«Асрга татигулик кун». Бу ибора муаллифи рус шоири Борис Пастернакдир. У «Ёлғиз кунлар» (1959) шеърида илк бор мазкур иборани тилга олган. Ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 1980 йил нашр қилинган «Бўронли бекат ёки асрга татигулик кун» романидан сўнг ушбу ибора оммалашиб кетган.
«Афлотун дўстим, аммо мен учун ҳақиқатнинг қадри ундан устун». Юнон файласуфи Афлотун ўзининг «Федон» асарида Суқротга мурожаат қилиб: «Менинг орқамдан эргашиб, Суқрот ҳақида камроқ, ҳақиқат устида эса кўпроқ ўйла», деб ёзган. У билан баҳсга киришиб, Арасту: «Менга дўстларим ҳам, ҳақиқат ҳам қадрли, аммо бурч ҳақиқат тарафида бўлишни тақозо қилади», деб ёзган. Протестантизмнинг асосчиси Мартин Лютер эса «Афлотун дўстим, Суқрот дўстим, лекин ҳақиқатни афзал кўраман», деб ёзади. Ана шу фикрларни умумлаштириб, испан ёзувчиси, шоир ва драматург Сервантес «Дон-Кихот» романида (1615 йил) «Афлотун дўстим, аммо мен учун ҳақиқатнинг қадри ундан устун», деган фикрни билдирган.
«Барча йўллар Римга олиб боради». Бу фикрни илк бор Лафонтен (1621-1695) ўз масалида билдирган.
«Балиқ бошидан сасийди». Бу ибора худди шундай тугал кўринишда илк бор қадимги юнон файласуфи, тарихчиси Плутарх асарларида учрайди. Бирор бир жамоа, жамиятдаги қусурларга, энг аввало, раҳбар сабабчи, деган маънода қўлланилади. Дунёдаги кўпгина халқлар бу иборани ўз мақоллари қаторига қўшиб қўйишган.
«Бальзак ёши». Бу ибора француз ёзувчиси Оноре де Бальзакнинг «Ўттиз ёшли аёл» романи эълон қилингандан кейин пайдо бўлган. 30-40 ёшлар орасидаги аёлни «Бальзак ёши»даги аёл деб аташ урфга кирган.
«Бешинчи колонна». Мазкур иборага бир неча киши даъвогарлик қилади. Фуқаролар уруши даврида республикачиларга қарши курашган испан генерали Эмилио Мола 1936 йили радио орқали қилган мурожаатида илк бор ушбу иборани қўллаган деб ҳисоблашади. Генерал армияни тўрт колоннага бўлиб Мадридга ҳужум уюштиради. Республикачилар назоратида бўлган Мадридда миллатчиларнинг тарафдорлари ҳам бор эди ва айнан уларни генерал Мола «бешинчи колонна» деб атайди. Ушбу иборанинг оммалашиб кетишига эса ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг «Бешинчи колонна» (1938) романи сабаб бўлган. Бугун мамлакат ичкарисида бош кўтариш учун пайт пойлаб турган жосус, хоинларни «бешинчи колонна» деб аташади.
«Бировнинг ноғорасига ўйнаш» ибораси қадимги юнон тарихчиси Геродотдан қолган. У ўзининг «Тарих» китобида шундай ҳикоя қилади: «Эрон шоҳи Кир Мидияни босиб олгандан сўнг, кичик осиёлик юнонлар маълум шартлар асосида унга бўйсунишларини билдиришади. Шартларни эшитиб, Кир уларга мана бу масални айтиб берган экан. «Бир сурнайчи денгиз соҳилига келиб, балиқ тутиш илинжида сурнай чала бошлабди. Сурнай овозини эшитиб балиқлар ўз-ўзидан қуруқликка чиқади, деб хомхаёлга берилибди. Бу усулнинг фойдаси бўлмагач, денгизга тўр ташлаб, жуда кўп балиқ тутибди. Тўрда жонҳолатда ўйнаб ётган балиқларни кўриб, бас қилинглар, мен сурнай чалганимда ўйнамаган эдиларинг, энди ўйнашга бало борми, деган экан». Чунки Эрон шоҳи юнонларни жанг билан бўйсундиришдан аввал, уларга яхшилик билан таслим бўлишни таклиф қилган. Бу таклиф рад этилгандан сўнг юнонлар куч билан бўйсундирилган. Мағлубиятга учраган, ҳеч қандай шартларсиз ҳам юнонлар юрти ва халқи Эрон шоҳи мулкига айланган бир шароитда юнонлар «маълум бир шартлар» асосида бўйсунишга тайёр эканликлари Кирнинг киноясига сабаб бўлиб, у юқоридаги масални айтиб берган. Бу ибора ўз изми-ихтиёри билан эмас, бошқа бировнинг иродасига бўйсуниб қилинадиган ишлар тимсолига айланган.
«Бой берилган авлод». Ушбу ибора илк марта америкалик ёзувчи Э.Хемингуэйнинг 1926 йил нашр этилган «Қуёш барибир чиқаверади» романида учрайди. Бу ибора бемаъни ва бесамар урушлар, турли ёлғон сиёсий қутқулар гирдобига тортилган авлодларнинг бекор кетган умри, вақти ва фаолиятининг тимсолига айланган.
«Вақт – бу пул». Бу гапни илк бор америкалик олим ва сиёсат арбоби Бенжамин Франклин «Ёш савдогарга маслаҳат» асарида айтган. Франклиннинг бу фикри ишбилармонлар, тадбиркорлар, банкир ва савдогарларнинг шиорига айланиб қолган.
«Гўзаллик дунёни қутқаради». Бу иборани рус ёзувчиси Ф.М.Достоевский «Телба» (1868) романи қаҳрамони тилидан айтган.
«Давлат – бу мен». Айрим тарихчилар бу гапни биринчи марта Франция қироли Людовик XIV парламент мажлисида айтган деса, баъзи муаррихлар Англия қироличаси Елизаветага тегишли деб ҳисоблашади. Лекин тарихий маълумотларни таққослаганимизда, бу гап Людовикка тегишлилиги аниқ бўлади. Людовикнинг яккаҳокимлик сиёсатига баҳо бериб герцог Сен-симон шундай ёзади: «Бирор томондан қаршиликка учрамаган Людовик ўзининг мутлақ ҳокимиятида шахсий ҳокимиятидан ташқари бошқа ҳар қандай ҳокимиятни таг-томири билан йўқ қилди. Қонунларга таяниш ва ҳуқуқни жиноят деб билди». Бундай тушунча кейинчалик ҳеч нарса билан ҳисоблашмасдан, мавжуд қонунларни оёқости қилиб, фақат зўравонлик билан давлат бошқаришнинг тимсолига айланган.
«Душанба оғир кун». Ўн олтинчи аср ўртасида Қозон хонлиги Иван Грозний томонидан босиб олгач, татарларни мажбурлаб насронийлик динининг православ мазҳабига киритиш, яъни чўқинтириш бошланган. Бу маросим насронийлар учун муқаддас кун ҳисобланган якшанба кунлари ўтказилган. Бундан бош тортганларни эса душанба куни қаттиқ калтаклаб жазолашган. Шу муносабат билан «душанба оғир кун» ибораси келиб чиққан.
«Дўстингнинг кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтаман». Бу ибора илк бор қадимги юнон драматурги ва шоири Еврипиднинг асарларида учрайди. Аммо уни испан ёзувчиси Мигель Сервантес «Дон Кихот» (1615) романида ишлатганидан кейин ниҳоятда оммалашиб кетади.
«Ёлғоннинг уч тури мавжуд – ёлғон, жирканч ёлғон ва статистика». Англиянинг 1874-1880 йиллардаги бош министри Бенжамин Дизраэлга тегишли ушбу ибора илк бор америкалик машҳур ёзувчи Марк Твеннинг 1924 йил нашр қилинган «Автобиография»сида учрайди. Шу боис бўлса керак, кўпгина манбаларда ушбу иборанинг муаллифи сифатида нотўғри равишда Марк Твен номи тилга олинади.
«Потёмкин қишлоқлари». 1783 йил Россия Қримни босиб олганидан сўнг император Екатерина II мамлакат жанубига сафар қилади. Сафарда унга князь Г.А.Потёмкин ҳамроҳлик қилади. Императорнинг кўзи йўл-йўлакай адирларда ўтлаб юрган, семизликдан тирсиллаб ёрилай деган қорамоллар галасига, деҳқонларнинг уюм-уюм пичанларига, қоп-қоп дону дунга, қишлоқларда қўшиқ айтиб рақсга тушаётган шодон одамлар тўдаларига тушади. Бутун Украина бўйлаб бундай манзарани кўргач, Екатерина II ниҳоятда хурсанд бўлади ва фуқаролари тўкин ҳаёт кечираётганига ишонади. Аслида эса бу Потёмкин томонидан императорнинг кўнглини овлаш учун усталик билан уюштирилган томоша эди, холос. Қопларга буғдой ўрнига қум солинган, хирмон шопираётган, ўйин-кулги қилаётган, башанг кийинган деҳқонлар ва семиз қорамоллар бир жойдан иккинчи жойга кўчириларди. Сафарда иштирок этган хорижий элчилар бу кўзбўямачиликни сезиб, сохта тўкинчилик ва яшнаб турган қўналғаларни киноя билан «Потёмкин қишлоқлари» деб аташган. Шу боис ушбу ибора кўзбўямачилик, қашшоқликни яширишга қаратилган сохталикни англатади.
«Сариқ матбуот» ибораси енгил-елпи мавзуларга ўч, кўпинча ёлғон-яшиқдан иборат материаллар берувчи тоши енгил матбуот нашрларига нисбатан ишлатилади. Унинг пайдо бўлиш тарихи эса қуйидагича: 1895 йил рассом Ричард Ауткоулт «The World» газетасида бир неча юмористик руҳдаги расмларини чоп эттиради. Ушбу расмлар ичида сариқ кўйлак кийган болакай ҳам бўлиб, унинг тилидан бир қатор кулгили гаплар берилади. Тез орада Американинг бошқа бир нашри — «New York Journal» ҳам худди шундай расмларни чоп эта бошлайди. Шундан кейин икки газета ўртасида сариқ кўйлакли болакай расмини ким биринчи чоп этгани масаласида кескин баҳс бошланади. Баҳс шундай қизғин кечадики, кўпчиликнинг диққатини тортади. Ва бундай бемаъни баҳсдан тўйиб кетган америкалик сиёсатшунос журналист Эрвин Уордэман 1896 йили мақола ёзиб, икки газетани нафрат билан «сариқ матбуот» деб атайди (сариқ кўйлакли болакай расмини назарда тутиб) ва шундан сўнг бу ибора бутун дунё журналистикасига кириб қолади.
Жалолиддин САФОЕВ тайёрлади.
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ