Шавкатли тарихни меники, пароканда тарихни бошқа бировники деб бўлмайди


Сақлаш
15:01 / 27.01.2022 0 1030

 

Ўтган 25 йил мобайнида “Тафаккур” саҳифаларида ўнлаб-юзлаб суҳбатлар эълон қилинган. “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир” дея, мажалламизнинг 100-сонида ана шу гурунглардан айрим иқтибослар чоп этмоқдамиз.

 

Фикр – одамни, оламни ўзгартирмоққа қодир куч. Инчунин, катта йўл бошида турган жамиятимиз учун тоза фикр, сергак ақл сув билан ҳаводек зарур. “Орифлар мажлиси”га қулоқ тутинг-а, азиз муштарий, аксар ўй-мулоҳазалар бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

 

***

Бозор объектив қонуниятлар негизида ривожланади. Агар биз унга оқилона мослашмасдан, субъектив-волюнтаристик йўл билан аралашадиган бўлсак, уни издан чиқарамиз, жабрини эса  бутун жамият тортади.

Саидмурод МАМАШОКИРОВ,

файласуф олим

 

Одамзод яна минг йиллар изланиб тажриба ўтказса ҳам, комил инсон тарбияси учун мавлавия ва нақшбандия мактабларидан кўра олийроқ намуна тополмайди.

Асқар МАҲКАМ,

шоир ва таржимон

 

Адабиёт дарсликларига бадиияти мукаммал асарлар киритилиши керак. Ватан мавзусига бағишланганининг ўзигина шеърнинг фазилати эмас. Шиорбозлик руҳидаги асарлар ёшлар савияси пасайишига сабаб бўлади.

Хуршид ДАВРОН,

Ўзбекистон халқ шоири

 

 

Таассуфки, айримлар ҳаром йўл билан пул топишни фазилат деб билади... Ундан ҳам ёмони – бундайлардан юз ўгириш ўрнига ялтоқилик қиладиганларнинг кўпаяётганидир...

Аслида, бутун жамият бу қаллоблардан юз ўгириши, улар элдан айрилиб, ўз қилмишларини адлу инсоф тарозисига солиб кўриши керак эмасми?!

Усмон АЗИМ,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Менинг қатъий хулосам шуки, адабиётни қўлтиғидан сув пуркаб юксалтириб бўлмайди. Тўғри, унинг миллат тафаккурини ўстирар даражага етмоғига муайян шарт-шароит зарур, яъники, адабиёт миллатни юксалтириши учун аввало миллат адабиётни юксалтириши лозим деб ўйлайман. Лекин бу адабий тафаккурнинг оёғига тушов солинишига олиб келмаслиги даркор.

Фахриддин НИЗОМ,

шоир ва таржимон

 

Дунё – мусобақа майдони. Бунда фақат етук билим, ақлий ва ижодий салоҳият билангина ғолиб келиш мумкин. Инсоннинг комиллик мезони ҳам, назаримда, бугун кўпроқ шу билан белгиланади. Чунки замонлар ўтиши билан комиллик ҳақидаги тасаввурлар ҳам ўзгариб боради. Комиллик бир идеал экан, демак, идеаллар ҳам ўзгаришга юз тутаётганини сезишимиз керак.

Нажмиддин КОМИЛОВ,

профессор

 

Одамнинг маънавий қиёфасини унинг савод даражаси, яъники нечта китоб ўқигани билан белгилаш ножоиздай туюлади. Албатта, адабиётдан, санъатдан оммавий савод қанчалик баланд бўлса, жамиятнинг маънавий қиёфаси ҳам шунга яраша бўлади. Бироқ ҳаммамиз биламизки, китоб ўқимасдан ёки кино кўрмасдан ҳам яхши одам бўлиш мумкин.

Демак, дунёда ҳарфни ҳарфга уриб ўқиш, ҳарфни ҳарфга улаб ёзишдан бошқа, минглаб дарслик ва рисолаларда битилган маълумотлардан ўзга ҳақиқатлар ҳам кўп!

Мурод МУҲАММАД ДЎСТ,

ёзувчи

 

Инсон юмшоқ пластилин ҳам, қаттиқ металл ҳам эмас. Уни букиб ёки эритиб, хоҳлаган буюм ясашга ҳаракат қилиш табиат қонунига зид. Инсонда фақат ўзигагина хос бўлган қалб ва сезги, фикрлаш йўсинлари, меҳр, ғазаб, қувонч ва қайғу туйғулари мавжуд. Миллионлаб одамни доимий равишда бир хил кайфиятда ушлаб туришнинг асло иложи йўқ, бундай ҳолат фақат байрам ёки ғалаба дамларида юз бериши мумкин.

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

 

Тан олайлик, кўп нарсага юзаки қарашга одатланганмиз. Хом-хатала бўлса ҳам ишнинг тезроқ битишини кўзлаймиз, моҳиятдан кўра шаклни устун биламиз. Миллийликми – марҳамат: атлас кўйлак, дўппи, “келинсалом” ва ҳоказо. Булар – фақат безак.

Шифти бўйрали миллий таомлар ошхонасига кириб кўринг. Обдаста шифтга, қўл чаядиган жом уйнинг тўрига осиб қўйилган. Бу нима – миллий қадриятларга эҳтиромми ёки фаросатсизликми? Ваҳоланки, миллийлик, қадрият асосан бизнинг тарбиямизда, воқеликка муносабатимизда, турмуш ва фикрлаш тарзимизда зуҳур бўлади.

Жаҳонгир ҚОСИМОВ,

кинорежиссёр

 

Одам борки, истеъмол эҳтиёжи бўлган ва бўлади, демакки, истеъмолчилик психологияси мудом урчийверади. Бироқ бу ҳол жайронни кимдир гўзаллик, эрк, бокиралик тимсоли, бошқа биров эса эти ширин, териси майин жонзот деб билганидек гап... Бугун иккинчи тушунча ҳамма жойда зўрайгандан зўрайиб боряпти. Бозор экан-да, рақобат, кимўзар деб нималар қилмаяпти санъат атрофидаги шоввозлар?! Том маънодаги санъат оломон хоҳишларига мосланиб, силлиқланиб, шу каслардан бино бўлган улкан юҳонинг гоҳ улгуржи, гоҳо донабай – чакана луқмасига айланиб кетяпти. Ана шуниси хавфли, ана шунисидан қўрққулик!

Шуҳрат РИЗО,

адабиётшунос олим

 

Ҳозирги кунда илмий-техник адабиётларнинг 96 фоизи инглиз тилида ёзилади. Шунинг учун инглиз тилини билмасдан табиий фанлар соҳасида илмий тадқиқот билан шуғулланиб бўлмайди. Молекуляр биология ва ген муҳандислиги, нанотехнологиялар, астрофизика ва яна кўпгина замонавий фан йўналишларида ўзбекча луғат тузиш билан шуғуллангандан кўра инглиз тилини ўрганиш анча арзон ва фойдалироқ бўлади.

Шуҳрат ЭГАМБЕРДИЕВ,

ЎзФА Астрономия институти директори, академик

 

Мен кейинги вақтда илм-маърифатга интилиш бир оз сусайди, деб ўйлайман. Ҳозирги ўғил-қизларда адабиётга, умуман, китобга муҳаббат кўнгилдагидек эмас. Шеърий ва насрий китоблар адади пасайиб кетганига ҳам ана шулар сабаб. Тўғри, илгариги тузумда бу билан бировнинг иши бўлмаган. Ҳа энди, бир ўзбек-да, сарт-да, деб бизга паст назар билан қаралган. Ҳозир ҳам айрим юртларда бизга беписанд қарайдиганлар бор. Ҳамонки бугун эркин, озод миллат бўлган эканмиз, ўзимизни бир силкитиб олишимиз даркор.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

 

Санъатнинг барча соҳасида, жумладан, адабиётда ҳам ўртамиёналик – “йўқ” дегандай гап. Масалан, ўртамиёна маҳси кийиб юрсангиз бўлаверади, биров сезмаслиги мумкин. Лекин ҳар қандай ўртамиёна асар одамнинг ҳафсаласини пир қилади, ҳеч кимга сариқ чақалик нафи тегмайди.

Низом КОМИЛ,

таржимон

 

Сон кўрсаткичлари доим ҳам сифат кўрсаткичларига ўтавермайдиган сўз санъати олдида мен ўзимни мангу қарздордек ҳис этаман. Шу жиҳатдан, шоир дўстларимга ҳавасим келади, улар булбулнинг овози, поезднинг тарақа-туруғи, қизларнинг кўзлари, соданинг ҳидидан ҳам илҳомланиб гўзал шеърлар битиши мумкин. Лекин адабиётнинг “оғир артиллерия”си бўлмиш насрда бундай имконият йўқ. Шоир шеърини ёзиб бўлиб, кейин “нима қилиб қўйдим” деб ўйланса, ёзувчи қўлига қалам тутмасдан аввал шундай ўйланиши керак. Акс ҳолда, адабиёт ҳам, ўқувчи ҳам жабр кўради.

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

Ижтимоий фан соҳаларида, жумладан, адабиётшуносликда ҳам тасодифий кимсалар сони кундан-кун тобора ортиб бораётирки, бу хусусда жиддий бош қотирмоқ жоиз. Шундай диссертантлар бор: ҳатто ўзи “ўрганган” мавзунинг ибтидосини дуруст сўзлаб беролмайди. Чунки ишни ўзи ёзмаган. Шундоқ тадқиқотчилар учрайди: таниш-билишга суяниш, яъни сохтакорликдан бўлак “салоҳият”и йўқ. Билим диддан, дид савиядан паст. Қарангки, худди бир мажбурият олгандек, шунақаларни қўллаб-қувватлашдан чарчамайдиган баобрў олимлар ҳам оз эмас.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ,

адабиётшунос олим

 

Илмий муассасалар ва уларнинг ходимлари грант берувчилар қўлига қараб қолгани учун темуршунослик бироз оқсаб, улоқ “темирчи”лар қўлига, яъни билган-билмаган адибу журналистлар қўлига ўтиб кетди. Қолаверса, ҳар хил йўллар билан чўнтак қаппайтирган баъзи устамонлар бемалол китоб чоп эттириш имконига эга. Илгари бирор илмий китоб нашр этиладиган бўлса, у албатта тегишли кенгашда муҳокама қилинарди. Ҳозир, афсуски, бундай тажриба қарийб барҳам топган. Анави пулдор эса носқовоқ нархига масъул муҳаррир ва иккита тақризчи ёллаб, зарур асарни ҳам уч пул қилиб нашр этяпти.

Ашраф АҲМЕДОВ,

тарихчи олим

 

Жўровозлар тоифаси бор. Бизда шунақаси сероб. Бундайлар ўзи бирон фикр билан майдонга чиқмайди. Аммо кимдир бир фикрни айтсаю ўша қараш етакчи мавқега чиқса – тамом, худо берди, қачондан бери шуни ўйлаб юрганини айтиб, жўровозликка ўтади. Кун келиб, бунинг акси исбот бўлса, унгаям ҳамроз. Тавба, ахир елкангда бош кўтариб юрар экансан, ўз фикринг, ўз қарашларинг, ўз дидингга эга бўлмайсанми, одамзод?!

“Жўровоз” сўзи “жўрабоз”га ўхшайди. Жўрабоз мунаққидлар пайдо бўлди, эскиларига қўшилиб, тағин кўпайди – бу тоифа ўз жўраси, улфатининг асарини мақташга ихтисослашган. Шу билан бас қилса майли эди, жўра бўлмаган кишининг ёзганини ерга уришга ҳам моҳир улар.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

адабиётшунос ва публицист

 

Илмий тадқиқот сифати ва илмий ходим савиясини мақолалар сони билан ўлчашга уриниш фаннинг тагига сув қуйиш билан баробар. Битта 20 саҳифали мақола 100 та 5 бетли мақолага нисбатан салмоқлироқ, биргина 5 бетли тадқиқот эса 100 саҳифали монографиядан аҳамиятлироқ бўлиши мумкин.

Абдулла АЪЗАМ,

академик

 

Одамзод ғаройиб яратиқ экан, у бир вақтлар ғулувга кетиб “принципиаллик” балоси жабрини чеккан бўлса, мана энди гоҳо ҳаддидан ошган андиша, муросаю мадора келтирган, келтираётган хилма-хил нағмалар қаршисида нима қиларини билмай бошини чангаллаб турибди. Муроса йўлини тутмасангиз, ён бермасангиз янчилиб кетасиз... Таассуфлар бўлсинки, ўша қурғур “уступка” гоҳо бизга қимматга тушяпти.

Умарали НОРМАТОВ,

адабиётшунос олим

 

XVII-XVIII асрлар ҳақида ўйласам кўнглим зимистон бўлиб кетади. Муҳаммадалихон, Амир Насрулло, Худоёрхон каби ҳукмдорлардан ўз амаким ё тоғамдан хафа бўлгандек хафа бўламан. Улар йўл қўйган хатолар, содир этган жиноятларнинг менга алоқаси йўқ деб қараёлмайман. Бир-бирининг кўзига мил тортган шаҳзодалар, бир-бирини заҳарлаган маликалар, бир-бирини гўрга тиққан аъёнлар, бир-бирининг аёлини тортиб олган нафс шармандалари бу давр тарихини зулматга чўктирди. Улардан сўнг Ўрусия босқини... Зулмат замони салкам тўрт юз йил давом этди. Тўрт юз йил-а!.. Амир Темур, Улуғбек, Навоийларнинг шавкатли тарихини меники деб, ҳозиргина айтиб ўтганимиз пароканда тарихни бошқа бировники деб бўлмайди. Бу ҳам ҳар биримизнинг тарихимиздир. Муҳими, хулоса чиқариш, сабоқ олишда.

Эшқобил ШУКУР,

шоир

 

Соҳамизда биз кутган, ҳавас қиладиган, теран фикр, янги ғоялар билан ёниб, атрофдагиларни ҳам илҳомлантирувчи ёшларнинг камлигидан хавотирдаман. Эҳтимол, айб фақат ёшларда эмасдир. Ўзбек тили, адабиёти, фольклорини шу юрт фарзандидан бошқаси ўзбек халқи манфаати нуқтаи назаридан тадқиқ этмаслиги ҳаммага аён. Шундай экан, бу муаммонинг асл сабабларини ойдинлаштириш, вақтида чора кўриш лозим, эртага кеч бўлади.

Шомирза ТУРДИМОВ,

фольклоршунос олим

 

Мустақил фикр, биринчи навбатда, шахс тафаккурининг танқидий бўлишини талаб қилади. Танқидий фикрлашга одатланмаган шахсда мустақил фикр шаклланмайди. Ўй одамига хос чин белги ҳар қандай фикрга ўз муносабатини билдиришда намоён бўлади. Танқидий тафаккур ҳаммага ҳам ёқавермайди. У танқидий эканининг ўзи биланоқ ҳамиша нимагадир тегиб кетишга, кимгадир маъқул келмасликка маҳкум. Аммо маданиятли жамият аъзолари ўзига хуш келмаган фикрларни қабул қилибгина қолмай, улардан фойдалана билиши ҳам лозим… Фикрий якранглик ҳар қандай жамият тараққиёти учун хатарли ҳолатдир.

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,

адабиётшунос олим

 

Надоматлар бўлсинки, маърифат асрига келиб ҳам айри миллатлардан қутула олмаяпмиз… Мен шунча уринсам ҳам, майитни тупроққа топшириб қайтган азадорларнинг тўкин дастурхон атрофида ўтириб таом тановул қилиши миллий урф-одатимиз эканига ишонгим келмайди. Шунча уринсам ҳам, аза маҳали пул улашилиши қадимий анъана эканини тасаввур этолмайман. Мукаммал мавжудот ҳисобланган инсон танасидаки кўричакдек ортиқча узв пайдо бўлиб, уни олиб ташлаш зарурати туғилар экан, бугун мутлақо ортиқча бўлиб қолган кўплаб расм-русумлардан ҳам қатъиян воз кечиш лозим эмасми?!

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ,

ёзувчи

 

Ҳозирги талай файласуфларимиз марксистик фалсафанинг сўник сояларидир. Улардаги дунёқарашни ўзгартиришга нафақат шу зотларнинг ўзи, балки илм-фан тизимида, жамиятда ҳам хоҳиш йўқдек…

“Оч қорним – тинч қулоғим” шиори илм-фанга ҳам кўчиб ўтди. Илм-фан, айниқса, фалсафада янги ғоялар, янгича ёндашувлар фикрлар плюрализми, тўқнашуви ва баҳс-мунозараларда туғилишини фаромуш қилмоқдамиз. Илм-фаннинг якфикрлик, маддоҳликдан ҳам ашаддийроқ душмани йўқ, уни бу тажовузлардан ўз-ўзини тергайдиган сергак ва зийрак ақл қутқаради.

Виктор АЛИМАСОВ,

файласуф олим

 

Ҳақимизга сурбетларча тажовуз қилинишию ҳуқуқимизнинг поймол этилишига миқ этмай йўл қўйиб беришимиз, қадримизни ерга уриб, шаънимизни таҳқирловчи ҳақоратларни ютиб юборишимиз – номини ҳар қанча чиройли қилиб “андиша” десак-да, асли, қуллик психологиясининг  қолдиғи, унга қайта жон ато этган эса – меъёрнинг бузилишидир. Энг ёмони, шу қолдиқ билан кибрнинг чатишувидан, нима десам экан, “мутант” бир хусусият пайдо бўлди. Бу ўринда ўзи бош бўлган муҳитда ҳокими мутлоқ, юқори доираларда эса буткул муте ўлароқ ҳаракат қилишни назарда тутмоқдаман. Оқибат, “мен бошлиқман, сен – аҳмоқ, сен бошлиқсан, мен – аҳмоқ” тамойили урфга кириб бораётгандек...

Дилмурод ҚУРОНОВ,

адабиётшунос олим

 

Бугун жамиятнинг олд қатламида шундай каслар ҳам борки, улар ҳуррият берган имкониятларни “Давринг келди, сур, бегим” қабилида тушунади, эртаю кеч дурустроқ лавозимга ўтириш, учқурроқ отга миниш, фарзандлар, қариндош-уруғ, ошна-оғайниларни ёғли-мойли, бир нима тинимсиз томиб турадиган жойларга ўтқазиш ниятида югуриб-елади. Бунга эришса, “Ҳурриятга офарин, отангга раҳмат, истиқлол!”, эришмаса, “Авваллари ҳам ёмон яшамаганмиз, қозонимиз қайнаб турган, гўштнинг баҳоси фалон сўм бўлган...” қабилида минғирлаш бошланади.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

публицист

 

Сир эмаски, коррупция уюшган ва кўп поғонали бўлади. Қуйи поғонадаги мансабдор енг ичида олган порасидан ўзига “қалқон” бўлмиш ўрта поғонадаги амалдорга, у ҳам ўз навбатида валинеъмати бўлмиш юқори поғонадаги мансабдорга “такса” узатиб туради. Ҳолбуки, шу вақтгача коррупцияга қарши курашувчи тузилмалар фақат қуйи поғонадаги порахўрларни қармоққа илинтириш билан машғул бўлди. Бунда балиқнинг майдасини тутавер, аммо йиригини тек қўй, деган ғирром қоида амал қилмоқда гўё. Менимча, энди нафақат қуйи, балки ўрта ва юқори поғонадаги коррупционерлар ҳам беомон кураш нишонига айланмоғи шарт. 

Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ,

cиёсатшунос олим

 

Ёлғон, қўрқув ва мустабидлик бир-бирига бамисоли қондошу жондош оға-ини. Кечирасиз-у, бундай бедаво дардга йўлиққан одамнинг бетига қараб туриб ёлғончисан, лўттибозсан, беномуссан дея рўй-рост айтишни ҳар ким ҳам ўзига раво кўрмайди. Ундан кўра, “шунга зормисан, олақол” деган маънода ўша ёлғонларини олқишлаб қўяқолади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

ёзувчи ва адабиётшунос олим

 

Ҳозирги ёшлар ҳаётга реал қарайди: уларни қуруқ насиҳат билан тарбиялаб бўлмайди. Сиз “Ҳой бола, китоб ўқи, яхши одам бўл!” деб турсангиз-у, бу ёқда китоб ўқимаган, боз устига, муттаҳам бир каснинг ошиғи олчи бўлиб турса, албаттаки, олтинга тенг сўзларингиз ерда қолади – бола ўша муттаҳамнинг ҳаёт тарзига ҳавас қила бошлайди. Бас, орифларни тўрга олиб чиқайлик, токи яхшиларга муносабатимизнинг ўзи ёшларга ибрат бўлсин!

Улуғбек ҲАМДАМ,

ёзувчи ва адабиётшунос олим

 

“Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон 

“Орифлар мажлиси”

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4555
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2895
Туғилган кун

//