислар илмлари кашф ва ихтиролари билан мақтансалар ўрни бордир. Бутун Германиядаги ихтироларнинг ихтирочилари мударрислардир. Қисқаси дорулфунун олами бизнинг фикримиз ва ақлимиз ташқарисида бир оламдир. Мамлакат у даражада тараққий этмишдир ким мамлакатда бир дона ўқув-ёзув билмаган бир одам топилмас. Бутун халқ ҳеч бўлмаса, бизнинг ўрта мактабдан қанча юқори бўлган 12 синфлик бошланғич мактабларни битиргандир.

 

Абдуваҳҳоб МУРОДИЙ (“А.М.”)

 

“Қизил байроқ”. 1922 йил 4 август.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

1 Изоҳ

Mirzayev Gulom

12:01 / 01.01.1970

Мазкур мақола туфайли яна бир буюк ватандошимизнинг буюк ишлари ва мураккаб ҳаёти ҳақида маълумотга эга бўлдим. Муаллиф-устоз Баҳром Шаймановичга, ўзимнинг миннатдорлигимни билдираман. Oyina.uz ижодкорлари фаолиятларига улкан зафарлар тилайман.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//