Биласизми?
Абдулла АВЛОНИЙ
Тарбия
Тарбия – “Педагогия”, яъни бола тарбиясининг фани демакдур. Илми ахлоқнинг асоси тарбия ўлдуғиндан шул хусусда бир оз сўз сўйлаймиз. Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдур. Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилган каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмоғи лозимдур. Зероки, “Ҳассину ахлоқикўм” амри шарифи узра хулқимизни тузатмакға амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур.
Ахлоқимизнинг биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордур, баъзилар “тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишида қандай бўлсалар, шундай ўсарлар, табиат ўзгармас”, – демишлар.
“Ёмон хў тузалмайди дармон ила
Ипак ўлмас ип, ранги алвон ила.
Боқинг, бир дарахт мевасидур ёмон,
Бўлур яхши пайванд, парво билан.
Билур ҳар киши аслини рангидан,
Ва ёким улангандаги зангидан”.
Лекин бу сўз тўғри эмасдур. Чунки тарбиянинг ахлоқга, албатта, таъсири бўладур. Орамизда масал борки, “сут ила кирган, жон ила чиқар”, мана бу сўз тўғридур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Бешикдан то мозорга боргунча илм ўрган”, – демишлар. Бу ҳадиси шарифнинг маъноси бизларга далилдур. Ҳукамолардан бири: – “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур”, – демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядур. Пайғамбаримиз: “Болаларингизни етти ёшида намозга ўргатингиз. Агар ўн ёшида ўқимаса урингиз”, – демишлар.
Ҳар кишининг дунёда ороми жони тарбият,
Балки охирида эрур доруламони тарбият.
Тарбият ҳамроҳ этадур ҳур ила рузвонлара,
Гар десам бўлмас хато жаннат макони тарбият.
Эй, Оталар! Жонларингиздан сучук фарзандингиз,
Ғайрат айланг ўтмасун вақт-замони тарбият.
Мояи зилли хумодур тарбиятнинг сояси,
Бизда анқо тухмидек йўқ ошёни тарбият.
Фикр тарбияси
Фикр тарбияси энг керакли, кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган, муаллимларнинг диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратли бўлишига сабаб бўладур. Бу тарбия муаллимларнинг ёрдамига сўнг даража муҳтождурки, фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллимнинг тарбиясига боғлидур. Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан ойилмайдурган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидур.
Масалан: жой солинмаган яхши бир уйнинг ичида ўтирмак мумкин ўлмадиғи каби, ичига ҳар хил янги ашёлар тўлдуруб зийнатланган эски иморат ҳам ўлтурушга ярамайдур. Башарти ўлтурса, инсонлар: “Эски уйга янги золдивор”, “кир кўйлакка жун жияк”, “мис қозонга лой тувоқ” деб ҳажв, кулги қилурлар.
Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдан бўлур ўткур.
Фикрнинг ойинаси олурса занг,
Руҳи равшан замир ўлур бенур.
Фатонат
Фатонат ақл эгаси бўлув демакдир. Ақл инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидур. Руҳ ишловчи, ақл бошловчидур. Инсон ақли ила дин ва эътиқодини маҳкам қилур, шариат ҳукмларига бўюнсунар. Ақлсиз жинни кишилар буларга бўюн қўймас, шариатдан ташқари ишларни ҳам қилур. Жаноби Ҳақ инсонни ҳайвонлардан сўз ва ақл ила айирмишдур. Ҳайвонлар ўзларига бўлаклар тарафидан келадурган зулм ва жабрларни шох, тиш, тумшуқ, тирноқлари ила қайтарурлар. Лекин инсон жаноби Ҳақ тарафидан берилмиш ақл ва идроки соясида ўзига келадурган зарар ва зулмлардан сақланур. Ер юзидаги ҳайвонларни асир қилуб, бўйнидан бойлаб, ипларининг учини қўлларига берган инсонларнинг ақлидур.
Илм инсонларнинг мадори ҳаёти, раҳбари нажотидур. Илм ўрганмак, олим бўлмак учун мактабга кирмак, муаллимдан таълим олмак лозим. Ақлсиз кишилар на мактабга кирар ва на муаллимни билар. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Эй инсонлар! Ақлингизга тавозеъ қилингиз. Сиз жаноби Ҳақ буюрган ва қайтарган нарсаларни ақлингиз ила билурсиз”, – демишлар. Ҳукамолардан бири: “Агар ақлингни қўли нафсингни жиловини ушласа, сани ёмон йўлларга кирмоқдан сақлар. Ҳар нарса кўп бўлса, баҳоси арзон бўлур, ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур”, – демиш.
Ақлдек зебо сифатни кўрди Ҳақ, инсонга эб,
Оқил инсонлар билан берди жаҳон-оламга зеб.
Ақл нури бирла тўлди дунёга илм-у ҳунар,
Ақлсиз инсон қачон билғусидур нафъ-у зарар?
Ақлсизлар билмагайлар дин надур, дунё надур?
Бўлмаса ақли билурми фарз ила суннат надур?
Риёзат
Риёзат деб савоб ишларни қилуб, гуноҳ ишлардан сақланмоқни айтилур. Риёзат адабнинг кони, руҳнинг дармонидур. Инсонларни тўғри йўлга солуб, эгри йўлдан қайтаргувчи риёзатдур. Шул сабабли риёзат қилгувчилар оқил ва фозил бўлур. Аллоҳ ҳам халқ қошида мақбул ва мўтабардур. Ялқовлик, кўп ухламак, ёмон одамлар ила юрмак, вақтни бекор ўткармак, айш-у ишрат қилмак, кўп ошамак, фойдасиз сўзлар сўзламак, самоварларда, кўчаларда азиз умрни бўш откармак каби ишларнинг ҳаммаси риёзатга зид, умрнинг эгови, Худонинг ғазабидур. Аллоҳнинг буйруғи, Расулуллоҳнинг суннатлари, шариат қил деган ишларни бирин-кетин ўз вақтида қилмак ибодат ҳам риёзатдур.
Риёзатни риоя қилган кишилар ҳеч вақт шариат йўлидан айрилмас, Аллоҳ буйруғидан четга чиқмас ва бу йўл ила охират азобидан қутулур, роҳат ва раҳмат саройига кирар, риёзатни риоя қилмаган кишилар Аллоҳ таолонинг ризосини тополмас, хор-зор бўлуб, охиратда аламлик азобга гирифтор бўлур.
Афлотун ҳаким: “Мен риёзатдаги лаззатни ҳеч нарсада кўрмадим, зероки, вужудимнинг саломати, руҳимнинг саодатини риёзатда топдим. Шунинг учун риёзат айни саодатдур деярам, чунки фикрнинг, тилнинг ислоҳи баданнинг риёзатига боғлидур”, – демиш.
Ибн Сино ҳаким: “Тан риёзатидан кўпроқ руҳ риёзати лозимдур. Мард киши ўзини риёзат ва адаб ила кўрсатсун, инсон ила ҳайвон орасидаги фарқ ёлғуз маишатда эмас, яхши ахлоқ касб қилмоқдадур”, – демиш.
Риёзат мевасидур мисли бодом,
Юзи қаттиғ ичидур ишта инъом.
Кишин мақсудина элтар риёзат,
Риёзатсиз иш ўлғай бесаранжом.
Агар сабр-у риёзат чексанг, эй жон,
Пишуб олдингға тушгай мевайи хом.
Шижоат
Шижоат деб ботир ва юракли бўлмакни айтилур. Шажиъ киши ҳеч нарсадан қўрқмайдурган ботир ва юракли бўлур. Саъй ва ғайратнинг зидди дангаса ва ялқовлик ўлдиғи каби шижоатнинг зидди қўрқоқликдур. Қўрқоқ савдогар фойда қилмас. Қўрқоқ киши ўзининг соясидан ҳуркар, ҳеч бир иш қилишга юраги бўлмас. Кўп кишилар ваҳима ва қўрқоқлик орқасидан молларидан, жонларидан, ватанларидан айрилурлар. Шунинг учун ҳар ишда шижоатни қўлдан бермаслик лозимдур. Шижоат инсониятнинг соф ойинаси, иффат, ғайрат, истиқомат каби яхши хулқларнинг нуронийсидур. Шижоатнинг ҳақиқати қалбнинг матонатиндан, руҳнинг саломатиндан иборатдур. Ҳозирги замонда ботирлик – бойликда, қайси давлат ва миллатнинг давлати бўлса, шул устун бўлмакдадур. Чунки ҳукумат учун халқ, халқ учун ҳунар, ҳунар учун илм, илм учун ақча лозимдур.
Сарватли миллатлар миллиятларини йўқотмас, роҳат ва саодатда яшар. Бу кунда маданий миллатлар урушларини тижорат ва саноатга айландурдилар ва бу сояда бир-бирларига ғалаба ва рақобат қила бошладилар. Сеҳргар ва жодугарлик ила эмас, тижорат ва саноатгарлик ила чолишқон Ёврўпа, Африқо ва Осиёни ўзига асир ва мусаххар қилмакдадур.
Бу замонда фил ила жанг айламак эрлик эмас,
Эр ўшалдурким тутар илм-у ҳунарнинг ёқасин.
Бешлаб, ўнлаб сўм топишса, илм ила ағёрлар,
Биз бўлуб ҳаммол, оладурмиз тийинлаб чоқасин.
Бошқалар санъат, тижорат-ла тараққий айласа,
Бизни эл тортар аёғдин ўлган отнинг тоқасин.
Миқёси нафс
Миқёси нафс деб қиладурган амалларимизни, ишларимизни шариат, инсоният қонунига мувофиқ ўлуб, ўлмайдиғини виждонимиз ила ўлчаб кўрмакни айтилур. Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдурки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоқға қўймас, фикр эгалари, инсоф соҳиблари ҳар вақт нафс ўлчовидан ташқари ҳаракат қилмас.
Агарда бир сабаб ила шариат ҳукмидан, инсоният қонунидан чет кетса, бу қабоҳатини нафс ўлчови ила билуб, иккинчи мартаба қилмасга қасд ва ният қилуб, шариат низомидан, инсоният чизиғидан чиқмасликға саъй ва ғайрат қилур.
Алҳосил, нафс ўлчови таърифдан ташқари инсонлар учун энг фойдали, ҳар кимча мақбул буюк бир фазилатдур.
Буюк Искандар: “Дунёда энг ҳақиқий, тўғри ўлчов нафс ўлчовидурки, бу мезонда зарра нуқсон йўқдур”, – демиш.
Ибн Сино ҳаким: “Инсоннинг фазлу камолининг ўлчови нафснинг ўлчови ила ўлчанур”, – демиш.
Дунёда ҳар нарсанинг махсус ўлчови бўлар,
Банда аф ъолини виждони ила тортиб кўрар.
Бир ишига вазнда келса оғир ўз нафсига,
Ул ишинг қандоғ бўлакларга раво, лойиқ кўрар.
Иқтисод
Иқтисод деб пул ва мол каби неъматларнинг қадрини билмакни айтилур.
Мол қадрини билувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас. Саховатнинг зидди бахиллик ўлдиғи каби иқтисоднинг зидди исрофдур. Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймас. Иқтисодни риоя қилган кишилар ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшарлар.
Арилар қиш кунида емак учун бол йиғганидек, бошларига келадурган қора кунларни ўйлаб, оқ пул йиғурлар. “Тома-тома кўл бўлур”, – демишлар. Ҳар нарса оздан кўпаюр.
Кўпни озайтирғувчи хотун киши,
Озни кўпайтурмак эрур эр иши.
Ҳозирги замонда мақсудга етмак, ўз миллатига хизмат қилмак, халқға мақбул бўлмак учун илм ва мол лозимдур. Оламдаги ҳамма миллатларнинг ҳол ва қудратлари мол ва бойлиқлари ила ўлчанур. Ҳар ерда бой миллатлар оғир келуб, паллани босуб хўжа ўлганидек, фақирлари енгил келуб, қул ва асир бўлуб, осилиб қоладур. Мол топмакнинг энг баракатли йўллари: ҳунарчилик, экинчилик, чорвачилик, савдогарликдур. Буларнинг ҳар бирига ҳам бу замонимизда билим лозимдур. Боболаримизнинг “бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” замонлари ўтуб, ўрнига “билган битар, билмаган йитар” замони келди. Америкалилар бир дона буғдой экиб, йигирма қадоқ буғдой олурлар, ёвруполилар ўзимиздан олган беш тийинлик пахтамизни кетуруб, ўзимизга йигирма беш тийинга сотурлар. Аммо биз осиёликлар, хусусан, туркистонликлар, думба сотуб, чандир чайнаймиз: қаймоқ беруб, сут ошиймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз. Сўзнинг қисқаси, ҳозирги замонга мувофиқ киши бўлмак учун илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас саъй, битмас ғайрат лозимдур.
Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Сўнг замонларда динни сақламак мол ила бўлур. Иқтисод узра ҳаракатли кишилар фақир бўлмас”, – демишлар. Яна, “Ҳар нарсада ўрта иқтисод йўлини тутмак лозимдур. Ифрот ва тафритдан иҳтироз қилмак керак, ҳатто дин амринда ҳам бир одам ортуқ суфийлик сотса, охиринда ўзи мағлуб бўлур”, – демишлар.
Халқ ичинда мўтабар бир нарса йўқ давлат каби,
Бўлмағай давлат жаҳонда қуввату сиҳҳат каби.
Иқтисод, инсоф зийнатдур вужуди одама,
Яхши неъмат йўқ кишига саъй ила ғайрат каби.
Ҳақорат
Ҳақорат деб бир кишининг ҳафсига, иффатига тегадурган сўзлар ила қадр ва эътиборини тушурмак ниятида ёмон муомала қилмакни айтилур. Уламолар диний китобларда: “Ташбиҳи зино гуноҳи кабирадур, – бировни ҳақорат қилиш улуғ гуноҳлардандур”, – демишлар. Лекин бизларнинг орамизда хотун-қизга борушуб, бир-биримизни ҳақорат қилмак одат ҳукмиға кирмишдур. Бунинг сабаби ахлоқсизлик, гуноҳ ва савобни фарқ қилмоғонимизнинг самарасидур. Ҳақорат таҳқир қилинган кишининг дилига ўрнашуб, шундай ёмон жароҳатларни очурки, фурсатни ғанимат топуб ўч ва интиқом олмагунча тузалмайдур. Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: “Икки одам бир-бирини сўкса, гуноҳ бошловчига бўлур. Магар қарши бўлган киши ортуқ кетса, ҳар иккиси ҳам гуноҳда ўртоқ бўлурлар. Яна мўмин қариндошини сўкмак фосиқлик, онлар ила урушмак куфрдур”, – демишлар. Шул хусусда Мирзо Бедил:
Зи ҳарфи но мулойим заҳмати дилҳо машав Бедил,
Ки ҳар жо жинси санги ҳаст, бошад душмани айно.
Таржимаси:
Ёмон сўзлар илан дилларга заҳмат бермагил Бедил,
Не ерда тошни жинси бўлса, бўлғай шишага душман,
деб инсонларнинг дилини шишага, ҳақорат ва ёмон сўзларни тошга ташбиҳ қилуб, ёмон сўз кишининг шиша каби нозук дилини парча-парча қиладур, – демишлар.
Мол ва дунёга мағрур бўлуб, ҳар кимга ҳақорат кўз ила қараган кишилар тезгина ўзлари ҳам хор ва ҳақоратга дучор бўлурлар. Ҳақорат ва бировни хўрламак сўз ва иш ила ўлдиғи каби қалам ва ёзув ила ҳам бўладур. Баъзи адаб ва тарбиядан маҳрум муҳаррир ва шоирлар бўладурки, дилларига келган нарсаларни қайтармасдан, ахлоқ ва адабни риоя қилмасдан, халқдан ибо қилмасдан, бачча ва жувонлар шаънига мувашшаҳми, ёки бир мўмин биродарларининг ҳақида ҳажв ва истеҳзоми ёзуб, матбуот ва адабиёт дунёсини ифлос ва мулаввас қилмак ила баробар ўзларига ҳамсуҳбат бўладурган ёшларнинг ахлоқини бузулмоғига сабаб ва намуна бўлурлар.
Кўп ўтурма ёмоннинг суҳбатида,
Пок бўлсанг, сени қилур ифлос.
Кўр нечук офтоб равшандур,
Хира қилса булут, кўруб бўлмас.
“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобидан.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ