Биласизми?
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳақидаги “Ҳаёт давом этади” кўрсатуви 2006 йили тасвирга олинган, бироқ адиб тақиққа учрагани боис эфирга узатилмаган. Oyina.uz журналист Дилшода Матчонова шахсий архивида сақланиб қолган кўрсатувдан иқтибосларни эътиборингизга ҳавола этмоқда.
“Аллоҳ кимнингдир зуваласини каттароқ, бошқа бировникини кичикроқ яратади, дейишади. Шунинг учун бировнинг борлигига ҳасад эмас, ҳавас қилиш керак. Лекин, шу билан бирга, менинг қисматим шу экан, ҳаракат қилмасам ҳам бўлади, деб юриш ҳам нотўғри”.
“Алишер Навоий вақти келса Ҳусайн Бойқарога қарз бериб турган, Лев Толстой граф бўлган. Шекспир ҳаётининг кўп қисми дарбадарликда кечган, ўлгудек қашшоқ бўлган Сервантес дунёга машҳур “Дон Кихот” асарини қамоқхонада ёзган. Бу истеъдод бойга ҳам, камбағалга ҳам берилиши мумкин дегани. Шунинг учун одамларни табақасига қараб, бойларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, камбағалга ҳурматсизлик билан қараш бу – нодонлик”.
“Туйғуда, айниқса, маънавиятда бозорлашиш деган тушунчага қўшилмайман. Бозорнинг юмуши, олиш-сотиш, сотиш-олиш. Шунинг учун ҳам бозор шайтоннинг айвони, дейилади. Шундай бўлгач, сиз менга айтинг, қуёш нури неча пул туради, уни метрлаб сотиш керакми ё килолаб? Виждоннинг баҳоси неча пул туради, номуснинг-чи?
Бозор ва маънавият деган тушунча битта кўчадан юриши жудаям қийин. Гарчанд бозорнинг ҳам маънавияти бор ва бўлиши керак бўлса-да. Сал хаёли паришон одамман, харид қилаётиб, беш юз-олти юз сўм ортиқ берворсам, “Тўхтанг-тўхтанг, суриб кетади” деб (қайтариб берадиган) одамлар бор. Лекин яхлит олганда, фақат моддийликнинг кетидан қувиб кетиш, маънавиятнинг зинасини қолдириб кетишга ўхшармикин, деб ўйлайман”.
“Бир умр ўзимни кечира олмайдиган ишларим бор. Бир куни эрталаб ишга шошиб кетаётганимда ойим “Шошмай тур”, дедилар. “Нима дейсиз”, деб сўрасам, “Суратга тушиб қўяйлик”, дедилар. “Хўп, ҳозир шошаётгандим, кейинроқ тушайлик”, десам, “Тезроқ бўлса, яхши эди”, дедилар яна. “Нега бунча шошиляпсиз”, дедим кулиб. “Яқинда мен ўламан”, деди онам, худди қўшниникига чиқиб келаман, дегандек оддий оҳангда. Бу гап кулгили туюлди менга. Ўзи шунақа атрофимиздаги одамлар гўё доим яшайдигандек туюлади ҳаммамизга. Индамай чиқиб кетдим. Бир ҳафтадан сўнг онам вафот этиб қолди...”
“Шунақа яшаш керакки, бировга тили қисиқ, моддий ва маънавий жиҳатдан қарам бўлмасдан, қачондир бировга озор етказгани учун уяладиган бўлмасдан, иймонли бўлиб. Ҳар бир одам боласининг кўнглининг тубида бир нур бор. Фақат уни кимдир рўёбга чиқара оладим, биров йўқ. Биров енгилроқ йўлдан кетади, биров қийинроқ бўлсаям, шу нур таъсирини йўқотмаслигига ҳаракат қилади”.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ