Аёл кишининг ҳусни-жамоли кийим бошида бўлганидек, нафосати унинг хотиржамлигида – Оноре де Балзак “Горио ота” романидан иқтибослар


Сақлаш
17:12 / 05.12.2022 0 756

Қайси бири даҳшатлироқ: тошюрак одамларга риоя қилишми ё қовоқ каллаларгами, буни ким ажрим қилиб бера олади?

 

* * *

...аёл кишининг ҳусни-жамоли кийим бошида бўлганидек, нафосати унинг хотиржамлигида.

 

* * *

Одамзоднинг қалби яхши муносабатлар довонига кўтарилишда тиним олиши мумкину, аммо ёмон ҳислар жарлигига тушиб кетаётганда камдан-кам тиним олади.

 

* * *

Кўнгли тор одамлар ўзларининг хоҳ яхши, хоҳ ёмон ҳисларини беҳисоб майда қилиқлар қилиб қондирадилар.

 

* * *

Ўзининг маънавий жиҳатдан қашшоқлигини ўзгаларга ҳам ёпиштириш – бефаросат, калтафаҳм одамларга хос ўтакетган бемаъни одат.

 

* * *

Баъзи эркаклар учун, икки соат муттасил кўз ёш тўкиб, оҳ-воҳ қилганидан кейин, ҳозир ўлиб қоладигандек ўзини ташлаб юборадиган ва ҳидлаш учун ҳушига келтирадиган дори сўрайдиган аёл олдида тургандан кўра яккама-якка олишувда ҳадемай кўксига шамширини санчиб олиши муқаррар бўлган ўзга эркак қаршисида туриш осонроқ бўлади.

 

* * *

“Куёв – сиз билан бизнинг ўн етти йил мобайнида ардоқлаб боқиб катта қилган, Ламартин таъбири билан айтганда, томир-томири билан жисмимизга туташиб кетган, энг қимматли жигаримизни – оиламиз қувончини уйимиздан олиб кетиб, кейин шу қувончни бошимизга битган балога айлантирувчи эркак”.

 

* * *

Бизнинг юрагимиз – бир хазина: уни бирдан сарфлаб қўйдингизми,  гадо бўласиз қоласиз.

 

* * *

Бошимизга бирор бахтсизлик тушиши биланоқ, дарров бу хабарни етказиб, юрагимизга ханжар уриб, уни кавлайдиган ва ханжарнинг бежирим дастасини томоша қилишимиз учун, уни шу алфозда ташлаб кетадиган дўст ҳамма вақт ҳам топилиб туради.

 

* * *

Аёллар сизни истеъдодли ва ақлли йигит деб эътироф этишлари биланоқ, эркаклар бунга ишонадилар, уларнинг ҳафсаласини ўзингиз пир қилиб қўймасангиз бас.

 

* * *

Дунё унга ҳақиқий башарасини очиб кўрсатганди: бойлик олдида ахлоқ ва қонун ожиз эди...

 

* * *

Шубҳасизки, фикрлар узоқдан туриб ўз манбаи ҳисобланмиш кучга тўғри мутаносиб равишда ҳаракат қилади ва мортирадан отилган бомбани бошқарадиган қандайдир математик қонунга ўхшаган бирор қоидага асосан айнан мия йўналтирган нуқтага бориб урилади. Бунинг натижаси ҳар хил бўлиши мумкин. Юмшоқ табиатли одамлар бўладики, бундай одамларнинг дили кўнгилга чуқур жойлашиб олган ўзгаларнинг фикридан вайрон бўлади; аммо шундай мустаҳкам иродали одамлар ҳам учрайдики, бундай одамларнинг мия қопқоғини гўё бронзадан қуйилган дейсиз – деворга отилган ўқ унга урилиб ерга тушганидек, ўзга кишининг фикри ҳам унга урилиб пачақ-пачақ бўлади.

 

* * *

Бир ўзинг ҳаммага қарши борсангу, ғолиб чиқишингга ишонч бўлса, мана шундай одам ролини ўйнашнинг ўзи гўзал эмасми?

 

* * *

Дуэль, ўғлим, болалар эрмаги, аҳмоқлик. Дуэлда икки тирик одамдан бири ўлиши лозим бўлгандан кейин фақат аҳмоқ одам ўзини тасодифлар қучоғига ишониб топширади.

 

* * *

Доим орзу қиламиз, аммо ҳеч вақт орзуни ушата олмаслик кишининг тинкасини қуритади.

 

* * *

Пулдор бўлишни ҳисобга олиб уйланиш – хотиннинг олдида икки букилиб қуллуқ қилиб туриш, қайнонанинг оёғини ўпиш, ҳатто чўчқанинг ҳам ори келадиган даражада бемазагарчиликлар қилиш деган сўз...

 

* * *

Хоинлик ҳар қадамда учрайди, истеъдод эса ноёб нарса. Шунинг учун хоинлик ҳамма ёқда тўлиб-тошиб ётган истеъдодсиз одамларнинг қуроли бўлиб қолган...

 

* * *

Парижда индамай ишини битказиб юрадиган ва ҳеч ким билан сирдош бўлмайдиган одам – ҳалол одамдир.

 

* * *

Принциплар билан қонунлар ўзгармас нарсалар бўлганда эди, одамлар уларни биз кўйлак алмаштириб турганимиздек, ҳадеб алмаштиравермаган бўларди.

 

* * *

Одатда ёшлар ҳақиқатдан юз ўгиргандан кейин виждон ойнасига қарашга юраги бетламайди, ваҳоланки, катта ёшдаги кишилар эса бу пайтда у ойнага қараб тўйган бўладилар; одамлар ҳаётида икки давр ўртасидаги тафовут мана шу, холос.

 

* * *

Одамзод катта муҳит қучоғида қилиши керак бўлган ишларини кичиккина доира ичида амалга оширса ҳам қаноат ҳосил қилиш мумкин.

 

* * *

Фақат муҳаббат туйғулари ғойиб бўлгандан кейингина пул роль ўйнай бошлайди.

 

* * *

Ёлғон гапириш – ўзингдан юз ўгириш деган гап!

 

* * *

Муҳаббат ҳам бир дин, унга сиғиниш бошқа нарсаларга сиғинишдан қимматроқ туради: муҳаббат тез ўтиб кетади.

 

* * *

...йўлга отланишдаги охирги тайёргарликлар билан рассомнинг расмга охирги пардоз бериши ўртасида аллақандай ўхшашлик бор: шу охирги ишларга асосий ишга кетгандан кўра кўпроқ вақт сарф бўлади.

 

* * *

Ота албатта бой одам бўлиши керак, болаларининг жиловини қўлида маҳкам ушлаб туриши керак.

 

Бекзод САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 64
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3989
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//