“Микроскопда телевизор томоша қиламан”


Сақлаш
15:08 / 26.08.2021 0 900

Чумчуқ ови

 Абдулла Қаҳҳор!

Дарвоқе, Абдулла ака қўлида ҳаво босими билан отиладиган ихчам милтиқ, боғида эрмак учун энди шира кира бошлаган узум гужумларини чўқилаётган чумчуқларни отиб юрарди. Биз бир тўда ёшлар ёзувчилар боғидаги гужум тагида ҳангомалашиб ўтирардик. Бир маҳал шоир Мавлон Икром Абдулла аканинг ов қилиб юрганини кўриб, у кишининг олдиларига келди. Салом бергани биз ҳам қўзғалдик. Мавлон ака Абдулла акага салом берди-ю:

– Ие, оқсоқол, теккизолмаяпсиз-ку, – деди. Сўнг кўзойнагини яхшилаб артиб, кўзига такди. – Менга беринг, бир отганда тушираман.

Абдулла ака Мавлон аканинг шаштини кўриб, мийиғида илжайди.

– Мана, шоир. Қани, туширинг-чи.

Мавлон ака битта чумчуқни узоқ нишонга олиб, пақ этказиб отди. Чум­чуқ учиб кетди. Мавлон ака “и” деди. Кўзойнагини қайтадан артиб, мўлжал­га олди-ю, яна теккиза олмади. Тағин “и” деди. Учинчи ҳаракатдан сўнг ҳам чумчуқ пир-р этиб учиб кетди.

Абдулла ака мийиғида кулиб:

– Қани, шоир, милтиқни бу ёққа олинг, – деди ғалати қараш қилиб. – Мана шунисига тегди.

Бизлар Мавлон аканинг барча ҳаракатини кузатиб турган эдик.

– Э, теккани йўқ, – деб чувиллашдик. – Тегса йиқилиб тушмасмиди?

Абдулла ака ўзининг аввалги гапига изох берди:

– Айтдим-ку, кейингисига тегди деб. Йиқилгани юмшоқ жой қидириб кетди!

Абдулла ака бу гапни Мавлон акани хижолатпазликдан қутқариш учун айтганини билиб турсак ҳам кулдик. Устознинг ўзлари ҳам оғизларини очмай, қоринларини силкитиб кулдилар.

 

 Ғазал тилида сўкиб бўлмайди

Аксари пайтларда Абдулла Қаҳҳор Кибриё опа билан тожикчалаб гаплашар, назаримда бу муомалалари ўзла­рига ярашиб ҳам турар эди. Бир куни борсам, опа билан устоз худди тарновга қўнган мусичалардай бир-бирла­рининг пинжига кириб олишиб, форс тилида ёзилган қандайдир китобчани мутолаа қилиб ўтиришган экан: Кибриё опа қироатини жойига қўйиб ўқияпти, Абдулла ака аҳён-аҳёнда бир жуфтгина гап қўшиб (албатта тожик­чалаб), тинглаб ўтирар эди. Мен ҳеч балога тушунмасам ҳам, индамай тинглаб ўтирардим. Кибриё опа навбатдаги байтни ўқиб бўлиб, уни ҳижжалаб тушунтира бошлади. Опанинг бу услуби устозга малол келди шекилли, бирдан ўзбекчалаб юборди:

– Бўлди, бўлди. Мунчаям оғзимизга чайнаб солмасан­гиз.

– Носирвой ҳам тушунсин деяпман-да, – деб опа ўзини оқлаган бўлди.

Орага мен ҳам қўшилганимдан кейин устозни чалғитиш учун:

– Абдулла ака, – дедим жиндай ийманиб, – нега опа билан гаплашганингизда тожикчалаб гапирасиз-у, уриш­гингиз келса, бирдан ўзбекчалаб юборасиз?

Абдулла аканинг чаккаларидаги кулгичлари ўйнай бошлади.

– Чунки хотин кишини ғазал тилида сўкиб бўлмайди, – дедилар менга қувлик билан кўзларини қисиб. – Киройи сўкканингдан кейин ўзбекчалаб сўкканга нима етсин.

 

 Ҳеч ким бундан оширолмайди

 Ойбек домла “Улуғ йўл” романини ёзиб бўлиб, навбатдаги Бухоро ҳақида ёзилажак асарига маълу­мот тўплаб юрган чоғларида анча чарчаб, асаблари бўшашиб қолибди. Шунда зийрак Зарифа опамиз домлани машаққатли ишларидан чалғитиш, бироз дам бериш чорасини қидира бошлабди. Ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келибди: домлани стадионга – фут­бол томошасига олиб бориш керак!

Эсингизда бўлса, олтмишинчи йиллари фут­болимизнинг обрўси жуда баланд эди. Стадионга одам сиғмай кетарди. Хуллас, опа домлани бир амаллаб кўндириб, стадионга олиб борибди. Футбол бошланибди. Домла ҳеч нарса билан иши бўлмай, атрофдаги шинавандаларнинг қийқириқларига ҳам, ҳуштакбозликларга ҳам, ҳатто ёнгинасида ўтирган Зарифа опага ҳам парво қилмай, миқ этмай ўтира­верибди. “Ўйин ёқди шекилли. Хайрият-э”, деб опа ҳам хурсанд эмиш. Бир маҳал денг, майдон ўртасида Красницкий бир тепган экан, копток осмони фалак­ка чиқиб кетибди. Шунда домла ҳаяжонланиб кетиб, ўрнидан шартта турибди-ю:

– Тур, Зарифа, – дебди опанинг тирсагидан тутиб. – Бўлди, мана шуниси ютди. Энди ҳеч ким бундан оширолмайди.

 

 Хўроз қичқирган жойигача

 Миркарим Осим домла бир куни жиндек кайф қилиб келса, уйда ўғиллари ўйнаб юрган экан. Улар билан бир гаплашиш, суҳбатлашиш иштиёқи туғилиб қолибди домлада. Катта ўғлини олдига чақириб олиб, анчагача уёқдан-буёқдан гаплашиб ўтириб, сўраб қолибди:

– Ўғлим, бу мен ёзган китобларни ҳам ўқиб турасиз­ми?

– Ўқийман, дада.

Домла ўғлининг жавобидан руҳланиб кетиб, яна сўрабди:

– Қайсинисини?

– Ану, “Ўтрор” деган китобингиз бор-ку, ўшани...

– Яшанг, ўғлим, – дебди домла хурсанд бўлиб. – Ҳаммасини ўқидингизми?

– Йўқ, хўроз қичқирган жойигача...

Гап шу билан тугабди-ю, бироздан сўнг домла қизиқиб қолиб, ўша қиссасини қўлига олиб: “Хўроз қичқирган жойи қаерда бўлди?” деб қарай бошлабди.

Домла шўрлик не кўз билан кўрсинки, ўша “хўроз қичқирган жойи” асарнинг биринчи абзацида экан...

  

Қофияга ўзим соламан

Олтмишинчи йилларда Ўзбекистонда қозоқ адаби­ёти ва санъати ўн кунлиги бўладиган бўлиб, нашриёт­лар қизғин тайёргарлик кўра бошлашди. Бу тадбирда иштирок этишни бурч ҳисобламаган шоирлар қолмади ҳисоб. Жумладан, Мавлон Икром акамиз ҳам енг ши­мариб, таржимага киришиб кетди. Унга қозоқларнинг улкан оқини Ғали оға Ўрмоновнинг шеърлари тушган экан. Дам олиш куни эди, уйда ишлаб ўтирсам, теле­фон жиринглаб қолди. Мавлон акамиз экан.

– Носир, уйдамисиз? Бир-иккита қозоқча сўзни тушунмай қолдим. Шунга олдингизга ўтмоқчи эдим, – деди Мавлон ака.

– Бажонидил ака, қўлимдан келса...

Орадан беш минутлар ҳам ўтмай, Мавлон ака етиб келди. У пайтларда акамиз ҳам Чилонзорда турардилар.

Хуллас, акамнинг таржимасини оригинали билан солиштириб ўқиб чиқиб, кулдим.

– Ҳа, ўхшамабдими?!

– Бунингиз бошқа шеър чиқиб колибди-ку, ака, – дедим мен ҳайратимни яширолмай. – Қозоқчасига сира ҳам ўхшамайди.

– Ундай бўлса... буни ўзимнинг тўпламимга қўшиб юбора қоларман, – дедилар акам парво килмай, – сиз мана бу шеърни насрий таржима қилиб беринг, кофия­га ўзим соламан. Боплаймиз.

 

 Иккаласиниям

 Раҳматли Толиб Йўлдошнинг бир ғалати одати бор эди. Уйидан чиққан кунлари ҳамма таниш-билишларини айланиб кўрмагунча, улар билан бир-икки оғиз суҳбат­лашмагунча кўнгли тўлмасди. У кирган жойга қувноқлик, ҳазил-мутойиба, шеърхонлик бирга кирарди.

Бир куни шундай суҳбатлардан сўнг кўзи хирала­шиб бораётганидан шикоят қилиб қолди.

– Бунинг йўли осон-ку, – дедим мен унга тасалли бериб, – дўхтирга бориб, кўзойнак ёздириб олинг.

– Менга минус ўн олтинчиси керак экан, оковси. Ундан уёғига ойнак бўлмас экан.

– Ким айтган бўлса ҳам бекорларни айтибди. Бўлади, – дедим қатъий қилиб.

Толиб ака менинг гапимга ишонди.

– Жон ука, бир тузукроғидан топиб бер.

– Сизга қанақасидан керак? Узоқни кўради­ганиданми ё яқинни кўрадиганиданми? – дедим жиддий. – Узоқни кўрадиганини телескоп дейди, яқинни кўрсатадиганини микроскоп дейди. Қайси биридан керак?

– Яхши экан, – деди Толиб акамизга жон кириб. – Телескоп деганини кўчага чиққанда тақаман. Микроскопида уйда ўтириб, телевизор томоша қиламан. Иккаласини олиб беравер, ука. Илоё умрингдан барака топ...

Мен топишга ваъда қилдим. Аммо, гўё ҳа­нузгача тополмайман, у киши дунёдан ўтгунла­рича умидини узмади. Учрашиб қолганимизда сўрагани сўраган эди.

 

 Жуда қайсарсиз-да

 Низомжон Парданинг навбатдаги шеърий тўплами одатдагидан кўпроқ ётиб қолди нашриётда. У пайтда Шавкат Раҳмон бўлим мудири, Раззоқ Абдурашид катта муҳаррир. Тўпламдан нашриётнинг кўнгли тўлмаса қийин экан. Шавкат Раззоққа оширди, Раззоқ Шавкат­га, Шавкат эса тақризчига... Тўплам худди баскетбол тўпидай ундан-бунга, бундан-унга оширилавергач, муаллифнинг тоқати тоқ бўлиб, директорнинг олдига арз қилгани кирди. У пайтда нашриётга Эркин Воҳидов раҳбарлик қиларди.

Эркин ҳам худди Низомжондай бир шоир. Қат­тиқ-қурум гапирса, ўртоғини хафа қилиб қўяди. Гапир­май деса, у ҳам бўлмайди. Чунки тўпламингиз яхши деса – босиш керак. Босиб бўлмайди, бўш. Бўш деб бўлмайди, чунки ўртоғи хафа бўлади. Бир амаллаб сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қилиб жавоб берди:

– Низомжон дўстим, ўзингиз ҳам жуда қайсарсиз-да, – деди кулиб. – Шуни пишиқроқ ёзиб қўя қолсангиз-ку, бунчалик оворагарчилик йўқ эди...

Шоирда бунақа салоҳият бор-у, бироқ атайлаб бўш ёзган, қайсарлик қилган бўлиб чиқди. Бундан Низомжон заррача ҳам хафа бўлмади.

– Тўғри айтасиз. Шунақа қилсам бўларкан, – деб тўпламини олиб чиқиб кетди.

 

 Қазига қалайсиз?

 Шоир Икром Отамурод билан Музаффар Аҳмадлар “Шарқ юлдузи”да ишлаб юрган кезлари. Икром бўлим мудири, Музаффар шу шеърият бўлимида адабий ходим. Бири Қашқадарёдан, иккинчиси эса Қорақал­поғистондан. Иккаласи ҳам бир-бирига меҳрибон. Кунлардан бирида нимадир сабаб бўлиб, Музаффар Икромни уйига таклиф қилибди. Роса отамлашибдилар. Қиттак-қиттак ичишиб, жиндек кайф килишгач, Музаф­фар эриб кетиб, гап қотибди:

– Қазига қалайсиз?

– Э, борми?

Музаффар ўрнидан учиб туриб, худди колбаса кесгандай беш-олти бўлак қази кесиб, олиб кирибди. Икром уч-тўрт бўлагини еб бўлиб:

– Нега бунча қаттиқ бу? Худди чандирга ўхшайди-я. Тузи ҳам ўткир, – дебди ажабланиб. – Яхши пишмаган­ми?!

Музаффар ҳайрон бўлиб дебди:

– Ие, қазини ҳам пишириб ейдими?!

Икром аввалига ижирғангандай башараси буришиб­ди-ю, сўнг бошини сарак-сарак килиб, пастга қараб кулиб юборибди.

 

Носир ФОЗИЛОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 89
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//