Беруний кашфиётлар тожини кийишга ҳақли эди ва унинг таҳлилий жараёнларда эришган хулосалари жуда юксак шон-шуҳратга арзирди. У яратган асбоблар денгизчилар томонидан ишланган ёғоч қайиқлар эмас, балки нозик кузатишлар, аниқ сонли маълумотлар ва кучли мантиққа асосланган буюк ихтиролар эди. Беруний даражасида бошқа минг йилликларда ҳеч ким Европа ва Осиёда, дунё миқёсида бундай оламшумул таҳлилий тадқиқотлар қилмаган.
Мовароуннаҳрда минг йиллар олдин яшаб ўтган алломалар, файласуфлар ва диншунос олимларнинг илм соҳасида эришган ютуқлари бугунги кунда ҳам жаҳон афкор оммасини ҳайратга солиб келаётир. Шубҳасиз, бу ўзига хос миллий ғурурни яна ҳам кучайтиради деб ҳисоблайман. Буни табиий деб қабул қилиш керак. Ўзбекистоннинг айнан Марказий Осиё марказида жойлашгани ва унинг қитъадаги бошқа давлатлардан ҳам буюкроқ тарихга эга бўлиши бежиз эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиё қадимдан Буюк Ипак йўлида жойлашгани, бой шаҳарлари ва аҳолиси, технология соҳасидаги муваффақиятлари билан танилган. Бу минтақадан жаҳонга таниқли аллома ва мутафаккирларнинг етишиб чиқиши, унинг муҳим тараққиёт ўчоғи сифатида эътироф этилишида бир қанча асос ва омиллар мавжудлигини унутмаслик керак.
Менинг назаримда, кимки қадимги Рим ва янги дунёнинг тарихи ва маданиятини теран англамоқчи бўлса, биринчи навбатда Марказий Осиёнинг дунё тарихидаги ўзига хос ўрни ва аҳамиятини обдон билиб олиши шарт. Бу минтақа тарихини тарихнинг оддий бир қисми деб қарамаслик лозим.
Шу ўринда баъзи ҳақли саволлар туғилиши табиий. Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар дунё харитасида қай даражада муҳим аҳамият касб этади?
Афсуски, Марказий Осиё тарихи ва унинг афсонавий ўтмиши ҳақида Ғарб ва Шарқ заминида яшайдиган кўпчилик халқлар жуда кам билади. Агарда қадимий Афросиёб ва бошқа буюк шаҳарлар қуёшда қуритилган ғишт ўрнига мустаҳкам тошдан қурилганда, миллионлаб сайёҳлар мазкур осори атиқаларни кўриш ниятида ер юзининг узоқ манзилларидан ташриф буюрар эди. Комил ишонч билан айта оламанки, икки дарё оралиғида яратилган нодир қўлёзмалар тўлиғича сақланиб қолганида, бани башар ҳеч иккиланмасдан одамзот ақлу заковатидан чексиз фахр-ифтихор туярди. Аммо ҳақиқатда бундай бўлмади. Натижада дунёдаги энг билимли ва зукко саналган инсонлар ҳам Марказий Осиёнинг буюк ўтмишини инкор қилишди ёки унга ҳақиқий баҳосини беришда хатога йўл қўйди.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Марказий Осиёнинг олтин асри мавзусига алоқадор барча муҳим манбаларни дунёнинг турли тилларида, айниқса, инглиз тилида юқори даражали замонавий нашрда чоп этиш энг муҳим вазифалар сирасига киради. Айнан шундай йўл тутиш орқали дунё бу минтақа инсониятнинг ақлий такомилида қандай хизматларни бажарганини билиб олиши ва бошқаларга билдириши мумкин. Бунга мисол тариқасида Марказий Осиё илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир Абу Райҳон Берунийни келтириш ўринлидир. Аллома 973 йили Орол денгизи яқинида барпо этилган Кот шаҳрида дунёга келган. Беруний ёшлигида математика, астрономия, минералогия, география, хариташунослик, геометрия ва тригонометрия каби фанларни мукаммал ўрганди. Шунинг билан бирга у форс, араб тилларини, ўрта ёшга етганда санскрит тилини тўлақонли ўзлаштирган ноёб қобилиятли олимлардан ҳисобланади. Берунийнинг энг улкан ва тенгсиз кашфиётларидан бири дунёнинг тараққий этган турли ҳудудларида тарихий вақтни белгилашнинг меъёр тизимларини таққослаб чиққанидир. Яна шуни таъкидлаш лозимки, ўша вақтларда мазкур ҳудудларда вақтни белгиловчи ҳисоб-китоб тизимлари бир-бирига мутаносиб бўлмагани кўплаб муаммоларни юзага келтирар эди. Бу каби қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида Беруний шахмат тахтасига ўхшаш бир асбоб яратиб, бу асбоб ёрдамида тарихий воқеалар ва саналарни бир-бирига мутаносиблаштирган тарзда ажратиб тасниф қилади. Масалан, яҳудий, юнон ва араб тақвимлари шулар жумласидандир. Бу кашфиёти орқали аллома астроном, тарихчи ва диншунос олимларга кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” номли муҳташам асарида дунёнинг тарихини яратди. Бу каби оламшумул кашфиётларидан ташқари аллома яна бир бебаҳо кашфиёти учун инсониятнинг чексиз меҳр-муҳаббати ва олқишига лойиқ деб билайман: у Христофор Колумб Американи кашф этишидан 500 йил бурун, денгиз сафарига чиқмасдан туриб, Шимолий ва Жанубий Америка материкларининг мавжудлигини аниқлаб берган.
Ҳали йигирма ёшга тўлмасдан Беруний ўз шаҳрининг кенглик ва узунлигини ҳисоб-китоб қилиб чиққан ва бошқа ҳудудлар учун координатларни ҳисоблаб йиғиб борган. Қадимги юнон манбаларига суянган ҳолда у содир бўлган юзлаб тарихий воқеаларнинг жойларига тегишли манбалар жадвалини яратди. Эрамиздан олдинги 150 йилда яшаб ўтган Клавдий Птоломей каби Беруний ернинг думалоқ шаклда эканлигини исботлаган. Ўттиз ёшида кун давомида вақтни аниқ белгилаб берувчи илғор мосламани яратиб, ундан фойдаланишни йўлга қўйган. Яна унинг улкан ихтироларидан бири ернинг барча табиий хусусиятларини кўрсатиб берувчи, диаметри беш метрли глобусни яратганидир.
Олимнинг муҳим илмий тадқиқотларидан бири минералогия соҳасида бўлиб, ҳали ёш пайтидан бошлаб нисбий зичлик ва ҳар хил минералларнинг оғирлиги билан қизиқади. Мисол тариқасида келтирсак, олтингугурт ва қўрғошиннинг табиий хусусиятларини тасвирлаб бериш билан чекланиб қолмасдан бу икки элементнинг ҳақиқий ўлчамларини иложи борича аниқроқ ўлчаш мақсадида изланишларини давом эттирди. Шунингдек, “Нарсалар бу – рақамлар” асарини ёзиб қолдирган машҳур юнон олими Пифагорнинг асарларини ва Муҳаммад Хоразмий, яна Арабистон ва Марказий Осиёнинг илғор олимларининг илмий қарашларини пухта ўзлаштириб олгани боис дунё тан олган бир қанча кашфиётларга замин ҳозирлади. 1017 йилга келиб Беруний улкан истеъдодлар юрти ҳисобланган Хоразм пойтахти Урганчда катта ҳурмат ва таҳсинларга сазовор олимга айланди. Афсуски, Берунийнинг машҳур ихтироси деб қаралган глобус катта ёнғинда ёниб кетди. Маҳмуд Ғазнавий Берунийни ўз саройига олиб келишни истади. Шундан кейин у машҳур олимни ўзининг барча қўлёзмалари билан биргаликда Ғазнага юбориш ҳақида буйруқ берди. Иложсиз қолган Беруний буйруқни нафақат бажарди, балки ўтган ўн йилликда Маҳмуд Ғазнавий бошқарган Ҳиндистон ҳақида кўпроқ маълумот ўрганиш имконига эга бўлди. Маҳмуд Ғазнавий Берунийнинг илмий ишларига кенгроқ шароит яратиб бериш мақсадида уни саройдан узоқлаштирди. Шу тариқа аллома ислом ва ҳиндуизм динларини бир-бирига таққословчи илк китобни ёзиш мақсадида Лаҳорга кўчиб ўтди. Ғазнага қайтиш йўлида у ёзни ҳозирги Исломободнинг шимолидаги Нандана адирида жойлашган мустаҳкам қалъада ўтказди. Беруний Нанданага ҳеч қандай асбоб-ускуналарсиз, оддийгина устурлоб билан келгани боис ернинг ўлчамини аниқлаш муаммосига қайтадан дуч келди. Гарчи бошқа астрономлар синус қоидасини ўз тажрибаларида синаб кўришган бўлса-да, Берунийдан олдин ҳеч ким ер ҳажмини ўлчаш имкониятини берадиган синус қоидасининг муаммосини еча олмаган эди. Шунингдек, бу олим Ер айланасининг узунлигини ҳам ҳисоблаб берган, бу ўлчам ҳозирги кунда Европада ишлаб чиқилган замонавий асбобларда аниқланган ўлчамлардан атиги ўн олти километр кам чиққан.
Маҳмуд Ғазнавий вафотидан кейин унинг ўғли Масъуд Берунийни Ғазнада кутиб олади ва ижод қилиши учун қулай шароит яратиб беради. У қолган умрини бутун ижодий изланишларини ўзида жамлаган катта асар, яъни “Қонуни Масъудий”ни ёзишга бағишлайди. Мазкур асарда аллома ҳаёти давомида олиб борган изланишлари ва билимларини ифодалаган. Мисол учун, Беруний ўз вақтида Қуёш қўзғалмас ва Ер Қуёш атрофида айланиши мумкин деб ҳисоблайди. У қисқа вақт давомида бу тахминларидан қайтади ва геоцентрик олам ҳақида муқобил ғоясини илгари суради, математиклар ва астрономлардан бу ғояни қабул қилишни ёки рад этишни сўрайди. Тарихшунос олимлар “Қонуни Масъудий”ни милоддан аввалги ва ҳозирги даврдаги астрономия соҳасида яратилган асарларнинг энг буюги деб ҳисоблаши ажабланарли эмас. Аммо араб тилида ўқий оладиган тарихчилардан фарқли ўлароқ, Берунийнинг “Қонуни Масъудий” асари ҳозирги инглиз тилига таржима қилинганига қарамай, бугунги кунда уни етарлича машҳур деб бўлмайди. Беруний ақл-заковати ва идрокининг ўзига хослиги шундаки, у бу асарида ҳайратланарли кашфиётларни инсониятга армуғон этган. Шулардан бири уммон ортида маълум бўлмаган қитъалар мавжуд эканини айтиб ўтганидир. Беруний Нанданада машҳур жўғрофий ҳудудларни аниқ ўлчаб глобусга жойлаштиради. Беруний глобусни қандай яратгани бизга номаълум. Шуниси аниқки, унга андаза зарур бўлмаган, лекин ҳозирги фазовий геометрик ҳудудларни тез ривожлантириш соҳасида мутахассис деб тан олинган Беруний ернинг харита бўйича айланасини аниқ ўлчаб, бу ҳудудларга тегишли барча маълумотларни аниқлаган ва айни вақтда Африканинг энг ғарбидан Хитойнинг энг шарқигача бўлган ҳудудларни, яъни глобуснинг бешдан икки қисмини кашф қилган, бироқ Ер шарининг қолган бешдан уч қисми ноаниқлигича қолган. Ўн тўққиз минг километрдан иборат бу масофани тушунтиришнинг энг аниқ йўли “дунё океани” билан ўралган Евросиё ерларида қадимги замондан тортиб то Беруний давригача яшаб ўтган географлар қабул қилган назарияларни амалга киритиш эди. Аристотель тарбиялаган Буюк Александр Ғарбий Ҳиндистон водийсидаги Афғонистон тоғларида ўз қўшинини тартибга солаётган чоғда хаёлида ўзининг юзаки назариялари мавжуд эди ва бу назариялари туфайли у “дунё океани”ни эгаллашига бутунлай ишонган, аммо бунинг ўрнига озгина ерларни кўрган, холос.
Ер сатҳининг бешдан уч қисмини сувдан бошқа ҳеч нарса ташкил этмайдими? Беруний дастлаб бу эҳтимолни ёқлади, бироқ кейинчалик кузатув ва тажрибаларига асосланиб уни бутунлай рад этди. Ернинг тортишиш кучи ҳақидаги ўз билимларидан келиб чиққан ҳолда ҳаттоки энг қаттиқ минераллар ҳам сувдан оғирроқ эканини аниқлади. Узоқ вақтлардан бери ўзгармай келган Ер куррасини бундай сувли дунё жиддий ўзгартириб юбормадимикин? У яна нима учун бундай тортишиш кучи ер экваторининг бешдан икки қисмини қуруқликка айлантирди-ю, аммо қолган бешдан уч қисми сувлигича қолиб кетди деган фаразга борди. Шу туфайли Беруний Осиё ва Европа орасидаги бепоён уммоннинг қаеридадир ҳозиргача номаълум бўлган қуруқлик ёки қитъа бўлса керак деган хулосага келади. Бундай мантиқий назарияларни давом эттирган Беруний номаълум қитъалар бўм-бўш чўлу биёбондан иборатми ёки у ерда инсонлар яшайдими деган саволга рўбарў келди. Бу борада у кўпроқ Нанданадаги ер айланаси тўғрисидаги изланишлари, дунё шаҳарларининг географик узунлиги ҳақидаги маълумотлари ва оддий мантиққа асосланган ҳолда иш тутгани диққатга сазовордир. У шимолдан жанубгача чўзилган майдон, яъни ҳозирги Россиядан то Жанубий Ҳиндистон ва Марказий Африкагача бўлган ерларда ўтроқ аҳоли яшаганини қайд этади ва бу жойлар ернинг қадимдан аҳоли яшайдиган ҳудудлари эканини таъкидлаган ҳолда номаълум қитъа ёки қитъалар ана шу майдоннинг шимоли ва жанубидагина жойлашган ёки жойлашмагани ҳақида фараз қилади. Евросиёнинг ер майдонлари тахминан ер экватори бўйлаб ёйилган ва у шимолий-жанубий тасма билан қопланган ҳамда Беруний буни қаердандир аниқ содир бўлган кучли ўзгариш натижаси деб тахмин қилган. Ер ҳақида эришган билимлари унга номаълум қитъа қаерда жойлашганлиги ҳақидаги тасаввурни берган. Олим бу номаълум ер қисмлари Евросиёга ўхшашлиги сабаб ўзлаштирилган деган хулосага келган.
Беруний қачон ва қандай қилиб бундай илмий хулосалар чиқарган? Унинг бу борадаги билимлари милодий мингинчи йилдан олдинги даврдан то 1030 йилларгача, Ғазна давлати давригача бўлган замонларда йиғилиб тўпланган эди. Эҳтиёткор ва доно олим ўзининг “Қонуни Масъудий” асарини 1037 йилгача эълон қилмаган. Шунинг учун 1000–1037 йиллар оралиғидаги давр унинг учун эҳтиёткорлик йиллари бўлган деб тахмин қилиш мумкин.
Абу Райҳон Беруний Америка қитъасини ўн биринчи асрнинг биринчи чорагида кашф қилганми? Бунга шубҳа билан қаровчилар ҳам бор. Қолаверса, бошқа тарихий ҳодисалар ҳам мавжуд. Масалан, скандинавияликлар милодий мингинчи йилдан олдинроқ Шимолий Америкага етиб борган бўлишига қарамасдан улар янги ер топганини англамаган. Лейф Эрикссон бундай ўрмонли ўлкага деярли қизиқмаган ва кейинроқ қайтиб боришни ният ҳам қилмаган эди. Эрикссон саёҳатлари ҳақидаги маълумотларни биладиган бирорта инсон ҳам йўқ ва уларни Скандинавияга оид манбаларда ҳам учратмаймиз. Агар “кашфиёт” Скандинавия саёҳатининг тасодифий ва англанмаган жараёнларини ўз ичига олса, бу ҳолда Колумб шоввозлари ўз қаҳрамонликлари учун талаб қилган мукофот викинглар қўлига ўтиб кетган бўларди.
Беруний кашфиётлар тожини кийишга ҳақли эди ва унинг таҳлилий жараёнларда эришган хулосалари жуда юксак шон-шуҳратга арзийди. У яратган асбоблар денгизчилар томонидан ишланган ёғоч қайиқлар эмас эди, балки нозик кузатишлар, аниқ сонли маълумотлар ва кучли мантиққа асосланган буюк ихтиролар эди. Беруний даражасида бошқа минг йилликларда ҳеч ким Европа ва Осиёда, дунё миқёсида бундай оламшумул таҳлилий тадқиқотлар қилмаган.
Берунийнинг кашф этиш усули қандай бўлган дейилса, у ўз ишини илм-фан армуғон этган барча билимларни тўплашдан бошлаган дейиш керак. Беруний кейинчалик ўзининг шахсий маълумотларига асосланган янги илмий усулларни ўйлаб топди ва шундан кейин бу маълумотларни математика, тригонометрия, сферик геометрия, шунингдек, мантиқий методларнинг илмий хулосалари билан уйғунлаштирди. Энг муҳими, у бошқа изланувчиларнинг синаши ва саралашини тушунган ҳолда ўз хулоса ва фаразларини эҳтиёткорона намойиш этди. Бундай илмий услуб кейинги беш юз йил давомида бошқа содир бўлмади. Лекин охири европалик тадқиқотчилар томонидан унинг фаразлари ва исботланган аниқ таклифлари амалда тасдиқланди. Берунийни қадимги ва ҳозирги даврнинг энг буюк тадқиқотчиси десак арзийди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Райҳон Берунийнинг бой илмий мероси ҳали чинакамига тадқиқ этилиб, ўзининг муносиб баҳосини олган эмас. Келажак авлод бу алломанинг фан-техника ривож топмаган бир даврда яшаб, оламшумул кашфиётлар қилганидан ибрат олса арзийди деб ҳисоблайман.
Фредерик СТАРР,
профессор.
Шаҳноза Турғунова таржимаси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ