
Ёшлигим олис овулларда ўтган. Тепаликлар бағрида жойлашган, туманлар орасида яширинган, шу манзарада гўё тўхтаб қолган бир жимжит маскан эди у. Қишлоқнинг ҳар куни хўроз қичқириқлари, қушлар сайраши билан бошланарди.
Бизга яқин қўшни – Марҳамат опа бўларди. У киши бошқалардан фарқли, озода, меҳнатсевар, эътиборли ва шу билан бирга ўқитувчи ҳам эди. Болаларни билимга ошно қилишда у кишидеклар камиди. Дарсда ҳам, хонадонда ҳам бир хил – ишчан, интизомли ва назокатли аёл эди. Эри шаҳарда катта лавозимда ишларди. Катта ўғли университетда, ўртанчаси ва кенжаси эса мактабда энг аълочи ўқувчилардан эди. Улар оналарининг ҳалол меҳнати ва орасталиги гувоҳлигида камол топишганди.
Марҳамат опа ҳар куни саҳардан кийим юварди. Чинор соясидаги ҳар бир ҳаракати ўтмиши доғларини ювиб ташлаётгандек бўларди. Қишлоқ аёллари эса бу ҳолга эътироз билан қарардилар: “Сешанба куни кир ювилмайди”, деб ирим қилишарди. Улар, гўё Марҳамат опа бу иримни билмайди, деб киноя қилардилар. Марҳамат опа ирим-сиримга берилмасди, у илм эгаси эди. Тозаликни, меҳнатни иримдан устун қўярди.
Ҳовлисини, фарзандларини, ўзини ҳамиша озода тутар, ҳар бир ишда намуна бўларди. Ёдимда, у болалари уйга бирор эски, ёмон ҳолатдаги нарсани – терсакми, синиқ ашёми – олиб келса, қаттиқ койир эди. “Эски нарсаларни уйга ташиб юрманглар, янгига интилинглар,” дерди. Мен эса ўшанда ҳайрон бўлардим: “Эски бўлса-чи, ҳали ишлатса бўлади-ку”.
Йиллар ўтди. Ҳар бир ўтган йил, ҳаётда тўқнаш келган синовлар менга тушунтирдики, у фарзандларини шунчаки синиқ терсакдан қайтармаган. У уларни эски фикрлардан, тўсқинчи қарашлардан узоқлаштириб, янгиликка, янги марраларга, катта мақсадларга интилтирган экан. Эскига андармон бўлиб юрмасликни, доимо яхшилик ва тараққиёт сари қарашни ўргатган экан.
Ҳозир ўйлаб қарасам, унинг барча ҳаракати – тозалик, интизом, янгиликка интилиш – фарзандлари учун ҳаёт мактаби бўлган. Oқ кўйлакни оқ қилиб ювиши, ҳар бир меҳнати орқасида тарбия ва фалсафа бор экан.
Ҳар баҳор остонасида қишлоғимизда сумалак тайёрлаш одат эди. Бу ишнинг бошида албатта Марҳамат опа турарди. Ҳар кимни чақириб, ҳар хонадондан бир ҳовуч табассум, бир қути ун йиғиб, катта қозон атрофида юракларни бирлаштирарди. Оламга сумалакнинг хушбўй ҳиди эмас, бирлик, меҳр, муҳаббат тараларди гўё.
У киши оиласи билан шаҳарга кўчиб кетганидан кейин қишлоғимизда сумалак ҳам қайнамай қўйди. Қозон тагида олов ёниб турса-да, олдидаги дўстона давраларда Марҳамат опанинг илиқ сўзлари етишмай қолди.
Эндиликда англайман: аёл кишининг гўзаллиги фақат юз-кўзида эмас, балки унинг қўлидаги меҳнатида, хонадондаги фароғатда, фарзандларининг юксак орзуларида намоён бўлар экан. Марҳамат опа эса ана шу гўзалликни қишлоқнинг ҳар бир мўътабар тонгларида, айтган тарбияли сўзларида зеб қилиб яшаган экан. Бугун мен Марҳамат опани фикрат билан эмас, қалб билан ёдга оламан – у аёл эмас, у ҳаётнинг ўзи эди.
Марҳамат опанинг қиличдек тартиби, ўша олис баҳорлар ва қишлоқ манзараси мудом болалик ўйларим бўлиб қолаверади.
Элбек ШОЙИМОВ
Бир куни...
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ