Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди – Асқад Мухтор


Сақлаш
17:01 / 01.01.2022 0 893

Асқад МУХТОР

 

* * *

Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

 

* * *

Денгиз, гўё Ерни ҳушига келтирмоқчидек, ҳадеб қирғоққа сув сепарди…

 

* * *

Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак.

 

* * *

“Муз ўчиб қолди!” деди бола сувда эриб кетган муз парчасини кўриб.

 

* * *

Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.

 

* * *

Ҳақиқат  Худодир: уни ҳамма билади-ю, ўзини ҳеч ким кўрмаган.

 

* * *

Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.

 

* * *

Қалам сўзнинг соясини чизади.

 

* * *

Китоб  бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

 

* * *

Сизга театр ёқадими, киноми?  деди мухбир.

Сизга одам ёқадими ё унинг сояси?  деди адиб.

…Баъзи одамлар бўладики, ўзидан ­сояси тузук,  деб ҳазил қилди мухбир ҳам.

Кулдилар.

 

* * *

Илгари мен абстракт санъатни тушунмас ва ҳазм қилолмас эдим. Инсон самога учиб, космос даври бошлангач, бу санъатга қизиқиб қолдим. Абстракт санъат Космос образининг эстетик ибтидоси бўлсамикан?

 

* * *

Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман, деб ўйламайди.

 

* * *

Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, менинг бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

 

* * *

Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

 

* * *

Ишламаган тишламайди, дерди амалдор. Ўзи эса ҳамон тишларди. Чунки унинг иши шу.

 

* * *

Табиат  яхшилик ва гўзалликнинг бевосита ифодаси.

 

* * *

Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

 

* * *

У ўз сўзига ўзи хўжайин: бугун беради, эртасига қайтиб олади.

 

* * *

Шоир учун асосий иш  кўнгил кўзи билан кўриш; қоғозга тушириш эса  касб.

 

* * *

Ёлғончининг ёлғончилиги  унинг энг енгил гуноҳидир.

 

* * *

Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

 

* * *

Таржимондан аниқлик талаб қилинг. У чизмакаш эмас, рассом!

 

* * *

Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди.

 

* * *

Физикада оқибат сабабга тенг. Ахлоқда ҳам шундай.

 

* * *

“Вақт ўтяпти!” деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз…

 

* * *

Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?

 

* * *

Шарқ шеърияти  муҳаббат ва меҳр тўла, гўзал ва ҳассос, юксак бадиий рамз ва ташбеҳларга бой, эркин, инсоний, теран фалсафий, анъанавий романтик шеърият. Қадимдан шундай. У асрлар давомида Ғарб адабиётининг романтик руҳини бир неча бор қутқариб қолди.

 

* * *

Ёзувчи ўз шахси ва ўзгаларнинг шахси билан бирикиб кетган  асар унинг субъекти. У бошқа ишда ҳам ишлаши мумкин, аммо унинг моҳияти, эҳтироси ижод. Қобилияти қанча катта бўлса, шунча катта куч сарф қилади. У беихтиёр фидойи; ҳам бахтиёр, ҳам бахтсиз  бу унинг иродасига боғлиқ эмас.

 

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси, 2014 йил 42-сон

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 28
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 66
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 113
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 83
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 81
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 8933
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5239
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4851
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4282
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 3683
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3539
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3120
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//