Биласизми?
Агар одам ярим кечада кўзойнак тақса ёки юзини ниқоб остига яширса, билки, кўнглида бирор ёмон ўйи бор ёки азбаройи ўзи қўрққанидан шундай қилади – буни бошқача изоҳлаб бўлмайди.
* * *
Ўзи шунақа бўлади: йўл чеккасидаги ялтироқ нарсани кўриб, беихтиёр тўхтайсан... Синиқ шиша парчаси бир чақага ҳам арзимаслигини фаҳмлаб турасан, аммо барибир, шишага тушиб жилваланган нур унга ҳайратомуз бир жозиба бахш этади.
* * *
Табиийки, умидим йўқ эмас, аммо бу шу қадар тутқич бермас умидки, уни ҳар қандай энг сезгир анализатор ҳам пайқай олмайди.
* * *
Янги персонаж пайдо бўлиши муносабати билан тахминлар ўзгаради.
* * *
Мабодо вақт тўхтаса, табиийки, сабаб-оқибат муносабатлари бузилади, ана ўшанда, сен ҳеч қандай жазодан қўрқмай, энг беҳаё хатти-ҳаракатлар қилишинг мумкин.
* * *
Уйқунинг ўзи қийин эмас, уйғониш қийин. Ростакам балиқ вақтни қандай ҳис қилади – номаълум, бироқ тушида балиқ бўлганлар учун вақт ўнгдагига нисбатан бутунлай бошқача ҳаракат қилади. Вақт ҳаракати тезлиги кескин камаяди – оддий сониялар кунларга, ҳафталарга айлангандек бўлиб туюлади.
* * *
Ўзинг қизиққан нарсани токи қўлинг билан ушлаб кўрмас экансан, кўнглинг жойига тушмайди.
* * *
Мен балиқ йиқилганини ҳеч қачон эшитмаганман. Ҳатто ўлган балиқ ҳам сув юзида сузиб юради. Осмонда учиб юрган ҳаво шарига қараганда, балиқнинг йиқилиши қийинроқ. Балиқлар учун йиқилиш – аксилйиқилишдир.
Аксилйиқилиш...
Ҳа, бундай усул ҳам бўлиши мумкин. Бу – пастга йиқилиш эмас, аксинча, осмонга йиқилиш, ҳавога чўкиш демакдир.
* * *
Ҳар бир одам манзарадан ўзига керакли нарсаларни танлаб олади ва фақат ўшаларнигина кўради. Мисол учун, автобус бекатини жуда яхши тасаввур қилган ҳолда, унинг шундоқ ёнгинасида ўсиб турган бир неча мажнунтолни хаёлга ҳам келтирмаслик мумкин.
* * *
Мабодо у ёки бу нарсадан кун бўйи камида уч марта фойдаланмас экансан, ҳеч ачиниб ўтирмай, ундан воз кечиш лозим.
* * *
...дунё қайнаётган қозонни эслатади. Бир сония ғафлатда қолдингми – тамом, қарабсанки, ҳатто ер куррасининг шакли ҳам ўзгариб кетган бўлади.
* * *
Сен ўзгарасан, сен билан бирга ташқи олам ҳам ўзгаради – бошқа ҳеч қандай ўзгаришлар мавжуд эмас. Бу ўзгаришлар шу қадар улканки, энг шов-шув кўтарадиган янгиликлар ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қолади.
* * *
Одам янгиликларни фақат кўнглини тинчитиш учунгина эшитади. Ларзага соладиган қандай янгиликни хабар қилмасинлар, агар одам уни эшитаётган бўлса, демак, у тирик – мана, гап нимада. Дунёнинг тугаганидан дарак берувчи сўнгги янгилик – чинакам даҳшатга соладиган янгиликдир. Уни эшитадиган ҳолатда бўлиш – ҳар бир одамнинг муқаддас орзуси.
* * *
Албатта, битта мен хунук эмасман – тўқсон тўққиз фоиз одамда қусур бор... Одамлар теварак-атрофдагиларнинг кўриш қобилияти яхши эмаслигига ва кўпинча чалғиб кўришларига умид боғлаганлари учун ҳам уларнинг нигоҳларига тоқат қилиб яшашга кўникиб кетганлар.
* * *
Аввало, теварак-атрофдаги нигоҳлардан ғайритабиий таъсирланиш – ўз ҳаётингни мураккаблаштириш демакдир.
* * *
Нигоҳлар сўзлашуви – хароб бўлиш жараёнида вужудга келадиган энг мукаммал ҳодисалардан биридир.
Бекзод САЙФИЕВ тайёрлади.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ