Бу лўттивозга намунча қуллуқ қиласанлар! – Хрушчевни сўккан Ғафур Ғулом


Сақлаш
18:05 / 10.05.2022 0 1122

 «Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидур» дейди буюк Абдулла Қодирий. Биз учун энг яқин мозий шўролар ҳукмронлиги давридир. Мустақиллик миллатимиз учун муқаддас бир юксакликдир. Ўша юксакликдан туриб ортимизга қарасак, яқин тарихимиз аниқ-таниқ кўзга ташланади-қолади: бошимизда нўхта ва бу нўхтанинг жилови «оға»ларимизнинг илгида, салом берувчилар биз бўлиб, алик олувчилар улар эди. Хоҳласа алик олардилар, хоҳламаса қўлини бир силтаб кетаверар эдилар. Барча жабру жафо бизларгаю, барча ҳамду сано уларга эди. Ишқилиб ўшаларга ёқсак бўлди, дердик.

 

Ўша биз тилга олаётганимиз яқин ўтмишда «оға»ларимизга ёқиш учун нималарни қилмадик? Биргина ўз соҳамизни олайлик. Қулоч-қулоч шеърий мактублар битдик: «Башар қуёшига» деб битдик, «Халқлар доҳийсига» деб битдик. Ишқилиб, тинмай битдик. Буюртмачилар собиқ маҳаллий ҳукуматимиз, буйруқни бажарувчилар ўз шоирларимиз. Аммо бу ҳамду сано билан йўғрилган мактубларни қабул қилувчилар марказдагилар эди.

 

Агар ёдимдан чиқмаган бўлса, энг сўнгги мактуб 1964 йили, Никита Хрушчев даврида ёзилган эди. Одатда мактуб манаман деган шоирларимиз иштирокида Тошкентда ёзилиб, Масковда ўрисчага ўгирилар, аввал ўша ёқда чоп этилиб, агар «оға»ларимизга маъқул бўлса, сўнг ўзимизнинг газеталаримизда босилиб чиқарди. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Ғафур ака бошлиқ бир гуруҳ етук шоирларимиз тайёр бўлган мактубни ўрисчага ўгиртириш, лозим бўлса матннинг баъзи жойларини йўл-йўлакай тўлдириш, таҳрир қилиш учун Масковга етиб бориб, Украина меҳмонхонасига жойлашган эдилар. Улар орасида Ғафур ака яхши кўрадиган содда ва ювошгина Миртемир ака ҳам бор.

 

Ғафур ака одатига кўра барвақт туриб, меҳмонхонанинг биринчи қаватига тушди. У ерда ҳали ҳеч ким йўқ, фақат кийимлар топшириладиган жойда гардеробчигина мудроқ босиб ўтирар эди. Ғафур ака аста кўчага чиқди. Бугун ҳаво бирам очиқ, бирам ёқимли эдики... Ҳарҳолда бу меҳмонхона олдидан «Москва-река» оқиб ўтадида! Шунинг учун бу ернинг ҳавоси тоза, мўътадил. Ғафур аканинг ичкарига киргиси келмади. Секин ҳаво олиб, дарё бўйига бориб қайтгиси бор эди. Бундоқ қараса, хиёбоннинг ўнг томонига қўйилган каттагина ўриндиқда уч-тўртта ёши ўтиб қолган кишилар бақир-чақир қилишиб, нима ҳақдадир баҳслашар эдилар. Қўлларида газета. Дафъатан Ғафур аканинг хаёлига: «Нима бало, бу ярамаслар эрталабдан бошлаб юборганми шаробхўрликни!» деган гап келди. Аста юриб уларнинг олдига борди. Ҳалиги чоллар нима ҳақдадир тортишар, ора-чорада қўлларида ғижимлаб олган газеталарини ҳавода ўйнатиб, сўкиниб ҳам қўяр эдилар.

 

Ғафур ака сездики, бир гап бўлган. Бу аниқ. У ортига қайтиб, шундоққина меҳмонхона эшиги олдидаги «Рўзномалар» дўконига борди. Газеталар энди келган шекилли, сотувчи уларни тахларди. Ғафур ака «Правда» билан «Известия» газетасидан харид қилдида, сал нарига бориб, уларга кўз югуртирди. Ҳар иккала газетанинг биринчи саҳифасида йирик ҳарфлар билан терилган «Информацион билдириш» деган сарлавҳага кўзи тушди. Ғафур аканинг аъзойи баданини ғалати бир титроқ босди. Бу қандай титроқ, ўзи ҳам билмайди. Тўғрида! Каттакон бир давлатнинг бошлиғини шармандаларча ўрнидан оладию, титроқ босмасинми? Титрайдида! Титрашда ҳам титраш бор. Одам қўрқувдан титрайди, севинганидан ҳаяжонини босолмай титрайди. Ғафур аканинг газета тутган қўллари титраяптию, аммо қалбига ажиб бир нур инган, ўзини руҳан енгил ҳис этиб турар эди шу тобда. Бу хабарни ҳамюрт шоир укалари билан баҳам кўргани зудлик билан меҳмонхонанинг тўртинчи қаватига кўтарилиб, ўзи жойлашган хонага кирди. Боя ювинган бўлсада, ўзига келиб олиш учун ваннахонага кириб, муздай сувга юзини чайди. Сўнг артиниб, дарҳол телефонга ёпишди. Миртемир аканинг овозини эшитиб, шайтонлиги қўзиди.

 

Алло, ўзингмисан, деди жиддий оҳангда. Ҳалиям турмадиларингми? Ўтаверасанларми алчайиб! Тез тургинда, менинг хонамга кир. Бошқаларга ҳам айт, кирсин! Ҳа, айтгандай, шеърий мактуб сандами? Олиб кир!

 

Ғафур ака телефон гўшагини ўрнига қўйдида, қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб, жилмайганча гилам устида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Аҳён-аҳёнда бошини чайқаб, кулиб қўярди.

 

Сал ўтмай шоирлар Ғафур аканинг хонасида жамулжам бўлишди. Ҳаммасининг юзида бир хил ифода: «Оқсоқол нима учун азонлаб чақириб қолди экана?!»

 

Мактуб кимда?

 

Мана,  деди Миртемир ака юпқа бежирим кўк папкани кўрсатиб. Ҳамма Ғафур акага термулади. Ғафур ака эса рўйхуш бермайди. Ўта жиддий! Шундай бўлсада, оқсоқолнинг чиройида сезилар-сезилмас қандайдир бир нур барқ уриб тургани аён эди.

 

 Ўқи! деди Ғафур ака қовоғини уйиб. Ахир, Миртемир ака шеърни қотириб ёзгани билан уни маромига келтириб ўқиёлмайдику! Мунча пайсаллайсан? Ўқи дегандан кейин ўқимайсанми!

 

Эътироз билдиришга ўрин қолмади. Миртемир ака мактубни ўқий бошлади. Мактуб одатдагидек «оға»ларга ҳамду сано, Никита Сергеевичга қуллуқ билан бошланар эди.

 

 Тўхта! деди Ғафур ака ҳамду сано авжига чиқа бошлаганида. Қани, буёққа бер!

 

Миртемир акани ўзига ҳам тушунарсиз бир мавҳум ҳаяжон босиб, Ғафур акага мўлтираб қараб турар эди. Оқсоқол шеърий мактубни қўлига олиб, бирдан портлади:

 

 Бу падарингга лаънат лўттивозга намунча қуллуқ қиласанлар! деб қўлидаги шеърий мактубни отиб юборди. Қоғозлар хона билан бир бўлиб тўзғиб кетди. Шоирлар нима дейишларини билмай қотиб қолишди. Ғафур ака масалани яна ҳам чуқурлаштирди. Бу аҳмоқ сволочга намунча таъзим қилмасаларинг?!

 

«Ахир ўзингиз бош-қош эдингизку? Қолаверса, бу шеърий мактубнинг муаллифларидан бирисизку. Нега бу гапни Тошкентда, ҳукуматимиз ҳузурида ўқиб, муҳокама қилганимизда айтмадингиз?!» дейишолмайди бечоралар. Буюрганлар ўзимизнинг ҳукумат, ёзганлар булар. Қани, ёзмай кўрсинларчи! Ёзсаям бир бало, ёзмасаям бир бало... Энди эса оқсоқолнинг инжиқлиги ортиқча бўлиб турибди.

 

Миртемир ака шартта ўрнидан турди. Асабдан дир-дир титрар эди.

 

Ғафур ака...  деди ҳаяжонини босолмай. Сиз бу гапни айтганингиз, мен эса эшитганим йўқ... Бу даҳшат, даҳшат!..

 

Ҳа, арзимаган гап учун Беломор каналига бадарға қилиниб, у ернинг даҳшатларию, азоб-уқубатларини бошидан кечириб, юрагини олдириб қўйган шоир учун Ғафур аканинг дағдағаси ҳақиқатан ҳам даҳшат эди. Миртемир ака шартта орқасига бурилиб, хонадан чиқа бошлаганида:

 

 Тўхтанг, ҳўв шоир... - деди Ғафур ака қандайдир бир юмшоқлик билан. У негадир «сиз»лай бошлаган эди. Ўтиринг.

 

Миртемир ака бундай қараса, Ғафур акада бояги важоҳатдан асар қолмабди. У кулиб ўрнидан турдида, Миртемир аканинг елкасига қўлини ташлади, секин етаклаб олиб келиб жойига ўтқазди. Сўнг каравоти устида ётган бояги газеталарни стол устига олиб келиб қўйди.

 

 Мана, ўқинглар!

 

Бирпасда шоирлар кечаси пленум бўлганини, Никита Сергеевичнинг шармандаларча ўрнидан олинганини билиб олдилар.

 

Ҳамма оғир сукутда. «Ғафур ака ҳам жуда қизиқда! Ҳа, шундоқ экан, бор гапни тўғриликча айтиб қўяқолса бўлмайдими, юракларимизни ёрмай!» деди Миртемир ака ичида.

 

Ўтирганларнинг ичига қандайдир бир илиқлик югура бошлади. Сукутни Ғафур аканинг ўзи бузди:

 

 Гап бундай, бир нима ташкил қилинглар... Нонушта ҳам қилганимиз йўқку ҳали.

 

 Пастга, ресторанга туша қолайлик бўлмаса...

 

 Йўқ,  деди Ғафур ака ниманингдир хаёлига бориб.  Ресторанда баланд-паст гаплар бўлади. Айниқса, манавиндай алғов-далғов пайтда. Шу ерда, менинг хонамда, ўз тилимизда, ўз дилимизда нишонлаймиз бу кунни. Анавидан ҳам бўлсин. А, лаббай, нима дединг, саҳройи?

 

Миртемир ака яйраб кулди. Улар бу кунни нишонлашди: ҳеч кимга билдирмай, хуфиёна нишонлашди, диллари анча равшанлашди. Шеърий мактуб ёзилган кўйи қолиб кетди, ҳеч қаерда босилмади. Бу биз учун сирли мозий бўлиб қолди.

 

Носир ФОЗИЛОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

10:04 / 16.04.2024 1 165
Велосипед

Қатра

14:04 / 08.04.2024 0 142
Тошбақанинг хатоси

Қомус

12:03 / 14.03.2024 0 177
Ҳушёрлик

Қомус

11:03 / 14.03.2024 0 175
Ҳурфикрлик



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3760
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3732
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3198
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2904
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2527
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2368
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2207
Қўнғироқ