Альбер Камюнинг “Вабо” романи: одамларни бирлаштиришнинг бирдан-бир чораси – уларга вабо юбориш


Сақлаш
21:11 / 14.11.2022 0 1023

Табиий офат ўзи асли одатий нарса, ҳатто бошимизга тушган кезда ҳам унга ишонишингиз қийин. Дунёда уруш, вабо деганлари доим бўлиб туради. Лекин, одатда уруш ҳам, вабо ҳам одамларни ғафлатда қолдиради.

 

* * *

Уруш бошланиб қолса, одамлар: “Э-э, унча чўзилмайди, чунки бу ўтакетган нондонлик”, дейишади. Чиндан ҳам, аслида уруш – ўтакетган нодонлик, лекин, барибир, нодонлиги унинг чўзилишига тўсиқ бўлолмайди. Умуман олганда, нодонлик – ҳаддан ортиқ собит нарса, агар фақат ўзингизни ўйлаб қолмасангиз, буни тушуниш унча қийин эмас.

 

* * *

Урушни бошингдан ўтказсанг, битта ўлик нималигини тасаввур этишинг қийин бўлади. Агар уни ўлик ҳолда кўрсанг, ўлган одам ҳам кўз олдингда бир салмоққа эга бўлади, лекин башар тарихида сочилиб ётган юз миллион ўлик, моҳиятан олганда, хаёлни пардалаб қўядиган бир туман, холос.

 

* * *

Агар вабонинг йўли кесилса, қолгани из-изига тушиб кетади. Акс ҳолда, одамлар вабо нималигига, кейин уни енгиш учун аввал унга кўникиш воситалари бор-йўқлигига ўрганиб қоладилар.

 

* * *

... энди ҳеч нарсага ярамай қолган хотира билан яшаш – мана, бу қандай азобли.

 

* * *

Бошқа, оддий кунларда биз, англабми, англамайми, поёнсиз муҳаббат борлигини тан оламизу, айни пайтда, ҳатто анчайин хотиржамлик билан, ўз муҳаббатимизни шунчаки, иккинчи нав, деб ҳисоблаймиз.

 

* * *

Ишга кўмилган эр, камбағаллик, истиқболнинг аста-секин беркилаётган йўллари, шомларда дастурхон узра муаллақ турадиган оғир сукунат – бунақа дунёда ҳиссиётга ўрин топилмайди.

 

* * *

...чол ён бермади: “Эҳ, агар зилзила бўлса! Боплаб силкитади – шу ҳолда... Ўладиганлару қоладиган аниқ бўларди – вассалом. Бу манжалақи вабони айтмайсизми! Ҳатто соппа-соғ одам ҳам касалликни юрагидан чиқариб ташлолмайди”.

 

* * *

Дунёнинг ҳамма касаллиги қандай бўлса, шундай. Бу дунёнинг хасталикларига нима мос тушса, шу вабога ҳам тўғри келади. Эҳтимол, кимгадир яхшироқ ҳам бўлар. Лекин вабонинг шунча қайғу ва кулфат келтираётганини кўриб туриб, у билан муроса қилиш учун телба, сўқир ё шунчаки аблаҳ бўлиш керак.

 

* * *

Дунёда бор ёмонлик қарийб ҳамиша нодонликдан келиб чиқади ва ҳар қандай яхшилик, агар у керагича маърифатли бўлмаса, ёмонликдан кам кулфат келтирмайди. Одамлар – ёмондан кўра яхшироқлар ва, моҳиятан олганда, гап бунда эмас. Лекин улар у ёки бу даражада бехабарликда юрадилар, устига устак, ҳамма нарсани билишни даъво қиладиган ва шу билан ўзини ўзи адо этишга йўл қўядиган авомликдан даҳшатлироқ иллат йўқ. Қотилнинг кўнгли сўқир бўлади ва мутлоқ аниқ кўришсиз ҳақиқий яхшилик ҳам, гўзал муҳаббат ҳам учрамайди.

 

* * *

Вабони англаш учун кузатиш, тафаккур қилиш керак бўлади. Зеро у фақат ўзининг, шундай айтилса, нуқул салбий аломатлари билан кўринади.

 

* * *

...фожиадан ҳам жозибасизроқ манзаранинг ўзи йўқ, энг буюк ҳалокатлар ҳам ўзининг чўзилиши билан зерикарли. Даҳшатли вабо кунларидан тирик чиққан одамлар хотирасида бу кунлар баҳайбат ва мудҳиш ёнғин тимсолида эмас, кўпроқ бир жойда туриб олиб, ҳаммани тагида топтаб-янчаётган ниҳоясиз бир депсиниш бўлиб гавдаланади.

 

* * *

“Мен унга одамлардан узилиб қолмасликнинг бирдан-бир чораси – энг аввало, виждонни тоза сақлаш, деб роса уқтирдим, аммо фойда бермади. У менга хўмрайиб: “Э, биласизми, ҳар бир одам ўзича яшайди”, деди. Кейин қўшиб қўйди: “Нима десангиз денг, лекин менинг гапим шундай: одамларни бирлаштиришнинг бирдан-бир чораси – уларга вабо юбориш. Атрофга бир қараб қўйинг, ахир!”

 

* * *

Эпидемия қандай келган бўлса, шундай кетаётганини қайд этиш мумкин. Унга қарши курашда қўлланган стратегия ўзгаргани йўқ, кеча самарасиз бўлган бўлса, бугун аён муваффақият келтираётган эди. Ишқилиб, касаллик ўзини ўзи адо қилди, ё, эҳтимол, мўлжалга олган ҳамма жойларга зиён етказиб, кейин чекинди деган тасаввур туғилади. Қай бир маънода, у ўз ролини ўйнаб бўлган эди.

 

* * *

Баъзи бировларининг кўнглига вабо шундай чуқур ишончсизлик солиб қўйдики, ундан қутулиш даргумон эди. Энди уларга умиднинг ҳукми ўтмайди. Улар ҳатто вабо мавсуми тугагандан кейин ҳам унинг қоидалари билан яшайвердилар.

 

Бекзод САЙФИЕВ тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 64
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3990
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//