Биласизми?
Носир РАҲМАТ
Умид
Ўзинг ўлсанг ҳам, умидинг ўлмасин!
Ҳаёт
Яшаш – йиқилганингда бошқалар ёрдамисиз тура олиш қобилиятидир.
Фрейд ва нитше
Фрейд – Нитшенинг инқирози.
Сўз
Дунёни сўз бошқаради.
Адабиёт
Адабиёт – ҳақиқатдан бунёд бўлган ёлғон ёки ёлғондан кашф қилинган ҳақиқат.
Ижтимоийлик – инсонийлик дегани
Адабиётшунослик ва санъатшунослик илмида “ижтимоийлик” истилоҳи ўрнига “инсонийлик” атамасидан фойдаланмоқ лозим. Зеро, инсонийликдан юксак ижтимоийлик йўқ.
Шоир
Шоир – менинг иккинчи исмим...
Мен нима учун ёзаман?
Қалам аҳли учун “Мен нима учун ёзаман?” ҳамда “Мен нима учун дунёга келганман?” саволларининг жавоби битта.
Иккинчи умр
Менинг бу фоний дунёда қанча яшашим муҳим эмас, шеърларимга узоқ умр тилайман. Шеър – шоирнинг иккинчи умри.
Истеъдоднинг исёни
Антонио Гауди – испаниялик буюк меъмор. У умрининг 40 йилини она шаҳри Барселона қурилишига бағишлаган. Аммо Барселонада биринчи трамвай юра бошлаганида айнан Антониони босиб кетади. Балки Антонио учун трамвай севимли Барселонаси юзига хунук хол бўлиб тушгандир. Балки у қурилиши учун умрини бахш этган иморатларига трамвай зиён етказишини хоҳламагандир. Эҳтимол, шу боис ўзини трамвай остига ташлаб, ўлими билан исён қилмоқчи бўлгандир.
Яна сўз ҳақида
Мусаввир – ранг, бастакор – оҳанг, ҳайкалтарош эса лой тилида гапиради. Аммо бу ҳол сўзнинг мавқеини заррача пасайтирмайди. Чунки инсон қандай яшамоқ кераклигини ранг, лой ёки мусиқа билан эмас, айнан Илоҳий Сўз воситасида билиб олган.
Хаёл
Хаёл – руҳнинг хотираси.
Олий эзгулик
Фақат яхшилик қилганингизда абадиятга тўла ишонасиз. Зеро, яхшилик беиз кетмаслигига ишониш – энг олий эзгулик саналади.
Санъатнинг қадри
Жамиятда санъатнинг қадри икки пул бўлса, у нажотни кўчадан қидиради.
Садоқат
Кимлар сизни тарк этгани эмас, сиз билан ким қолгани муҳим.
Гуноҳ
Бола гуноҳсиз бўлгани учун фариштани кўради.
Шакл ва мазмун
Инсон танаси – унинг шакли, руҳи эса мазмунидир.
Маърифат
Аббат Фариа – маърифат тимсоли. Дантес маҳбусликдан Фариа, яъни маърифат ёрдамида халос бўлади.
“тарбия”
Кўп китоб ўқима, жинни бўлиб қоласан.
Тирик сатрлар
Сатрлар орасида шоирнинг юраги уриб, нафас олаётгани эшитилиб турмоғи керак.
Шоир жим турмайди
Айрим рассомлар “тасвирий санъат – сукут сақлаётган шеъриятдир” дейди. Наҳотки, улар шеърият сукут сақлаёлмаслигини билмаса?!
Таъсир
Таъсир қаламчага ўхшайди. Уни пайванд қилсангиз, янги мева ҳосил беради.
Индивид ва шахс
Индивид – энг қуйи бетакрорлик. Оломон индивидлардан ташкил топади. Шахс эса энг юксак бетакрорликдир.
Яхши инсон
Ҳаётда яхши инсон бўлиш қанчалик қийин бўлса, санъатда унинг образини яратиш шунчалик машаққатлидир.
Шеър ишқи
Мен шеърни аёл каби севаман ва рашк қиламан.
Илҳом
Менинг илҳом париси деган танишим йўқ. Аммо одамлар қилган яхшиликдан таъсирланишим рост.
Тил
Тилнинг ўз тили бор.
Коса ва нимкоса
Биз кўп вақтимизни бадиий асар эмас, у ҳақида ёзилган китобларни ўқишга сарф этамиз.
“Мона лиза” ва онам
Леонардо да Винчи онаси сиймосига бадиий ифода топиш учун умрбўйи интилиб яшаган. Унинг бу йўлда эришган энг юксак муваффақияти “Мона Лиза” портрети саналади. Мусаввир мазкур картинада Мона Лиза воситасида ўз онасини тасвирлаган. Шунинг учун портретни эгасига бермай, бир умр ўзи билан бирга олиб юради. Рассом картинада онага бўлган беқиёс муҳаббатини шунчалик акс эттира олганки, ҳар гал унга қарасам, Лиза хоним ёки мусаввирнинг онасини эмас, ўз онамни кўргандек бўламан.
Бола
Бола – буюк тақлидчи.
Беайб сўз
Ўз ўрнида айтилмаган сўзда айб йўқ.
Саноатлашган “санъат”
Инсоният мумтозликдан нақадар узоқлашиб бораётганини ҳозирги кино, театр, мусиқа, рақс ва эстрада мисолида кўриш мумкин.
Истеъдод
Истеъдод мевали дарахтга ўхшайди, қаров бўлмаса, қуриб қолади.
Фикр ортида
Ҳэмингуэй “хабар ёзишни билган ижодкор роман ёзишни ҳам уддалайди” деганида, балки хабар ёзмоқ учун ҳам роман ёзиш истеъдоди ва масъулияти керак, демоқчи бўлгандир. Биз эса унинг фикрини жуда жўн тушунамиз.
Жамият ва мерсо
Аслида бегона ким? Мерсоми ёки жамият? Зоҳиран Мерсо жамиятга бегона кўринса-да, аслида, ёлғонга қарам жамият ростгўй инсонга, яъни Мерсога бегонадир.
Севги
Севиш учун ҳам истеъдод керак.
Таскин
Фақат эзгулик йўлидаги беминнат хизмат ўлароқ инсон ўзига таскин бермоққа ҳақли.
Маслак
Мен қоронғи қабрга ёруғ юз билан кирсам дейман.
“Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон.
“Иккинчи умр”
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ