
Қатра
Амир Темур Эроннинг Шероз шаҳрини эгаллаган кунлари машҳур шоир Ҳофизни суҳбатлашиш мақсадида ҳузурига чақиртиради. Икки буюк зотнинг бу учрашуви адабиётдагина эмас, тарихда ҳам муҳим воқеа бўлгани, дўстона ҳазил-мутойибадан бошланган суҳбат жиддий мунозара тусини олгани айтилади:
...Темурбек Форс вилоятини эгаллаб Шероз шаҳрига қадам қўяди. У шеърлари тилларда достон бўлган шоир Ҳофизни ҳузурига чақиради.
– Эй тили нофиз Ҳофиз, – деди Темурбек, – мен Самарқанду Бухоро шаҳарларини обод этиш мақсадида юрсам-у, сен менинг икки буюк шаҳримни аллақандай турк гўзали энгидаги бир ҳинду менгига совға қилибсан. Бу нимаси ахир?
Агар он турки Шерозй ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро
(Дилимни овласа ул турки Шерозий, ўшал они,
Берай бир ҳинду холига Самарқанду Бухорони).
– Эй олам фотиҳи, ва эй замона хоқони Амир Кўрагон ҳазратлари, – деди шоир, – мен камтарин қулингиз гўзаллик шайдоси ва ҳусну латофат аҳлининг гадосиман. Гўзал санамлар қошида кўнглим бўшлиги ва қўлим очиқлигидан мана шундай йўқчиликка тушиб ўтирибман. Мен қари қулингизни кечиринг.
– Майли бу байтингни қўйиб турайлик. Бир шеърингда шундай байт ҳам бор экан:
Сокинони Ҳарами сатри ифофи малакут,
Бо мани роҳ нишин бодаи мастона заданд
(Бокира, пок қиз малаклар Ҳарамдан айлаб сафар,
Йўлда мен-ла май ичиб масти аласт ўлтирдилар).
Шу байт ҳам сеникими? Сен Худонинг ҳарами бор деб гуноҳга ботибсан. Бунинг устига Оллоҳнинг поклигига шубҳа ва туҳмат ҳам қилибсан. Эмишки, фаришталар ҳарамдан чиқиб келиб, йўл бўйида сен билан май ичиб маст бўлганмиш. Бунга нима деб жавоб берасан?
– Тушунтириб беришга ижозат этинг, – деди Ҳофиз. – “Сатри ифоф” сўзлари Худонинг ҳарами шарифи муқаддас даргоҳ эканига ишора қилади. Яъни, ул ерда бегоналарга йўл йўқ. Мен бу сатрларни баҳор кунларининг бир тонг чоғи ёзган эдим. Ўшанда бутун Шероз ҳавоси гуллар ҳиди билан муаттар бўлган эди. Мен маст бўлиб қолгандай эдим. Ўзимни коинотнинг бир бўлагидек ҳис этардим. Гўёки фаришталар билан сўзлашгандай бўлардим. Улар менга яратилиш сирларини очиб бергандай бўлдилар. Мен шу ҳолатни “мен билан май ичдилар” деб ёзиб қўйибман. Демакки, ўзим ҳис қилган нарсаларни шеър қолипига сола олмабман.
Орифлар кўп ўйлаб, кўп нарсаларни сезадилар, аммо бу туйғуларни сўз билан баён этиш қийин кечади. Маънавий ҳиссиётларни ҳеч ким тўла-тўкис тасаввур қила олмайди. Шунга ўхшаш мен ҳам фаришталардан нимани сўрадим, улар нима дейишди, ҳозир айтиб беролмайман. Бордию айтганимда ҳам воқеанинг юз мингидан бир бўлагини айтган бўламан. Руҳимга кўрсатган таъсирини таърифлаб бериш қўлимдан келмайди. Ўша баҳор куни тонгида мен ўзимда эмас эдим, ихтиёрим қўлдан кетган эди...
– Жуда яхши англатдинг, эй Ҳофиз, – деди Темурбек, – сен лутфу марҳаматимизга лойиқ экансан.
Шундай қилиб суҳбат яхши хулоса билан тугади. Ҳозиржавоб шоир жазо эмас, мукофот олди.
Бу оламшумул гурунг ҳақида кўп адиблар ёзишган. Фахриддин Али Сафий, Марсел Брион, профессор А.Арберри, Асқад Мухтор каби муаллифлар номини яна давом эттириш мумкин.
Толиб НОСИР
Қатра
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ