Бухоро амирлигида ислоҳотчилик ҳаракатининг вужудга келишида асл касби савдогар, табиб бўлган Мирзо Сирожиддин ҳаким Бухорийнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Дунё кезган, ривожланган давлатлардаги тараққиётни ўз кўзи билан кўрган Мирзо Сирожиддин ўз вақтида Бухоро жамиятидаги муаммоларга муносабатини билдирди ва уларни бартараф этишга оид таклиф-тавсияларини тақдим этди.
Мирзо Сирожиддин 1877 йил 23 октябрда Исмоилхўжа оталиқ маҳалласида (ҳозирги Меҳтар Анбар кўчаси) Ҳожи Абдурауф Мирзохурдбой савдогар оиласида дунёга келган. Ҳожи Абдурауф Сирожиддин 10 ёшга тўлганида ахлоқ, тарих, адабиёт, риёзиёт ҳамда араб тилини ўрганиши учун шахсий муаллим тайинлайди. 1889 йилдан бошлаб Ҳожи Абдурауф 12 ёшли ўғли Мирзо Сирожиддинга савдо ишини ва рус тилини ўргатади ҳамда 1890-1891 йилларда Янги Бухоро шаҳрида очилган рус-тузем мактабида таълим олишини таъминлайди. Мирзо Сирожиддин бу мактабда география, инглиз тили ва бухгалтерлик ишини ўрганади. 1891 йилда Ҳожи Абдурауф Мирзохурд Парижда ўқиб келган ўзбек ўқитувчисини 14 ёшли ўғлига француз тилини ўргатиши учун ёллайди ва Мирзо Сирожиддин 6 ой давомида француз тилини ўрганади.
Диний ва дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган, рус ва француз тилларида бемалол гапира оладиган Мирзо Сирожиддиннинг чет давлатларга илк сафари 25 ёшида бошланган. Унинг саёҳатга чиқиш сабаби “...дунёнинг ободлигини, харобаларини кўриб, илм ва санъат тараққиётидан хабардор бўлиш, саёҳатлари тўғрисида, бутун тажриба ва маълумотларини ўз диний ва ватандош биродарларига тақдим қилиб, халқни сафар фойдаларидан хабардор қилиш”дан иборат бўлган. Мирзо Сирожиддин саёҳатлари давомида Боку, Ботуми, Истанбул, Вена, София, Сараево, Будапешт, Берлин, Белград, Париж, Лондон, Берн, Цюрих, Марсель, Варшава, Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида бўлиб, саноат корхоналари, университет, музей, кутубхона ва касалхоналар фаолияти билан яқиндан танишган. Бу ерлардаги тараққиётнинг асосий сабаби озодлик ва илм-фан ривожида эканлигини англаган Мирзо Сирожиддин саёҳатлари асосида ёзган мемуар асари “Туҳфаи аҳли Бухоро” (Бухоро халқига совға)да Бухоронинг Европа ва Осиёнинг бир қатор давлатларидан орқада қолиши ҳақида: “... Бутун ер юзини улар (Оврўпо мустамлакачилари) ўз тасарруфларига олганлар. Биз уларнинг қўл остиларига қолганмиз. Биз ифлос кўча ва бозорларда яшаб касб қилишимиз ва қуёш иссиқлигида зироат билан шуғулланишимиз керак ва қўлга киритилган бойлигимизни уларнинг санъатлари эвазига бериб, ўзимизни гадой қилишимиз керак... Болаларимиз либосидан бошлаб то ўликларимизнинг кафанигача Оврўподан келади... Энди биз муҳтож бўлмай, ким бўлсин. Улар биз – осиёликларнинг бойликларини олиб кетар эканлар, бой бўлмай, ким бой бўлсин? Ахир биз ҳам улардай одаммиз. Биз ҳам яхши уйларда яшашни орзу қиламиз”, деб ёзади. Бухоронинг Европа мамлакатларидан тараққиёт жиҳатидан орқада қолганидан афсусланиб: “Ҳозир оврўполикларнинг иши шу даражага борганки, темир йўл машиналаридан тортиб то кемалари ва осмон тайёраларигача электрик нурини бера оладилар. Биз эса ҳанузгача эшак миниб юрибмиз”, дейди. Аммо Мирзо Сирож бундан тушкунликка тушмайди, у Бухоронинг келажагига ишонади ва тараққиёт асосини илм, ҳунар ва тарбияга боғлайди. Тараққиётга эришиш учун маориф соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлаб: “Биз, Осиё халқи, оврўполиклардан тараққиёт жиҳатидан орқада қолган бўлсак ҳам, ҳали вақт бор, қўлимиздан чиқиб кетган илм ва сарватни қайта қўлга олишга, бугунги фақирликдан қутулишга имкониятимиз бор, тараққиёт ва ободончиликни йўлини тўсадиган бирор нарса кўринмайди ва ҳеч ким бизнинг юзимизга илм ва ҳунар эшикларини ёпгани йўқ. Бизнинг тараққиётимиз илмга боғлиқдир. Биз мактаб ва мадрасаларимиздаги таълим ва тарбияни ислоҳ қилишимиз керак”, деб ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этади.
Мирзо Сирожиддин 1903 йилнинг 5 январида Бухорога қайтиб келган ва шу йилнинг февраль ойида навбатдаги сафарига отланган. Эроннинг Сабзавор шаҳрида 8 ой тасаввуф илмини ўрганган. Таҳсил олиш билан бирга йирик сармоядор савдогар сифатида Машҳад, Нишопур ва Сабзавор шаҳарларидан пахта сотиб олиб, Москва ва Европа бозорларига юборган.
1905 йил 16 июнда Бухорога қайтиб келган Мирзо Сирожиддин 1906 йил яна Эронга қайтган ва Теҳрон шаҳридаги америкача тиббиёт коллежига ўқишга кирган. Ўқишни тамомлагач, коллежда ўқитувчилик қилади, бироздан сўнг Мозандарон шаҳар касалхоналарининг бирида шифокорлик фаолиятини бошлайди ва тез орада “доктор Мирхон” номи билан машҳур бўлади.
Узоқ вақт Эронда юрган Мирзо Сирожиддин отасининг талаби билан ўз юртига қайтаётганда Афғонистон чегарасида жосусликда айбланиб, қўлга олинади. Ҳиротда сўроқ қилинган Мирзо Сирожиддин ўзининг жосус эмаслигини исботлагач, озод этилади. Афғонистон ҳудудидан чиқиб, Россия орқали Бухорога қайтишни ният қилган Сирожиддин яна афғон чегара ҳарбийлари томонидан қўлга олиниб, жинояти ўта оғир маҳбуслар рўйхатига киритилади ва 3 ой давомида қамоқда сақланади. Бундан хабар топган Сирожиддиннинг отаси Ҳожи Абдурауф Бухоро қўшбегиси Жонмирзабекка ўғлини қутқаришларини сўраб мурожаат қилади. Қўшбеги ўзи ҳамда Бухоронинг йирик савдогарлари томонидан унинг шахсини тасдиқлаб ёзган гувоҳликлари ҳақидаги ҳужжатларни ва Мирзо Сирожиддиннинг таржимаи ҳолини элчи Мирзо Шариф Сафо орқали Афғонистонга юборади. Тез орада Мирзо Сирожиддин 50 нафар сиёсий маҳбуслар билан амир ҳузурига олиб келинади. Мирзо Сирожиддиннинг шахси билан танишиб чиққан ҳукмдор уни озод этади ва унга етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаб беради.
Озодликка чиққан Мирзо Сирожиддин Афғонистон амири Абдураҳмонхоннинг дўсти, саройда юқори лавозимда ишлаётган Худоёрхоннинг жияни (синглисининг ўғли) Саййид Акрамхон тўранинг уйига боради.
Шу ўринда қисқача Акрамхон тўранинг Афғонистонга келиб қолиши воқеаларига тўхталиб ўтсак. Россия империяси томонидан Қўқон хонлиги эгаллангач, Худоёрхон авлодлари қатори Акрамхон тўра ҳам Тошкентда бир муддат тутқинликда сақланади. Афғонистондаги сиёсий жараёнлар оқибатида Туркистонга қочиб келган Амир Абдураҳмон Акрамхон тўра билан яқинлашиб, у билан дўст тутинади. Амир Абдураҳмон ҳокимиятга қайтгач, Саййид Акрамхон тўрани Афғонистонга чақиртириб, уни юқори лавозимга тайинлайди. Саййид Акрамхон тўра Бухоро жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Усмон Хўжанинг қайнотаси ҳамдир.
Мирзо Сирожиддин Саййид Акрамхон уйида меҳмонда бўлган вақтида мезбоннинг соғлиги ёмонлашади. Шунда Сирожиддин ҳукумат табиблари билан бир пайтда уни даволашда иштирок этади. Соғлигини тиклаш учун Саййид Акрамхон тўра Заҳриддин Муҳаммад Бобур қурдирган боққа кўчирилади. Тўлиқ соғайгунича Мирзо Сирожиддин ундан ҳар куни хабар олиб туради. Бу пайтда Афғонистон амири Ҳабибуллахон бўлиб, отасининг дўстини даволаган Мирзо Сирожиддинни сарой табиблигига таклиф қилади. Уч йилдан ортиқ вақт мобайнида Афғонистонда қолиб кетган Сирожиддин 1909 йил декабрда Бухорога қайтади.
1909 йилда ўз юртига қайтган Мирзо Сирожиддин Бухоро шаҳрида замонавий тиббий хизмат кўрсатувчи хусусий шифохона очган ва умрининг охирига қадар табиблик қилган. Шифохонаси ҳақида “Бухоройи шариф” ва “Турон” газеталарида эълон бериб, тиббий маслаҳат ва даволашни бойлар учун 3 танга, ўрта ҳоллар учун 2 танга ва камбағаллар учун 1 танга этиб белгилаб қўйганини қайд қилган.
Мирзо Сирожиддин Бухорога қайтгач, уйланган ҳамда Мирзо Мунир (1911–1982) ва Зубайда (1912–1985) исмли фарзандлари бўлган.
Мирзо Сирожиддин табиблик қилиш билан бирга соғлиқни сақлаш, жамиятдаги муаммолар ва уларни бартараф этишга оид таклифлари акс этган мақолалар ёзган ҳамда 1912-1913 йилларда “Бухорои шариф”, “Самарқанд” газеталари ва “Ойина” журналида эълон қилдириб борган. Унинг мақолаларида илм-фанни ривожлантириш ва бола тарбияси масалалари етакчилик қилган.
Мирзо Сирожиддин ўзининг “Бухорои шариф” газетасида чоп қилинган “Бир оз фаолият лозим” номли мақоласини: “Баъзида кўзимизни очиб ўтган замонларга назар ташласак, биз илм ва олий фанлардан илғор миллат эдик ва бир неча миллатларнинг ҳаракатга келишига ҳисса қўшганмиз”, жумлалари билан бошлайди. Жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган мутафаккирларимиз Абу Наср Фаробий, Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, шоир Рудакийларни тилга олиб, уларни ўз асрининг ягонаси ва дурдонаси, деб атайди. Бухоронинг ҳозирги аҳволидан афсусланиб: “Бас, ҳозиргача бизга нима бўлибдики ва нима монелик қилмоқдаки, бизнинг кўзларимиз ҳозирги илм-фанни кўриш у ёқда турсин аввалги илм-фандан ҳам ёпиқ қолмоқда”, дейди. Бухорода саноат корхоналари, тижоратхоналар ва ширкатлар очиш зарурлигини, тиббиёт илмини ривожлантириб, соғликни сақлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлайди.
Мирзо Сирожиддин илмни 2 қисмга ажратади: тана илми ва дин илми. Тана илми – мижоз саломатлиги илми бўлиб, унга тиб, санъат, тижорат, деҳқончилик ва бошқа илмлар киради. Дин илми – илми шариф бўлиб, унга Тафсир, Ҳадис, Ақоид киради. Мутафаккир дунёвий илмларни ўрганишга даъват этиб, тижорат, саноат, сайёҳлик, кемасозлик, ўқ отиш илмларини ўрганиш савоб эканлигини уқтиради. Шунингдек, ривожланган мамлакатлар мисолида дунёвий илмларнинг халқ ва миллатнинг тараққиётидаги аҳамиятини кўрсатиб ўтади. “Бутун Оврўпо Швейцария миллатининг илм тарбияси олдида бош эгадилар. Уларнинг мактаб ва мадрасаларини кўрганимдан кейин эсимга ўзимизнинг мактаб ва мадрасаларимиз келди ва жуда афсусландим. Нима учун бизнинг миллатимиз бу даражада илмни хор қилганлар”, деб афсусланади.
У “Туҳфаи аҳли Бухоро” асарида Шарқ мамлакатларидан Эрон маориф тизими Бухородан анча илгарилаб кетганини таъкидлайди. “Бошланғич жадид мактаблари жуда кўп, дорулмуаллимин, дорулфунун, сиёсий, ҳарбий ва тиббий мадрасалари Фарангистон тартибидадир. Муаллимлари оврўполик ё ўша ерларда таълим олиб келган шахслардир. Фаранг илмларига доир китобларни форс тилида таржима қилганлар. Француз ва бошқа тиллардан дарс берадилар. Диний илмларни диний мадрасаларда ўрганадилар. Ижтиҳод даражасига етганлар. 20 йил Нажаф ва Карбалога бориб ўқийдилар. Миллий ва пулли мадрасалар, хотин-қизлар мадрасалари очганлар. Рус, олмон, инглиз мадрасалари ҳам бор. Фалоҳат (қишлоқ хўжалиги) мактаби ҳам ишга тушган, дорулфунун мадрасаси таркибига киради. Фарангистон типидаги касалхоналар, ташреҳхоналар (диагностика бўлимлар) очганлар. Теҳронда соғлиқни сақлаш соҳасида анжуманлар бўлиб туради. Комил табиблар, илмли ва тажрибали жарроҳлар, дипломли дўхтурлар кўпдур”, деб таърифлайди ҳамда бундай тараққиётни ўз ватанида ҳам кўришни орзу қилади.
Мирзо Сирожиддин Бухородаги кутубхона ва қироатхоналарни ҳам ислоҳ қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг замон талабига жавоб бермаслигини танқид қилади ва европача типда қайта қуришни тавсия қилади. Чет эл кутубхоналарида Бухорода ёзилган китобларни кўрганини билдириб: “Оврўпо кутубхоналарида бизнинг илмий китобларимиз ниҳоятда кўпдир. Уларни эҳтиром юзасидан сандиқларга асраб қўйганлар ва кўпчилигини ўз тилларида таржима қилганлар. Ҳозирги вақтда бу китобларни бирон-бир мадрасаларимиздан топиб бўлмайди. Буларнинг умуман йўқ бўлиб кетганлигининг боисини билмадим”, деб ҳайратланади.
Мирзо Сирожиддин юрт келажаги бўлган болалар тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. У болага тарбия бериш учун, энг аввало, оналарнинг тарбияли ва илмли бўлишлари шарт эканлигини таъкидлаб: “Бола тарбиясига бир лаҳза ҳам ғафлатда қолмаслик керак. Уларда яхши хислат ва фазилатларни шакллантириш зарур, ёшлигидан болага илм бериш фарз, чунки ёшликда олган тарбия ва билим ниҳоятда мустаҳкам бўлади”, деб ёзади. Болани эрта мактабга беришни рад этиб: “Фарзанд 7 ёшга тўлиши билан унга илм, одоб ва камолот касбини ўргатиш керак, унга турмуш қоидалари, одамийлик қонунлари ва маош тўғрисида хабар бериш шарт. Ҳар ким боласини тарбиясиз қолдирса, зотининг саодат гавҳари ўсмай... бахтсиз бўлиб қолади”, деб уқтиради.
Мутафаккир касб ўрганиш ҳақида ҳам фикр билдириб: “Дунёнинг ҳамма ишлари учун илм керак. Касб эгалламоқчи бўлган киши аввал ўша мансаб ё касб илмини ўрганиб, имтиҳон топшириб, сўнг ишни бошлаши лозим. Ҳеч бир шахс илмсиз муфтий, қози, ҳоким, лашкарбоши ё шоҳ бўлиши мумкин эмас. Илм олгандан сўнг билим даражаси ва малакасига қараб соҳаси бўйича уни поғонама-поғона кўтариш керак”, деб таъкидлайди.
1914 йил 17 январда тараққийпарварлик ҳаракатининг етакчиси ва ҳомийси бўлган Мирзо Сирожиддин 37 ёшида Бухоро шаҳрида сил касалига чалиниб вафот этган. Машҳур табиб, сайёҳ ва маориф ислоҳотчиси бўлган Мирзо Сирожиддин қисқа умри давомида тиббиёт соҳасини ривожлантириш, таълим тизимини ислоҳ қилиш, дунёнинг тараққий этган давлатларидаги ўзгаришларни Бухорода жорий қилиш, миллий матбуотга асос солиш, уни моддий қўллаб-қувватлаш ишларида бош-қош бўлди. Бухоро шаҳрида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган шифохона очиб, аҳолига хизмат кўрсатди. Аммо бугунга қадар Бухоро тараққийпарварлик ҳаракатининг етакчиларидан бири бўлган Мирзо Сирожиддиннинг ҳаёт йўли, фаолияти ва илмий мероси тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, уни тадқиқ қилиш тарихчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ